Лермонтов Михаил Юрьевич [1814.3(15).10, Москва — 1841.15(27).7, Пятигорск] — рус шоири. Болалик чоғлари Пенза губернясидаги Тархан (ҳоз. Лермонтов) қишлоғида кечган. 1827 йилда бувиси Е.А.Арсеньева билан бирга Москвага кўчиб борган ва 1828 йилда Москва университети қошидаги пансионнинг 4-курсига ўқишга кирган.
Дастлабки шеърлари, «Черкеслар» (1828) ва «Кавказ асири» (1929) достонлари шу ерда ёзилган. Лермонтов пансиондаги 2 йиллик таҳсилидан сўнг 1830 йилда университетнинг маънавий-сиёсий бўлимига ўқишга киради. Лермонтов талабалик йилларида қатор лирик шеърлар, достон ва драмалар ёзган («Одамлар ва эҳтирослар», 1930 ва б.). 1832 йилда университетни тарк этади ва Петербургга бориб, гвардия подпрапоршчиклари ва кавалерия юнкерлари мактабига ўқишга киради. Мазкур мактабни тугатгач, Л. Царское Селода жойлашган гусарлар полкига юборилади (1834). Навқирон гусар кўп вақтини аслзодаларнинг кўнгилочар давраларида ўтказиб, шу давралардан олган таассуротлари асосида «Маскарад» драмаси, «Ҳожи Абрек» романтик достони (1835) ва бошқа асарларини ёзади.
Лермонтов 1837 йилда А.С.Пушкиннинг фожиали ўлимига бағишлаб «Шоирнинг ўлимига» шеърини ёзади. Лермонтов бу шеърда шоирнинг ўлимида айбдор саналган ҳукмрон кучларни кескин қоралагани учун Кавказга сургун қилинган.
Лермонтовнинг Кавказда бўлиши унинг шоир ва рассом сифатидаги ижодига самарали таъсир кўрсатди. Кавказ табиати ва томи элатлар фольклорига мехр қўйган шоир шу ерда «Ошиқ Ғариб» (1837) шарқ эртаги, «Замонамиз қаҳрамони» (1840) романи ва кўплаб ранг-тасвир асарларини яратди. Е.А.Арсеньева ва шоир В.А.Жуковскийнинг саъй-ҳаракатлари билан афв этилган Лермонтов 1838 йил январда Петербургга ва апрель ойида эса Царское Селода жойлашган гусар полкига кайтиб келади.
Петербургдаги қизғин адабий ҳаёт 30-йиллар охирида Лермонтов ижодида эрксеварлик йўналишининг кенг қанот ёзишига имконият туғдиради. «Ўйлар», «Шоир», «Ўзингга ишонма…», «Пайғамбар», «Алвидо, Русия, эй нопок макон» каби шеърлари, «Мцири», «Демон» («Иблис») каби достонлари, «Бэла» қиссаси (ҳаммаси 1839) Лермонтов ижодининг камолот босқичига кўтарилганидан шаҳодат беради.
Шу кезларда Франция элчисининг ўғли Э.Барант билан бўлиб ўтган дуэль Лермонтовнинг иккинчи марта Кавказга сургун қилинишига сабабчи бўлади. У Кавказдаги пиёдалар полки таркибида бир неча ҳарбий юришларда иштирок этади. Унинг шу вақтда (1840, октябрь) «Отечественные записки» журналида эълон қилган шеър ва достонлари Петербургда катта акс-садо беради. Бундан фойдаланган Е.А.Арсеньева набирасининг Петербургга таътилга келишига эришади (1841, февраль). Аммо расмий доиралардаги ўзига бўлган совуқ муносабатни кўрган Лермонтов 1841 йил 13 майда Пятигорскка қайтиб келади. Шу вақтда бу ерларда истироҳат қилаётган бир гуруҳ ёшлар Лермонтов билан зобит Н.С.Мартинов ўртасида жанжал чиқишига эришадилар. 13 июль куни шоир дуэлда вафот этади. Лермонтовнинг хоки Тархан қишлоғига олиб келиниб, Арсеньевлар хилхонасида дафн этилган (1842 йил 23 апрель).
Лермонтов шоир, носир ва рассом сифатида рус маданияти тарихида фахрий ўринлардан бирини эгаллайди. У ўзининг энг яхши асарларида эрксеварлик ва ватанпарварлик ғояларини баланд пардаларда куйлади, мустамлакачилик сиёсати улуғ рус шовинизмининг авж олишига сабаб бўлиши ҳақида рус жамиятини огоҳлантирди, юксак фуқаролик идеалларини тасдиқлади. Лермонтов ижоди Ўзбекистонда катта эътибор қозонган.
Шоир ҳаётининг йирик саналари (1941, 1954, 1964, 1989) муносабати билан ўзбек матбуоти, театри ва жамоат ташкилотлари Лермонтов ижодига кўп бор мурожаат этдилар. Асарлари Ойбек, Шайхзода, Миртемир, Усмон Носир, Асқад Мухтор ва бошқа томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Лермонтовнинг «Маскарад» драмаси Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган. Тошкент ва бошқа шаҳарларда Лермонтов номи билан аталган мактаб ва кўчалар бор.
Наим Каримов.
БОРОДИНО
– Қани, амакижон, айтиб берингиз,
Ўт кетиб, ўртанган Москва бежиз –
Фарангларга берилмаган-ку?
Ахир бўлгандир-ку беомон уруш,
Бўлганда ҳам қандай, кетгудай эс-ҳуш
Бородино куни Россиянинг беиз –
чиқмас ёдидан мангу!
– Ҳа, бизнинг замонда мардлар бор эди,
Сизга ўхшамасди, шиддаткор эди.
Сизлар ботир эмассиз.
Уларнинг қисмати бўлмишди ёмон
Талай мардлар майдон аро берди жон.
Бўлмасайди тақдир амри беомон
Кетмас эди Москва, эссиз!
Биз узоқ индамай чекинар эдик,
Алам қилар эди, жанг кутар эдик.
Чоллар пўнғиллар бирдан:
“Нима бу, шу ерда ўтадими қиш?
Командирларимиз бажаролмас иш
Ёвларнинг мундирин керакдир йиртиш
Руснинг найзаси билан”.
Топдик охирида катта бир майдон,
Бемалол саёҳат қилурлик сайҳон,
Кичик истеҳком қурдик.
Ётамиз қулоқни унда дик тутиб,
Тонгги нурлар билан ялтирайди тўп,
Ўрмонда фаранглар ҳар қайда, тўп-тўп
Кезиб юрганларини кўрдик.
Боплаб туриб мен ҳам тўпни ўқладим,
Ўйлайман: “дўст”ни бир қўноқ қилайким!
Қараб тур, оға мусьё:
Кураш экан, ҳийланинг не кераги бор?
Бизлар саф тортамиз мисоли девор,
Она-ватан сўрса, бизлар боякбор
Бошни ҳам берамиз-ку!
Икки кун ҳам ўтди отишмалардан.
Нима манфаат бор бекорчиликдан?
Кутдик учинчи кунни.
Эшитилиб қолди ҳар ёқдан овоз:
“Тезроқ илғор сафга ўтиб олсанг соз”.
Даҳшат қирғинининг майдонига боз
Тушади кўлкаси туннинг.
Замбарак тубида мен мудрар эдим.
Токи тонг отгунча эшитар эдим
Фарангларнинг шод сасин.
Бироқ бизнинг манзил очиқ, жим ётар,
Кимдир мажақ дубулғасин тузатар,
Кимдир муртин чайнаб, найзасин артар,
Жуда ошган зардаси.
Тонг аста ёришиб келиш биланоқ,
Қўзғолишдик мисли момақалдироқ,
Сафлар орқасидан саф.
Бизнинг мард полковник эди қаҳрамон,
Шоҳга навкар, солдатларга отахон…
Бироқ афсус, чавақланиб берди жон,
Ётар нам ерда ухлаб.
Ўлар экан, айтди, кўз очиб тийрак:
“Йигитлар, Москвани қутқазмоқ керак,
Москва учун ўлсанг оз,
Шунча оғайнилар у деб ўлгандек!”
Бородино жангида қасамёд этдик
Ва бошларни мардона ўлимга тутдик,
Ҳаммамиз ҳам шоввоз.
Шундай кун келдики! Тутун ораси,
Булутдай силжиди фаранг қораси
Бизнинг истеҳком томон.
Ранго-ранг тамғали юрт ботирлари,
Дубулғаси думдор саф-саф сувори,
Кўзимиз олдида келмоқда бари,
Рўбарўдан ёнма-ён.
Бундай жангни сизлар ҳеч кўрмагайсиз!..
Байроқлар соядай кўчарди изсиз,
Ер-кўк тутун, олов…
Қурол-аслаҳалар, тўплар овози,
Найза санчиб толмиш эл найзабози,
Ўлганларнинг қонли тоғдай танаси
Ўқларга тўсиғу-ғов.
Русларда ботирлик қанча мустаҳкам, –
Эканин ўша кун кўрди душман ҳам,
Кўрди найзанинг кучин.
Ер ҳам ҳансиради кўкрагимиздай,
Аралашиб кетди от, одам бирдай,
Минглаб замбараклар ўкириб шердай
Оларди ёвдан ўчин…
Қош қорайиб қолди. Биз эса тайёр
Эртадан қаттиқ жанг бошлашга такрор,
Кураш охиригача.
Дўмбиралар бирдан дириллаб қолди;
Душманлар чекиниб, йўлин терс солди,
Санадик, ким бору ва ким йўқолди,
Дўстлардан қолди неча!
Ҳа, бизнинг замонда мардлар бор эди,
Азамат, довюрак, шиддаткор эди:
Сизлар ботир эмассиз.
Уларнинг қисмати бўлмишди ёмон:
Талай эрлар майдон аро берди жон.
Бўлмасайди тақдир амри беомон,
Кетмас эди Москва, эссиз!
Ғафур Ғулом таржимаси
МАКТУБ
Шамчироғ ёнади… Титроқ қўл билан
Ёзиб тугатардим сўнгги жумлани,
Кулфатлар ва дардлар ҳолим қилиб танг,
Кўксимни қоплади ташвиш тумани.
Менга туюлдики, сен гўё қувноқ –
Шу кун соғлиқ жомин келтирдинг бекор;
Ёнаркан лабда ишқ бўсаси, бироқ –
Келиб ёнбошимда сен турдинг бекор…
Умрбод алвидо! – Аммо, жонгинам,
Келгин бир ёнимга, келгин сўнгги бор,
Жон чиқар нафасда бир оз бўл малҳам,
Кўзларимнинг ўти сўнсин беозор.
Совуқ қўлларимни келиб тут бир зум…
Нетайки, йироқсан, етмас овозим!
Азоблар ютарман сенинг йўғингда!
Дунёдан ўтарман сенинг йўғингда!
Балки сен, у ғамгин кўзларинг тўниб,
Очиб мактубимни ўқиган чоқда
Тобутим устида қўшиқ куйланиб,
Топарман маконим мангу тупроқда!..
Лекин сен йиғлама, биргамиз мангу,
Руҳим учиб борар қўмсаб сен томон
Ва ёки хушвақтлик пайтинг топиб у
Юзингдан ўпишга тайёр ҳар замон…
Кеч тунда қайтаркан зиёфатингдан,
Хилват ётоғингга кираркан ёлғиз,
Чаккангда ўтли бир нафас сезарсан,
Ойнадан топмасдан, тунинг уйқусиз –
Ўтар. Пок рухсоринг ловиллар бирдан,
Кўксингга ёпишар аллақандай жон,
Бир шарпа тепангда милтирар шу дам,
Бир нидо эшитиб, бўларсан ҳайрон.
Шунда бил: бу – менман, чиқиб тобутдан –
Аламли висолга келибман бирпас: –
Барча сояларга шу бўғиқ маскан
Манзил бўлмоқлиги, ахир, шарт эмас!..
Қачонки дабдаба ва сайр чоғи
Қўш отли чанада юрганингда шод,
Кетингда севгидан куйиб бор-йўғи –
Бир гусар тураркан хомуш ҳамда мот,
Шунда икковларинг кўксидан ногоҳ
Совуқлик ўтсаю юрак ўйнаса,
Гусар гангираса, сен тортсанг бир оҳ,
У қора мўйловин кек-ла бураса,
Шунда жаранглайди сипоҳий металл,
Пайқайсан бир соя – беқут пешона:
Йўлингиз кузатар ўлик кўз беҳол,
У менинг арвоҳим: телба – девона!..
Оҳ! Сенга кўп эди айтар сўзларим,
Бироқ сусаймоқда руҳим дам-бадам,
Ажал яқинлашар, сезар баданим,
Дармонсиз қўлимдан тушмоқда қалам…
Алвидо! Шуҳрат деб беҳуда чопдим,
Оташин севдиму аммо баҳрасиз.
Ҳар ёқда хиёнат ва заҳар топдим,
Вафони тополдим созимдан ёлғиз.
1829
ТУН
(1830 йил 28 август кечаси)
Ёлғиз ўтираман, жимжит, сокин тун,
Чирсиллаб ёнади тугаёзган шам,
Қўйин дафтаримга чизади бетин
Бир дилбар суратин қадрдон қалам:
Ўтган хотиралар аста жонланар
Қонли пардаларда соя сингари,
Бармоқ-ла ишора қилмоққа шошар
Менга эзгу бўлган дамларнинг бари.
Сўзларки, у ўтмиш йилларда ҳарчанд
Дилимда қўзғарди ҳаяжон, қайғу,
Йироқ-йироқларда ловиллар, гарчанд
Унутган бўлсам ҳам уларни мангу.
У ерда ўтмишнинг скелетлари
Бир тўда бўлишиб турар саргардон,
Аммо скелетлар ичидан бири –
Бир маҳал қалбимга эди ҳукмрон.
Уни мумкинмиди ҳеч севмаслигим?
Аёл нафратининг золим ханжари –
Менга санчилдию, куйган юрагим
Банд бўлди ишқига ўшандан бери. –
Унинг қарашлари аёвсиз, ёмон,
Худди бир шарпадай пайимда кезар.
Маҳкумман, ўлгунча у бермас омон,
Ёзгани севмаклик бўлмас муяссар.
Оҳ, мен бошқаларга қиламан ҳасад!
Улар оилада, тинч ва хотиржам
Бемалол кулишар, бўлишар хурсанд,
Севиниб ўйнашар осуда, беғам.
Кулгим қўрғошиндай туюлар оғир:
Чунки бўм-бўш қалбнинг самараси у…
Ё раббий! Англадим, менга сен ахир –
Кўп ажиб совғалар тайёрлабсан-ку!
Ахир, бу қандай гап? Илк муҳаббатга
Шунчалар даҳшатли заҳарни қуймоқ?
Аввало жўшдириб қоним макр ила,
Сўнгра совутай деб калака қилмоқ?
Оҳ, истар эдимки, бўлак нарсага
Бағишласам экан туйғум-тилагим,
Аммо илк кўз ёши!.. Бу ҳодисага
Айтинг, ким бепарво чидай олур, ким?
1830
* * *
У дилбар, жанубнинг қизғин боласи –
Сурган хаёл каби гўзал-ди ғоят,
Ким изоҳ қилипти: ҳусн нимаси –
Келишган кўкракми, хушбичим қомат,
Ё шаҳло кўзларми? Лекин гоҳо биз
Бунинг ҳеч бирини гўзал демаймиз.
Сўз билмас лабларни мумкинмас севмак;
Оташсиз нигоҳлар – бўйсиз бир чечак! –
Ё раб! Онт ичаман, у эди сўлим!..
Манглайдан тўзғиган зулфларнинг баъзан
Олтин ипагига текканда қўлим –
Ўртаниб, танимни қопларди ларза,
Унинг оёғига йиқилмоққа шай,
Дер эдим жонимни, жаннатни берай,
Тоинки, менга бир нигоҳ солса у,
Шундай бир нигоҳки, лаззати – оғу.
1832
ХАНЖАР
Ишқибозман сенга, пўлат ханжарим,
Ёрқин, совуқ ўртоғимсан ҳар нафас.
Грузин ўчга тоблаб қўйган сени жим,
Ёвуз жангга чархлагандир бир черкас.
Эсдалик деб ғамли ҳижрон айёми
Сени менга нилуфар қўл тутганди,
Қон эмас-у, бу гал тиниқ кўз ёши –
Дард инжуси тиғинг намлаб ўтганди.
Қора кўзлар менга қараб телмилиб,
Сирли алам қайғусига тўлганди,
Пўлатингдай гоҳ оловда барқ уриб,
Гоҳо яна хиралашиб сўлганди.
Сен севгимга тилсиз гаров, ҳамроҳим,
Мусофирга сен ўрнаксан, кўп кўркам.
Айнимасман, менинг темир ўртоғим,
Сендай, сендай мен бўлурман мустаҳкам!
1838
ВАТАН
Менинг ватан ишқим ажиб муҳаббат,
Бу ишқни енголмас идроким, зеҳним;
На қонлар тўкилиб топилган шуҳрат,
На мағрур хотиржам орому тиним,
На узоқ ўтмишдан азиз қиссалар
Менда шод хаёллар туғдира олар.
Севаману аммо – билмайман нечун? –
Жимжит ҳамда мудроқ далаларини,
Мавж уриб турувчи кенг ўрмонларин
Ва шўх дарёларин, бари-барини…
Қишлоқлар йўлида юрмоқлик маза!
Чопсам аравада дейман, тун чоғи:
Ҳасрат-ла қўнимгоҳ излаган лаҳза –
Дуч келса кулбалар хира чироғи.
Севаман ёқилган анғизлар дудин,
Чўлда йўлга чиққан карвонни – тунни,
Севаман адирда етилган экин –
Ичида оқарган қўша қайинни.
Кўплар сезмас, мен-чи: хурсандман –
Хирмонларни бўлиқ кўрганда,
Похолли томларга дилбандман,
Менга ёқар ўйма дарпарда.
Байрам чоғи, шудрингли кеча
Боқсам дейман ярим тунгача –
Ҳуштак билан рақс нағмасига,
Маст деҳқонлар ҳангомасига.
1841
* * *
1
Оташин севганим, у – сен эмассан,
Менга ёт ҳуснингда товланган ҳашам:
Мен сенда севганим – ўз ўтмиш ғуссам
Ва жувонмарг бўлган ёшлигим, билсанг.
2
Мен сенинг чеҳрангга термулган нафас,
Тушганда кўзингга менинг кўзларим:
Сирли бир суҳбатга банду сўзларим,
Аммо дил сен билан суҳбатдош эмас.
3
Мен ёшлик ёрим-ла суҳбат қураман;
Юзингда излайман ўзга бир жамол.
Лабингда бир лабки, кўпдан бери лол,
Кўзингда сўнган кўз ўтин кўраман.
1841
Мақсуд Шайхзода таржималари
ШОИРНИНГ ЎЛИМИ
Ҳалок бўлди шоир! – номус тутқуни –
Кўксида оловли қасос, қўрғошин,
Ифлос фисқи-фужур чулғади уни,
Йиқилди ҳам қилиб у мағрур бошин!..
Чиркин туҳматларга, шармисорликка
Шоирнинг виждони беролмай бардош,
Ўзи бурунгидай танҳо ва якка
Киборларга қарши кўтарганда бош,
Уни ўлдирдилар! Ўлдирдилар, энди
Йиғлашлар, беҳуда қуруқ мақташлар,
Аянч шивир-шивир, ўзни оқлашлар
Не ҳожат? Тақдирнинг ҳукми юз берди!
Сиз эмасми, аввал ёвузлик билан
Озод, жасоратли созин қувганлар,
Сиз эмасми, ахир сал йилтиллаган
Чўғдан эрмак учун ёнғин қилганлар?
Мана энди, қувнанг… Шоир энг сўнгги
Оғир азобларга топмади илож:
Ажойиб бир гений шам каби сўнди,
Сўлди тантанали, яшнаган гултож.
Шоирнинг қотили бемалол, ҳиссиз
Совуққонлик билан оларди мўлжал…
Нажот йўқ: совуқ қалб тепарди текис,
Қўли қилт этмади ўқ узган маҳал.
Сира ажаб эмас! У бизга юзлаб
Қочоқ келгиндилар каби, узоқдан
Омад дарди билан амал-мансаб излаб
Тақдир изми билан келган беватан;
Оёқ ости қилди тубан назар-ла,
Бегона тупроқнинг одат, тилини;
Шуҳрат-шаънимиздан у аламзада,
Англай олмасди бу қонли лаҳзада
Кимга кўтарганин ёвуз қўлини!..
Ўлдирилди шоир – қучди ер қаъри;
Ўша сўник рашкнинг қурбони бўлган,
Ўзи ажиб куч-ла тараннум қилган,
Ёт қўл-ла, ўзидек қатл этилган,
Номаълум, беозор куйчи сингари.
Дилкаш дўстлик, тинч роҳатдан кетдию, нечун
Ўтли ҳислар ва эрксевар қалбин бўғувчи
Бу ғаразгўй кибор тўпга нега йўл олди?
Ёшлигидан одамларни билса-ю, недан
Шундай пасткаш иғвогарга қўл берди экан?
Сохта меҳру ёлғонларга нега инонди?
Асл гулчамбарин олиб унинг атайин,
Кийгиздилар лавр ичра тиканли чамбар.
Унинг шон-шуҳратли порлоқ манглайин
Қаттиқ поралади яширин ништар.
Пасткаш нодонларнинг макру иғвоси
Заҳарлади унинг энг сўнгги дамин.
У ўлди – қалбида қолди қасоси,
Алданган умиднинг яширин алами.
Ажойиб қўшиқлар товуши тинди,
Куйчининг ошёни тор ва қоронғу.
Ажойиб қўшиқлар янграмас энди,
Муҳр лабларига босилди мангу.
Сиз пасткашлик билан шуҳрат тўплаган
Оталарнинг кибор, шум авлодлари,
Сиз, бахт ўйинида ҳақир ва нолон
Насллар хокини кулдай топтаган,
Тахт ёнида турган очкўз оломон!
Озодлик, Гений ва Шон жаллодлари!
Қонун соясига пусасиз фақат,
Лолдир қаршингизда суд ва ҳақиқат!..
Аммо, ишрат бандалари, тангри ҳукми бор,
Даҳшатли ҳакам бор, у кутар сизни:
Олтин жарангига учмас ҳукмдор,
Олддан билар фикру ишларингизни!
У чоқ беҳудадир шум бўҳтонингиз:
Жонга аро кирмас макр қонуни.
У маҳал жамики ифлос қонингиз
Юволмас шоирнинг қутлуғ қонини!
Асқад Мухтор таржимаси
* * *
1
Сарғая бошлаган дала мавж уриб,
Елда шувлаганда ғуборсиз ўрмон,
Боғда пушти олу айшини суриб,
Яшил барг бағрига бўларкан ниҳон;
2
Хушбўй ва ярқироқ шудринг сочилиб,
Олтин саҳар ёки шом шафағида –
Марварид гуллари оппоқ очилиб,
Ландиш мўралаган бута тагида;
3
Теран жарда ўйнаб салқин, шўх булоқ,
Бетинч, хира тушга ғарқ этиб ўйни,
Тинч юрти – ер қаъри ҳақида узоқ
Менга сўйлар экан сирли бир куйни.
4
Ўшанда кўнглимнинг ташвиши тинар,
Манглайдан ажинлар кетар шу замон,
Ҳам ерда бўламан бахтга муяссар,
Тангрини кўраман кўкда бегумон!..
БАРГ
Эман барги узилиб тушди ўз бутоғидан,
Чўлда пирпирай кетди, бўронда титраб дир-дир.
Сўлди совуқ дастидан ҳам ғурбат қийноғидан.
Қора денгизга етди сарсон пирпираб ахир.
Қора денгиз бўйида турар навниҳол чинор,
Кўк шохларин эркалаб пичирлар ел ҳар маҳал;
Кўк шохларда тебранар жаннат қушлари қатор,
Денгиз маликасини мақтаб куйлашар ғазал.
Бош қўйди юксак чинор илдизига беватан,
Ёлвориб сўрар мунгли бошпана озгина вақт.
Ҳам шундай дер чинорга: “Шўрли эман баргиман,
Етилганман эртароқ шафқатсиз юртда, бебахт.
Ўксиз ҳамда мақсадсиз дунё кездим кўп чоғлар,
Сарғайиб, сўлдим ахир, беуйқу ва беором.
Қабул эт, ўз қўйнига олсин зумрад япроқлар,
Ажиб қиссаларим бор, айтган-ла бўлмас тамом”.
– Бошимга ураманми? – дейди навниҳол чинор,
Сен – ювиқсиз ва сўлғин, менинг баргим беғубор.
Кўпни кўргансан, аммо эртакларинг на даркор?
Жаннат қушлари сайрар, кўпдан қулоқ беозор.
