Крилов Иван Андреевич [1769.2(13).2, Москва – 1844.9(21).11, Петербург] – рус ёзувчиси, масалчи. «Почта духов» (1789), «Зритель» (1792) журналларини нашр эттирган.
1786—88 йилларда пойтахт дворянларининг ахлоқий бузуқлигини фош этувчи комедия («Ғазабнок оила», «Тўполончилар», «Қизларга сабоқ ва б.), трагедия («Клеопатра», «Филомела»), комик опералар («Баҳодир Илья», 1870) ёзган.
Ҳукуматга қарши ёзилган «Трумф» («Чимчилаш») трагедияси (1799—1800) қўлёзма ҳолида тарқатилган. «Қалб» қиссаси (1792) да подшолик тузуми ва Екатерина II нинг ясама либерализми устидан кулади.
1809 — 43 йилларда 200 дан opтиқ масаллар ёзган. Биринчи «Масаллар» китоби 1809 йил нашр қилинган. Уларда ижтимоий иллатлар фош этилган, зулм ва зўрлик қораланган («Бўри билан қўзичоқ», «Ҳайвонлар ўлати», «Бўрилар ва овчилар», «Деҳқонлар ва дарё» ва б.), вазирликларнинг қайта ташкил этилиши («Квартет»), Аракчеевнинг золимлиги танқид қилинган («Балиқлар рақси»).
1812 йилдаги Франция-Россия уруши йилларида ёзган «Мушук ва ошпаз», «Итхонага кириб қолган бўри», «Қарға ва товуқ», «Мушук ва Чуртан балиқ» ва бошқа масалларида ватанпарварлик ғоялари илгари сурилган. Асарларида софдил ва меҳнатсевар кишилар улуғланган, дангаса, қўрқоқ, иккиюзламачилар танқид қилинган. Масаллари демократик руҳ билан суғорилган. Сатираси кучли, тили ўткир ва таъсирчан.
Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
ҒАЙРИЖИНС ИТТИФОҚ
Бир куни Тошбақа, Балиқ, Ўрдак,
Қилдилар маслаҳат учи бирдак,
Дедилар: Биз аробакаш бўламиз,
Тортармиз арбани ва ё ўламиз.
Ёпишуб бир арбага маҳкам,
Жон-дилдан чекурди уч ҳамдам,
Кучлари арбага етушмас эди,
Арба бунлар йўлича кетмас эди.
Ўрдак осмон сарига тортарди,
Балиқ эса ёнига тортарди,
Тошбақа судрар эрди орқа сори,
Йўқ эди иттифоқнинг осори.
Қилдилар қанча саъй бебаракат,
Арба ўрнида турли беҳаракат.
Мунда ким айб эгаси, ким айбсиз,
Бир ҳаводис бизим учун кайфсиз.
Бу иши бир киши гўзал биладур,
Арба ҳамон қимирламай турадур.
ТУЛКИ ИЛА СЕРКА
Тулки сакраб юрар эди чўлда,
Бир қудуқ бор эди ўшал йўлда.
Ногаҳон тушди-кетди гумбурлаб;
Чоҳ ичинда ўтирди ғунғурлаб.
Ул қудуқ тор эди, чиқолмас эди,
Тулкининг бахтига суйи оз эди.
Серка ўтлаб юрурди йироқда,
Сусабон су(в) қидирди шул чоқда.
Серка чоҳ бошига келиб оралаб,
Кўрди Тулкини тепадан мўралаб.
Тебратиб тўрбадек узун соқолин,
Сўрди Тулкини(нг) ҳол-аҳволин.
Серкаға Тулки махтади су(в)ни,
Сув деганда тошарди нафси уни.
“– Су(в) десанг, туш, бу ерга, улфат бўл,
Су(в) деган бу қудуқда эркан мўл”.
Серка отди ўзин қудуқ сори,
Тулкининг ҳийласи бўлиб ёри,
“Гум” этиб тушди Серка сув ичига,
Сувлари сачради қудуқ четига.
Тулки айтди: “Аё, узун саққол!”
Дузға етдинг сен яққол.
Сувни тўйганча ман ичуб эрдим,
Қолганин бутун санга бердим”.
Сакрабон Серка устига чиқди,
Андан ирғиб юқорига чиқди.
Серканинг соҳиби неча муддат,
Ахтарубон бўлуб эди диққат.
Охири бу қудуқда кўрди они,
Серканинг қолмиш эрди ёрти жони,
Минг машаққат билан чиқарди базўр,
Серка бўлган эди чўлоқ ҳам кўр.
Соҳиби Серканинг кўриб ҳолин,
Айтди бошин силаб, тараб ёлин:
“Эй соқоли чўқ, ақли йўқ Серкам,
Қилди Ҳижрон соддалик, эркам”.
МАЙМУН ИЛА КЎЗОЙНАК
Жуда қартаймиш эрди бир Маймун,
Кўзининг нури қолмаб эрди бутун.
Ул эшитди бу дард учун дармон –
Кўзойнак тутар эмиш инсон.
Пул йиғуб кўзгуни сотиб олди,
Ўзини қайта(га) заҳматга солди.
Гоҳ тутарди думига, гоҳ кўзига,
Фойда бермасди ойнаги ўзига.
Бўлди Маймун тақолмайин ҳайрон,
Деди: “Хўб ҳийлагар эрур инсон,
Манга ким деди ани олғил деб,
Ким буюрди кўзингға солғил деб.
Қурсин ойнак кўзимни қилди хира,
Тақмазам ойнакини энди сира.
Туф! Бу дунёни эътибори йўқ,
Очни ҳолин биладурми тўқ?!
Сарф этар пулни йўқға инсонлар,
Қилмаюр кўр ва шалга эҳсонлар,
Кимга айтай бу дарду ҳасратни,
Ким эшитгай бу қайғу кулфатни.
Кўзларим ожиз, ўзим қариман,
Мустаҳиқман, камина камтаринман.
Ҳеч киши сўрмаюр бу аҳволим,
Кетди қувват, мадорим, иқболим.
Кўзгу ҳам менга қилмади дармон,
Дилда ҳасрат, кўнгулда кўп армон.
Кўзгунинг хайри йўқ экан мисқол”,
Деб отиб тошни урди ул дарҳол.
Ойнагин парча-парча қилди ўзи,
Ўртануб дер эди ўзи бу сўз(н)и:
“Ойнак олмоқ ўзи экан осон,
Мушкули ани тақмоғида экан”.
Кимки ҳаддидан ошуб иш қилса,
Охирида бўлур шулай Ҳижрон.
ИТ ИЛА ЙЎЛОВЧИ
Кечқурун йўл кетарди ики киши,
Сўзлашурдан йўқ эрди ўзга иши.
Ногаҳон бир кучук чиқиб боғдан –
Вовуллади бунлара сўл ва соғдан.
Ит овозин эшитди бошқалари –
Келдилар, жам бўлди ёшу қари.
Йиғилуб барчаси ҳужум этди,
Йўлчилар ақли бошидан кетди.
Йўлчилардан бири олиб бир тош,
Урмоқ ўлғонда айтди бир йўлдош:
“Қўй, қўлинг оғритуб нима қиласан,
Итларнинг феълини ўзинг биласан.
Ҳамла қилганға вермаюр роҳат,
Ит гуруҳинда бўйладур одат”.
Итлара солмайин қулоғ онлар,
Тўғри кетавердилар ики жонлар.
Дарҳақиқат, секин-секин ҳамаси,
Тарқалуб кетди, қолмади бириси.
Ит деган итлигин қилаберадур,
Эътибор этмасанг кетаберадур.
Абдулла Авлоний таржимаси