Жўшқин Қорабулут (1956)

Таниқли турк шоири Жўшқин Қорабулут (Coşkun Karabulut) 1956 йил Карс вилоятининг Сариқамиш шаҳрида туғилган. Хожитепа университетининг социология факультетида таҳсил олган. Бугунги кунда Фатиҳия Санъат марказининг ижрочи директори. “Самолар қадар”, “Не бор бизники бўлган?”, “Ташлаб кет мени”, “Чизги”, “Сўзлар ҳам ўлажак” каби бир қанча шеърий ва илмий китоблар муаллифи.

ҚЎЛИМ БИР АҲВОЛДА

Ҳовучимга тўлмасдинг бир пайт,
Қўлларимни узатсам сенга,
Сен бошқа қўлдамидинг?
Менинг қўлим ҳавода қолди,
Ҳовучларим бўм-бўш бугун ҳам.

ЎЙИНЛАР

Мен осмон юзиман,
Сен ер юзисан,
Менда қанот ўйинлари бор,
Сенда оёқ ўйинлари бор…
Бу дунёни тамомлаяпмиз
Икки тарафдан!

ВАҚТ

О, бу қадар кўп инсон,
Келар ва яна кетар.
Баъзан қолар ортидан –
Озгина обрў… хатар.
Қизиғи йўқ аслида,
Вақт қолмаган бу сафар.

ЁЛҒИЗЛИК

Ҳаммасини тўғри ўйладим,
Ва ҳар ерда ёлғиз турдим жим.
Узоқларим келди яқинга,
Узоқлашиб кетди юрагим…

КЕТ

Телбаларча кетдинг,
Кетсанг, кет…
Ёлғиз кетсанг –
Ҳаётим эмас,
Хотиралар кетар,
Шарафим кетар.
Ғурурим кетар.
Гўзаллик, бахт кетар,
Ҳамма яхши нарса –
Бир-бир кетажак…

Сенинг алдашинг ва ёлғонинг,
Чиркинликнинг белгиси каби,
Уч тийинлик завқу шавқ учун,
Кетаяпсан сен…
Кетган ёлғиз сен бўлсанг,
Парвойимга келмас, кетавер.
Ичишим мумкин қасам,
Аммо қара, нелар кетмоқда,
Юрак кетар-ку…
Дўстлик кетар-ку…
Инсонийлик қўлдан кетар-ку…
Кетган сен бўлсанг,
Осмон кетар-ку…

ИШОНЧ

Бир ёнда ер юзи,
Чечаклар очилар ернинг юзида,
Дарахтлар мевага кирар
тўрт мавсум.
Бу тарафда Осмон бор –
Бир тик турган дарахти ҳам йўқ…
Бу нима?
Озиқ олсалар-да тупроқдан,
Тебрансалар ҳамки мардона,
Кўк юзига узанур қўллар.
Демак, билар экан улар ҳам,
Ер – ердир,
Осмон ҳам Осмон!

* * *

Сув билади,
Ҳозиргача мен,
Қўлларимни кирлатмадим
Кўп шукур.
Ҳаммадан қўл ювсам
Сабаблари бор.
Сув борлиги учун эмас асло
Биласиз…

Турк тилидан Хосият Рустамова таржимаси