Томислав Маринкович (1949)

Томислав Маринкович (Томислав Маринковић) — таниқли серб шоири. “Эгизак” (1983), “Таниш вақт” (1986), “Шеърлар” (1991), “Кўзгу олдидаги шубҳалар” (1996), “Омон қолиш мактаби” (2003) ва бошқа шеърий китоблар муаллифи.

БОЗОРГА БОРГАН ШОИР

Ёзнинг беҳаловат жазирамаси.
Бозор шовқини ичра кетиб борардим.
Айланма темир йўл бўйлаб мен ҳорғин.
Тиргакларга осилган халталар ичра
Сабзавотлар шодасига кўз қирим ташлаб.
Ва яна…
сувсизликдан толган балиқлар потраб
ҳансираган намчил пештахталарга.
Худди шу лаҳзада қаршимда бирдан
Шоир пайдо бўлди, хаёлга толган.
Ва сездим…
асли у бозор ичрамас.
Дарбадар кезмоқда ўзга сайёраларда.
Сабзавотлар тоғдек уйилган жойга
Андак хижолат-ла яқинлашди у.
Шира боғлаб тўлган меваларга-чи,
Таажжуб-ла боқди аста айланиб.
Қай бирини харид қилмоқчи эди?
Гўё эслолмади. Ва пештахтага
Ғижимлаб ташлади қоғоз пулларин,
Жаранглаб тўкилди майда тангалар.
Шоирни кузатиб ўйлаб қолдим мен…
Унинг тенгсиз мисралари,
гавҳар сўзлари ҳақда.
Ғамдан озод гўзал қаҳрамонлари,
Майда ташвишдан холи қаҳрамонлари…
Бу ерда у жуда ночор кўринди.
Сездим туман ичра йўқотган йўлин.
Кўринмайди илҳом, қайда маҳорат?..
Бутун бозорни кезиб топмаган, билдим,
Турмуш деб аталган ёвдан қутқариб,
Ўз кўнглига бошлаб боргувчи
Ёруғ қофия ва оддий жасорат…

ҚАЙРИЛИБ ҚАРАШГА УЛГУРМАМ

Мен улғайган шу кўҳна хона,
Тонгда сокин тортиб ёғар шуълалар.
Гўё уя қуриб бўлар парвона
Унга қуёш рангли митти қушчалар.

Кўпларга ҳаттоки эриш туюлар,
Бу қадрдон уйда кечган ҳаётим.
Тўғрисини айтсам сизга, азизлар,
Шу гўшадир асли эзгу баётим.

Афсонадай ўтиб бормоқда умр,
Қайрилиб қарашга улгурмам ҳатто.
Жиҳозлар, йўлаклар тўшайди бир-бир,
Йўлимга сўзлардан сеҳрли мато.

ҲАЁТ

Сен – бамисли
айтишга ботина
олмаган ҳақиқатимсан.
Ёхуд ўтмишдаги
юз йилликдан сўзлагувчи
ҳужжатли фильм.

Ҳали бирор марта
намойиш этилмаган,
Бироқ ёрқин сюжетларга
бой бўлган тақдиримсан.
Бўлган ва
бўлмаган воқелик аро
Яшайман, лек
бари тангрига аён.

Ахир, қалбим
сирин ундан ўзгага,
Айтмасман тоабад
меники бу онт.

ЮҚУМЧИЛ МАВСУМ

Куз –
юқумчил кезгувчи мавсум.
Ундан тўла
баҳраманд бўлмоқлик-чун
Йўлга отландинг.

Мопедингдан
ортда қолмоқда боғлар,
Қалин туман ичра ажиб гузарлар.
Бир текис боравер,
ҳув, анави муюлишгача.
Эгилган жўхори пояси ичра
кетаверсанг,
бирдан тинглашинг мумкин
Маймунжон оралаб безовта
кезаётган каклик овозин мириқиб.
Ва аста шивирлайсан
ўзингга ўзинг:
“Куз ҳам келиб қолди, мана, ниҳоят…
Не бўлмасин,
ҳаёт барибир гўзал”.
Ва яна илдамроқ
юра бошлайсан,
Чанг тўзғиган қишлоқ кўчаларида.
Тўхтаб кузатасан ажиб дамларни…
Юк машиналарнинг
тарақ-туриғида
Иссиқ нон ҳиди
димоғингга бўйлар, сездингми?
Кўксингни тўлдириб нафас оласан,
Бу ёқимли
исдан бўлганингча маст.
Эҳ, анави
озғин газетчи билмас
Ҳар бир лаҳза
бизга улашмоқда бахт.

Бола каби қувнаб,
кетасан яйраб,
Ана шундай
онлар суруридан сен.
Сенинг бу
ҳолингдан воқифдир кузак.
Ўтган барча
ишлар учун айбламас ҳеч кимни.
Мулойимлик
билан афв этар ҳаммамизни.
Ва ишонар
нурли келажакка у.
Фақат сўнгги
кучи билан шимиб боради
Чор-атрофдан барча ҳаёт
тафтини…
Сенга-да
юқади бу ажиб ҳолат.
Ҳаётингга
мазмун бера бошлайди –
ЮҚУМЧИЛ МАВСУМ…

Рус тилидан Мухтасар Тожимаматова таржимаси