Гойко Божович (1972)

Гойко Божович (Гојко Божовић) – шоир ва ношир. “Ер ости иншооти” (1991), “Ҳайвон юраги” (1993), “Нарсалар ҳақида шеърлар” (1996), “Архипелаг” (2002), “Элементлар” (2006), “Беназир қўшничилик” (2012) шеърий тўпламлари ҳамда “Замонавий шеърият. ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги серб шеърияти ҳақида” (2000), “Севимли маскан. Серб шеърияти ҳақида эссе” (2009) каби эсселар тўплами эълон қилинган. Адиб “Янги серб шеърияти” антологияси (2005) ва “Атрофимиздаги дунё” (2009) замонавий серб насри антологияси тузувчиси.

ЗАМОН

Балки…
баъзи тушунчаларни
ўзгартирмоқ яхшидир кези келганда.
Ана, қаранг, аскарлар
қиличларин
авайлаб олиб қўйдилар.
Ўткир пичоқларин
солдилар қинга.
Осойишта ҳаётга
нима ҳам етсин?
Гарчи улар чиниққан,
ҳар он курашга шай бўлсалар-да.
Одатда, жангчи
йўлга отланар экан,
ўрганмоғи лозим
сафар йўналишини.
Кутилмаган денгиз
саргузаштлари учун.
Зеро, ҳар бир
сафарнинг ажиб гашти бор.
Қишда ғорлар
томон талпинади у
Йиртқичлардан
омон қолмоқлик иштиёқида.
Баҳорда-чи, хушовоз
илоҳалар чорлар уни қўшиқ куйлаб.
Ёз эса соз ўтар денгиз бағрида.
Кузда сокин
тортиб кезади дилгир,
тангридан нажот сўраб
сочилган ороллар ичра.
Жанглар ичра хаёлингда кезар бир савол:
“Бу сафар жон берар қайси қаҳрамон?..”
Яшайверсак кўрамиз ҳали.
Балки…
вақти келгандир ушбу дамларда
тингламоқ лозимдир марҳумларни-да!
Майли, сўзласинлар,
шу пайтгача тоқат қилганлар,
Ҳориган жасорат,
шижоат соҳиблари.
Ҳар гал келгуси жанггача
руҳингни қийнайди қурбонлар ёди.
Ва ер ҳайдаган
қўшчига азоб беради
Тупроқ қатидаги синиқ сўнгаклар.
Аёлларнинг бари бош эгди бу кез,
Бу қора ўтмишни унутмоқ учун.
Жанг майдони узра
эса пок номлар ва шонлар кезар сарсари.
Гавжум шаҳар эса
аллақачон ҳувиллаб қолган.
Унда кўринмайди биронта эркак зоти.
Бўйи анча чўзилиб қолган
йигитчалар бу дам
Бўйинга олмоқни
исташар рўзғор юкини…

СЎНГГИ СУРАТ

Сақланиб қолмаган
отам билан тушган сўнгги суратим.
Ўшанда биз
отамнинг машинасида
бирга кетиб борардик.
Мен сукут сақлардим.
Отам эса ҳикоялар сўзлар
ва недандир ташвишланарди.
Гўё унга етмасди ҳаво.
Сурат плёнкасида
оқиш чизиқлар қолган.
Бироқ менга
мана шу тасвир қадрлидир
барча ёрқин суратлардан ҳам.
Эсимда, олдинга
қарасам жимирларди кўзларим.
Гўёки нимадир
рўй беришин сездим ўшанда.
Содир бўлгач эса
ҳамма-ҳаммаси ўртамизда қолди.
Ўша ерда…
отамнинг
оч сариқ машинасида.

ГУВОҲ

Бир гувоҳ,
Тадуеш Ружевич,
Ўсмирлигида кечган
тушкун бир ҳолат ҳақида сўзлаб қолди.
Бир куни унинг онаси
дунёга тийрак боқа бошлаган,
беш ёшли ҳаётсевар ўғлига:
“Бир умрга сени ташлаб кетаман”, деган.
Билмадим, бу таҳдидли сўзлар
қанчалар салмоқ касб этади?..
Мен сизга
бошимдан ўтган воқеани айтиб берайми?
Менинг онам бирор марта:
“Сени ташлаб бир умрга кетаман”, демаган.
Бироқ ташлаб кетган
абадий фироққа мени.
Гарчи бу воқеага
гувоҳлик бера олмасам-да,
Унинг кетаётган
лаҳзалардаги нигоҳларин
эслаб бўзлайман, холос.

Рус тилидан Мухтасар Тожимаматова таржимаси