Йўлдан қолма, йўловчи, сени билмайман асло,
Мени севади қуёш, яшайман у-ла тенгсиз;
Шохларимга кенг қучоқ очиб берган кенг фазо,
Илдизларимни эса ювади салқин денгиз.
Миртемир таржимаси
ЕЛКАН
Кўринади ёлғиз оқ елкан
Зангор денгиз тумани аро!..
Нелар излар у йироқ элдан,
Нелар қолди юртида танҳо?..
Тўлқин ўйнар,шамол изиллар,
Эгик мачта ғижиллар ингроқ…
Афсус! У на бахтини излар,
На бахтидан қочмоқда йироқ!
Пастда мовий тўлқин тинмайди,
Кўкда қуёш қилар тиловат.
У – исёнкор,бўрон тилайди,
Бўронларда бордек ҳаловат.
КУЗ
Далаларда сарғайди япроқ,
Хазон учар,хазон айланар.
Қалин ўрмон қўйнида бироқ,
Яшиллигин сақлар қайинлар.
Энди излаб қоя соясин,
Майсазорда ёнбошлаб бир дам,
Кундузги зўр меҳнатдан кейин
Дам олишни суймас қўшчи ҳам.
Жасур йиртқич бу ҳорғин палла
Яширинмоқ истаб ҳоли танг.
Тунги ой ҳам хира ва дала
Туман аро порлар кумушранг.
Хуршид Даврон таржимаси
МОНОЛОГ
Инон, бу оламда хўрлик кўриш саодат,
Чуқур билим, шону шуҳрат орзу-истаги,
Заковат ва эркинликка жўшқин муҳаббат,
Биз уларни ишлатмасак, недир кераги!
Биз, шимолнинг болалари, шу ер ўтлари –
Каби оз вақт гуллаймизу сўламиз тезроқ…
Қишнинг кулранг кўкидаги қуёш сингари
Ҳаётимиз булутлидир. Аммоки узоқ
Давом этмас бир хилдаги унинг оқими…
Ҳам ватанда нафас олиш қийин кўринар,
Юракка ҳам оғир ботар, кўнгил ҳам ғамли…
На севгини ва на тотли дўстликни билар,
Ёшлигимиз азоб чекар бўронлар ичра.
Ёвузликнинг заҳри уни этади хазон,
Ҳароратсиз ҳаёт жоми аччиқдир жуда,
Бирор нарса кўнглимизни этмайди шодон.
…ГА
Ҳей, фисқ-фужурлар афв этилмасин!
Наҳот шумларга бор метин бир қалқон?
Уларни нодонлар улуғлайберсин,
Уларга ўзга соз янграсин чунон,
Аммо сен тўхтагил, куйчи, тўхта, бас!
Олтиндан гулчамбар сеники эмас.
Жонажон ватанда қувғинликни сан
Эркинлигим дея мақтагил ҳар вақт.
Юксак ақлу идрок ва кўнгил билан
Табиат зийнатлаб қўйипти барвақт.
– Гарчанд сен ёвузлик оламин кўрдинг,
Аммо бош эгмадинг ва мағрур турдинг!
Золимлар ҳайқириб, ўлимлар даҳшат –
Солганда, сен эркни этдинг тарона.
Охират ваҳмидан чўчидинг фақат,
Бу дунё қўрқинчи сенга бегона.
Куйладинг, худди шу ўлкада ёлғиз –
Бир киши куйингни англаб, этди ҳис.
ЎЛИМ
Ёш умр занжири узилди-кетди,
Йўл тугаб, ётоққа борар вақт етди.
У шундай бир ерки, йўқдир истиқбол,
На унда мангулик, ўтмиш ва камол,
На унда эҳтирос, интизорлик бор,
На шуҳрат, на йиғи ва номусу ор.
Бир ерки, хотира уйқуда абад,
Юрак ҳам тор ва зах тобутда беҳад, –
Қуртлар кемиришин сира сезмайди.
Бўлди. Бу ташвишлар жонимга тегди.
Наҳотки, кўнгилсиз суронли ишрат,
Наҳотки, ўйларда беҳуда заҳмат,
Наҳот, ақли ошиб бўлган у нодон,
Ўзига биноси баланд оломон,
Наҳотки, қизларнинг сохта севгиси,
Ўлим олдидан ҳам мафтун қилғуси?
Наҳотки, мен яна яшаш истасам?
Қалбимга тўлсин деб илгариги ғам
Ва шунда муҳаббат? Эй, парвардигор,
Билардинг, бардошим етмайди зинҳор!
Майли, мени қучсин бутун жаҳаннам,
Хурсандман, хурсандман, азоб чексам ҳам,
Қийналсам ҳам, майли, икки бор кўпроқ,
Фақат одамлардан бўлайин йироқ.
ТЎЛҚИНЛАР ВА ОДАМЛАР
Тўлқинлар бир-бирин қувлар изма-из,
Ўйнар ва кўтарар бўғиқ бир шовқин.
Одамлар ўтади кетма-кет, сўнгсиз,
Разил бир оломон гўёки тўлқин.
Тўлқинларга иссиқ қуёшдан кўра
Совуқлик, эрксизлик бебаҳо, кўркам.
Одамлар қалб истар… Таажжуб нима? –
Улар қалби совуқ тўлқинлардан ҳам.
СТАНСЛАР
Ўлгунимча севмоқ тангри қисмати эрур!
Лекин ўша тангрининг хоҳиши билан
Мени севган киши ҳалок бўлиши зарур.
Ёки мендай қутулолмас азоб чекишдан.
Аммо умид-армонимга қарши иродам,
Севаман-ку, севилишдан қўрқаман ҳар дам.
Бўм-бўш қоя тепасида бир ўзи ёлғиз,
Ўртоқларсиз гуллаб ўсди баҳорги чечак,
Уни бўрон, жала келиб хароб этди тез,
Аммо қоя турмоқдадир илгаригидек;
Аммо унда кўркам чечак яшнамас энди,
У дўллардан яксон бўлди, шамолдан синди.
Шу сингари тақдир зарби остида мен ҳам
Чўққи каби қимир этмай тураман ҳамон;
Ўйлама сен, шу зарб менинг тутаркан қўлим,
Бу курашда эҳтимолдир қолишим омон.
Ҳислар эмас, қадамимга тўла мен ҳоким,
Майли, бахтсиз бўлай – аммо, бўлай бир ўзим.
* * *
Мен яшаш истайман! Истайман ғамни,
Муҳаббат ва бахтга аччиқма-аччиқ.
Улар тантиқ қилди менинг ақлимни,
Манглайимни силаб юборди ортиқ.
Пайтидир, киборлар истеҳзоси-чун
Беғамлик туманин ҳайдай беомон.
Надир шоир умри беташвиш бутун?
Океан океанми бўлмаса бўрон? –
Кулфат эвазига у яшаш истар,
Оғир азобларга бўлса ҳам ошно.
Оҳангларни кўкдан у харид этар,
Беҳуда олмайман шуҳратни асло.
* * *
Мен телбаман! Ҳақлисиз, ҳақли!
Ўлмаслик бу дунёда кулгу.
Сиз тупроқда бўлганда бахтли,
Наҳот, қилдим шуҳратни орзу!
Эътиқодлар занжирини мен
Титратолдим ҳур ақл билан
Ва наҳотки, сирли дард ўтин
Фарқ қилмадим шеър оташидан?
Ўхшамайман шоирга, ҳайҳот!
Алданганим кўраман бу дам,
У сингари дунёга мен ёт,
Лекин ётман само учун ҳам!
Биламанки, сўзларим мунгли,
Сизга ошно эмас бу қисса.
Дилдан юлиб ташлайман уни,
Йўқолсин деб у билан ғусса.
Йўқ… Бор умрим сарфлаб, идрокка –
Ҳукмронлик этоламанми?
Кўтарилай сиздан юксакка,
Ўздан нари кетоламанми?
Унутайми ихтиёр билан
Ҳалок бўлган севгимни бу кун.
Наҳот бир чоқ жўшиб ишонган
Нарсаларга ишонмас мумкин?
ҚОРА КЎЗЛАР
Ёзнинг кечасида кўпдир юлдузлар:
Нечун сизга бир жуфт шулардан фақат.
О, жануб кўзлари, тимқора кўзлар,
Кўнгилсиз эди биз учрашган соат.
Ҳар кимки сўраса, тунги юлдузлар
Жаннат иқболидан қилар ҳикоят.
Сиздаги юлдуздан, тимқора кўзлар,
Қалб учун топдим мен дўзах ва жаннат!
О! Жануб кўзлари, тимқора кўзлар!
Сизлардан ўқидим севги ҳукмини,
Мен учун тун ва кун ёнган юлдузлар –
Бўлиб кўриндингиз ўшандан бери.
Рамз Бобожон таржималари
КУЗ
Далаларда заъфарон хазон
Гир айланар, учар пирпираб.
Фақат қора қарағай ҳамон
Яшнаб турар кўм-кўк, гуркираб.
Қўшчи гоҳо пешинда ҳорғин,
Қоя ости — гуллар ичра ғарқ –
Бир пас ором олмоқ одатин
Энди буткул айламишдир тарк.
Ҳайвонлар ҳам гоҳ гала-гала
Шошиб ўтар макон ахтариб.
Кечаси ой туссиз. Кенг дала
Кумушланар туманда ғариб.
1828
ЎГИТ
Ғусса чўкса, дўстим, дилингга,
Табассум қил, қув ғамни нари.
Уйма қовоқ, чекма азият,
Унут бўлар пайт етиб бари.
Ёш қизларнинг алдоқларию
Топталган шаън туйғулари ҳам,
Дилгирликнинг маҳзун дамлари
Арзимайди чекмоғингга ғам.
Ғаниматдир бебаҳо умр,
Балолардан ўзингни асра:
Севинч болин ютоқиб симир,
Ўзи кириб келади ҳасрат.
Одамлардан ўгирмагил юз,
Ўзгаларга ўргатма ақл.
Ахтармасанг йўқ фазилатин,
Бир кун севиб қолмоғинг ҳақдир.
Не кўйларга солса ҳам юрак,
Яша юрак амрига қараб.
Ҳислар мавжин, бўлганда керак,
Тийиб қўйиш нима деган гап…
Бахтсиздир, ким тақдирида бор
Орзуларин кечириб бир-бир,
Бахт туйғусин йўқотиб, охир
Бўлар экан бахтга сазовор.
1830
ВАСИЯТ
Бир пас ўтир бошимда, оға,
Оёқларим тўниб бормоқда.
Айтдиларки, аҳволим оғир,
Умрим шами сўниб бормоқда.
Тез кунларда борурсан уйга:
Қўй, мен учун қайғурма ортиқ.
Надир ўлим? Учқур ҳаётда
Бандасига бу ҳам бир тортиқ.
Кимдир йўқлаб қолса мабодо…
Ким бўлса ҳам, сўрагани пайт,
Ватан учун муҳорабада
Кўкрагидан ўқ еди, деб айт.
Ўлим топди чин-ҳалолидан –
Жангга кирди шоҳ учун дадил,
Ҳар дақиқа ўй-хаёлида
Юрт хаёли эди, деб айтгил.
Отам-онам, сен борганинг чоғ,
Ўтган бўлар балки оламдан…
Очиғини айтсам, уларни
Огоҳ этгим келмас бу ғамдан.
Биронтасин омон топсанг гар,
Айтгил, хатга йўқроқ деб тоби.
Яна айтгил, у кетди жангга,
Қайтмас уруш тугамай токи.
Қўшни яшар уларга бир қиз…
Ёдга тушса, ўртанар бағир.
Аллақачон… ажраб кетганмиз,
У сўрамас мени… барибир.
Сен унга бор ҳақиқатни айт,
Дардга тўлсин юраги, майли.
Майли, ўксиб-ўксиб йиғласин…
Ҳалок бўлди, де, сен туфайли!
1840
ПОРТРЕТГА
Бола каби у қўнғироқ соч,
Меҳр ёғиб турар юзидан.
Тингламоқлик бағишлар қувонч,
Бол томади ҳар бир сўзидан.
Одат этмоқ ётдир руҳига,
Гоҳ севару гоҳ тез унутар.
Илон янглиғ сирғалар кўздан,
Қуш мисоли учар-да кетар.
Ёш, ярқироқ пешонасига
Ҳасрат битмиш, бахт битмиш дариғ.
Қалби уммон тубидек сирли,
Кундуз каби кўзлари ёруғ.
Бир қарасанг — тиниқ ёз куни,
Бир қарасанг — қорли қиш фасли.
Тушунмаслик мумкиндир уни,
Мумкин эмас, аммо, севмаслик.
