Борислав Радович (1935-2018)

Борислав Радович (Борислав Радовић) — шоир, эссенавис, таржимон. “Шоирона” (1956), “Бедорлик қардошлиги” (1960), “Танланган шеърлар” (1979), “1971–1982 йиллар шеърлари” (1983) “Қирқ икки танланган шеър” (2007) шеърий китоблари, тўртта адабий эсселар тўплами нашр этилган. Француз тилидан О.Бальзак, Ш.Бодлер асарларини таржима қилган.

ҲАЁТ МАЙИ

Байрам дастурхони қитиқлар иштаҳани,
сочлар эҳтиросдан ҳўл бўлганича жиққа,
биз тамом ғафлат бўҳронига ботганда, отам
навданинг кўз очганидан хабар топганча
ўйнашар кун ботгунча, япроқчалар меҳр кўради,
толиққан қўлларининг сезгиси бирдан
нўхатваш яшилликка тўлиб-тўқиниб ўйга толади:
янги мусалласнинг тоти қанақа бўларкан?

Мен бугун шунақа майни орзу қиламан,
қадаҳ кўтараман ойнага уриштириб –
баҳор шуълалари жилваланар похол рангида…
Мен аниқ биладирман, содир бўлар бари бегумон:
новдалар пиндиқ отар, кўрсангиз эди,
навраста, сўлим, ҳайрат хаёлингиз занжирлар.
Агар орадаги меҳр ришталари узилиб кетмаса борми,
илдиздан хатлар олар ларзон мева шокилалари:
ёғоч кулба ертўласида қопқалари мағор ул бочкаларда,
бу ёз вағиллаган олтинранг чоғир,
ҳорғин офтоб оқсоқланиб қадамлайди ненидир
осмон қаватларида. Мисоли юлдуз,

кўпирган май коинотда саралар саройин,
эски кўйлагида ва бирдан бўлганча озод,
балки ногоҳ ташриф буюрар падар,
нафаси қисганча, пайдар-пай йўталар,
ўзининг тойғониб юрган фикрларини
ҳарис кўзлари-ла маъюс кузатиб.

ВАҚТ СИНОВИ

Ҳавода қор изғиб юрибди, далалардан анқийди чоғир,
илашади униққан барги хазонлар куйчи ғилдиракларга.
Эшитяпсанми? Бу аскарлар уйларига қайтаётирлар,
хотинлари олдига.

Дубулғалар билан бирга индамайгина хотирларни ечиб қўйишар,
оқ кокиллар яланғочланар.
Бу жойда шоирлар нима ҳам тутқазар юракка – мусибат ва
очликдан бўлак,
гуноҳкор яқинлик, эзгуликнинг енгилганидан бошқа,
майда халқлар
илдизини излаш янглиғ
беҳуда.

Аскарларнинг оёқлари чўмилар тишсиз кампирчалар кўзёшларига,
ҳарбий анжомларин ечиб, бешикларга термилади жангчилар,
ажабланар оч малла болакай:
уларнинг жингалак сочлари, худди оқ асалари каби
бошларига белги солиб қўйилган-а.

Қиш. Ажойиб палла-да, яна қадрдон уйнинг
ўчоғи ёнида
оталикка кўникканича, ҳар турли гапларни лақилласа бўлардай,
ҳув, ўша, ким туғма кўр кўз очганидан,
ким эса қўлсиз болаликдан –
барининг ёзиғи нима қазои қадарда – вақт шошилмай дорига тортар.

ЭШКАКЧИЛАР

Қип-қизил сувда қора-қура шакллар:
кун ботишда эшкак эшишар, қуёш орқа ёқдан тикилар,
қизилвашланиб қорайишларни;
чор тараф денгиз, гўё топилма жомларнинг бир ёни.
Кема қуйруғида турганча Ҳофиз, руҳлантирар эшкакчиларни:
“Ўйлайсизки, уйгача сузиб борамиз тикка, йўқ, асло,
ҳозирча ҳеч ким бизнинг кемамиздан кетолмас,
аксига ҳаммаси шунчаки ривоят,
на бир шойи-ипак, мўйналар,
на бир ҳурилиқо қўлимизга кирмаган – биз, эшкакчилар,
яра-чақаларимиздан оққан қонга бўялган кийимларимиз,
ҳозирча бошқалар тўлдиришар омбор, овлоқларини,
эшкак эшинг, биродарлар, эшкак эшинг,
эшитяпсизми кўрфазларнинг ҳайқириқлари;
энг тўғри ва ишончли йўл мана шудир, азизларим,
эшкак эшиб етганича денгизлардан денгизларга ўтинг ошиб,
суви чучук маъволарда,
кўм-кўк яшил майсалару хушбўй замин таровати қучганича ” .
Мана, ажаб, йўргакдаги чақалоқ ҳам ойна сари эшкак эшар,
унинг шовқин-суронидан зир титрардай кўй-кўчалар.
Қизилваш бу қоп-қоралар:
бор-йўғи оч арвоҳдай шамойили қолган элас,
Қайларгадир бир амаллаб сузиб бориб, берарми сас.

Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси