Саид Лутфулла ўғли Рамиев (Сәгыйть Рәмиев, Säğit Rämiev) Оренбург вилоятининг Оқмон қишлоғида туғилган. Ҳусайния мадрасасини битирган. Араб, форс, рус тилларини ўрганган. Бир муддат мадрасада дарс берган, сўнг Қозонга келиб, 1905 йилдан “Тонг юлдузи” газетасида ишлаган, “Ал-Ислоҳ” газетаси билан ҳамкорлик қилган; 1910 йилдан Астрахандаги “Эдил” газетасида котиб бўлиб фаолият кўрсатган. 1914 йилда чор ҳукумати газета нашрини тўхтаттиради, С.Рамиев эса оиласи билан Уфага кўчирилади. Шоир 1926 йили сил касалига чалиниб вафот этган.
АЛДАНИШ
Мен йиқилдим… Ўлди руҳим…
Қолмади ҳеч роҳатим.
Кундуз – оғир… Тун – қабр…
Йилдай узун ҳар соатим.
Қолди кўнглим бу жаҳондан –
Йўқдир унда ҳеч субут.
Йўқ ҳақиқат, алдагай у,
Сув десам мен, у дер ўт.
Кўкка ҳеч чиқмас қуёш,
Бу ҳам унинг бир ҳийласи,
Кўкда ой йўқ, ерда олим,
Бор сароблар шуъласи.
Бир саробдир олам асли,
Бор на ерлар, бор на кўк,
Йўқ табиат, йўқ халойиқ,
На ўлик бор, на тирик.
Йўқ чини ҳеч нарсанинг,
Чин фақат хор-зорлиғим,
Битдим, алдандим, ёнурман…
Бир ёнар ўт борлиғим.
Ўтди оққан шалдираб ул
Сувдайин шод кунларим,
Бир қоронғу ҳам тутунли
Кунга дўнди тунларим…
Борлиғим подшоси сенсан,
Ош десанг, тоғлар ошай,
Бермиш Оллоҳ умримизни,
Сен яша, мен ҳам яшай.
Барча боққайлар меҳрсиз,
Оч, дўлайган кўз билан.
Ҳам сўкарлар қичқириб,
Аччиқ, аламлик сўз билан.
Учрашиб қолсак тасодиф,
Ё кўришсам иш билан,
Тишлагайлар бир илондек
Зап-заҳарлик тиш билан.
Тескари дунёга лаънат!
Менга ҳар дам терс боқар,
Ишқ ўтин ёқсам, у доим
Айрилиқ шамин ёқар.
Шу фалак ҳам ўзгарарми?
Ўзгарарми қора бахт?
Биз учун ҳам кун чиқарми?
Тонг отарми – қайси вақт?..
Гар хаёл этсам, кўзимнинг
олдида тургай юзинг,
Ҳар не ўй-фикрим ичинда
Энг ёқимли ўй ўзинг.
Сенгина бор ҳасратимни
Тарқатурсан – тарқат, от!
Сўндириб роҳат қуёшим,
Истасанг, кўкни қорайт!
ИНГРА, КЎНГЛИМ
Ингра, ингра, ингра, кўнглим,
Ингра, бир он тўхтамай!
Ингра ойлар, ингра йиллар,
Ингра кун-тун ухламай!..
Ингра, ингра, сен муҳаббат
Ўтлариндан гул ярат!
Ҳар не зулмат, ҳар не ҳасрат
Кунларинда нур ярат!..
Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи