Владимир Тюрденев: Ўзбекистон – қадим тарих ва бой маданиятга эга мамлакат

Бир неча минг йил мобайнида Ўзбекистон заминида турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда ва уларнинг ҳар бири мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бу ҳақда Россия Федерациясининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистон мустақиллиги – миллатлараро муносабатлар ривожида янги давр” номли анжуманда сўзлаган.

Мустақилликнинг 25 йили давомида ёш ўзбек давлати миллатлараро ва динлараро дўстона муносабатни сақлаб қола олди. Айни пайтда мамлакатда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона мақсад йўлида бир ёқадан бош чиқариб саъй-ҳаракат қилмоқда. Элчи В.Тюрденевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон раҳбарияти олиб бораётгани оқилона сиёсат туфайли мамлакатда турли миллий жамиятлар эркин фаолият юритмоқда,  турли миллат ва элатларнинг маданияти, санъати ва урф-одатларини сақлаб қолишга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилиб келмоқда. Турли миллат вакилларига мактаб ва олий ўқув юртларида ўз тилида таълим олиш имкони яратилган, бир неча ўн тилда оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда.

Россия элчисига кўра, миллатлараро муносабатлар кўп асрлик тарихга эга.

“Ўзбекистон қадим ўтмиш ҳамда ёрқин, бетакрор ва бой маданиятга эга мамлакат, жаҳон меросини бойитган маънавий бойликлар тарихи бир неча минг йилликка бориб тақалади. Бу борада сўз кетганда, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк алломаларнинг асарларини, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз меъморий обидаларини, заргарлик ва халқ амалий санъатининг беназир намуналарини эслаб ўтиш жоиз”, – деди В.Тюрденев.

Дипломат Ўзбекистонда бир миллиондан ошиқ Россия диаспораси яшаб келаётгани ва улар жамиятда ўз ўрнига эга эканини мамнуният ила қайд этди. Рус, татар, бошқирд, қрим татар ва бошқа миллатлар Россия диаспораси вакиллари саналади.

“Ўзбекистонда Байналмилал маданият маркази шафелигида Россия ватандошларининг 35 та бирлашмаси фаолият юритмоқда, улар мамлакатларимиз халқларини боғлаган кўп асрлик дўстлик алоқаларига таяниб, бу йил дипломатик алоқалар ўрнатганининг 25 йиллигини нишонлайдиган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги яқин қўшничилик ва биродарлик муносабатларини асраш ва ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда”, – деди Россия элчиси.

Қайд этилишича, 1992 йил январда ташкил этилган ва 25 йиллиги нишонланаётган Республика байналмилал маданият маркази мамлакатдаги турфа миллат ва элатларнинг бошини қовуштирмоқда.

Россия элчиси Владимир Тюрденев илмий-амалий анжумандаги чиқишида Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик мудом давом этишига тилак билдирди.

Собир Салим