Турғут Уяр (Turgut Uyar) 1927 йилнинг 4 августида Анқарада туғилди. Унинг илк шеърлари 1947 йилда Енигун адабий журналида нашр қилинган эди. Илк китоби 1949 йилда “Арзи ҳол” номи билан нашр қилинди. Шоир ҳаётлигида нашр қилинган китоблари қуйидагилардир: “Туркиям” (1952), “Дунёнинг энг гўзал Арабистони” (1959), “Нам тамакилар” (1962), “Ҳар душанба” (1968), “Девон” (1970), “Тўпландилар” (1974), “Қояни ёрган анжир” (1982), “Катта соат” (1984).
Турғут Уяр 1985 йилнинг 22 августида Истанбулда вафот этди.
* * *
ҳаммасидан озроқ қолади
дейишади одамлар
тўғри гап
идишда бир чимдим қаҳва
қутида ноннинг увоғи
инсонда озгина изтироб.
* * *
ёлғиз қолганингда
еслаб соғинсанг
демак, севмабсан.
ёдингга тушса-ю бир онда
ёлғизланиб қолсанг
демак, севибсан.
* * *
ҳа баҳор эшик қоқар, биламан
настаринлар очилади, биламан
гилослар ҳам қизаради яқинда
яхши ният қилмоқ керак, биламан
азизам, буларнинг барини биламан
бироқ мени кечир…
* * *
шамол тегирмони нега айланар?
мен Дон Кихот бўлсайдим, шуни ўйлардим.
аммо мен, мен бўлиб шамол тегирмонига айлансам,
иллоки, Дон Кихотни севардим.
* * *
тўхтаб қолган соат – юрагим,
сени кўрсатади миллари, доим.
* * *
балки сири шудир: асл усталик
ҳар доим ҳаваскор бўлиб қолмоқлик.
Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси