Иван Бунин (1870-1953)

Бунин Иван Алексеевич [1870.10 (22) 10, Воронеж 1953.8.11, Париж] — рус шоири. Петербург Фанлар академияси фахрий академиги. (1909). 1920 йилдан эмиграцияда. Поэзияда рус мумтоз шеърияти анъаналарининг давомчиси («Хазонрезги», тўплам, 1901). Ҳикоя ва повестларида (кўпинча ўтмишни қўмсаш кайфиятига берилган ҳолда) дворянлар хонадонининг қашшоқлашуви («Антонов олмалари», 1900), қишлоқнинг оғир қисмати («Қишлоқ», 1910; «Қақраган водий», 1911), турмуш маънавий асосларини унутишга маҳкумлик фожиаси («Санфранцисколик жаноб», 1915) яққол тасвирланган. Кундалик тарзидаги «Бадбахт кунлар» (1918 йил, 1925 йилда нашр этилган)да Октябрь тўнтариши кескин рад этилган; Россиянинг ўтмишини тиклаш, адибнинг ўз болалик ва ёшлигига қайтиш кайфиятлари акс этган. Севги ҳақидаги ҳикояларида («Митянинг севгиси», 1925); «Қоронғи хиёбонлар» (1943) китобида инсоният тақдирининг фожиавийлиги қаламга олинган. Г. Лонгфеллонинг «Гайавата ҳақида қўшиқ» (1896) асарини таржима қилган. Нобель мукофоти лауреати (1933).

* * *

Кенг очил қучоғим, қабул этмакка
Меҳмонлар — баҳорий ҳис-туйғуларни!
Табиат, қучоғинг оча қол менга
Қўшилай ҳуснингга мен уйғунланиб!

Сен, юксак ва олис бепоён осмон,
Мовийликда тенги топилмас осмон!
Кенг, яшил далалар, сизларга ҳар он
Жоним-ла, таним-ла талпиндим чунон!

ҲОВУЗ БЎЙИДА

Жимжит ҳовуз узра тонгданоқ,
Қалдирғочлар ўйнаб учади.
Гоҳо пастлаб — сув узра шундоқ
Қанотларин уриб қочади.

Учаётиб сайрашар янгроқ,
Атрофларда ётар ўтлоқлар.
Кўзгу мисол ҳовуз ярқироқ,
Акс этади унда қирғоқлар.

Кўзгуда акс айлагансимон
Кўринади тескари ўрмон.
Кўринади туби йўқ осмон,
Кўринади булут ҳар замон.

Булутларки, майин ва оппоқ,
Осмон тубсиз ҳамда ёрқиндир.
Далалардан келади янгроқ
Бир оҳангки, дилга яқиндир.

ДАЛА ЙЎЛИДА

Чўл салқинин уфурар шамол…
Далаларда ҳоким сокинлик.
Буғдой ўсган далалар томон
Печак ўтлар ўсган югурик.

Майсаларда кўмилади из
Ундан нари икки томонда
Жавдарзорда гуллар бўтакўз.
Зиғирпоя кўринар ёнда.

Кумуш рангдир арпа бошоғи,
Сулиларнинг кўклигин кўринг.
Хушбўй елнинг йўқдир адоғи,
Ёқиб юрар инжудай шудринг.

Ва кўнгилга бағишлар севинч,
Ваҳималар бир зум қувилар.
Дала йўли қувончли ва тинч,
Чўл йўллари создир нақадар.

БУЛОҚ

Яшил ўрмон қучоғи аро
Мангу салқин намликда тошиб,
Тик дарада ошиқиб-шошиб,
Булоқ қайнар муздек, дилрабо.

Қайнар, ўйнар шошқин ва шошқин,
Биллурдайин тип-тиниқ бўлиб.
Шохлаб ўсган эманлар кулиб,
Ўз аксини кўради ёрқин.

Осмонлару тоғ узра ўрмон
Жимжитликда туради қараб.
Сув остида тошлар ярқираб
Турганига бўлганча ҳайрон.

КОСАДАГИ ЁЗУВ

Қадимий косани топди у денгиз бўйидан,
Қадимий қабрдан, ёввойи қумлоқ қирғоқдан.
Кўп заҳмат чекди у: ҳарфни ҳарфга қўшиб
Мақбара уч минг йил сақлаган қутлуғ косани
Ва унда ўқиди қадимий
Гунг, соқов қабр сўзини:

“Абадий яшовчи денгиздир ва осмонлардир,
Абадий қуёшдир, ердир ва ернинг чиройи.
Тириклар жонию руҳини қоронғу қабр-ла
Кўринмас ип ила боғловчи нарса абадий”.

ЁЛҒИЗЛИК

Шамол, ёмғир, қоронғуликлар
Ҳувиллаган ерда ҳукмрон.
Ҳаёт ўлган баҳорга қадар,
Баҳоргача боғлар шипшийдон.
Мен ёлғизман дала ҳовлида,
Шамол ўйнар қоронғу уйда.

Кеча келдинг сен ҳузуримга
Ва зерикдинг мен билан бўлиб.
Ёмғирли кеч шунда бир зумда
Хотинимдай қолдинг туюлиб…
Чорам недир, хайр, алвидо!
Баҳоргача яшарман танҳо…

Бугун яна булутлар изғир
Поёни йўқ тўда-тўдадир.
Зинапоя ёнида изинг
Ёйилмоқда, сувга тўладир.
Менга оғир ёлғизлик чоғи,
Қора оқшом совуқ қучоғи.

Мен ортингдан ҳайқирай дедим:
“Қайта қолгин, мен сенга дўстман!”
Ўтмиш йўқдир аёлга лекин,
Севмай қўйса сен бегонасан.
Печни ёқиб ичурман ароқ,
Яхши эди ит солиб олмоқ.

ҚИЗИҚЧИЛАР

Сиз қувноқ қизиқчилар,
Топқир одамлар.
Кулдиринглар боённи
Қилиқлар билан!

У зериккан кенг уйда!
Кундузи ухлаб тўйгандир,
Нарду эртак, маталлар
Жон-жонига теккандир.

Пар тўшакда ўлтириб,
Хаёл сурар отахон,
Сариқ либос эгнида
Майин бахмалдан.

Қизиқчилар, кулдиринг!
Жонланмоқда у!
Қисиқ-қисиқ кўзлари
Ялтираб боқар.

Унинг силлиқ юзларин
Ажин босди кулгудан.
Оғзидаги тишлари
Кўринмоқда қорайиб…

Кўпни кўрган сиз итлар
Бекор ўйин қилмайсиз.
Кулдиринглар! Қўшнилар
Ҳавас қилсин бизларга!

ЁШЛИК

Ўрмон ичра узун қамчиндан
Чўчиб тушар сигирлар бари.
Бойчечаклар очилар чиндан,
Боссанг синар эман барглари.

Бошим узра ёмғир булути,
Далаларда беғубор шамол.
Қалбинг сирли қувонч билан лол,
Ҳаёт чўлдай бўш, йўқ ҳудуди.

ОҚШОМГИ ҚЎНFИЗ

Нафармон кўкда ҳам
Тилларанг ой соз.
Буғдойзор оралаб
Янграб турар соз.

Қанотли шарпа бу,
Мудроқ маст қўнғиз.
Куйлар у серқайғу.
Куйламас бежиз.

Ўзлигим йўқотиб,
Мундоқ қарасам,
Ярақлаб ой балқиб,
Ёришди олам.

Фақат ой, осмон бор.
Сарғайиб майин
Етилган буғдойзор,
Ўлик ватаним.

ИЛК БУЛБУЛ

Булут оша нур сочади ой,
Олма гули очади чирой.

Булутларнинг мавжлари майин,
Ой нурида товланар тайин.

Хиёбонда ёнмаган чироқ,
Лекин булбул сайрайди янгроқ.

Деразаси очиқ уй ичра
Ой нурида соч ўрар қизча.

Минг бир марта эски бўлса ҳам
Унга янги туюлар кўклам.

БАЙТАЛ

Унинг эгар, жабдуғин олиб,
Озод этдим, кетди югуриб,
Ботаётган қуёшга боқиб,
Бошим эгдим саждалар қилиб.

Ёли тўзғир такрор ва такрор
Шамолларга тутиб бурнини,
Ишқий соғинч бирла бахтиёр,
Чақирмоқда чорлаб кимнидир.

Ҳар бир жонни яратмиш Оллоҳ,
Яратгувчи қодир, пок ва соф.
Бор тилагим, шукримдан огоҳ,
У менга ҳам беражак инсоф.

ЭСЛАШ

Ётоғимда ярим кечада
Шамлар гуллар, учлари олтин.
Деразамнинг олдида пастда
Боғ шивирлар ташвиш-ла тўлғин.

Бу ёмғирлик намчил қоронғу.
Уйга кирар тоза ҳавоси.
Заррин гуллар титрар серқайғу,
Мовий замин улар асоси.

Уйқу олар салқин тўшакда,
Мафтун этар титраган ҳар гул.
Ёзилажак шан келажакда
Ёш қўшиққа тўлади кўнгил.

МАРВАРИДГУЛ

Яп-яланғоч совуқ чакалак…
Сен яшнадинг гўзал ва ширин.
Мен ёш эдим, жон эди ҳалак,
Яратолмай биринчи шеърим.

Ва мангуга жонимга малҳам
Бўлиб қолди ўшандан бери.
Димоғимда қолди мустаҳкам
Роҳатижон хушбўй ифоринг.

ТУН

Муздай кеча, увиллар бўрон,
(Ҳали-бери тинмайди чоғи.)
Деразадан кўринар равон
Бу ерларнинг адиру тоғи.
Тилларанг нур эринибгина
Тўшагимда топмишдир паноҳ.
Ойдин тунда йўқдир ҳеч кимса,
Фақат мен бор ва бордир Оллоҳ.
Менинг жонсиз қайғу-ҳасратим
Фақат унга, Оллоҳга аён.
Инсонлардан неки асрадим…
Ташқарида совуқ ва бўрон.

ҚЎШИҚ

Гуллар очилди
Яйраб, бўзариб.
Кўнглимга боқмас
Ёрим кўзлари.

Зиғирпоялар
Ёдимда ҳамон.
Улар олисда
Гуллар чароғон.
Ёрқин нигоҳлар
Ёдимда ҳамон.
Унга қарашга
Қўймас ҳеч инсон.

ОНАМГА

Ёдимдадир ётоқ, шамчироқ,
Ўйинчоқлар ва иссиқ тўшак.
Сенинг сўзинг — овозинг янгроқ:
“Фаришталар парвонанг, гўдак!”

Ечинтириб мени энагам,
Койир эди бироз бебардош.
Уйқу келиб кўзимга беғам,
Елкасига қўяр эдим бош.

Сен ўпардинг, ёдга солардинг,
Худо, менга ёрлигинг аниқ.
Қайта-қайта эсга олардинг…
Қулоғимда овозинг тиниқ.

Эслагайман у тун, у онни,
Унутмагай ақлиму кўзим.
Эслагайман у чироғдонни,
Эмасмидинг фариштам ўзинг?

ПАЙҒАМБАРНИНГ УММАТЛАРИ

Дунёда шоҳликлар, мамлакатлар кўп,
Бизларга бир оддий бўйра бўлса бас.
Масжидга борамиз тўпланиб тўп-тўп,
Шаробу қаҳвалар эмасдир ҳавас.

Савдогар эмасмиз. Бўлмасмиз шодон,
Карвон ўтар экан чанг ичра карахт
Боғларга бурканган Дамашққа томон
Инглиз эҳсони бизга не ҳожат?

Биз чидаб келамиз. Уларнинг аммо
Оппоқ либослари кўргимиз келмас.
Бировга ёмонлик кўрмагин раво
Деган гап тўғридир, ҳеч бежиз эмас.

Саломлаш, бироқ сен кўк либос кийиб,
Боққанча сарви баъзида кунга.
Ўхшама ҳеч қачон деворда юриб
Ўзгариб тургувчи буқаламунга.

ФИРОҚ

Кўримсиз бир денгиз соҳили,
Ой нур сочар, атроф чароғон.
Ой яқиндир, тўлқилар нурли,
Тарам-тарам сувлар зарсимон.

Парчалан узоқда тўлқин,
Силлиқ совут янглиғ ялтирар.
Қум устида денгизчи ғамгин,
Севгилиси билан ўлтирар.

Ой уларга боқаркан ўйлар
Инсонлардай хўрсиниб ғамгин:
“Нечанчи бор бунда ўлтирар
Бўса олиб фироқдан олдин?”

Ўтар йиллар ва асрлар ҳам,
Авлод келар авлоддан кейин.
Денгизчининг кўзида алам,
Фараҳли бир дард бордир лекин.

КАРВОНДА

Ой нурида жануб томонда
Жимирлайди қумлар сув мисол.
Рафиқангни унут бу онда,
Унут унинг нигоҳин дарҳол.

Жимирлайди тилла сувидай
Ой нурида қумлар товланиб.
Нақадар соз туя устида
Бир маромда борсанг тебраниб.

Ой нурида ҳар бута, ҳар тош,
Ёрқин-ёрқин борлиқ ҳаммаси.
Иссиқ шамол гўёки оташ,
Бамисоли жонон нафаси.

* * *

Денгиз юзи яна осуда,
Юлдузлардан кўк олмиш чирой.
Ёзнинг илиқ кечаси бунда
Сукунатда жозибага бой.
Сенга қандай шукр дей, Оллоҳ,
Бу дунёда юлдузга бой тун.
Денгиз тунин кўрмоқ ва севмоқ
Бахтин менга берганинг учун.

Азиз Абдураззоқ таржимаси

* * *

Эй қалб! Кенгроқ очил, қабул айла, оҳ,
Баҳорий ҳисларни — оний меҳмонни!
Табиат, эт мени оғушингга жо,
Чиройингга фидо этайин жонни.

Эй сен, юксак осмон, йироқдан-йироқ,
Чексиз мовий кенглик — йўқ сенда сарҳад.
Эй поёнсиз дала — ям-яшил ўтлоқ,
Чин дилдан талпингум сизларга фақат!


ҚИШЛОҚ ТИЛАМЧИСИ

Ухлаб ётар эман тагида
Тиламчи чол, ночор, ногирон.
Ямоқлари мўл чакмонининг,
Этагида офтоб сақлар жон.

Мўл йўл юриб, ҳориган дилхун,
Ётиб қолган эман остида.
Оёқлари толган, ёнар кун,
Тиғ санчар ўт чолнинг устига.

Оҳ, қашшоқлик енгмишдир буткул,
У бошпана топмас ҳеч жойдан.
Қисмат эрур ғарибга нуқул,
Остонадан тиламоқ фойда.

Гадолар йўқ пойтахтда асло,
Муҳтожлик хор айлаган яккаш!
Зиндон ичра — панжара аро,
Кам учрайди бу хил жафокаш.

Узоқ умрин йўлларида ул
Бор қувватин меҳнатга берди.
Гўр қошида ўша куч буткул
Етмай қолса нетсин? Не дерди?

Қишлоқлардан қишлоққа ўтар,
Тили аранг ўқир дуони.
Ё ажал — ҳақ қўлидан тутар,
Жабри кўпдир қадим дунёнинг.

Ухлар. Яна қалқийди тезда:
“Худо ҳаққи, хайр қил. Яна хайр… ”
Аянч – бунча хўрликни Русда,
Ато этган бўлса наҳот дайр?!

ДАЛА ГУЛЛАРИ

Ўт шуъласи, ойна орти яширин,
Нозланиб очилар бебаҳо гуллар.
Нафис атри тиниқ, мусаффо, ширин,
Барги, банди гўзал, нодирдир улар.

О, гулни ўстирар иссиқхонада,
Мовий уммон оша келтирмиш уни.
Қўрқитолмас уни совуқ шабада,
Чақмоғу гулдурак, тунлар салқини.

Ватанимнинг сўлим далаларида
Шу гулнинг камтарин аймоқлари бор.
Очилар баҳор, ёз паллаларида,
Бағрида гоҳ яшил ўрмон, ўтлоқзор.

Ойна иссиқхона, йўқ, йўқ, бу гуллар,
Осмон кенглигини кўрадир дилбанд.
Ўтга эмас, сирли маъвога улар,
Абадий буржларга бўлганча пайванд.

Улардан уятчан гўзаллик эсар,
Юрак ва кўзларга яқин қариндош.
Бошқа ким ҳам ўша кезларни эслар,
Аллақачон унут ва… тағин сирдош.

* * *

Ёдимдадир узоқ қиш туни,
Ола-ойдин. Сукунат ҳар ён.
Ажиб порлар шамлар ёлқини,
Остонада йиғлайди бўрон.

«Болажоним, — шивирлар онам, —
Уйқунг келган бўлса агарда,
Эртага ҳам бўлиш-чун бардам,
Уйғониш-чун шодмон саҳарда,

Унут бўрон увлаётганин,
Менинг бирла эканинг унут.
Эсла ўрмон майин шивирин,
Қайноқ кунлар тафтин ёдда тут.

Қайинларнинг садосин тингла,
Ёд эт — ўрмон ортида уват.
Далаларда, юзлаб, минг-минглаб
Зар бошоқлар тўлқини қат-қат».

Мен ҳам таниш маслаҳатни-ку,
Дастурамал билдим ўзимга.
Орзуларнинг оғушида тун,
Уйқу кела бошлар кўзимга.

Уйқу билан келар ёнма-ён,
Алла айтган хаёл нафаси,
Ҳам шивирлар пишиб бўлган дон,
Англаб бўлмас қайинлар саси…

* * *

Қалдироқ-ла мени қўрқитма,
Тошқин сувнинг шовқини қувноқ!
Бўрондан сўнг бўлар, унутма,
Мовий осмон чунон мовийроқ.
Тингач бўрон, яна ёш бўлиб,
Янгича кўрк ялтирашида
Ифорлироқ, чиройга тўлиб,
Гул очилар айлаб нашида!

Қўрқаман, лек ёғинли кундан,
Ўйлаш оғир, ҳаёт ўтади.
Ғамсиз, бахтсиз, гоҳ у, гоҳ бундан,
Тирикчилик олиб кетади.
Борар сўлиб қувватда ҳаёт,
На меҳнатсиз, на бир курашсиз,
Ғамгин, намчил, туман ҳам, ҳайҳот,
Меҳрни умрбод кўмадир шаксиз!

* * *

Кўринмайди қушлар. Ҳувиллоқ, бемор,
Чирийдир тақдирга тан берган ўрмон.
Замбуруғ йўқ, лекин аччиқ изи бор,
Жарликлардан, кўринг, анқир беармон.

Ўрмон қаъри чўкди, ойдиндир ойдан,
Буталар бағрида ўлан ёнбошлар.
Куз, ёмғир зарбидан сўлжайган лойдай,
Қора барглар тағин қорая бошлар.

Далада-чи, шамол. Кун эса совуқ,
Қовоғи солиқдир, мен-чи кун бўйи,
Кимсасиз даштзорга борганча ёвуқ,
Кетаман қишлоқдан дунёга тўйиб.

Мени аллалайди отлар дупури,
Дарддош бир қайғу-ла англайман алҳол,
Милтиғим найида — бир хил сурури,
Нени наво айлаб куйлайдир шамол?


ОНА

Кун бўйи, тун бўйи — саҳаргача то,
Даштларда қутурди бўрон ҳам чунон.
Четан деворларни айлади вайрон,
Қишлоқлар бузилиб кетганди ҳатто.
Кимсасиз бир уйга кирганди босиб,
Дераза ойнаси кетди зириллаб,
Қуруқ қор айланди қақшаб, чириллаб,
Зимистон хонага эмас муносиб.

Аммо олов бор-ди — кечаси ўчмай,
Ёритиб турарди қовоқхонани,
Тонгга қадар ҳолин кўринг онани,
Аёл юммай кўзин, на еб, на ичмай,
Бунда бўлди… Ё ел, ё битган мойи —
Дафъатан ўчирди чироқни сўнгра,
Боласини олиб кифтига ўнглаб,
Аёл йўлга тушди қилиб хиргойи…

Тун роса чўзилди — Ялдо ҳам бекор…
Баъзан уни ширин мудроққа чулғаб,
Секин сас берар бад қуюн очмай лаб,
Қора пешайвонда шопирганча қор.
Бўрон ёввойи ҳис исканжасида,
Тўсатдан ташланиб қолганди уйга.
Дир-дир титрагай деб борганди ўйга,
Ғамда кимдир унинг муз панжасида.
Даштда заиф инграр — тушмиш не кўйга?
Неча бор тонггача, қўйганми танда?
Ҳорғин кўз ёшдан ялтирамади,
Демам, бола кўргач — қалтирамади,
Унга нурсиз кўзи билан боққанда…


МАЁҚ

Кўзсиз ойна, маёқ ичида,
Куз шамоли елар увиллаб,
Шовқин солар маёқ учида,
Салқин шамол мени маст қилар.

Мен бурама зинада тўхтаб,
Пастга боқдим — тўлқинлар саси.
Соҳил мавжи, осмондир ажаб,
Ва уммоннинг мовий нафаси.

Пастда тўлқин, тепада тордек
Занжир боғи жаранглаб куйлар.
Маёқ, кўрфаз, тўлқин ўркачдек
Ва мен, осмон, булутлар, уйлар…


ИККИ КАМАЛАК

О, бир жуфт камалак — зарнигор, малҳам,
Баҳор ёмғирлари. Жило сочар нур.
Қуюқ дарахтзорлар ичра ушбу дам
Намчил май ҳавоси қолдирган биллур.
Уфқда қоронғу булутлар зил-зил,
Қора нуқта — қушнинг қанот излари.
Камалак турфа ранг, нофармон, яшил,
Анқир бошоқларнинг тотли ислари.

Рус тилидан Турсун Али таржималари

* * *

Нақадар нурафшон гуллаган баҳор!
Ҳар галгидек боқиб кўзимга бедод
Ва, айт-чи, нимага маъюссан дилдор,
Нимадан сўзингда бунча илтифот?

Сукут ичра нафис гулдек титрайсан…
О, майли, гапирма! Иқрор не керак?
Англадим: илтифот – ҳижрондан дарак,
Мен яна ёлғизман!

* * *

Бугун тунда кимдир куйлади узоқ,
Зимистон далани кезиб дарбадар.
Ўтмиш бахт ва эркни қўмсади кўпроқ,
Овозида силқиб ўкинч ва кадар.

Сен ором олардинг… Дарчани бирдан
Очдиму қўшиқни ёниб тингладим.
Жавдар билан ёмғир ҳиди уфурган
Салқин кеча ғоят хушбўй ва надим.

Бу нола қалб торин чертдими? Билмам,
Маъюс хотиралар дилда уйғонди.
Сени шундай жондан севгандим мен ҳам,
Сен ҳам  севган эдинг мени қачондир.

* * *

Ёлғиз қаршилайман шодмон кунларни:
Шимолда, овлоқда… Сизда-чи, кўклам
Ўрмонга жон берар эритиб қорни,
Кўрфаз майсалари ложувард, кўркам.

Оқ қайин қимтиниб яшилланади,
Баландроқ олади булут забтини.
Шамол боғни силқиб, сокин энади
Дарчага уфуриб апрель тафтини…

* * *

Қандай осойишта ва қандай очиқ,
Ҳувуллаган замин ғариб тус олган.
Хазонрез боғларда хотирот сочиқ,
Улуғвор осмон ҳам совуқ, бўзарган.

Эй бепоён осмон, сенинг забонсиз,
Сокин ҳайбатингдан шошиб қоламан.
Ахир, бу ғариблик кўнглимга эгиз,
Мен кузни қувониб қарши оламан.

Сочилган оловдай япроқлар лак-лак,
Нодир бўёқларда товланар экан.
Боғда ора-чира чирқиллар читтак,
Уларга хуш ёқар шу унут маскан.

Фақат куз шамоли гувлаган тунда,
Манзара ўзгарар, ҳаво айнийди.
Ошиқ қалб ҳижрондан бўзлайди шунда,
Оҳ, кўнглим маҳрами бўлса қанийди!

* * *

Бир кун келиб жисму жоним йўқолар,
Лек шунда ҳам ҳувуллаган бу хона
Бутун ашқол-дашқоли билан қолар –
Аввалгидай оддий ҳолатда яна.

Ва, яна шундай тинсиз учиб юрар
Қанотлари рангин капалак:
Париллар, шитирлар ҳамда пирпирар
Зангори шифт узра жонсарак.

Ва, яна шундай осмон ҳам пастга,
Очиқ даричага боқади аста.
Мовий денгиз жимир-жимир тинмайди –
Бўм-бўш кенг бағрига чорлаб имлайди.

* * *

Қаровсиз боғдаги ўшал букри тол ости
Ҳовузда тун чоғи сокин чайқалган юлдуз –
Саҳаргача милтираган шу чўғни, рости,
Мен энди ҳеч қачон кўкда кўрмасман, афсус.
Болалигим кечган олис қишлоқ жонажон
Ва, бағрида мен ёниб илк қўшиқлар битган,
Ўсмир орзуларим рўёбини зор кутган
Ота уйимга ҳам энди қайтмам ҳеч қачон…

БИРИНЧИ БУЛБУЛ

Кўкда новвот каби эриб, ялтирайди ой,
Олма гули оқ, қўнғироқ  – ажиб бир чирой.

Кўк юзида тарам-тарам жимирлар шафақ,
Ой теграси нилий рангда товланар фақат.

Шовуллар совуқда юпун ва ҳарир боғча,
Маҳзунликда булбул нолон сайрайди чаҳ-чаҳ.

Очиқ дарича олдида ним қоронғуда,
Қизча сочларини ўрир ой ёруғида.

Шунчалар тотлидир, бу баҳорий ҳикоя –
Минг айтилса-да, яна янги, бениҳоя…

ОҚШОМ

Бахт деса, биз фақат эслаймиз ҳар чоғ.
Ҳолбуки, у мавжуд ҳар ёнда, ҳар вақт –
Ана, чайла ортидаги кузги боғ
Ва дарчадан эсган сабо эрур бахт.

Тубсиз осмон узра парқу булутлар
Ястанар, товланар… Уни шу асно
Кузатиб, англадим, бизлар бехабар,
Бахт эса ғофилга берилмас, асло.

Очиқ даричага чирқиллаб бир қуш
Қўнаркан, китобдан кўз узиб шу он,
Ҳорғин нигоҳ ташлаб қўйдим у томон.

Оқшом чўкаётир, осмон рўйи хуш.
Тегирмон қўшиғин тинглайди тандир…
Кўряпман, эшитдим – бахтим шундадир!

Рус тилидан Сирожиддин Рауф таржимаси

* * *

Дарёнинг ортида кўклади яйлов,
Сувдан кўтарилар тоза нафаслар.
Ўрмон эмас – қушлар бозори гўё,
Янграйди турфа хил орзиққан саслар.

Илмилиқ дашт ели майин уфурар,
Янги ток зангининг тахир таъмларин.
Эҳ, баҳор! Қалб бунча яна бахт сўрар,
Баҳорда бунчалик ёқар ғамларим?!

Офтоб меҳр билан баргларни силар
Ва оҳиста кезар боғда, йўлакда.
Билмайман, қайгадир кетворгим келар,
Не ҳислар гуллайди бу дам юракда?

Билмайман, мен севган, соғинган шунча
Азиз инсоним ким? Ва, бундан не ғам?
Эзилиб яшайман бахтни кутганча,
Ишонмай қўйганман аммо бахтга ҳам!

Менга алам қилар, елга совурмоқ
Умримдаги гўзал, лазиз онларни
Ва, эл қилмай негадир инсонларни,
Ўз ҳолимча қувнаб, ёлғиз қайғурмоқ.

АТИРГУЛЛАР

Офтоб – тандир ўтида роса
Тобланмоқда, булутлар ҳил-ҳил.
Гўё чўғга тўла жуфт коса –
Ром олдида икки  атиргул.

Салқин уйга ойнадан қарар
Жазирада лоҳас яшил боғ.
Пичанлар анвойи бўй тарар,
Руҳга ором бағишлаб шу чоғ.

Баъзан оғир ҳамда зардали
Қалдирайди осмон тоқлари.
Аммо, пашша визиллар ҳали
Ва куйлайди кун бўйи ари.

Гоҳо шатир-шутур қилганча
Мовий ёмғир селлари оқар.
Лек, кўп ўтмай, ял-ял кулганча
Кўлмаклардан кўк мафтун боқар.

Офтоб яшнар, бир жуфт атиргул
Ҳаё билан эгиб турар бош,
Иккиси ҳам жилмаяр нуқул,
Олов тўла кўзларида ёш.

* * *

Қадрдон юртимдан олис жойларда
Тушларимга кирар сокин боғларим,
Қарағайзор, йўллар, шошқин сойларда,
Дала-дашт, экинзор, найсон чоғлари.
Тонгданоқ эркалар ложувард само,
Оқ, ҳарир булутлар оқар мавжланиб,
Шудгорда гўнгқарға шоҳ каби юргай,
Ердан ҳовур чиқар… Осмонда тўрғай
Шундай сайрайдики, гўё авжлари –
Кўкдан таралгувчи ажиб бир наво.

Қадрдон юртимдан олис жойларда
Тушларимга кирар баҳор – келинчак:
Кўзлари мовийранг, юзи ойлардай,
Қадди – сарв, сочлари – олтин чамбарак.
Азиз ер, пок тонгга муносиб малак,
Унга она юртим, даштларим ёқар,
Ёқади сукунат, қашшоқлик, меҳнат,
Шунданми, даламга меҳр-ла боқар:
Лабида табассум, кўзида шафқат,
Бу ўша – болалик, баҳор, муҳаббат!

* * *

Хароба саройлар сояси янглиғ
Уфқда булутлар расми чизилди.
Илиққина оқшом тунд ҳамда мунглиғ,
Қоронғи хонамда ёлғиз эзилдим.

Қадамимдан чиққан ҳар бир товушга
Ғамгин садо бериб қўяди қандил.
Олисда уфқ уфқни олар оғушга,
Карашма қилар тун – гўзалу сангдил.

ЧОРРАҲАДА

Ташландиқ даланинг чорраҳасида
Қабртоши қора қузғунга макон.
Манзил қаровсиз-да, ўт босган жуда,
Чим ичра – занглаган эски бир қалқон.

Чорраҳада яна шундай ёзув бор:
“Тўғрига йўл юрсанг – ғам-кулфат бисёр,
Ғамларни енгишинг ва уйинг томон
Соғ-омон қайтишинг ўта даргумон.

Агар ўнгга юрсанг – қолиб уловсиз,
Ҳаётинг оч, яланг, ёлғиз ўтади.
Сўл томонга кетса қайбир йўловчи,
Уни ёт даштларда ўлим кутади…”

Мени ваҳма босар! Теграмда мозор…
Даҳмаларда мангу ухлайди мозий…
“Қора қузғун, қани чиқар овозинг,
Менга борар йўлни кўрсатиб юбор…”

Пешин мудраётир. Сўқмоқлар – жўяк,
Уларга экилган шўра ва суяк…
Қовжироқ дашт аро уч йўл кўринур,
Билмайман, қисматим қайбири эрур?

Бу ваҳший кенгликнинг борми адоғи?
Сукут чўмган даштга боққаним чоғи –
Кимдир чақирдию тутиб отимни,
Чўчитиб юборди ҳуркак отимни?

Бир ўзим мардона чиқдим майдонга,
Ҳаёт чорлар, мамот пойлайди бироқ.
Қабр устидаги ўша маконда
Қора қузғун турар мудҳиш ва мудроқ.

* * *

Бизлар муюлишда учрашдик, ногоҳ,
Шошардим кечанинг қаролиғида.
Қаршимда чақнади қароқлар – чақмоқ,
Қуюқ киприкларнинг аролиғидан.

У ҳарир либосда – лаҳзада кўклам
Елидан ҳаводек кетса-да, тўзиб –
Ёниқ кўзларида, юзларида ҳам
Таниш жонланувни пайқади кўзим.

Бир эрка қош қоқиб, баҳорий елдан
Моҳитобонини тўсди-ю, ўтди,
Муюлишда йитди… Ўшанда, кўклам…
У менинг баҳримдан кечди – унутди.

* * *

Кунлардан бир куни бўлмам бунда, йўқ,
Ҳувиллаган ушбу хонамда аммо,
Ҳеч нарса ўзгармас: стол, ўриндиқ,
Девордаги ўша қадимий сиймо.

Ўша-ўша, барқут қанотин мақтаб,
Кириб келадида яна жонҳалак,
Мовий шифтда ипак гулдек ярақлаб,
Учиб-қўниб-учиб кезар капалак.

Худди ўшандайин, очиқ ойнадан
Кенг осмон тикилиб қарайверади
Ва, уммон – зангори, яйдоқ бир майдон,
Кимсасиз бағрига чорлайверади…

Рус тилидан Ғулом Мирзо таржимаси

КАВСАР

Бунда охиратнинг диёри. Шўрхок саҳро
Юзлаб чақирим, йўқдай соҳили мутлоқ.
Зумраддай феруза – сувлари аммо,
Ипакдай оқ қорлари қордан-да оппоқ.
Қум барханларида кўкаради явшанлар фақат,
Оллоҳ ўстиради, ризқин теради отар.
Бу ерларда осмон ҳаддан ложувард,
Офтоб – жаҳаннамнинг олови, Сақар.
Жазирама, сароб ярқирайди ойнадай
Жами дунё ботган бир буюк тушга.
Чеки йўқ шуълаларга ер қапишиб йиғлагай,
Қалби жаннат боғига кетган шодланишларга.
Туманлар ортидаги Равзада шаффоф бир жом,
Дарёларнинг онаси, мавжланиб ётар Кавсар.
Бор юрту элатларга бағрида етган ором.
Иймон келтир, сабр ила ибодат қил, биродар.

ЛАЙЛАТ УЛ-ҚАДР

Бу тунда Роббилари изни ила фаришталар
ва Руҳ (Жаброил) барча ишлар учун
(кўкдан) туширилади.
Қуръони карим, “Қадр” сураси, 4-оят.

Қадр туни. Кўклар яқинлашиб, ер-ла якдил бўлишар,
Мўминларнинг дасторлари эса кўкка етади ўсиб.
Муаззин, азон чақир! Ҳали жилоланар харсангли музлар,
Бироқ тор дара, водийларда юрар зулмат совуғи ҳам пусиб.

Қадр туни. Қоп-қоронғи қояларни ёқалаганча ҳали
Оқ булутлар қават-қават тушиб келишар зебо.
Муаззин, азон чақир! Улуғ аршнинг олдида, келган гали
Кўпириб мавжланади. Айқирар олмос Дарё.

Жаброил – Руҳ ул-Қуддус сездирмай, билдирмай ҳеч
Ухлаётган дунёни кезиб юрар. Ёрлақагин, Ас-Салом,
Қутлуғлиги тилсим сафардаги зиёратчини бу кеч,
Ҳам муҳаббат ва омонлик тунингни ерга эт инъом!

ИБЛИСНИНГ ОЛЛОҲГА ИСЁНИ

Эсла, фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”
деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар иблис бош
тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.
Қуръони карим, “Бақара” сураси, 34-оят.

Мен – оловдан, забун тупроқдан – Одам,
Амр этдинг: “Одамга сен қилгин, – деб, – сажда!”
Ўтда соврилади қуруқ зайтун барглари зумда –
Шавқлиларни ожизларга “Бўйсун!” деганинг ажаб.
Бўйсунмасман асло! Қизил туғимни ҳалол
Кўтарарман баланд. Одамингнинг эса ҳолига қара:
Уни тўрт тарафдан этдим-ку қамал! Мен худди кулол,
Ул сополни куйдириб-тоблаб, чиқараман ўзгача жаранг.

МУҲАММАД (с.а.в.) ҲИЖРАТДА

Учади саҳролар кўкида руҳи
Харсангли чоҳларни субҳ оралаб
Аламдийда сўзлар жаранглар худди
Унут Ҳақнинг амрларидай чорлаб.

Қумларда ялангоёқ, порадир бағри,
Дер мук тушиб соғинч ўртагани он:
“Кимни яхши кўрсам, йироқда бари,
Биёбонда Ёдинг менгадир дармон”.

Садо берар Оллоҳ: “Ким ожиз, ҳорғин
Пайғамбар танланмоққа эмас ҳеч лойиқ”.
Ғамгин виқор билан дер Расулуллоҳ:
“Кечир, тошлар билан дардлашсам, Холиқ”.

КАЪБАНИНГ ҚОРА ТОШИ

Қачонлардир нодир харсанг бўлган ул,
Бирон-бир доғдан асар топилмас оппоқ.
Хушбахт жаннатдаги мисоли бир гул,
Баҳорда тоғ бошида қордай ярқироқ.

Жаброил бериб дарак, кекса Иброҳим
Қум барханлар аро топган уни зап.
Қисмат юзлаштирса, Каъба деворига ким,
Ул кўксида дурдай турарди порлаб.

Охирзамон яқинлашган сари, пайдар-пай
Унга дуо-муножотлар дарёдай оқиб.
Каъба юрагига чўнг дард ортмоқлагандай
Нурдан жудо – қора шуълага соҳиб.

Оллоҳ! Оллоҳ! Нодир мўъжизанг оқ дур –
Одамзод дард-гуноҳидан қорайган эрур!

ФАҚИР

Ботаётган юлдуз юксаклигича
(Унга) ҳамд айт.
Қуръони карим

Боғлар сершабнамдир, илиқ уяларида
Полапонлар ширин чуғурлаб мизғир.
Юлдузлар кетаётир – юксалтир ҳамд ила,
Гермон водийи ёришар тоғлар ортида сирли.

Сўнг эса саодатманд, сарпойчан, дўстим,
Қўлда кашкул билан дарахт соясига бор.
Дунё эриб бораётган чангдир, азизим!
Ҳақ янги кун берди, шукр қил, дил ёр!

ПАЙҒАМБАР УММАТИ

Дунёда салтанатлар, юртлар бир талай,
Қамиш гиламларни хушлар таъбимиз.
Майхоналар эмас, жомеъ чорлагай,
Офтобли ҳовлилари обод ва тамиз.

Бозорда тужжормасмиз. Этмас ҳеч ҳам шод
Мол ортиқ карвонлардан кўтарилган чанг.
Қутлуғ Дамашқ, боғ-боғчаларин, ҳайҳот,
Инглиз чақаларига муштоқ деб билманг.

Собирмиз. Бўлганидан эмас кийимлари оқ,
Оқ дубулғаларни ҳам кўрмоқ ниятимиз йўқ.
Айтган: бегоналарга тилама ёмонлик мутлоқ,
Номаҳрамга тикилиб қарама – кўзни этиб лўқ.

Унутма, мусулмонсан, салом бер ҳар чоғ,
Сарвдай адл туриб, кўзига боқ тик.
Боққин осмонларга, буқалумун бўлмагин бироқ,
Ҳар жойда ҳар нағмага қул ўйнаганидек.

ТОШКЎМИР

Муғул Темур келтирди сабий ўғлига
Ўтни гуриллатадиган лаъл ва тошкўмир.
У оқил эрди: на тошкўмир, на-да лаълга
Ўғлида талпиниш бўлмасин бўлмағур.

Темур деди: “Мубталоликдан ҳар қачон,
Билгин, ўтда куймоқ аъло, ажрат нафини”.
Лекин Худо Раҳмон зот: у болага меҳрибон –
Унинг Ўзи елпиб турди гўдак кафтини.

ҚИЁМАТ КУНИ

Олтин қалқони осиқ тахтининг тепасига,
Сурини пуфлаганда малойика Исрофил –
Чумолидай оқамиз Ҳашрга ёппасига
Ёрилган қабрлардан тизилганча муттасил.

Қалқон гувиллаб қолар – гўрдан чиқаргунг бетил,
Машҳаргоҳга Қиёмат соянг тушганда, Қаҳҳор.
Осмон қонли терининг рафторидай қип-қизил,
Кўнчи ичин ағдариб шўр сувга солган сўнгбор.

ПАРДА

Оллоҳ шундай деган: “Агар, севимли бандам,
Қуръонни душманларим ичра қилсанг қироат,
Мен ўзим орага ажаб парда ташларман мубҳам,
Хуш жаранг оятларим жоҳиллар этса ҳақорат”.

Аломат ҳислар, қанча гўзал фикрлар бошда,
Сир тутарман сиздан. Йўқдир йўлимда хатар.
Ҳеч ким кўнглим билмас, Оллоҳдан бошқа:
У Ўзи ўзининг пардаси билан бизни ажратар.

МУҲАММАД (с.а.в.) ВА САФИЯ

Чаққон турмакларкан, Сафия тонгда уйғониб
Қора сочларини оппоқ қўллари ила.
Юзин ювган ёшларни артмай дер ёниб:
“Ҳазрат, ҳамма жуҳуд дея мени турткилар”.

Муҳаммад кулимсиб, боққанча бир зум
Дер муҳаббат билан: “Айтгин, азизам:
“Иброҳим – отам менинг, Мусо – амаким,
Муҳаммад – завжам”.

ФАРЗ

Ҳар нега қодир Оллоҳ номига қасам!
Қаламга тақдир этди ёзмоқни азал.
Айтган: “Омонат бил Сўзни, эй одам,
Тил нега ваъда берса, муқаррар бажар”.
Қонун ёзиқ, қулсан қабул эт, кулма
Ё рад этгин ва ё улуғла чиндан.
Китоб кўтариб юрган эшакдай бўлма,
Фақат юк бўлмасин елкангга минган.

* * *

Ботар, сўнар кўмир чўғидай офтоб,
Кулранг саҳро. Мудрар, эгилар шу тоб
Одам бошлари. Фурсат жуда ҳам яқин:

Шамсни узатиб, шиппакларни ечадир ҳамма,
Юлдузлар остида, қош қорайган палла
Эгамга кўтарамиз намозимизни сокин.

Дашт чўпонлари биз, билардик нени!
Ўз юртимиз минораларин энди
Болалик эртакларидек эслармиз, дил – қон.

Қаййум Раббим, саҳро кўкида ёйгин
Оқшомги қора – кўкишда илоҳий ойдин
Сайёралар китоби – бизнинг Қуръонни!

Букканча тизимизни, кўзларни юмиб,
Жон тотли бир тақвога расо кўмилиб,
Юзга тортамиз салқин қумлар ёлқинин.

Муножот билан дилдан тиёлмай ёшни
Ҳузурингга забун хокисор эгамиз бошни,
Қирғоққа бош урганидек денгиз тўлқини.

* * *

Кимсасиз замин кўкида ёнар қаҳкашон,
Қутлуғ Олапар юлдузлари қўр тўккан мағрур.
Тўсиндан зулмат босар – чўғ-олов илон,
Ер қоронғилиги узра осмонни ёрадир кимдир.
Йўлчи, ҳеч қўрқмагин! Даштда мўъжизадир мўл.
Бу қуюнмас, балки жинлар ташвиш уйғотган
Фаришталар сардори, меҳрибон Оллоҳнинг қули,
Иблисларга тунлар олтин найзасин отган.

ИБРОҲИМ (а.с.)

Қоронғи тун эди бир кун саҳрода порлоқ
Юлдуз кўриб кўкда, хитоб қилди Иброҳим:
“Мана менинг Раббим!” Тун ярмида бироқ
Юлдуз ботиб кетди, энди кўролмас ҳеч ким.
Тонгга яқин эди бир кун саҳрода порлоқ
Ҳилолни кўриб, хитоб қилди Иброҳим:
“Мана менинг Раббим!” Юлдуз каби бироқ
Нури сўниб, ботиб кетди ой ҳам, топгай ким?
Эрта тонг чоғи эди бир кун саҳрода порлоқ
Қуёшга қўл узатиб шод хитоб қилди Иброҳим:
“Мана менинг Раббим”. Офтоб ҳам бироқ
Шомда ботиб кетди сирғалиб уфқ ортига жим.
Ҳақ йўлни Иброҳимга ўзи кўрсатди Оллоҳ!

КЎЗГУ

Қиш куни қош қораяр, тун чўкади хотиржам,
Кўнгилга қулар бир-бир – жилваланганлар бари.
Кўзгуда кўринганлар йўқолган – сўнгандай шам…
Ўлим ҳам худди шундай, шундайдир ўлим жари.

Лаҳад қоронғилигида фақат менинг сигарам
Ажиб чақнаб туради, чўғи қизаринқираб.
У ҳам сўнади охир, из қолдириб бирор дам
Ортидан хушбўй, укпар иси ҳам қолмас, ёраб.

Ким бу Зот, ўйнаётган? Кимнинг азиз бармоғи,
Чақнаб узуги ҳар он, симлар устида толмас?
Кўнглимни ёритганча орзу-армон чироғи,
Қабр қоронғилиғи мени ҳеч қўрқитолмас.

Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси

ЧАШМА

Кўкаламзор хилват ўрмонда,
Намхуш соя кезинар доим.
Тоғ остида. Жарлик томонда
Муздек чашма мавжланади жим.

Қайнар, ўйнар, ошиқар яна,
Биллур мавжлар аро чарх уриб.
Сершох эман остида, ана,
Сокин оқар шишадек эриб.

Мовий само, тоғли ўрмон ва
Боқар ўйчан сукутда атроф.
Жунжикибми, саҳнида гўё
Титрар турфа нақшлар – шаффоф.

БИРИНЧИ ҚОР

Қиш совуғи уфурди аччиқ,
Яйдоқ ўрмон этагин силкиб.
Яллиғланган ярадек уфқ
Ловуллади шафақдан килкиб.

Тунда довул қутурди роса
Тонг ёришгач қувиб ғуборни,
Бўм-бўш боғлар, дала, қишлоққа
Ҳадя этди биринчи қорни.

Қаранг, бугун оппоқ чойшабин
Далаларга тўшаган – нафис.
Қайтаётган галалар томон
Қўл силкишга кечикдик, афсус.

БОЛАЛИК

Кун чўғдай қизиса, қарағайларнинг
Ширасин бўйидан тамшанади лаб.
Қушдек енгил тортиб шодланаман, сўнг
Кезаман қуёшли чодирлар бўйлаб.

Атроф шуълазордир, оҳ, қандай ёрқин,
Қумлоқ – ипак каби майин, мулойим.
Ўн ёшга тўлгандай ва олганча тин,
Улкан қарағайни қучоқлайман жим.

Қизарган, бурушган дағал пўстлоғи
Оташдан ловуллаб ёлқинланар бот.
Қарағай бу қадар таратмасди бўй,
Қуёш қўр тўкмаса беаёв ва шод.

ШИМОЛ ҚАЙИНИ

Ўрмондаги кўл қўлтиғида
Яшил қайин бўй чўзган кўркам.
Намхуш баҳор кунлари, қизлар,
Совуқ елдан қалтирар танам.

Ёмғиру дўл, қорлар пар мисол,
Гоҳо шуъла ялтирар нафис.
О, қизларжон, ўрмонзор, алҳол,
Баҳор ҳуснин қилади кўз-кўз.

Аттанг, яна тундлашди ҳаво,
Қарағайзор гувиллар бебош.
Майли, бугун жунжикай, аммо
Эртага-да чиқажак қуёш.

ҚОР БЎРОНИ

Бўрон увиллайди тунги далада,
Тебранар қайинлар тушланиб ҳорғин.
Булутлар чокидан ой сочар шуъла,
Бўзарган соялар бекинар сокин.

Гўё оқ қайинлар оралаб Аёз
Туманли нур ичра кезар беҳадик.
Беланчак ғичири қанотланар боз,
Ёғоч уй тарафдан совуқ ел каби.

Кумушдек ярқираб ой порлар яна,
Яхмалак йўлаклар йилтиллайди соз.
Қайин шохларининг орасидан-да,
Жим кузатар ёғоч кулбани Аёз.

Муз қотган далалар, қадрдон қишлоқ,
Тунда бўрон сизни силкийди бетин.
Изғирин куйидан ухлайди ҳар ёқ,
Ёлғиз қарағай ҳам мудрайди беун.

Хаёлда жонланар: даштдаги овлоқ
Қабристонда бўрон кезинар уйғоқ.

ҲОВУЗДА

Қуёшли тонг. Ҳовузга тикка
Қалдирғочлар тўш урар шитоб.
Юксалар сўнг мовий бўшлиққа
Нам қанотин силкитиб шу тоб.

Оғушида масрур ва хушбўй,
Термилади зумрад ўтлоқзор.
Ҳовуз шиша каби самовий,
Ўз қирғоғин зумрад акси бор.

Худди ойна, ўртада қамиш,
Қирғоқ билан қулаган ўрмон.
Булут гулдек тасмали ёнмиш,
Тубида-чи, бир парча осмон.

* * *

Ёмғир ёғар яшил ўрмонда,
Шовқин солар заранглар бетин.
Тингла, қўшиқ янграр, шу онда
Кўкка ўрлар овозлар эркин.

Ёмғир ёғар яшил ўрмонда,
Шовқин солар заранглар бетин.
Осмон қаъри тортар мусаффо,
Ҳар юракка куйлар қурар ин.

Азоблару ҳам этар мафтун,
Ёмғирларнинг ёғиши такрор.
Нафосатнинг созида бутун
Тимсолингни топаман Баҳор!

* * *

Тошқин тўлқинлардан ёйилади сув
Бўғиқ шовқин ичра отганича тўр.
Учиб ўтаётган қушлар галаси
Виқор-ла қичқирар тутиб-да сурур..

Қора дўнгликлардан ўрлаган ҳовур
Тонгданоқ қиздирар муздек ҳавони.
Нурлар чилторидан таралган шовур
Қитиқлай бошлайди ернинг товонин.

Чошгоҳ чоғ дераза остида кўлмак
Ойнадай ярақлар қуёш тўккач қўр.
Митти қуёнчалар айвонда, сергак,
Шалпанг қулоқларин ўйнатар бир-бир.

Нафис булутларнинг ортида ҳаво
Самога илади мовий пардасин,
Қуёшнинг ёқимли тафтидан, илло
Хирмон сукунатнинг қавир кўрпасин.

О, баҳор! Қаршилар сени тирик жон,
Унутиш мумкинми кўклам наъшасин.
Боғлар шивиридан энтикар осмон,
Кезар томчиларнинг зангор шарпаси.

Сувлар шилдираши, ярқираши ҳам,
Хўроз қичқириғи жарангсоз бирам.
Кўзлар юмилади фароғатдан ва
Намхуш шамолларнинг васфидан яна.

ДЕРАЗАДАН

Кедр шохи – яшил сўзана,
Гўё дейсиз қалин, тўқ бахмал.
Ортида бор шаффоф боғ, яна,
Унга ҳеч не бермайди халал.

Илон изи кўкимтир сўқмоқ,
Боз товланар зумрад майсазор.
Қайинларнинг шохида – балдоқ –
Кулранг баргак таратар ифор.

Зарангларнинг тилларанг холи
Улашади қалбга бедорлик.
Ҳув водийлар мизғийди толиб,
Зимистонда эриган қордек.

* * *

Куз. Ўрмон. Барг рақсидан
Қуриган ботқоқ мудрар.
Оқимтир кўл аксидан
Осмон гумбази хира.

Нилфиялар гуллаган,
Заъфар очилган қийғоч.
Барг йўлларни қоплаган,
Ўрмон бўм-бўш, яланғоч.

Барибир сен гўзалсан
Қуриганинг чоғда ҳам.
Мох босгандан ўсалсан,
Мафтункорлик сенда жам.

Кўрфаз бурнидан шундоқ
Кекса дарахт боқар лол.
Овутар уни мудроқ,
Баҳорга қадар алҳол.

* * *

Туман пардасига беркинди ёбон
Қўққис ёмғир ёғгач қиялаб шўхчан.
Нафосат ўтига чулғанди ўрмон,
Ёмғирдан сўнг осмон биллурлашди – шан.

