Велимир Хлебников (1885-1922)

Шоир Велимир Хлебниковнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти кишини ҳайратга солади, ажаблантиради. Нега деганда, у қисқа ҳаёт йўлида улкан ҳамда бетакрор адабий меросни келажак авлодга қолдириб кетади. У 1885 йилнинг 9 ноябрида Астрахан губерниясининг Мало Дербет қишлоғида биолог олим оиласида дунёга келади. 1903 йили Қозондаги гимназияни тугатиб, Қозон университетининг физика-математика факультетига ўқишга киради. Талабалар қўзғолонларида иштирок этгани учун бир қанча вақтга қамоққа олиниб, ўқишдан ҳайдалади. Фақатгина 1911 йили Петербургуниверситетида ўқишни битиради.
Хлебниковнинг биринчи ижод намуналари 1905 йилги паррандашунослик бўйича ёзилган мақолалардан иборат бўлади. Унинг адабий асарлари эса 1908 йили дунё юзини кўради. Кўп ўтмай, яъни 1910 йили Будетлянин тахаллусида ижод қилаётган (айнан шу тахаллусда “Кулги жодуси”, “Ҳайвонотхона”ва бошқа бир қатор шеърлар битади) Хлебников ижоди ҳақида сўзлай бошлашади. Шоир “Гилея” номли авангард уюшмага қўшилиб, поэтик тилнинг ислоҳоти билан яқиндан қизиқади. 1916-1917 йилларда Хлебников захира полк таркибининг оддий аскари бўлиб хизмат қилади, айнан шу даврда унинг урушга қарши шеърларидан таркиб топган ва бутунжаҳон дўстлик орзуси билан суғорилган “Қопқондаги уруш” (1919 й.) достони яратилади. Шоир 1917 йили инқилобий воқеаларни олқишлайди, бироқ “қизил террор”ни кескин танқид остига олади.
Хлебников 1920 йили “Окопдаги тун”, “Ладомир”, “Осмондаги чақалар” достонларини, 1921 йили эса “Тунги тинтув”, “Чека раҳбари”, “Советлар қаршисидаги тун” шеърий асарларини яратади. Хлебников 1921 йили “Қизил Эрон” газетасининг мухбири сифатида Қизил армия қўшини билан бирга Форсга ташриф буюради. Бу эса унинг шеъриятида ўзига хос ўрин қолдиради.
Умрининг сўнгги йилларида шоир Москвага кўчиб ўтади ва кўп ўтмай безгак касаллигига чалинади. Велимир Хлебников 1922 йилнинг 28 июнида Санталово қишлоғида вафот этади.

ИРОДА

У томонга – озодлик учун
Туғ кўтариб ўтар одамлар.
Оққушларнинг қанотида жим,
Тўкилади ҳаёт куйи – зар.

Эркинликнинг ғамли кўзлари,
Оловланар ғимирлаб – совуқ.
Ҳа, ердаги қиёфасин у,
Ўзига-да кўради ёвуқ.

Интиламиз оташ қўшиқ-ла,
Олға дея озодлик сари.
Тирилгаймиз ҳалок бўлсак-да,
Танамизга жон ҳам киради.

ҚАЧОНКИ ЎЛАЁТГАНДА…

Отлар ўлар чоғи жим нафас олар,
Ўт-ўланлар сўлса, қурийди бедоғ.
Қуёш жон берар пайт сўнару тинар,
Одамлар-чи қўшиқ куйлар ўлар чоғ.

БУГУН ЯНА БОРАМАН…

Мен бораман бугун ҳам яна,
Бозорга, ҳа, қайноқ ҳаётга.
Курашмоқлик кўҳна анъана,
Жўр бўлганча оташ баётга!

ЮЛДУЗЛАРГА ТЎЛА ТУН

Юлдузларга тўлганида тун,
Тақдирлардан фол очар беун.
Китобмисан? Тараяпсан нур,
Истибдоду эркмисан, ёҳу?
Қисматимдан ўқдинг не маъно,
Ярим тунда ҳадсиз осмонда?

АФСОНАВИЙ МАХЛУҚ

Афсонавий махлуқ чўққида
Яшар, боқсанг чўлғайди қўрқинч.
У кўзани олиб қўлига
Нигоҳи-ла ахтарар илинж.

Тебранади мевадек беҳуш,
Бароқ қўллар шохида бетин.
Афсонавий махлуқ – бадбуруш,
Ўз бўш вақтин овутар беун.