1840
* * *
А.О. Смирновага
Йўғингизда юрагим тошар,
Борингизда тутқич бермас сўз.
Сизга жиддий боқмоқ ярашар,
Менга ҳайрат тўла бир жуфт кўз.
Начора, сиз сўздан юксакроқ,
Қисматимдир сабру тамкинлик.
Кулгили ҳол бўлмасди бундоқ,
Бўлмаганда бундай ғамгинлик.
1840
АҲДНОМА
Майли, бизнинг бу ғаройиб аҳд
Оломонда қўзғасин нафрат.
Майли, улар ўйлаганча бад:
Сен мен учун маъшуқа фақат.
Тиз чўкмасман, ҳатто бу дунё
Санамлари олдида зинҳор.
Муҳаббату нафратдан авло,
Мукаррамроқ яна нима бор?
Шўх даврада сендек чарх уриб
Айланаман. Яхшию ёмон —
Барча ила тенг суҳбат қуриб,
Юрак амри билан яшайман.
Дунёвий бахт чикора бизга,
Муҳими, биз учун диёнат.
Биз содиқмиз ўз-ўзимизга,
Қилолмаслар бизга хиёнат.
Тил топишдик шундай дафъатан,
Кетмоқдамиз ажралиб энди.
Бу қувончсиз муҳаббат эди,
Ғусса бўлмас айрилиқда ҳам.
1841
Саъдулла Ҳаким таржимаси
ДЕМОН (ИБЛИС)
Биринчи бўлим
I
Қувғинди руҳ, қайғули Демон
Гуноҳкор ер узра учарди.
Масъуд кунлар хаёли шу он
Кўз олдидан бир-бир ўтарди:
Малак эди тоза ва маъсум,
Хандон эди арши-аълода.
Ҳатто юлдуз мовий самода
Айлар эди унга табассум.
Ташна боқар эди ҳар замон
Олов сайёралар диёри,
Қуюқ туманларнинг қўйнидан
Аста кечган карвонлар сари.
У замонлар, даргоҳи улуғ
Худовандни севар, инонар
Эди. На кин, на шубҳаси бор
Бу бахтиёр ва тўнғнч махлуқ!
Бекор, бебурд кечган асрлар
Васвасага солмаган, имон
Тоза эди… Тағин нималар…
Эслагани йўқ эди имкон!
II
Жаҳон дашти ичра беватан
Кезар сарсон, қувилган наби.
Йиллар ўтар, яна йиллардай
Навбат кетар, минутлар каби.
Шод эмас у, ки ерда хоқон
Фанони дер, истар фароғат,
Шунинг учун ҳар ерда, ҳамон
Завқ олмасдан, сочар шарорат.
Санъатининг чеки йўқ кўкдай,
Хоҳишига қаршилик кўрмай
Шунча кезди, шунчалик юрди…
Сўнг ниҳоят, кўнглига урди.
III
Гўзал Кавказ осмони — шиша,
Қанот қоқар жаннат матруди.
Пастда Казбек. Унда ҳамиша
Қор ярқирар — олмос худуди.
Чуқур жарда илон инидек
Гирдоб ўраб кўринар Дарёл.
Елкасида кўпик—бароқ ёл
Худди шердай сакрайди Терек.
Уйноқи сув қўнғироқ чалар…
Тоғ тепада кезган жонивор
Кўкда учган паррандаки бор
Ҳаммаси ҳам ҳайратда қолар.
Елкан каби осмонда юзган
Енгил қанот, олтин булутлар
Уни бирга олис жанубдан
Шимол ёққа кузатиб борар…
Зумрад дарё оқар тўхтамай;
Тепасида буюк қоялар
Тўлқинлардан кўнгил узолмай
Бош солишиб мудраб қоларлар.
Салқин Кавказ дарвозасида
Дев қоровул каби баланддан
Миноралар тоғ ёқасида
Чирой билан очилган эди.
Аммо, мағрур Иблис кўнгилсиз
Хаёллари сочилган эди:
Нафрат ёғар ҳар нигоҳидан,
Тилларида аччиқ ҳақорат,
Рози бўлмай ўз оллоҳидан
Ғазабланар эди у, фақат.
IV
Кўз ўнгида борди бир диёр:
Жаннат каби гўзал Гуржистон.
Майса-гилам ёзган водийлар
Гўё чаман-чаман гулистон.
Кумуш каби булоқлар жўшқин
Жимирлайди тубида тоши…
Шалолар сачратган учқун
Балки, гуржи қизининг ёши.
Қора сочи бамисли сунбул
Сулув қизлар муҳаббатини
Гул шохида ўқийди булбул;
Мармар каби мусаффо туни.
Қуюқ соя ташлаган чинор,
Баргларини шаббода ўйнар…
Жин гул босган жарда гоҳилар
Қўрқиб-писиб ётар оҳулар…
Бунда севги, бунда шан ҳаёт,
Япроқларнинг сўнмас шовқини.
Аммо, булар ҳаммаси, ҳайҳот!
Қўзғатолмас Иблис завқини.
Бунда минг хил ям-яшил гиёҳ,
Нафас олар, ғуборсиз ҳаво.
Бунда тинчлик ўзи бир наво,
Лекин, Иблис нафратли, эвоҳ!
Ой нурида марварид каби
Гул баргида шабнам ялтирар.
Гуржи қизнинг кўзлари каби
Очиқ кўкда юлдузлар ёнар.
Яна шундай гўзал табиат
Буни асти хурсанд қилмади.
Қувғин шайтон, бадарға хилқат
Бу борлиқни писанд қилмади.
Тошдай қаттиқ кўнгли юмшамай,
Туёлмади на қувват, на ҳис.
Неки кўрди, сира хушламай
Унга нафрат ёғдирди Иблис!
V
Қари Гудал ўзига атаб
Кенг, муҳташам ҳовли солдирди.
Ҳар тошида минг хаста — бетоб
Қуллар қонли кўз ёш қолдирди.
Қўшни тоққа саҳардан тортиб,
Кўлка ташлар баланд девори.
Қоядаги зинадан ўтиб
Йўл боради шўх дарё сари:
Бу йўллардан ҳар куни бир бор
Елкасига қўйиб кўзани,
Енгил кўчиб гўё сузгани,
Арагвага чиқарди хумор,
Ёш Тамара — Гудал надраси
Ҳилпирарди шоҳи чодраси…
VI
У зўр қалъа тоғ қиррасидан
Сукут билан боқарди ҳар чоқ.
Букун бўлса, сурнай сасидан
Тўлиб-тошган ҳар тараф, ҳар ёқ.
Қадаҳларда тоза мусаллас
Акс этади қандили чироқ.
Жам бўлишган яқину йироқ
Катта базм: ҳамма маст-аласт…
Букун Гудал қизин тўй этар,
Гўзал Тамаранинг никоҳи.
Тўрда келин, яшнаб нигоҳи
Қизлар ичра ойни эслатар…
Узоқдаги ҳайбатли тоғлар
Беркитдилар қуёш ярмини,
Чапак чалиб, ўйнаб ўртоқлар
Руҳлантирар қизлар базмини.
Авжи ўйин қизиб турганда,
Чилдирмани олди келинчак—
Ўйнаб кетди… Ҳар зарб урганда
Ғунча ёзар эди бир чечак.
Пирпиратиб ҳилила енгин
Гоҳ учарди қушдан ҳам енгил.
Гоҳ тинарди, сузук боқарди,
Қошларини нозик қоқарди,
Гоҳо аста букпб тиззасин
Гилам узра йўрғалаб кетар.
Илон каби ўйнаб гавдасин
Ҳар нигоҳни ўзга банд этар.
Сўнг, боладек кулади ўзи,—
Машъаладек ёнади кўзи.
Билмадимки, баъзан кумуш ой
Ўйнагани хафиф, юмшоқ нур
Ҳаёт каби, ёшлик каби бой
Бу кулгига қандай тенглашур?..
VII
Онт ичаман, тундаги юлдуз,
Кун ботишу, шарқнинг ҳурмати
Бундай гўзал, бу каби кундуз
Фусункорни олам кўрмади,
На Эроннинг буюк султони,
На жақоннинг бирон хоқони
Бу хил қизни кўролмаган ҳеч,
Бу хил кўзни сўролмаган ҳеч!
Ҳарамларнинг муздек чашмаси
Инжу каби сувлари билан
Ой баравар бир карашмаси
Гўзалларни жуда кўп кўрган.
Аммо, бирон марта бўлса ҳам
Саратонда дим ва иссиқ кеч
Бундай қомат, бундайин санам
У сувларда ҳопитмаган ҳеч.
Дона-дона маржондек сувлар
Уни кўрмай ўтганларини,
Армон билан кетганларини
Эҳтимолки, асти билмайлар.
Жаҳон ичра кимса бир марта
Сутдай ойдин хилват тунларда
Бундай сочни силай олмаган,
Бу хил лабга из сололмаган.
Онт ичаман, бу ёруғ жаҳон
Айрилгандан бери беҳиштдан
Бундай чирой кўрмай, ҳеч қачон
Озмаганди ақлдан-ҳушдан.
VIII
Сўнгги сафар ўйнар эрка қиз…
Тоғлар! Гудал машъаласини,
Озодликнинг шўх боласини
Балки, кўролмассиз эрта сиз.
Туширинди қилиб эртага
Олиб кетар куёв бир умр.
Ҳайҳот! Қимга нозини қилур?
Қандай кўнар бегона уйга?
У билади. Равшан дийдасин
Номуайян шубҳа босади.
Кўтаролмай гоҳо сийнасин
Калта-калта нафас олади.
Унинг бутун ҳаракатлари
Ифодали, содда-тўпори
Хўп келишган эди ўзига.
Агар шу чоқ Иблис кўзига
Тушиб қолса, мабодо, бу қиз
Тикилганча қотиб қоларди.
Эслаб кетиб ўтмишни, ёлғиз
Бир оҳ тортиб, нафас оларди.
IX
Ёҳу! Иблис қизни пайқади,
Ўша замон сезди ҳаяжон:
Ширин бир куй гўё биёбон —
Даштдай кўнгли ичра тарқади.
У, янгидан муҳаббат-севги
Чирой санамига йўлиқди.
Тўймай боқди. Хаёли эзгу
Кечган бахти билан тўлиқди.
Эс китоби варақ ёзаркан,
Саодатли кунлари бир-бир
Юлдуз каби тизилиб пир-пир
Занжир каби ўтди назардан.
Бир гезли куч боғлаб чамбарчарс
Янги ғамга ошна бўлди у.
Унда сезги тилга кирди, бас,
Қоплаб олди уфқни қайғу.
Туйди севги ҳаловатини:
Қайта яшаш аломатими?
Васвасага солгани қизни
Тополмади ақлида мадор.
Унутмоқми? Йўқ, Парвардигор
Бундай кучни, бундайин ҳисни
Унга асли берганмас эди.
Берганда ҳам бу олмас эди.
Х
Никоҳ учун ошиқар куёв;
Қун ботмасда етиб бормоқчи.
Сабри тугаб кўнглида зўр дов,
Отга босар устма-уст қамчи.
Етиб келди бехавфу хатар
Арагванинг соҳилларига.
Нортуялар соҳибларига
Занжир каби эргашиб қатор,
Дармон кетган каби тизидан
Битта-битта кўчар изидан.
Юки оғир… Бу катта карвон
Олиб келар қайлиққа эҳсон.
Жангур-жунгур ўйнар қўнғироқ,
Ҳали манзил олис, кўп йироқ…
Сенодалнинг ҳокими ўзи
Қелар карвоннинг бўлиб кўзи.
Белда камар, қилич ва ханжар,
Жим-жим этар офтобнинг тиғи,
Елкасида осиғлиқ — ҳам зар,
Ҳам тилладан гулдор милтиғи.
Қиммат баҳо чакмон эгнида.
Шамол ўйнар барин қўйнида.
Шоҳилардан тузалган эгар;
Гулдор юган той бўйнин эгар.
Тухум каби сағри гупурган,
Гўё, биров унга сув пурккан;
Тезоб, абжир, туси бебаҳо
Асл саман, гўёки тилло…
Қорабоғнинг шўх югурдаги
Қулоғини чимирар ҳамон,
Ваҳимага тўлиб юраги
Кўз ташлайди тўлқинлар томон:
Тор ва хавфли ингичка бу йўл
Ўнг томони чуқур дарё, жар,
Қирра тошли буюк қоя — сўл,
Ҳар минутда кутар бир хатар.
Ўзи ҳам кеч. Қорли чўққида
Шафақ ўчай-ўчай деб турар.
