Абдусалом Деҳотий (1911-1962)

Деҳотий Абдусалом Пирмуҳаммадзода (1911.14.3, Самарқанд яқинидаги Боғи Майдон қишлоғи — 1962.30.1, Душанба) — тожик шоири, драматург.
Асарларида «Пирмуҳаммадзода», «Навқалам», «Ҳардамхаёл», «Деҳотий» тахаллусларини кўллаган. Ўзбекистон педагогика академиясида таҳсил кўрган (1930—31). Фаолиятини «Ҳақиқати Ўзбекистон» газ. (1931—34)да бошлаган. Тожикистон давлат нашриётининг Самарқанд бўлимида ишлаган (1934—35).
Илк ҳикояси — «Бахтиқаро Ҳамида» (1929). «Уч манзара» (1932), «Меҳнат қўшиқлари» (1934), «Шеърлар ва ҳикоялар» (1940), «Танланган шеърлар» (1949) тўпламлари бор. «Восе қўзғолони» операсининг либреттоси (М. Турсунзода билан ҳамкорликда, 1938), «Тоғдаги нур» (1947) ҳамда «Комде ва Мудан» (1951—53) драмаларини ёзган.
Деҳотий тожик халқ оғзаки ижодига оид «Тожик халқ юмори» (1938) китоби ҳамда ўзбек шоирлари хақидаги мақолалар («Жунайдулла Махдум Ҳозиқ», 1940; «Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий», 1948) муаллифи.
Абдулла Қаҳҳорнинг «Шоҳи сўзана» (1953), Б. Раҳмоновнинг «Юрак сирлари» драмаларини, Муқимий, Ҳ. Олимжон, Н. Ҳикмат шеърларини тожик тилита таржима қилган.

МАРҲАБО

(Бир даста бинафшага)

Марҳабо, марҳабо, гули навбаҳор,
Сендан саломини йўллабдурур ёр.

Марҳабо, бўстонлар карвони, келгил,
Мушкбў еткургил бизларга бир бор.

Сенинг зийнатингдан рангиндир боғлар,
Еллар ҳам бўйингдан эрур анбарбор.

Ер узра майсадан тўшалмиш гилам,
Илашмасин дерлар пойингга ғубор.

Марҳабо, жонпарвар меҳмон, марҳабо,
Сени эъзозлашга жон ҳам дил тайёр.

Сени дасталаган қўлларга таҳсин,
Нозик гулзорлардан узмиш беозор.

Ёронлар баҳрини очай деб, ҳатто
Боғланган бир тарзда айландинг бозор.

Тан муштоқ ҳамиша васлингга сенинг,
Жон эса лутфингдан мудом миннатдор.

Висолингдан доим сарафроздирман,
Лекин бир ишингга ҳайронман ошкор:

Сен шундай хўбдирсан, қоматинг расо,
Шуҳратинг тутибди чаманни бисёр;

Не важдан бошингни эгиб қолдинг сен,
Не важдан, сўйлагил, дилингда озор?

Жабру жафоларми қаддингни буккан,
Бошинг хам, айт, бунда қандай сир-асрор?

Давр гулларига қўшил, бинафша,
Кулгу, ғурурлардан бўлгил бахтиёр.

Ёдингда-ку, ахир, ўтган замонда
Қизлар хор эдилар, хору хокисор.

Шул боис сен каби улар ҳам мунгли,
Тақдир қаршисида эдилар ночор.

Мана энди қизлар бугун ўзгача,
Хушчақчақ, дилларда ғурур барқарор.

Сен ўша қизлардан ибрат ола бил,
Бошингни хам қилиб юрмагил зинҳор!

ДИЛБАРГА ПЕШВОЗ

Неча йилдир йўлингда дил интизор, кел,
Жон хонасига хуш келдинг, дилдор, кел.

Сенсиз бу хонам безиё — зим-зиё эди,
Жамолинг нуридан чароғон эт, ёр, кел.

Йигирма етти ёшда сочим оқарди
Ғуссаи фироқингдан, бевафо нигор, кел.

Дилим рафиқлар рашки тиғидан мажруҳ,
Дийдоринг дардимга даво, шифокор, кел.

Уйғоқликда висолингни кўролмадим, лоақал
Бир кеча тушимга кира қол, дилим зор, кел.

Кўча паст-баландлиги заҳмати бор десанг,
Чаман булбулларидек учиб ҳаводан зинҳор кел.

Нозу ғуруринг сўз айтишга бермаса имкон,
Кўз қири-ла айлагил имо, берма озор, кел.

Юз зулм бандин узиб, ҳажрингда банд бўлган
Мискин Деҳотий хонасига бўлиб баҳор, кел.

ДАРВОЗ ШАЪНИГА

Икки-уч кун сайр этдим сенда, Дарвоз,
Кўриб бўстонларинг бўлдим сарафроз.

Баҳордек баҳра бердинг, қалбга сайқал,
Кўзимга тоғларинг серишва, серноз.

Пишар бир ёнда гилос, бир томон қор,
Шунча хислатга бойми сендаги ёз.

Анористон, чаманзорингда бўлдим,
Юзидан нусха кўчирмиш сарвиноз.

Ҳузурбахш чашмалар меҳрингмиди ё,
Сенга қурбон этсам жону таним — оз.

Дарвозлик жўралар, хушбахт замонда
Баралла куйлангиз бирга-жўровоз.

Байроғинг нуридан кўршапалакдек
Душманларинг қочарлар, эй, шоввоз.

Келса душман, қазилган ул учун гўр
Панжинг тўфонлари қаърида, Дароз.

Тароват мулкининг яктоси сенсан,
Билар ким боғларингда қилса парвоз.

Кўринишда содда, аммо сеҳрланурсан,
Қоракўз кўз қирида айласа роз.

Деҳотий бир умр хумордир энди,
Бўлган ондин хўбларингга ҳамроз.

СЕН ҲАМ ЁД АЙЛА МЕНИ

Менга, ёрим, жафо қилдинг,
Ўзингга ошино қилдинг,
Ҳам зору мубтало қилдинг,
Сен ҳам ёд айлагин мени.

На бир кўзимга ҳамдамсан,
Аммо ёддасан ҳар дам сан,
Ҳолдан тойдим-ку бу ғамдан,
Сен ҳам ёд айлагин мени.

Ёлғизликдан юрагим қон,
Кўзим йўлда кун-тун, ҳар он
Ки, шояд бўлурсан меҳмон,
Сен ҳам ёд айлагин мени.

Насими бодни искайман,
Юзинг гулини истайман,
Юз нола бирла айтай ман:
Сен ҳам ёд айлагин мени.

Қандай бахтли ўшал инсон,
Ки дўстга бахш этолса жон,
Ёдинг-ла жон берай, жонон,
Сен ҳам ёд айлагин мени.

Орзу қилиб сенинг ёдинг,
Деҳотий бўлди Фарҳодинг,
Дариғ тутма, бас, имдодинг,
Сен ҳам ёд айлагин мени.

Тилак Жўра таржимаси