ЯНА БИР БОР…

Яна бир бор, ҳа, яна бир бор,
Мен сиз учун ёруғ юлдузман.
Денгизчининг ҳолига вой – хор,
Маҳбубасин тополмай жисман.

Юлдузлар-чи
куйлайди ғамгин,
Парчаланган тошлару тағин
Сувостининг бўрлари ҳақда…
Бу қандайдир мавҳум ақида.

Парчаланган қалбим устидан
Тошлар мазах қилиб кулади.
Қандай мазах қилиб устимдан,
Кулганингиз каби.

ЙИЛЛАР, ОДАМЛАР…

Тез оқар сув янглиғ жўшқинлик аро,
Мангу югуришар одамлар, йиллар,
Табиатнинг рангин кўзгусида, о,
Изидан эргашар сўқмоғу йўллар.
Юлдузлар – ёйма тўр, биз балиқмиз бир,
Худолар зулматнинг шарпаларидир.

ОҚШОМ, СОЯЛАР…

Оқшом. Соялар.
Беҳол лопиллайди гўнг кўланкалар.
Оқшомни ичганча ўлтирардик биз,
Ҳар кўзда буғунинг югуриши,

Найзалар учиши ҳар бир нигоҳда
Акс этар.
Шафақда жаҳоннинг ғазаби қайнаб,
Ҳаволанган чоғи дўкондан учиб
Чиқиб-да болакай қичқирди:
“Иссиқ!”
Ўнгга қараганда чапроқ, мен эса
Чапга қараганда кўпроқ сўз эдим.

* * *

Чўлдирабу ҳам сайраб,
Қушлар учишдан тинди.
Титроқ барглар-ла яйраб,
Учишмади, жим кўнди.

Патларин тўзғитиб сўнг,
Учди булут-ла бирга.
Сакрадим булутга мен,
Тушунмадим бу сирга.

ОДАМЛАР, ҚАЧОНКИ УЛАРНИ СЕВИШГАНДА

Одамлар, қачонки уларни севишганида,
Бир-бирига узоқ солишарди назар.
Узоқ нафас олиб чиқаришарди…
Ёввойи отларни қачонки севишганида,
Кўзларига ғашлик қўйилиб,.
Сувлиғидан кўпик кўпирарди.
Қуёшни қачонки севишганида,
Заминдан тунни мато билан ёпарди.
Худолар қачонки уларни севишганида,
Коинотнинг меъёрида титрашини ўраб оларди,
Худди Пушкин сингари –
Волканский оқсочининг қайноқ севгиси.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси

ОЧЛИК

Буланлар ва Қуёнлар ўрмон бўйлаб юришар сакраб,
Олис-олисларга, чекка-чеккаларга паналаб, нечук?
Одамлар еб қўйишди Осина пўстлоғин, поясин,
Қарағайларнинг яшил новдаларин ҳам.
Хотинлар ва болалар ўрмон аро изғишар,
Қарағайнинг тепа баргларин теришар
Карам шўрва учун,
Айрон учун,
Сут оши учун.
Қарағайлар учи,
Кумушранг мохлар, пўпанаклар гўё,
Ўрмон емиши.
Болалар,
Ўрмон жосуслари
Қоялардаги дарахтзорлар бўйлаб дайдишар.
Оқ чувалчангларни қовуришар гулханда.
Қуён карами, хўппа семиз қуртларни
Ёхуд ўрмон ўргимчаклари –
Ёнғоқдан тотлироқ экан.
Овлашар кўрсичқонларни, кулранг калтакесакларни,
Вишиллаган илонларни камонда отишар.
Шўрадан ширин кулча ёпишар.
Очликдан югуришар парвоналар изидан.
Бир қопини йиғдилар –
Бугун капалак шўрва бўлади,
Оналари туширади паққос.
Ўрмон бўйлаб жозиб сакрашлар ила
Диконг-диконг югураётган Қуёнга
Гўё тушдагидек,
Ёруғ олам кўриниши, тушларидаги афсунлардек
Катта-катта очиқ кўзлар ила
Қарашар ҳайрат-ла,
Очликдан илоҳий авлиёлардай
Ишонмаслар Ҳақиқатга ҳеч.
Бироқ у шўх шарпадек қолади қочиб,
Қулоқ учи қорайиб.
Ортидан учади камон ўқлари.
Аммо кеч,
Тўйимли тушлик қочиб кетди-я!
Болалар сеҳр-ла сўррайиб туришар:
“Қара-чи, капалак, анетдан ўтди учиб!
Югур, тутақол! Ҳув, анув ерда кўм-кўк!”
Ўрмонда зимистон,
Олислардан югуриб келди Бўри.
Ўтган йили қўзичоқни ямлаган жойда
Изғиб юрди узоқ.
Чор атрофни ҳидлаб, искаб бўй олди,
Бироқ ҳеч вақо қолмаган
Чумолилар дастидан
Қуриган туёқдан ўзгаси.
Хафа бўлди Бўри.
Қапишган қовурғаларини қисганча
Кетди ўрмон ортига у.
Қизил қошли Қурлар,
Оқ сочли Қурқурлар
Қор тагида ухлаб ётгувчи
Оғир панжаларинг ила боссанг гар,
Қор зарралари ила кўмилсанг…
Тулкивой, момиқ, оловранг,
Ётиб олди тўнка тепасида.
Бир бурда бўлиб олди гўё
Ҳалқоблар узра.
Келажак ҳақида у сурди хаёл.
Балки ит бўволиб,
Одамларга хизмат қилсаммикин!
Тўр ташлаб қўйилган анча —
Истаганингча етиб ол!
Йўқ, хатарли юмуш!
Эҳ, Малла тулкини
Итларни ютгандек еб ташлайдилар!
Ҳурмай қўйди қишлоқда итлар…
Тулки елкандек баланд кўтариб қуйруғин
Юмшоқ панжалари ила чўмила бошлади,
Вайсаганча Олмахон деди:
“Қани, қайда қолди, ёнғоқларим?
Чўчқа, ёнғоқларим қани?
Ямлаб ютди одамлар”.
Сокин, тиниқ қўнмоқда оқшом,
Қайин билан Жўка шивирлаб секин
Муччилашди, бир-бирини ачомлаб.
Балки нонуштага каллаклашар уларни эртага!

* * *

Совуқ музли ирмоқлардан
Ҳатлаб юрар эдим дарғазаб мулла сингари,
Қай жой яхши бўлса.
Қирқ чақирим нарига “Чека” мени чақирди сўроққа.
Учради йўлимда эшаклар.
Отлиқ мени чорлади ўзига.
Беш чақирим йўл юрдик.
“Е!” – отлиқ ушатар олтин мисоли нон.
Ҳўл пишлоғу мовий ранг шароб мўйқаламин узатди:
Кўк илонлар тухумларин олдим инидан,
Фақат онам эмас ёнимда.
Елдирдик отларни, йўл-йўлакай
Осмон инъомларин қилганча тановул.
Отлар биқини туртинар эгар айллари ила.
Табассум жилваси ўртоғим лабларида яна:
“Есанг-чи, оғайни!” – йўл-йўлакай
Чўзилар мўйқалам тутган қўлга денгиз кўзлари.
Иккимиз от елдириб борардик
Тоғлар пойидаги терговга.
Мешлардаги тоза шароб, олтинранг ун ҳам мўл,
Нақ ёнимда қалин ўрмон,
Қадимий Дарахтлар бошдан оёқ итоатсиз
пўпанакка ўралган.
Тўнғиз ўқдай отилиб ўрмонни тешиб ўтсин, э!
Гулханлардан қолган қора доғлар,
Оқариб кўринар кул, суяклар уюми.
Минг қўйли сурув ёпирилиб келар мисли Тўфон.
Чўпон бошчилигида қаршимиздан чиқиб келмоқда
Барҳаёт денгиз қора долғалари мисоли.
Кора камар дарада бирдан зимистон бошланар,
Қорайиб кўринар дарё ҳам ёнбошда.
Минг-минглаб тошлар узра сирпанар яшил кашта ҳам.
Шом тушди бирдан, камдан-кам томчилар тўри
Чирмаб олди дарҳол бизларни.
Ўша ўр, бадқовоқ дара,
Ўзга бир Китобхон тош китобига эврилди туйқус.
Ўзга оламларнинг кўзлари ҳижжалагулик.
Овулда сочилиб ётган кулбалар
Тушунарсиз алифбонинг ҳарфлари гўё.
Осмонга Қизил тош ўрлаб борадир
Ярим чақирим қад ростлаган
Кимдир ўқиётган китоб мисоли.
Қайдадир, шундоқ ёнимда шарпадек кезса ҳам,
Китобхоннинг ўзини Осмонда кўрмадим лекин.
Балки Қабила сардори салласидир бошида.
Хизмат бурчин адо этганча Дарё шовуллар пастда.
Кўкка бўй чўзишар дарахтлар якка
Тош қотган янгиликлар ўқдай сатрлар бўлиб
Осилиб қолгандек секин.
Бир кундан кейин “Чека” чақирди кераксиз терговга.
Бокуга поездда жўнаб кетдим мен.
Тирмашиб мен чиққан қоялар,
Овлоқларда ҳайқирар дарё.
Тасодифий бўшлиқ қанорларида,
Олақоронғи осмонга хизмат жойларда
Ибодатхоналар гиёҳлари,
Амаллар ва издиҳомни таниб қолардим.
Ёввойи узум бутоғин узгандим шунда.
Қўлларим бутунлай тилинди, тирналди, қонади.
Кимнинг қичқириғи?
Нозик ва сирли муҳаббат тавсифимикан ё?
Тош газеталар узра қўлларнинг бармоқларидай
Оқариб кўринар булутлар,
Нечанчидир юз йилликлар сари сузганда.
Мен ҳам жўнаб кетдим.
Ўрлаганим овлоқ жарликларда
Қуп-қуруқ ўзаннинг қанорларида
Гиёҳлар ибодатхонаси беркиниб олган.
Боғдаги қари нок новдаларида Малаклар чечаги,
Ям-яшил Омела ўз шаҳрини бунёд айламиш.
Улкан дарахт бошқа дарахтлар қадимий қонин азоблар.
Гуллар қирмизи.
Алвидо, барча-барчангизга!
Алвидо, кеча оқшом, Тун малаклари, Оқбош чўпонлар,
Қишлоққа ҳайдаб келишарди Олтин мўйна сурувларини.
Сигирлар бўкириб чопар, сут иси юксалар дарахтдек кўкка,
Булутларга етиб боргудек.
Алвидо, қора киприклар панжарасига
Яшириниб олган Буқаларнинг қора-мовий кўзлари!
Оналик ёғдулари одамлар ва бузоқларга шаррос ёғилар.
Алвидо, тун зулмати,
Пода ва сигирлар
Битта қора булут бўлиб кўринган дамлар.
Ҳар оқшом қўлларим билан
Ўткир шохларига нуқирдим нуқул,
Бошларида кўза,
Ғамгин кўзли аёллар, хонимлар
Қадами оҳиста, вазмин, оҳиста!

ОСИЁ

Мудом чўри қиз,
Шоҳлар ватанидан кўкси баландроқ.
Қиймоч кўзларида мангу бир оғриқ,
Қулоқлар ўрнида давлат муҳри гўёки сирға.
Баъзан сен ҳомила кўрмаган Қиз,
Қўлида қилич.
Баъзида энага,
Гоҳ доя Кампир – исёнкор
Ўша китобнинг бетларин варақлайсан сен.
“Имзо” – денгизлар қўлининг залворли босими изи.
Тунлари одамлар сиёҳ билан қилади жилва.
Эътирознинг ғазабкор белгиси
Шоҳларнинг тун бўйи отилиши эди.
“Вергул” бўлиб хизмат қилди жангчилар ғалабаси,
Дала бўлиб қутуришдек қўрқинч билмас “Кўп нуқталар”.
Халқ ғазабкор кўринур,
Юз йиллар чатнаши “Қавс” каби мўътабар.

ЭРКИНЛИК

Озодлик ортидан барча – бир ёққа!
Эҳ, одамлар оққуш қаноти-ла,
Меҳнат байроғини олиб ўтарлар,
Озодлик нигоҳи оташи куйдирар,
Аланга, таққослаганда – изғирин,
Майли, Заминда изланган тимсол!
Янгиларини ёзгай бир куни Очлик,
Ўтли қўшиқларга борамиз бирга,
Қани эрк, озодлик сари олға!
Гар ўлсак, тирилгаймиз тағин, албат!
Барча сўнгра жонланар,
Ажиб бир йўл томон хушҳол
Одим отамиз дадил.
Гар илоҳлар бўлса занжирбанд,
Эрк берамиз уларга ҳам шан: Озодсан, илоҳ!