Туман босди. Тоғлар уйқуда…
Карвон пича тезлаб йўл юрар.
XI
Йўл устида кичик бир дахма,
У дахмада кўҳна бир мазор,
Душман қўли билан минг лахма
Бўлган қандайдир князь ётар.
Уни энди авлиё дейлар,
Ҳақига юз минг дуо дейлар.
У йўллардан биронта йўлчи
Ё ҳайит, ё жанг кетар бўлса,
Ўша ерда дам олиб пичи
Унга ибодат этар бўлса,
Сақланарди мусулмонлардан:
Ханжаридан, тўкар қонлардан.
Аммо, ботир юракли куёв
Истамади бу ибодатни,
Бузди — гўё ўчакишган ёв
Боболари қилган одатни.
Чунки, Иблис алдади уни,
Хаёлини айнитди қўймай:
У, ўйида, гўё тинч туни
Қайлиғини ўпарди тўймай.
Ёҳув! Кимнинг шарпаси бўлди,
Рўбарўдан, тоғ олди қирдан
Икки соя кўринди бирдан,
Ўқ чақнади. Ваҳима тўлди.
Жасур князь чурқ этмади ҳам,
Узангида тип-тикка турди.
Папоғини бостирди, шу дам
Учар отга бир қамчи урди.
Қўлида турк қиличи ёнди,
Бургут каби олға ташланди.
Ёввойи дод, бўғиқ бир фиғон
Тутди бутун водийни шу чоқ.
Узоқ давом этмади. Бу он
Гуржи эрлар қочди тумтароқ.
XII
Яна тинчлик босди водийни.
Ёлғиз, қонли мурдалар ётар.
Йўлчиларнинг айлаб ёдини
Мўлтир-мўлтир туялар боқар.
Талон бўлган катта бой карвон
Молдан асар қолмаган сира,
Христианлар ўлиги узра
Қора қушлар уради жавлон.
Шахид ўлган бечораларни
Оталари ётган мозори
Чорламайди. Бечораларни
Қимга етар фиғону зори?
Аза тутиб, узоқдан — улиб
Оналари келмас бошига.
Олам тўлиб қонли ёшига,
Сингиллари турмас оҳ уриб.
Қабрлари теппасида ҳеч
Шам ёқилмас саҳар, кундуз, кеч.
Аммо, бирон мурувватпарвар
Ёдгор этиб ўтқизар бир бут.
Осмонида йиғлар оқ булут,
Атрофида гул ўсар пар-пар.
Сўнгра бундан юрар йўловчи
Бефотиҳа ўтиб кетолмас.
Узоқ йўлда бўлмай иложи
Бу ерларда дам олур бирпас.
XIII
Буғу каби тез учар саман
Худди жангга ошиққан каби.
Кўзи соққа каби ўйнаган,
Пишқиради, титрайди лаби.
Тоғлар бўйи сакрайди гоҳо,
Туёғидан елдирим чақнар.
Шамол недир тинглайди.
Гўё гув-гувида ваҳм сири бор.
Ели чалкаш бўлиб пирпирар
Ҳушсиз, худди ўқдай югурар.
От устида чалқанча тушиб,
Гўё, совуқ елдан увушиб
Йўлчи ётар: оқарган ранги.
Оёғида маҳкам узанги
Шилқ этади, отнинг ёлига
Бўйни тушар, боқмас ёнига.
Юган тушган унинг қўлидан,
Жилов тортмас отнинг йўлидан.
Силон ёпғич шундай қизил қон,
Ўнг қон, сўл қон, ҳатто уфқ қон.
Эй чопонғич, абжир, қуш қанот,
Камон ёйи каби учган от,
Баҳодирдек шарт ёриб жангни
Омон сақлай дединг хўжангни,
Аммо қандай ёзуғ бўлди бу,
Осетин ўқига учди у!
XIV
Гудал уйи ботди азага
Йиғи доди чиқди фазога,
Эшигида одам йиғилган.
Куйиб-пишиб бунда йиқилган
Кимнинг оти? Бу бечора ким?
Ҳатто, осмон жавоб бермас, жим!
Юзларида ваҳима-ваҳшат
Излари бор, қўрқинч ва даҳшат!
Усти-боши, яроғлари қон,
Боши, кўзи, оёқлари қон…
От ёлини сиқимлаб қўли,
Беҳуш қотиб қолган бир йўли.
— Шўр пешона, бахтсиз келинчак
Маътал бўлиб кутганинг келди,
Кўйида қон ютганинг келди.
Аммо сенга қандай кулажак
Бир умрга юмилган кўзлар?
Ахир, тақдир сенга не кўзлар?
XVI
Беками-кўст тинч оилани
Чақмоқ каби босди бу кулфат.
Кўнглини еб қайғу илони
Мусибатга бўлди қиз улфат:
Қонли ёшга айланиб қалби
Томчи-томчи оқди кўзидан.
Дами оғир… кетди ўзидан…
Гўё, боши устида каби
Сочи тўзиб ётган ўрнида
Эшитилгандай бўлди бир нидо:
«Қўй, йиғлама! Бекор бу яхлит
Кошки, кўзни ёши соб бўлса,
Кошки, ҳаёт шабнами тахлит
Ёшинг мурда узра тўкилса.
Йўқ! У фақат равшан кўзингни
Туман каби қоплаб олажак.
Анор каби шу қиз юзингни
Мисдай қилиб ўтда ёқажак.
Ёринг бўлса узоқда, билмас
Сенинг чеккан оҳу зорингни.
Энди само нурлари тинмас
Ва эркалар номизодингии.
У жаннатда қўшиқлар тинглар…
Бу — ҳаётнинг бачкана туши,
Бир ғарибнинг фиғон, нолиши
Беҳишт меҳмонига не денглар?
Йўқ, бу қазо асли қисматдир,
Инон менга, дунё малаги.
Арзимайди, кўзингни арт, тур,
Йиғламоқнинг йўқдир кераги.
«Само худди бир денгиз,
Дарғаси йўқ, беелкан.
Учар ҳисобсиз юлдуз
Туманларнинг қўйнидан.
Чексиз кўм-кўк водийда
Парча-парча булутлар
Из қолдирмай ортида
Эркин қанот қоқурлар.
Уларга ҳижрон, висол
На ғам, на севинч бермас.
Келажаги орзусиз,
Ўтмиш учун ачинмас.
Бебахт бўлган чоғингда
Уларни ёдингга сол,
Бенасиб ва қайдсиз
Яшашни ўрганиб ол!»
«Бахмал каби юмшоқ қора тун
Кавказ чўққисини олганда,
Ширин сўзли фусункор очун
Жимиб уйқусига толганда,
Шўх ва енгил ел юриб тоғда
Майсаларни ўйнаган чоғда,
Паррандалар безовта бўлиб,
Гур учганда ваҳимга тўлиб,
Ток тагида гуллар тўйгунча
Шабнам шимиб, очганда ғунча,
Тоғ кетидан олтин ой секин
Кўзларингга нур қуйса текин,
Учиб борар бўлдим олдингга
Саҳаргача меҳмон бўлгали,
Ипак каби киприкларингга
Жиндаккина ором бергали…»
XVI
Борган сари пасайиб аста
Узоқларда тинди бу товуш.
Ирғиб турди нигоҳи хаста,
Атрофига боқди қиз хомуш.
Кўкрагидан босди изтироб,
Қайғу билан қўрқув бирлашди.
Чўчиди-ю, бирдан қалтираб
Туйғулари гупурди, тошди.
Қафасидан чиқдими жони,
Вужудини ёндирди олов?
Унутолмай ажиб нидони,
Қийналади. Йўқмикан аёв?
Саҳар пайти чарчаган кўзлар
Ширингина ҳей… ухлаб кетди.
Аммо, пайғамбарона сўзлар
Хаёлини шарт қулфлаб кетди.
Чиройининг таърифи беҳад
Намуайян, соқов келгинди
Қиз олдида бошини эгди,
Янги ойдек бўлиб сарви қад.
Нигоҳида чунон ҳам вафо,
Чунон меҳр, чунон муҳаббат
Билан хафа боқарди, гўё
Қизга ачингандай у хилқат.
У на малак, на бошқа эди,
На бу қизни қўриқчи пари
Боши узра яшнамас эди —
Қамон нурларидан чамбари.
У дўзахи руҳ эмас. Ёнур.
Қувғин шайтон эмас эди — йўқ!
Пок оқшомга ўхшарди тўлиқ,
На кун, на тун, на зулмат, на нур!..
Иккинчи бўлим
I
«Қўй, отажон, мени қўрқитма;
Тамарангни уришмагин, бас.
Мен йиғлайман, кўргин… унутма,
Қи, бу ёшлар биринчи эмас.
Олислардан куёвлар бизга
Ошиқадир беҳуда, бекор.
Бу эл тўлиб ётибди қизга!
Мен ҳеч кимга бўлолмайман ёр!
О, сўкмагин, сўкма, отажон:
Қўриб турибсанки, кундан-кун
Қузги баргдек юзларим сўлғин;
Ёвуз оғу айлади қурбон!
Қарши туриб бўлмайдиган ваҳм —
Билан маккора руҳ қийнайди,
Мени ҳалок этади… қил фаҳм,
Ачин! Наҳот, кўзинг қиймайди?!
Ақли айниб қолган қизингни.
Ҳасратимни тўкай худога,
Ўзи сақлар бу юлдузингни.
Менинг учун бу дунё ичра
Вақтичоғлик қолмади сира.
Қўй, эртароқ бағрига олсин,
Тобут каби у қора ҳужра…»
II
Уни хилват бир монастирга
Элтиб қўйди қавми-қариндош,
Қўпол қилдан бўлган усти-бош
Ёш кўкракни ботирди терга.
Барибир, наф бермади бирор
Роҳибалик усти-боши ҳам.
Яна ўша: хаёли — мубҳам,
Аввалгидек кўнгли беқарор.
Барибир, у ҳийлакор нидо
Ё, шам ёнган меҳроб ёнида,
Ё саждага қўйганида бет,
Эшитилар ҳамон кетма-кет…
Баъзан қора гумбаз устида
Беиз, товуш чиқармай сира,
Кўринарди у қиз қасдида
Енгил тутун қўйнида хира.
Юлдуз каби нурланар эди;
Алдаб, қайга имланар эди?
III
У монастирь, икки ёғи тоғ
Салқин ерда ўрнашган эди.
Терак, чинор — ғужум кўк япроқ
Атрофида ўйнашган эди…
Ўшаларнинг қўйнида гоҳи,
Ораликка инганда кеча,
Кўринарди то тонг отгунча
Ойнасидан танҳо ётоғин —
Жимиллаган хаста нигоҳи
Ёш гуноҳкор қизнинг чироғин:
Тўрт атрофда, салқин сойларда
Тилсизликдан қуриган шўри,
Сағаналар қоровули бут,
Ўлик каби сақлаб бир сукут
Қаторлашиб ётган жойларда
Бошланарди қушларнинг жўри.
Тошдан тошга сакраб тўймаган,
Қўнғироқлар чалиб ўйнаган,
Оплоқ тўлқин урган булоқлар,
Пастга тушиб, гўё ўртоқлар
Ҳаммаси бир бўлишиб, гуллар —
Орасидан оқиб гувиллар…
IV
Шимол ёқдан кўринар тоғлар,
Эрталабки шафақ нурида
Водийларнинг қўйни тўрида
Кўкиш туман эриган чоқлар,
Юзин қибла томон ўгириб
Чақирганда муаззин азон,
Қўнғироқнинг савти ўкириб,
Маностирни уйғотган замон,
Ёш гуржи қиз тикка тоғлардан
Кўза олиб сувга тушганда,
Гул ғунчалар очган боғлардан
Паррандалар кўкка учганда,
Кумуш қорли юксак чўққилар
Акс этарди тиниқ осмонда,
Кечга яқин, қуёш ботганда
Қизил нурга чўмарди улар.
Ҳаммасидан баланд ва мағрур
Булутларни ёриб, тепадан
Оқ саллали, йўл-йўл тўн билан
Кавказ шоҳи — Казбек кўринар.
V
Аммо, бундай тоза масаррат
Кирмас эди қийналиб ётган
Гуноҳкорлик ўйига ботган
Тамаранинг кўнглига албат,
Олам унга бегона эди.
Ундаги бор нарсалар бутун
Азоб учун баҳона эди —
Ҳам оппоқ тонг, ҳам қоронғу тун.
Ер юзини босганда тинчлик,
Мизғимасдан кечалар бўйи,
Бут олдида йиқилган кўйи,
Ҳушдан кетиб йиғларди шўрлик.
Ҳўнгир-ҳўнгир юксалган йиғи
Гўё дайди ўғрининг тиғи
Қўрқитарди тунги йўлчини.
Ваҳим қилиб, билмай тинчини
«Бу — ғорларда боғлиқ алвасти
Чеккан фиғон»! деб ўйларди у.
Қулоғини олмасдан асти
Ҳорган отнн тезлар эди: чу!
VI
Ғам-ҳасратга ботган Тамара
Деразанинг тагида танҳо,
Хаёлларга чўмилиб гоҳо,
Ўтиради йиғлаб бечора.
Узоқларга ташлайди нигоҳ,
Тун бўйи ҳеч тинмай кутади…
Кимдир унга дейди: келади!
Чидолмасдан тортади у оҳ.
Қайғуларга тўлган кўз билан,
Ажиб, ширин, юмшоқ сўз билан,
Бекорларга кўринмаган у,
Бекор эрка қилмаган уйқу.
Кўпдан бери орзиқарди қиз.
Авлиёлар учун чўкса тиз,
Кўнгли ҳамон унга кетганин,
Ўзи билмай нега эканин,
Чарчаб, толиб оғир курашдан
Ором олай деса бирон пас,
Болиш ботар — бўлиб оташдан
Куйдиради, ололмай нафас.
Сачраб туриб, қалтирайди қиз
Гўё ишқи тундаги юлдуз,
Кўкси, бутун тани ёнади,
Нафас қисар, кўзида туман,
Ташна қучоқ бирдан қонади,
Лабда бўса эрийди шу он…
. . . . . . .
. . . . . . . .
VII
Чойшаб ёзди шом қоронғуси
Гуржистоннинг тоғу тошига,
Келди Иблис тошиб туйғуси
Монастирга — қизнинг қошига.
Лекин, унга халал бергали
Ботинолмай гангиди узоқ.
Тайёр эди у, гўё, шу чоқ
Ёвуз ниятидан кечгали.
Не қилишни билмай, тентираб
Кезди девор остида сокин.
Ҳаво тип-тинч. Шамол йўқ. Лекин
Барглар ундан қўрқди дилдираб…
Кўз ташлади тепага аста;
Теразани лампа ёритар.
У англади шунда бирпасда:
Қиз кимгадир кўпдан кўз тутар!
Ана, чингар* жаранглаб кетди,
Эшитилди куйлаган овоз.
О, у, қандай ширин, латиф соз,
Зарби кўнгил тубига етди…
Худди кўз ёшидан бирма-бир
Тўкилди у товуш, тўкилди…
Мунча нотинч юрак қурмағур:
Бардош тугаб, чоки сўкилди.
У ашула шундай соз эди,
Шундай юмшоқ дилнавоз эди,
Ки ер учун аталиб, гўё
Кўкда тўқилган овоз эди.
Унутилган дўст билан яна
Кўришмакни ихтиёр этган,
Тунни хилват топгану, пана —
йўллар билан бу ерга етган
Бирон малак эмасмикан бу?
Шунда Иблис энг биринчи бор
Муҳаббатнинг дардини туйди…
Нола чекиб дили зору зор,
Ишқ ўтида ловиллаб куйди.
Қўрқиб, жилмоқ бўлди бу ердан…
Қанотини кўтаролмади!
Ажаб! Қуруқ кўзидан бирдан
Ёши оқди… Ҳеч чидолмади…
Ўша жойда ҳалига қадар
Одам ёши эмас, ўша ёш,
Ўша ўтдек ёш куйдирган тош,
Якка, қора, куйган тош ётар…
VIII
Қизни севар бўлиб кирар у
Марҳаматли дил билан шу чоқ;
Вақти етди, кутилган орзу
Ушалди деб ўйлаб, хуш димоғ,
Шу пайт унинг ғурурли қалби,
Биринчи бор учрашар каби,
Интизорлик қалтироғини,
Лол ва мажқул сир қийноғини
Англади… Бу қўрқинч ҳол эди,
Ёмон тасодифга фол эди.
Тўғридан ҳам, кирсаки, унда
Нур кийинган жаннат элчиси,
Ул гуноҳкор қизнинг соқчиси
Малак яшнаб турарди тунда.
Шу чоқ қизни айлаб саришта,
Қанотига олиб фаришта,
Асради у ёвуз душмандан.
Пок илоқий нурлар шу ондан —
Кир нигоҳни кўр қилди бутун;
Иблис кўзин қоплади тутун…
Шунда ширин салом ўрнига
Оғир итоб эшитилди унга:
IX
«Эй нияти бузуқ руҳ, тунда
Қим чақирди сени, айт менга!
Сенга мухлис киши йўқ бунда,
Кўп эркинлик берма қаддингга.
Ҳалигача бу ерда бирпас
Ёвузлик ҳеч олмамиш нафас.
Менинг ишқим, пок санамимга
Сола кўрма қора изингни.
Қет! Учиргим мен юлдузингни,
Сақланиб қол!»
Ва Иблис унга
Таққир билан жилмайиб боқди;
Нигоҳини рашк ўти ёқди;
Қайталабдан ўтли дилидан
Эски нафрат заҳари оқди.
«У меники!— деди риёкор,—
Қиз меники! Уни қолдир, бас!
Кеч қолдинг сен эй, ҳимоякор
Мен ва унга сен ҳоким эмас!
Қизнинг ғурур тўла кўнглига
Ўз муҳримии босиб қўйганман:
Сен кет, бунда мен ўзим эга,
Мен ҳукмрон, уни севганман!»
Шунда малак ғамгин кўз билан
У бечора қизга бир боқди;
Қанотини оҳиста қоқди,
Сўнгра ғойиб бўлди кўзлардан…
X
Т а м а р а
О! Сен кимсан, сўзларинг тубсиз,
Дўзах юбордими, ё жаннат
Не истайсан?
Д е м о н
Сен гўзалсан, қиз!
Т а м а р а
Гапир, кимсан? Жавоб бер, англат!
Д е м о н
Мен у менки, сен ярим туни
Қулоқ солиб тингладинг уни.
Унинг фикри олди ҳушингни,
Унинг дардин англаган бўлдинг.
Унинг ўйи билан лиқ тўлдинг.
У банд этди ўнгу тушингни.
Мен у менки, э гўзал пари,
Кимса севмас, ачинмас уни.
Қулларимга мен ерда офат,
Озодлик ва идрок шоҳиман.
Мен — малаклар, кўкларга душман,
Табиатга ёвуз касофат.
Лекин, мана, боқ: доғингда мен,
Тупроқ каби оёғингда мен!
Мвн келтирдим эгиб бошимни
Ишқинг майин ибодати-ла,
Энг биринчи ер азоби-ла,
Энг биринчи тўккан ёшимни,
Қабул айла, ол гўзал, буни,
Ёрит умрим саодатини.
Қулоқ солгил оҳу зоримга:
Биргина сўз билан мени сен
Яна кўкка қайтароласан,
Эй паризод, қизған ҳолимга;
Ишқинг эзгу либосин кийиб,
Ёвузликдан дилимни тийиб,
У даргоҳда порлоқ нур каби,
Янги малак, ёш бир ҳур каби
Қайта яшар эдим мен у чоғ,
Раҳминг келсин, аҳволимга боқ,
Ялинаман, тинглагил мени,
Асирингман, севаман сени!
Сени аввал бир йўл кўрдиму,
Ажалсизлик, ҳокимлигимга
Ўтли нафрат, қарши бир туйғу
Чақмоқ каби тушди дилимга.
Беихтиёр ернинг ярми ғам-
Шодлигига ҳасад қилдим мен:
Сендай яшаш истадим мен ҳам,
Сенсиз уни фано билдим мен.
Қонсиз қалбим жимирлаб кетди,
Умидли нур жонланди унда.
Бир дард эски яра тубида
Илон каби қимирлаб кетди.
Сенсиз нима бу абадият?
Сенсиз нима менга мулк, ният?
Қуруқ сўздир, тутмас асодир,
Худоси йўқ кенг калисодир.
Т а м а р а
Эй маккор руҳ, чекил эй беор,
Инонмайман душманга, йўқол!
Парвардигар… Ҳайҳот! Бу не ҳол!
Сиғингани йўқ менда мадор…
Ҳалокатли оғу бошимни
Ўраб олмиш, тўкар ёшимни!
Эй ҳийлакор, не керак сенга?
Тингла, мени хароб этасан!
Сўзинг оташ, заҳардир менга,
Гапир, нечун мени севасан?
Д е м о н
Эй гўзал қиз, нечунми? — Ҳайҳот,
Билмам!.. Янги ҳаётга тўлиб,
Янги ишқнинг асири бўлиб,
Сенда кўриб бахтимга нажот,
Жаҳаннамнинг оғир тошини
Жиноятли бошимдан отдим,
Ҳечга бутун ўтмишни сотдим.
Кел, дардимнинг қил иложини.
Шу қоп-қора кўзларинг малак
Ҳам дўзахим, ҳам жаннатимдир.
Қувғундини этма кўп ҳалак,
Олов тушган қалбини тиндир.
Тингла мени, ишон, рост билан
Бу ерда йўқ эҳтирос билан
Сени шундай севаманки мен,
Асти бундай севолмайсан сен:
Барча ўйим, барча ниятим,
Очиқ кўнглим ва ҳамиятим,
Шаъну шавкат, ҳукмдорлигим,
Бутун умрим, бутун борлигим —
Ҳаётим-ла севаман, гўзал!
Юрагимга суратинг азал
Ўрнатилмиш эди илгари.
Ажралмасдан мендан ҳеч қачон
Кўз олдимда яшнаб у ҳамон
Бирга юрган эди, эй пари!
Бу ширин ном азал бор эди:
Кўпдан менга ҳаяжон солиб,
Кеча-кундуз ҳушимни олиб,
Қулоғимда жаранглар эди.
Масъуд кунларимда жаннатда
Сен билан мен эдим фурқатда.
Оҳ, агар сен билсайдингки, қиз,
Бутун умр — асрлар беиз,
Ҳузур қилиш ва азоб чекиш,
Ёвузликка мақтов кутмаслик,
Яхшиликка эҳсон кўрмаслик,
Ўзинг учун яшаш, энтикиш,
Бу абадий курашда яна
Бекелишув ва бетантана
Кун ўтказиш — қандай оғир иш!
Ҳам ачиниш, ҳам ачинмаслик,
Ҳар нарсани англаш ва сезиш,
Ҳеч нарсани кўзга илмаслик,
Ҳаммасидан таҳқир-ла безиш!..
Лаънатини ёғдириб худо,
Даргоҳидан айлагач жудо,
Табиатнинг қучоғи бутун
Муздай совуб қолди мен учун.
Кўз олдимда ястаниб шунда
Мовийланди коинот; унда
Кўпдан менга таниш, зийнатдор
Сайёралар тўпини кўрдим.
Олтин тож-ла учарди улар;
Оҳ, не хўрлик, баридан сўрдим,
Ҳеч биттаси назар солмади
Эски дўстни таний олмади.
Шунда қаҳрим келиб уларни,—
Ўзим каби қувғундиларни
Рўбарў чақирдим. Бироқ,
У ёвуз юз, ёвуз кўзларни,
Эвоҳ! Таний олмадим у чоқ.
Бу аҳволдан қийналдим ёмон;
Ваҳимага тўлиб шу замон,
Қанотимни силкиб йўл олдим.
Қайга? Нечун? Ўзим билмасдан,
Эски дўстлар кўзга илмасдан,
Унутдилар… Мен якка қолдим:
Шундан кейин жаҳон мен учун
Беҳишт каби тор ўлди бутун,
Оқимнинг ҳур истаги билан
Борар жойин манзилин билмай,
Бесукуну ҳамда беелкан
Оқиб кетаётган кемадай;
Гоҳи пайтлар саҳарда ёлғиз
Кўк гумбазда қорайиб юрган,
Тўрт тарафга ўзини урган,
Худо билсин, қайдан, қай сари
Тиним билмай бемақсад, беиз
Учган булут парча сингари
Мен ҳам учар эдим беқарор
Ҳамдам излаб ўзимга зор-зор!
Инсонга кўп ҳоким бўлмадим,
Ўргатмадим гуноҳларга кўп.
Яхшиликни тамом хўрладим.
Одилликни ерга урдим хўп,
Узоқ эмас… Тоза имоннинг
Алангасин ўчирдим осон…
Меҳнатимга арзирми ҳеч он
Аҳмоқ, мунофиқи инсоннинг?
Мен қийналдим, жаҳондан бездим,
Тоғлараро беркиниб кездим,
Худди кўкдан отилган юлдуз —
Тун қўйнида дайдидим ёлғиз.
Танҳо йўлчи тунда йироқдан
Макрим билан бир ўт кўрарди,
Отини тез унга бурарди.
Бориб-бориб баланд қирғоқдан
Жаҳаннамга тўнтариларди,
О! Бекорга фарёд қиларди,
Жар тошлари ботарди қонга…
Парча-парча бўлган инсонга
Эътиборсиз кулиб боқардим,
Шодланардим, қанот қоқардим
Аммо тездан ғазабнинг қора
Бу ўйини ёқмасдан қолди,
Қон сайридан кўзларим толди!
Мен исёнкор табиат аро
Дил зорини босмоқчи бўлиб,
Бузуқ ўйдан қочмоқчи бўлиб
Унутилмас нарсаларни ҳам
Унутмоққа онт ичиб маҳкам
Бор оламдан тамом жирканиб,
Кучли бўрон билан урушда
Чақмоқ, туман ичра бурканиб,
Қуюнларни ўйнаб буришда
Булутларнинг устида учдим,
Қенг фазонинг қўйнини қучдим,
Келиб кетган ҳамда келгуси
Одамларнинг барча қайғуси,
Барча меҳнат, барча кулфати,
Барча чеккан ғам, уқубати,
Ҳаммасини жам қил ўзингга;
Сўнгра менинг ҳали сўлмаган,
Олам унга иқрор бўлмаган,
Танилмаган зўр азобимдан
Бир лаҳзани келтир кўзингга…
Улар нима бунга нисбатан?
Одам недир? Недир иш, умри?
Келиб кетган ва келиб кетар…
Умид борки, ҳукмдор тангри
Ҳукм этса ҳам, афв эта олар!
Менинг қайғум бўлса муттасил,
Шу ердадир, ҳеч қачон ўлмас,
У мен каби абадий, асл,
Мендек унинг охири бўлмас!
У ажралмас, мен билан яшар,
Гоҳ илондек ўйнар, тўлғанар,
Гоҳ оловдек куйдириб ёнар,
Гоҳ тош каби фикримни босар,—
Ўлган умид, ўлган эҳтирос
Қабридир у. Асти бузилмас!..
Т а м а р а
Қайғуларинг не керак менга?
Бас қил дедим, бас дедим сенга,
Гуноҳкорсан…
И б л и с
Сенгами, ҳур ҳиз?
Т а м а р а
Эшитарлар…
И б л и с
Танҳомасми биз?
Т а м а р а
Худойим-чи?
И б л и с
Бизни кўрмас у,
Кўк билан банд, ерни сўрмас у.
Т а м а р а
Жазолар-чи, дўзах ўти-чи?
И б л и с
Ҳеч гап эмас, тинглагин пича,
Сен сазомни урмасанг ерга
Дўзахда ҳам бўлармиз бирга.
Т а м а р а
Эй туйқусдан йўлиққан дўстим,
Ким бўлсанг бўл, барибир жўшдим,
Роҳатимни мангу йўқотиб,
Ажаб мажқул фарраҳга ботиб,
Ихтиёрсиз тинглайман сени.
Агар борди алдасанг мени,
Сўзинг ёлғон бўлса мабодо…
Бу на шараф! Раҳм эт эй худо.
Менинг кўнглим сенга не керак?
Сен кўрмаган барча қизлардан,
Чирой шоҳи у юлдузлардан
Наҳот, кўкка мен қимматлироқ?
Улар, ҳаёт! Ҳаммадан гўзал,
Таърифи йўқ гул чиройларин
Ердагидек қизлик жойларин
Ўлим қўли бузмаган азал.
Йўқ! Сен менга қасамёд айла,
Ўйларингдан кеч, барбод айла,
Кўрасанми ғам чекаман мен;
Хотин ҳиссин кўрмоқдасан сен!
Юрагимда шубҳа бор сенга…
Аммоки сен барчасин туйдинг,
Ҳаммасини биласан, суйдинг,
Раҳминг келар албатта менга!
Онт ич… ёвуз бисотингдан кеч,
Ваъда бергин, инонтир, уқдир.
Наҳот, бўлак бузилмаган ҳеч
На бир қасам, на ваъда йўқдир?
И б л и с
Онт ичаман хилқатнинг боши,
Ҳамда унинг сўнг нафаси-ла,
Жиноятнинг уятли тоши,
Ҳақиқатнинг тантанаси-ла!
Онт ичаман зафар орзуси,
Инқирознинг қайғуси билан,
Васлинг билан ҳамда бўлғуси
Дардли ҳижрон қўрқувси билан;
Онт ичаман мутеъ руҳлару,
Дўстларимнинг тақдирлари-ла,
Менга душман малакларнинг у
Қонсираган шамширлари-ла;
Онт ичаман кўк-ла, дўзах-ла;
Ер санами сан-ла, ва ҳақ-ла,
Сенинг сўнгги бир нигоҳингу,
Энг биринчи ёшинг, оҳингу,
Лабларингнинг гул дамлари-ла,
Ипак сочинг бурамлари-ла,
Онт ичаман айш-ла, кулфат-ла,
Онт ичаман бор муҳаббат-ла,
Эски ўчдан тамом воз кечдим,
Кечдим мағрур ўйлар баҳридан.
Бундан бу ёқ макрим заҳридан
йўлдан озиб қийналмас ҳеч ким!
Энди осмон билан келишмоқ,
Севмоқ, сиғинмоқни истайман,
Энди эзгуликка эришмоқ,
Унга инонмоқни истайман,
Энди бутун бу оламдаги
Касофати руҳимни қувай:
Кўз ёшим-ла пешонамдаги
Кўк оташин изларин ювай;
Қўй, бу дунё тинч ва воқифсиз
Чечаклансин, гулласин менсиз!
О! Ишонгил; шу замонгача
Висолингга етишиб, сени
Англай олган фақат менгина.
Оёғингга — ҳокимлигимни,
Эрку, ишқу то имонгача
Тўкиб солган фақат менгина.
Ишқингни қиз, ҳадядек букун
Мен кутаман; айла ҳамият:
Бир марҳамат, бир онинг учун
Қурбон сенга бу абадият.
Йўлларингда эй тоза санам,
Овораман, қалби куюкман.
Ғараздаги каби ишқда ҳам
Вафодорман, инон, буюкман.
Фалакларнинг озод ўғлиман,
Сени кўкка олиб кетаман,
Бу жаҳонга хоқон этаман,
Энг биринчи ёрим бўлурсен.
Ўша ердан, эй гўзал пари,
Гўзаллиги умрсиз бўлган,
Жиноятга, ўлимга тўлган,
На севгида ва на нафратда
Бетаҳлика яшолмайдиган
Ўз нафсидан ошолмайдиган,
Майда эҳтирос-ла ғафлатда
Қолганларнинг макони — ерга;
Разолату, ғам кони— ерга
Қизғанмасдан назар соларсан,
Нафрат билан ўйга тўларсан.
Билмайсанми ҳалига довур
Одамларнинг ишқи нелигин?
Қон мавжидир, билмасанг — билгин,
Лекин, кунлар ўтар, қон совур.
Эй гўзал ёр, жавоб бер менга,
Айриллиққа, кўз ёшларингга,
Янги чирой алдашларингга,
Хаёлларнинг хоҳиш, зркига,
Ҳорғинликка, хафаликка, ким —
Жиндек қарши туралар? — Ҳеч ким’
Йўқ! Сен учун, эй, севимли ёр,
Тор доира ичра лолу зор
Кундош дағалликка қул бўлиб,
Қайғу билан ҳасратга тўлиб,
Юраксиз ва совуқ инсонлар,
Муғомбир дўст, ёзуз душманлар,
Самарасиз тилак, қўрқувлар
Бўш ва оғир меҳнат, қайғулар
Орасида гулдай сўлишни,
Бекорларга хароб бўлишни
Тақдир азал ёзмаган асло,
Бундай лаҳад қазмаган асло.
Баланд девор остида ғамгин,
Одамлардан, худодан нари
Ибодат-ла ахтариб таскин
Беэҳтирос сўнмайсан пари.
Йўқ! Йўқ! Сени, ажойиб хилқат,
Бошқа олам, бошқа бир қисмат -,
Бошқа азоб, бошқа ҳаяжон —
Кутмакдадир, сен менга инон,
Ташла эски орзуларни сен:
Унут унинг ҳар нарсасини,
Эвазига очиб берай мен
Мағрур идрок дарвозасини,
Менга тобъи руҳларни бутун
Оёғингга чўктирайин тиз,
Сеҳр тўла малаклардан қиз,
Жориялар берай сен учун,
Сенга атаб Шарқ Юлдузидан
Олтин жиға узиб берайин,
Шабнам териб гуллар юзидан
У жиғага тизиб берайин.
Кун ботишнинг лаъли нуридан
Бўйларингга боғичлар ўрай,
Атрофингда ҳаволарни ман
Хушбўй нафас билан тўлдирай.
Қулоғингни ажиб куй билан
Сира тинмай эркалатай мен,
Фирузадан, қаҳраболардан
Кошоналар тайёрлатай мен.
Денгизларнинг тубларин қучай,
Булутлардан баландга учай,
Ер неъматин сенга тутай қиз,
Фармонингга йиғлаб чўкай тиз,
Севгин мени!..
XI
Ва у оҳиста
Ўтдай ёнган лаблари билан
Қизнинг худди хандони писта
Лабларига ёпишди бирдан.
Қиз ялинди. Ёлғон сўз билан
Алдади у, ишонтирди у;
Ёниб турган кучли кўз билан
Тикка боқди ва ёндирди у.
Ханжар каби қоп-қора тунда
Ҳеч давосиз чақнади шунда.
Ҳайҳот! Ҳайҳот! Ёвуз руҳ яна
Яна бир йўл қурди тантана!
Қиз кўксига унинг бўсаси
Ҳайҳот! Ўлим заҳарин қуйди.
Қизнинг дод деб чинқирган саси
Тун тинчлигин ташвишга қўйди.
У товушда муҳаббат, азоб,
Ёлворишу, гина, изтироб,
Ёш умр-ла, алвидолашиш,
Олам билан сўнг жудолашиш —
Ўлим деган хабар бор эди,
Бу энг сўнгги оҳу зор эди.
XII
Шу вақтда тун қоровули
Тақиллатиб тақилдоғини,
Ҳар ён тутиб динг қулоғини
Одат қилган ҳар кунги йўли —
Тикка девор айланасида
Ёлғиз кезиб юрар эди тек.
Бирдан чўчиб, шарпа сезгандек
Қиз ойнасин шунда пастида
Ҳайрон бўлиб тўхтади қолди,
Атрофига тинч қулоқ солди.
Боқар экан у жимжит тунга
Икки лабнинг чўлп-чўлп бўсаси,
Заифона қийқириқ саси
Эшитилгандай туюлди унга.
Чол чўчиди, дили увишди,
Юрагига кир шубҳа тушди.
Лекин, тинди ҳаммаси шу чоқ
Фақат майин шабада йироқ
Япроқларнинг зорин бу ёққа
Келтирарди узоқ ерлардан.
Тоғ дарёси қора қирғоққа
Сўйлар эди ўтмиш сирлардан.
Ваҳим босди, у чол қўрқарди
Ичдан алланелар ўқирди.
Ёвуз руҳни, қора арвоҳни
Хаёллардан қувиб ташлай деб,
Ўйларидан ёмон гуноҳни
Дуолар-ла ювиб ташлай деб,
Дир-дир титраб ўнг қўли билан
Чўқиниб у илтижо этди,
Индамасдан, ўз йўли билан
Шошилганча тез юриб кетди.
XIII
Ухлоқ пари каби беозор,
Тобутида ётар эди қиз,
Оппоқ юзи, у гулдай узор,
Кафандан ҳам оқ эди… Эсиз
Юмилмишди киприги мангу…
Лекин киприк остидаги у
Мудраб ётган кўзлар уйғоқ деб
Ё ўпиш, ё кунга илҳақ деб
Ким ўйламас эди боққанда
Жигари ёш бўлиб оққанда?
Аммоки, у кўзларга қуёш
Олтин нурин қуярди бекор,
Йиғлаб ўпиб қавми-қариндош,
Улар учун куярди бекор.
Йўқ! Қаттиқдир ўлимнинг дасти,
Уни ҳеч ким бузолмас асти!
XIV
Тамарани хуррам кунлари
Байрамда ҳам ҳеч қачон бу хил
Ясан билан кўрмаганда эл.
Ўсган ерин сарин гуллари
Эски урф-одат бўйича
Қиз устинда ҳид сочишарди,
Ўлик қўлда қолган кўйича
Гўё ер-ла хайрлашарди.
Эҳтиросга тўла юзида
Ўлимдан ҳеч асар йўқ эди.
Унга боққан киши ўзида
У тирик деб кўнгли тўқ эди.
Унда мармар каби ҳам сезги,
Ҳам ақлдан, ҳисдан бегона,
Ўлим каби сирли ва эзги
Бир чиройдан борди нишона.
Лабларида ажаб бир кулги
Қотиб қолмиш эди беозор,
Диққат билан боққан кўзга у
Талай ғамдан берарди ахбор:
У кулгида ҳаётдан жудо
Бўлаётган дилнинг нафрати,
Энг сўнгги ўй, сўнгги нияти
Ҳамда ерга сассиз алвидо,
Деган каби бир ҳол бор эди;
Қайғусига олам тор эди.
У бурунги ҳаёт кулгиси
Беҳудага қолдирмишди из,
Энди уни не қиларди қиз,
Ҳоким экан ўлим уйқуси?
Бир кулгининг бир ўхшари бор.
Қеч тушганда, қуёш ботганда,
Денгизда зар эриб ўтганда,
Казбек узра кумуш каби қор
Бирпас асраб шафақ нурини
Йилтиллайди узоқдан қиё.
Аммо ярим жонли бу зиё
Ёритмайди кимса йўлини!..
XV
Қўни-қўшни, қавм-қариндош
Ғамли сафар учун йиғилган.
Кўкси қисиб дами тиқилган
Қари Гудал кўзларида ёш,
Фарёд қилиб йиғлаб зору зор,
Сочларини юлиб, сўнгги бор
Оқ отига минди, қўзғалди —
Барча мозор сари йўл олди.
Йўл олисдир, тинмай бирма-бир
Уч кеча-уч кундуз чўзилар:
Боболарин ёнида улар
Тамарага қазмишлар қабр.
Қишлоқларни ўт қўйиб босган,
Ғарибларни талаган, осган
Гудалнинг бир ўтмиш авлоди
Кўкка чиқиб фиғони-доди
Касал бўлиб ётиб қолганда,
Гуноҳларга ботиб қолганда
Айбларини ювмоқ қасдида
Фақат бўрон ўйнаган, учган,
Қарчиғайлар зирвасин қучган
Қоя узра, булут пастида
Уруғига айлаб нишона
Солмоқ бўлган эди бутхона,
Тезда Казбек қорлари аро
Бир калисо ясалди танҳо
Суяклари унда бўлди жо.
Ўша баланд қоя сал ўтмай
Гўристонга айланди базўр,
Кўкка қанча яқин бўлса гўр,
Гўё бир оз иссиқ бўлгандай?
Одамлардан нарида ҳар дам
Гўё сўнгги уйқу бузилмас…
Бекор! Ўтган севинч, ўтган ғам
Ўлганларнинг тушига кирмас…
XVI
Бир фаришта мовий самодан
Олтин қанот қоқиб ўтарди;
Ул гуноҳкор жонни дунёдан
Қучоғида олиб кетарди.
У юпатиб гуноҳ қизини
Шубҳаларин қуварди ундан,
Гуноҳ билан азоб изини
Кўз ёши-ла юварди ундан:
Жаннат саси олисроқ ердан
Эшитиларкан уларга, бирдан
Уларнинг ҳур йўлларин кесиб,
Худди кучли шамолдек эсиб
Дўзахи руҳ гувиллаб учди,
Қуюн каби самони қучди.
У довулдек кучли эди-ю,
Чақмоқ каби ялтирар эди,
Ғурурланиб тентакларча у
«Қиз меники! Йўқол сен!» деди.
Тамаранинг гуноҳкор жони,
Ваҳм билан тўлиб ҳар ёни
Фариштага ўзини урди,
Дуо ўқиб қалтираб турди.
Келажакнинг тақдири шу чоқ
Ҳал бўларди: чунки у тағин
Ғазаб билан солиб қовоғин
Қиз олдида ёймишди қучоқ.
Аммо уни, эй парвардигор,
Шу чоқда ким таний олурди?
Қандай ғазаб билан у ғаддор
Аччиғланиб назар солурди,
Тўлмиш эди буткул сўнгги йўқ —
Душманликнинг ўлим заҳри-ла
Юзларидан гўрга хос совуқ
Ёғар эди ёвузлик, ҳийла.
«Кет шубҳалар қора руҳи, кет!»
Деди осмон элчиси унга:
«Кет эй беор, чекил эй безбет,
Энди сенинг ҳаддинг йўқ бунга!
Етар шунча тантана қурдинг,
Етар шунча сен йўлдан урдинг;
Энди ҳукм соати етди,
Парвардигор қатъий амр этди!
Ўтди унга синов кунлари,
Ўтди унга азоб тунлари,
Ернинг фоний кийими билан
Зулм занжири ечилди ундан.
Билгил! Уни кўпдан кутардик,
Кўпдан унга биз кўз тутардик.
У шундайин руҳларданди-ки,
Улар учун ҳаёт — бир дамдир,
Бетасалли, бир онли ғамдир.
У шундайин руҳларданди-ки,
Раб уларнинг жонли торини
Яратмишдир сарфлаб борини.
Улар асли дунё учунмас,
Ва дунё ҳам улар учунмас!
Қаттиқ баҳо билан сермеҳнат
Шубҳаларин ювди у бутун.
У қийналди, севди. У учун
Энди ишққа очилди жаннат!»
Ёвуз руҳга хўмрайиб боқиб,
Ул фаришта кенг нафас олди,
Севинч билан қанотин қоқиб,
Кўк денгизи ичра йўқолди.
Мағлуб бўлган Иблис шу замон
Тентакона тилакларини,
Орзулару истакларини
Ҳаммасини қарғаб беомон
Яна мағрур, бир ўзи якка
Бурунгидек беишқ, бепакка
Мулзам бўлиб, қайғуга толди.
Бу жаҳонда тентираб қолди!
Ҳалигача тоғ ён бағрида
Қойишаур водийси узра
Қуюқ булут, туман бағрида
Узоқлардан кўриниб хира
Ғамгин назар ташлаб тўрт томон
У хароба турадир ҳамон.
Ўша ҳақда болалар учун
Ҳикоялар сақламиш кучин…
Рўё кaби у тилсиз ҳайкал,
У сеҳрли кунлар гувоҳи,
Қоп-қорайиб кўринар сал-пал
Дарахтларнинг ичидан гоҳи.
Пастда овул чечак отадир:
Ер ям-яшил гуллаб ётадир;
Гувиллаган товушлар пастда
Тоғдан тоққа урилар аста,
Пастда майин шабада елар,
Узоқлардан карвонлар келар,
Кўпикланиб ярқираб ирмоқ
Қуйи тушмай, сакрайди ҳар ёқ.
Беғам бола каби табиат
Ҳамиша ёш; шўх ҳаёт билан
Қуёш, баҳор наботот билан
Кўнгил очиб ўйнар ҳар соат.
Бир замонлар навбати билан
Ўз даврини кечирган сарой,
Худди дўсту оиласидан
Жудо бўлган, айрилган гадой
Ранги ўчган, ғамгин боқади,
Кўнгилларни ўтда ёқади.
Унинг янги яшовчилари
Ой чиқишин кутиб туралар;
Бу уларнинг ҳур байрамлари,
Чирқиллашиб ўйнаб юралар.
Янги роҳиб — қари ўргумчак
Уя тўқир сайрашиб чик-чик.
Зангори, кўк калтакесаклар
Майда тошлар ҳамда кесаклар
Орасидан чиқишиб шомда,
Гиз-гизлашиб ўйнашар томда.
Астагина инидан илон
Зинапоя устига чиқар;
Гоҳ кулажак бўлиб бир замон
Калласини пинжига тиқар;
Гоҳ узайиб, ўтган замонда
Катта уруш пайти майдонда
Эсдан чиқиб қолган қиличдек
Қимирламай ётиб олар тек…
Бари ваҳшат; ўтган йиллардан
Ҳеч бир ерда из йўқдир беном:
Асрларнинг қўли булардан
Секин-секин ўчирмиш тамом.
Тили йўқдир, сўзлай олмайди,
Ҳеч нарсани эслатолмайди
На шуҳратли Гудал отидан,
На севимли қизи зотидан.
Аммо улар кўмилган мозор
Зирвадаги бутхона омон,
Оллоҳ паноҳида беозор,
Булут ичра кўринар ҳамон.
Эшигида қоровул бўлиб,
Бошдан-оёқ қорга кўмилиб,
Темир совут ўрнига мангу
Муз кийиниб қотиб турган у
Сақлагучи гранит тошлар
Атрофига совуқ кўз ташлар…
Кўчай деган кўчкилар мудраб
Совуқ уриб, музлашиб, титраб
Тўрт атрофда шалолалардек
Осилишиб турадилар тек!
Бўрон соқчи бўлиб юради,
Деворларнинг чангин суради.
Қўшиқ айтиб бақирар гоҳо,
Соқчиларни чақирар гоҳо.
Бир ажойиб калисо бор деб,
Кавказ тоғларида турар деб,
Оқ булутлар шарқдан елишар:
Сажда қилмоқ учун келишар.
Аммо, кўпдан бу гўрлар узра
Ҳеч ким келиб йиғламас сира.
Тунд Казбекнинг баланд қояси
У ўлжани сақлар, кўз узмас.
Одамларнинг мангу ноласи
Уларнинг тинч уйқусин бузмас.
Усмон Носир таржимаси
Д…га СТАНСЛАР
1
Айтолмайман асло сенинг номингни,
Ҳатто ёзолмайман мен қоғозга ҳам:
Унинг ҳар ҳарфида яширинган ғам –
Садолари ўртар менинг жонимни;
Ўйла, қанча оғир, бу сўзни, жоним,
Ўзгалар оғзидан эшитмоқлигим.
2
Ким берган уларга ҳуқуқ ва имкон
Муқаддас умидим ўйин этмоққа?
Ўзимда йўқ илож унга етмоққа,
Наҳот ўзгаларга бу бўлса осон?
Улар ҳам, мен каби, васлингдан, ҳайҳот,
Жаннатларни излаб топганлар? Наҳот?
3
Итоаткорона тиз чўкаман, рост,
Бошимни эгмадим ҳали ҳеч кимга:
Хоинлик – бу фақат қўрқоқларга хос
Ва бундан кейин ҳам бошим бўлмас хам.
Ҳаттоки тақдирнинг қаршисида ҳам!
4
Аммо ҳамма кўрсин, бош эг, десанг, бас,
Фармонинг бажариб, қалбим хўрларман.
Ёшлик онтларини бузган бўларман,
Ҳамма онтни, аммо севги онтинмас!
Майли, достон қилиб юрсинлар мени,
Сени деб шу кўйга тушганлигимни…
5
Ширин табассуминг кўрганим онда
Завқу шавққа тўлиб тошганди қалбим.
Шунда даставвал мен ўйлаган эдим:
Бунга монанд лавҳа йўқдир жаҳонда!
Билмаган эканман, ёш тўла кўзлар
Юлдуз тўла гўзал осмонга ўхшар.
6
Бу кўзларга тўймай боққаним кезлар
Ўйлар эдим: бахтим нақадар порлоқ!
Менга тобе эди чиндан ўша чоқ –
Илоҳий учқунлар чақнаган кўзлар…
Сендаги бор нарса – муқаддас, гўзал,
Менга эса, булар – жонимдан афзал.
7
Ҳаттоки, дунёни бағишлаб, жонон,
Агар бизни этмоқ бўлсалар хуррам,
Мен шу шоҳларга хос салтанатни ҳам
Бахт дея олмасдим мутлоқ, ҳеч қачон.
Салтанат ҳақида ҳар ерда эртак,
Бахт эса – танҳолик кўкартган чечак.
8
Эслайсанми ойни, у ойдин тунни,
Хилват айвончада туриб юзма-юз,
Чуқур хаёлларнинг бўлиб мафтуни;
Танҳо жамолингдан узмас эдим кўз.
Қандай ширин эди у кунлар руҳга,
Бир кечани бермасман мангу умрга.
9
Муҳаммад қабридан топиб олинган
Анчайин туморни азиз деб билган –
Фақирга этаклаб тутинг олтин, дур,
Дунё мулки унга сочса ҳамки нур,
У ўз эътиқодин буза олмайди,
Буларнинг барига назар солмайди.
Мамарасул Бобоев таржимаси