Зиннур Муъжиб ўғли Мансуров (Зиннур Мөҗип улы Мансуров) Татаристоннинг Мамадиш вилоятидаги Тубан Ушми овулида туғилган. Қозон давлат университетининг тарих-филология факультетида ўқиган. Матбуотда, Татаристон Ёзувчилар уюшмасида хизмат қилган. Қозон, Уфа ва Москвада йигирмадан ортиқ китоби босилган. 2009 йили Абдулла Тўқай номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. 2017 йилда Туркий дунёнинг адабиёт кишиси.
БОШ
Етти тешикли тўқмоқ…
Қрим-татар топишмоғидан
Аввалдан кўп ур-сур бўлдинг,
Етти тешикли тўқмоқ!
Ўз қавмингни сургун қилдинг
Ўз юртидан сен бироқ..
Ўз халқини чиқиштирмай,
Тириклай гўрга тиқмоқ
Ишидан ҳеч қутулмадинг,
Етти тешикли тўқмоқ!
Маскўв тахтин қатағони,
Бўғмоқ, турмага тиқмоқ;
Деворларни дупурлатган
Етти тешикли тўқмоқ!
Ишинг кар эшикларни
Қонли қўл билан қоқмоқ!
Бутларни ҳам ўйга солдинг,
Етти тешикли тўқмоқ!
Майдонларда янги юртдош
Туғилди, бу яхшироқ…
Топишмоқни
чалкаштирдим,
Етти тешикли тўқмоқ,
Урилибсан хўп,
бўлибсан
Етмиш тешикли тўқмоқ!..
ҚАДАҲДАГИ ТИКАН
Эй, Мансуров*, жонажон дўстим,
Кий бошингга тиканли тожни!..
А.С.Пушкин
Алмисоқдан қолган саломинг
олдим қанча қишу ёздан сўнг.
Ҳақдан кечиб… валий каломинг
ёзуғимга қўшиб ёзгансан.
Фаришталар бир шеърий дуо
ўқимишлар менга бешикда.
Адашларим адашмиш гўё,
инграр улар беш уй, эшикда.
Шариатга мос шеърлар ҳатто;
замонга хос одим отай деб,
эмизикли қаламлар бурро
Хайёмона шаробдан ичиб.
Ваҳийларинг айлади восвос,
мен ҳам тангри қулиман, ахир;
тақдиримга кирмишсан нохос –
ул асрда эдим-ку асир.
Китобингни варақлаб қат-қат,
ўз-ўзимга очганмидим фол,
иримланган бетлардан бот-бот
Парнас гулин топаркан хушҳол?..
Ул тож сир-ла тамғаланганми?
Илҳомми у, ё асрий рўё?
Мен тақдирга мослашяпманми,
мослашмоқда тақдир менга ё?..
Номим эслаб битикда бир пайт,
берганмидинг хабар ғойибдан?
Тиканли тож муждаси фақат
бари азоб, бари ғам экан.
Тақдирига қарши боргай ким?
Офатлардан асра, бер омон…
Қадаҳдаги тиканларни жим
юрагимга кўмиб бораман…
Қувонурман, адашлигимни
китобингдан ўқиркан, раҳмат!
…Битикдаги сўзларни бу пайт
чинга олиб, адашмадимми?
____________
* Пушкин ўз замондоши бўлган ҳарбий Павел Мансуровни назарда тутган.
АВЛИЁЛАР ТОҒИГА ЧИҚИШ
“Олдинга – кун чиқишга, ўнгга – кун ўртасига,
орқага – кунботарга, сўлга – тун ўртасига қадар
чўзилган ерлардаги тарқоқ халқни тўпладим”.
Култегин битигидан
Ялангоёқ ўғлондек, ўҳ-ҳў,
яланг Ерда қайларга бордим.
Жонимни ўртаган ғамларни
сойларга оқизиб юбордим.
Қўшиғими айтдим янгратиб,
кезгинчи бир бахши-ошиқдим.
Авлиёлар тоғига чиқиб,
дилни бўшатишга ошиқдим.
Кўклам булутлари қатиндан
бир сирли, сеҳрли тин келди.
Юксакда фаришта қаноти
унга урилгандай туюлди.
Кўпдандир тилакка эришдим,
шундандир кўнгил тўқ, кўр, мана.
Бундан Булғор, Билар, Сибирлар,
Оқ Ўрда, Кўк Ўрда кўринар.
Хаёлий сароблар ортинда
хонликлар кўринар кўзимга.
Бу тарқоқ хоқонлик, тупроқлар
бариси ўзимдан, ўзимга.
Маҳрумликнинг чегараларин
Авлиёлар тоғида кўрдим.
Қалбимнинг ўз қайғуларини
тағин ўз ўрнига қайтардим.
Бўғзимда ёш қонга бўялди.
Кўк даланинг унда бор иси.
Шу тўзғиган қумдан сўрайми –
деб: “Биз бунда кимлар вориси?”
Хотирда жонланган манзара
туманга кўмилган туш энди.
…Ўша Авлиёлар тоғидан
тубан бир ҳолатда тушилди.
БОҒЛАНГАН ЧАЛҒИЧИ
Тушга йўйиб, ғамга қўйиб, кўз тикиб,
фалакка дардини кўп бор айтди чол.
…Тошқалъанинг этагида, ўтлоқда
пичан ўрар Хизрсифат оқсоқол.
Ўз-ўзини чилвир билан боғлаб ҳам
йиқилмасдан оёғида тик турар.
Бунда бир иш қилиб бўлмас тинчгина,
шундай ерки, ё тер, ё қон оқтирар.
Буюкликка берилиб кўп ғўдайма,
Оллоҳ ҳар бир халққа бир ўлка берган.
Эдил юртга ўлим сочиб келса ёв,
бошин кесиб, боболарим кўп қирган.
Тубигача очилган кўз ярадек,
қолар ерда бир шиш каби яланг тош.
Эл кексаси пичан ўрар ўтлоқда,
чалғисига қонли ўлан ўралаш.
Йўнғичқалар оқиб тушар нишабдан,
гўё пастда сўнмаган бир қўр ётар.
Қайроқтошга тегиб чалғи, чинғиллаб,
уфқдаги чақмоқ дардин қўзғотар.
Кинли черик чангал отиб ҳар юртга,
қирғин қилар, ким тўхтатар бу селни?
Кенгликларда кўм-кўк ўтни ўстирмай,
топтар улар… биз соғиндик ҳур елни.
Тушга йўйиб, ғамга қўйиб, кўз тикиб,
фалакка дардини кўп бор айтди чол.
…Тошқалъанинг этагида, ўтлоқда
пичан ўрар Хизрсифат оқсоқол.
БОШ
Етти тешикли тўқмоқ…
(Қрим- татар топишмоғи)
Аввалдан кўп ур-сур бўлдинг,
етти тешикли тўқмоқ!
Ўз қавмингни сургун қилдинг
ўз юртидан сен бироқ..
Ўз халқини чиқиштирмай,
тириклай гўрга тиқмоқ
ишидан ҳеч қутулмадинг,
етти тешикли тўқмоқ!
Маскўв тахтин қатағони,
бўғмоқ, турмага тиқмоқ;
деворларни дупурлатган
етти тешикли тўқмоқ!
Ишинг кар эшикларни
қонли қўл билан қоқмоқ!
Бутларни ҳам ўйга солдинг,
етти тешикли тўқмоқ!
Майдонларда янги юртдош
туғилди, бу яхшироқ…
Топишмоқни
чалкаштирдим,
етти тешикли тўқмоқ,
урилибсан хўп,
бўлибсан
етмиш тешикли тўқмоқ!..
Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи