Ўнлаб илмий-оммабоп ва тадқиқот китоблари, бир қатор насрий ва шеърий мажмуалар муаллифи. Филология фанлари доктори, профессор.
Драматургия билан ҳам шуғулланган. Рўдакий номидаги Давлат мукофоти ҳамда Камол Хўжандий, Мирзо Турсунзода номидаги мукофотлар соҳиби.
ДЎСТ
Кўзларим равшан эрур дўстнинг дийдоридан,
Ком ширин этгум унинг шаккарин гуфторидан.
Мен шўху бебок эдим навбаҳор найсонидай,
Гоҳ адаб дарсин олурмен ажиб рафторидан.
Сўзи-ла бирдир иши, гул каби якрангдир,
Айладим недур вафо мен унинг кирдоридан.
Кўрмади кимса унингдек пок бир қатрани,
Икки олам софлиги – жилвакор рухсоридан.
Саъдию Хожа Камол дурлари дил бойлиги,
Сўзлагай ул Мавлавий ҳам Сино осоридан.
Лутф эрур ҳар лафзида, ки менга ороми жон,
Тафт сизар сийнамда ҳам таъби оташборидан.
Икки юз дўстлар риёсидан кўнгилда доғлар,
Сарбаландмен меҳрибон, аҳди борлар коридан.
Синдириш-чун гавҳарим менга тошлар отдилар,
Лек ҳимоя топмишам матлаби афкоридан.
Гоҳ дилим дунёсига соя солса абри ғам,
Чулғанур нурга мудом ул қуёш анворидан.
Бул ҳаётга ҳар нафас файз киргандир,агар,
Чашмимиз тўйса анинг дийдаи бедоридан.
Истарам, бўлсин омон, хавф-хатарлардан эмиш,
Ул ҳимоя истасин якка Ҳақ – ғамхоридан.
Жамшид таржимаси