Фотиҳ Карим (1909-1945)

Фотиҳ Аҳмадвали ўғли Каримов (Фатих Кәрим) Уфа вилоятидаги Бешбалиқ туманида туғилган. 1925–1929 йилларда Қозондаги қурилиш муҳандислиги институтида ўқиган. Сўнгра матбуотда хизмат қилган, шеърлари, ҳикоялари билан танилган. 1938 йили қатағон зулмига учраб қамалган. Адолат талаб қилиб ёзган хатлари натижасида 1941 йили озод этилган ва урушга кетган. 1945 йили жангда ҳалок бўлган. Унинг юздан ортиқ шеърлари, тўққиз достони, икки қиссаси, драмаси, ҳикоялари босилган.

БУЮК ҚЎШИҚ

(Ватанимга)

Балки бу хат сўнгги хатимдир,
Энг даҳшатли жангга киряпман,
Балки бугун шу қуёшни ҳам,
Умримда энг сўнг бор кўряпман…

Мен урушга кирсам, душманнинг
Юрагини кўзлаб отаман.
Болаларим қолар мен ўлсам,
Менинг умрим бўлар Ватаним.

Қолар дунё, бутун гўзаллик,
Гуллар қолар боғим, даламда.
Изим қолар она юртимда,
Шеърим қолар ўтган йўлимда.

Агар ўлсам, ҳеч ўкинч эмас,
Бор ўлимнинг бошга келиши;
Буюк қўшиқ – буюк Ватан деб
Бир инсоннинг жангда ўлиши.

УЗУН УМР

Айтай десанг, айтар сўзинг кўп,
Эринмасдан бўлар сўйласанг.
Узун гапнинг қисқачаси шу:
Узоқ яшай дея ўйласанг,

Ўз элингни ўйла ҳар қачон.
Ўлим ҳақда ўйлама ҳаргиз.
Эл-юртини ўйласа инсон,
Умри узун бўлар, шубҳасиз.

Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи