Семён Гудзенко (1922-1953)

Семён Петрович Гудзенко (5 март 1922, Киев — 12 февраль 1953, Москва) — рус шоири, журналист, ҳарбий мухбир.

* * *

Ўлимга борганда қўшиқ куйлашар,
Аммо йиғлаш мумкин ўлимни кутиб.
Жангда энг даҳшатли лаҳза – муқаррар
Ҳужумни кутмоқлик минути.

Мана, чавақланган дала – бепоён,
Мина тўзонидан қор тани – қурум.
Портлаш. Ёнгинамда дўстим берар жон,
Демак, ўтиб кетди ёнимдан ўлим.

Ҳозир келажакдир менга ҳам навбат,
Ўлим фақат менга чўзмоқда қўлин.
Совуқ қирқ биринчи, сенга минг лаънат,
Сенга ҳам минг лаънат, пиёда қўшин!
Гўё барча мина менга интилар,
Гўё таним магнит, ўтмасидан сал…
Портлаш.
Лейтенант бир қалқиб йиқилар,
Яна ўтиб кетди ёнимдан ажал.

Бундай кутиб бўлмас ўлимни, ахир…
Жўнар окоплардан етаклаб бизни,
Совуқдан мурдадай тош қотган қаҳр –
Штикнинг зарбидан йиртилиб бўғзи.
Қисқа жанг тугади. Бир лаҳзалик жанг.
Кейин ароқ ичдик лабимиз яхлаб.
Бировнинг қонини ханжарим билан
Тирноғим тагидан ташладим кавлаб.

Усмон Азим таржимаси