* * *

Майнавознинг хира куз тунукасин
Тераклар шохлари савалаган жойда,
Осмоннинг залвори йитиб бир зумга,
Сизни табассум қилишга ундаган жойда,
Ғалла янчилаётган хирмон остида
Текис ер гувиллаган жойда,
Киримни ҳисоблаш учун Мордвинов
Ишончли ҳисобдонлар ваъзини тинглаб,
Афсус, севгидан бахтсиз рақибни,
Омадсиз меҳмон товонлари билан тепкилаган жойда,
Уларни ҳам, буларни ҳам
Олтингугурт ёруғлиги бекинмачоғи,
Қутқазган жойда,
Ҳаёт ибтидоси Янус маъбуди ҳимояси остида,
Куркалар, товуқлар, ғозлар яшаётган жойда,
Сиз табиат – холангиз ғамхўрлиги остида
Шу ерда, сокин нигоҳ-ла, гулламоқдасиз!

* * *

Оқшом.
Рутубат кўланказори.
Пичан ғарами.
Эринчоқлик. Роҳат.
Ўлтирардик оқшомни симириб.
Ҳар бир кўзда Буғу югуриги,
Ҳар нигоҳда Найза учиши, ниҳоят.
Уфқда кун ботар маҳал,
Каҳкашон ғазаби қийнаганда,
Дўкондан отилиб чиқди бир ўғлон.
“Жазирама” ҳайқириғи бўлганда йўлдош,
Мен унинг Сўзидан ҳам анча сўлроқда эдим,
Ўнгига сал яқинроқ, тургандим қўлдош.

* * *

Замон гирдобида қамишлар
Кўлнинг соҳилида шовуллар!
Вақт эса тош қотгандек
Улар тош бўлиб ловуллар!

Кўл қирғоқлари сўлим-сўлимдир,
Вақтинчалик ҳатто қамишзор.
Кўл бўйида кайҳоний оҳанг,
Илоҳий шовқинзор, илоҳий бозор!.

ЙИЛЛАР, ОДАМЛАР ВА ЭЛЛАР

Йиллар, одамлар ва эллар
Ўтиб кетар бир йўла
Сув оқими каби.

Мослашувчан табиат кўзгусида
Юлдузлар осма тўр, биз эса балиқлар,
Илоҳ – қоронғилик, илоҳий шарпалар!

АЛФЁРОВА

Йўқ эмасди довруқли қўмондонлар ҳам,
Ўлаётиб улар “бахтиёрман” деган.
Кўҳна новгородлик авлоди ҳардам,
Мағрур зотлар ичра ёниб кул бўлган.

Оппоқ, ёлдор пахмоқ тулпор устида,
У Польшада қиролни енгди, эҳ, булар!
Ғалабалар-чи, маккора, айёр,
Эски севиклилар устидан кулар!

Ўтирарди қари жўка тагида у,
Ғалаба қозонган Измаил қалъасида, ғолиб.
Қоғозлар уюми буйруқлари узра энгашган
Ўлаётиб шивирлар: “Биз енгдик! Ўзгалар қолиб!”

Тоғам от чоптирган жар тепасида,
О, Гунибни руслар олишганида, ҳа.
Аварлар қиличи яралади, қон силқиди
Дарё, ҳалок бўлди дангал ўшанда.

Баъзида девоналар, баъзида тим қора
Тақаларнинг гулдурос жаранги остида
Олиб кетардилар чавандозларни
Дунай қирғоқлари бўйлаб оҳиста.

Отхоналар туёқларнинг одимларига
Тўладир боболар юрти, рус салтанати.
Экилганди зафар юришларига
Ёру дўстлари ила шараф ҳам оти.

У Шарқда хизмат қилганди шахдам,
Эгилмай доғули ўқларга, мағрур.
Ўз юрагига қўлин қўйганди
Ўлаётиб душманга ҳам деди: “Ташаккур”.

Энди бўлса-чи, унинг мулклари,
Саройлари ва хуторлари ёнмоқда,
Қўрғон иморатлари, о, бари-бари,
Тун бўйи ёндилар, ёнди сабоҳда.

Бироқ оталар-чи, одатига содиқ,
Боболарнинг ўгитларига соқчидай,
Ётоқлар бўйлаб юрар безовта
Шопдек мўйлабларин учин ғижимлай.

Боболар буржига кирар унинг ўзи ҳам!
Пойтахтнинг таланган олий зотлари,
Қош, қовоқларин уйиб чекиб ғам,
Боқар кўҳна расмлардан. Кимдир отлари?

Рус тилидан Турсун Али таржимаси