Оташу рутубат оғушида маст,
Бахмалтус буғдойзор қуёшдан порлар.
Қайин бутоғига қўниб зарғалдоқ
Бепарво ғужурлаб ненидир чорлар.

Ўрмонзор оралаб қўзғалган шамол
Баргларни эркалаб ўйнар, юлқилар.
Қайин-чи, шабнамлар сочиб безавол,
Кўз ёш орасидан табассум қилар.

* * *

Ташқарида кезинади жим
Сиёҳ тусда тонгги соялар.
Чорлар гўё қоққанича им
Гул боғлаган бедапоялар.

Аллақачон кун тафтга инган,
Эшитилар болта товуши.
Оқ чорлоқлар галаси чиндан,
Унутилган дамларнинг туши.

Жаранглайди дарё ортидан
Каккуларнинг кукулаши ҳам.
Қайинзордан таралар шу он,
Япроқларнинг бўйлари – хуштаъм.

Шаффоф дарё ҳаётланади
Тўлқинларнинг жимирлашидан.
Рангин куйлар қанотланади
Дон хирмонин ғимирлашидан.

* * *

Қуёш қўйгач болишига бош
Чўғланар шом, бўзарар атроф.
Ҳалқаланиб тинар дала-дашт
Экинзорни айлаб-да тавоф.

Маржумаклар гуллаган – оппоқ,
Асал ҳидин уфурар майин.
Қишлоқ узра шомги қўнғироқ
Ибодатга чорлайди тайин.

Какку эса аллақаёқдан
Кукулаб-да, сайрайди яйраб.
Тотли лаҳза энтиктирган дам
Қолгунг келур далада тунаб.

Қуёш аста яширди юзин,
Ёлқин сочиб ловуллар шафақ.
Иссиқ шамол қўзғалди сокин,
Ҳар нени-да туртар хушчақчақ.

Тун қуюлди. Ер олди бўса
Юлдузларнинг шуълаларидан,
Экинзордан ҳорган ҳар кимса
Ухлар энди дала-дашт билан.

ХАЗОНРЕЗГИ

Ўрмон бир кўшкдирки – нақшинкор,
Сержило ранглардан серҳашам.
Бўй чўзгандир гулдор бир девор,
Камалакдан ёққандайин шам.

Ўйма нақшдек барглар, ажабо,
Ялтирайди ҳаворанг тусда.
Заранглар-ку каҳрабо, ҳатто
Қора тортар арчалар кузда.

Дарахтларда барглар сийракдир,
Анқир эман, қарағай ҳиди.
Кўкдан майин тўкилади нур –
Йигирилар урчуқсиз худди.

Узилмаган сарғиш мевадек
Қуёш қотган, жилмайди сира.
Куз меҳрибон маъсум бевадек,
Кириб кетар гулдор кўшкига.

* * *

Дала тутаб ётар тонг отар они,
Туманли чўл узра қурқ-қурқлар бургут.
Ёввойи унида очлик фиғони
Совуқ ғира-шира ичра сочар ўт.

Хушбўй ҳид таратар уйқучан дала,
Бурганлар шабнамдан чатнар беғубор.
Ҳатто совуғинг ҳам ёқимли, маза,
Сенинг чорловингдан адилман, Баҳор!

Туман бурқсиб сузар чўлнинг бағридан,
Бургутлар қий-чуви шамолда талош.
Булутларни ёқиб, зулмат қаъридан
Шардек кўтарилар самога қуёш.

* * *

Дераза қировдан кумушланар тонг,
Хризантемалар гуллаган кеча.
Осмон тоқи ёрқин, тоза, нафармон,
Қор учқуни ўйнар бўғотларда-да.

Қуёш-чи, жунжикиб совуқда қотган,
Дераза товланар тилларанг тусда.
Бир ширин сокинлик бўй чўзган тонгдан
Оппоқ қор ҳовури сузади, муздай.

Ёрқин ва мусаффо осмон этаги,
Шуълалар қор узра рақс тушар рангин.
Кумушланиб порлар деразамдаги
Хризантемалар кулгу, жаранги.

* * *

Аразли келиндай фаромуш Баҳор,
Кел, кўзимга тик боқ, ўтмишни унут.
Маъюссан не учун, ўкинма зинҳор,
Недан суюклисан, кел, қўлимдан тут.

Эҳ, жимсан, сўлғинсан узилган гулдек,
Қўй энди, гапирма, иқрорлик нечун.
Видоингда балқир инжа эркалик,
Токай бож тўлайман ёлғизлик учун!

ОЧИҚ ДЕНГИЗДА

Очиқ денгиз узра тўш урган осмон
Шамоллар забтидан қўзғалгай оғир.
Тўлқинлар мавжидан чайқалиб елкан
Кулранг қаноти-ла қуйи оғадир.

Зангор қулоч ёйиб югурур шамол
Очиқ денгиз узра булутлар билан.
Сен эса унутсан, туш мисол, алҳол,
Чексиз олисдасан, наздимда, йўқсан.

Тўлқинлар чайқалиб аразин тўкар
Ёлвориб урганча оёғимга бош.
Аллаким самовий кўзларин тикар
Лип-лип ўйнаётган мавжларга ювош.

Недандир имо бор тириклигингга,
Мовий сув сингари эркинг ҳам озод.
Ёдингга солади бепарво чоғда
Сенинг мангу унут бўлганлигинг бот.

* * *

Қора булут тинди, намхуш ҳарорат
Баҳор шоми ила тиллашди шу зум.
Шамол қанотида елпиниб беҳад,
Заиф қизаради чўл шафағи жим.

Ҳарир туман қўнғир дарё устида
Кумушсимон пардек сузади енгил.
Дарё ортида-чи, аланга ичра
Кўз олар тилларанг уфқнинг енги.

Сокин боғда булбул хониши тинар…
Зимистонда илиқ тун ҳовуридан,
Томчилар тизилиб шохларга қўнар…
Боғ уйғоқ шумуртлар бўй-шовуридан.

* * *

Қарағайзор бўйлаб ташлайман қадам
Қумлик қияликдан водийга томон.
Хуфтон соя ташлар, тоғ чўққиси ҳам
Ҳурпаяди, ўрмон ҳурпайгани он.

Қоронғулик чўкар чакалакзорга,
Тағин йўллар қочиб яширади из.
Қалбимда ишонч бор ёлғиз Худога,
Ола қарар менга извошчим руҳсиз.

Отлар илдамлайди, кумуш қўнғироқ
Жаранги сингади уфқларга бот.
Бахтиёр лаҳзалар сеҳри умрзоқ,
Мунгли куйингда-да завқ бор, эй Ҳаёт.

* * *

Тунги хиёбонда дарахтларга боқ:
Юпқа тутун билан қопланар учи.
Ортида бўзарган уфқдир – маёқ,
Оқ кўланка тўшар булутлар кўчи.

Юлдузлар нақшинкор шуъласи билан
Елвизак ёлини кумушга бўяр.
Оёқлар остида шитирлаб хазон
Олис баҳор тушин ҳуркитар, суяр.

Наҳот қалб бегона йил бўйи мендан,
Навқиронман, ахир, қадамим енгил.
Ўзим ҳам билмайман, нени кутаман,
Умид чўғин ютар кутишдан кўнгил.

* * *

Қушлар кўзга тушмас осмонда бир бор,
Ўрмон итоатда фаромуш, ё Раб.
Кимсасизлик тавқи эзади такрор,
Хасталик ҳар неда бўй чўзар, ажаб.

Жарликда зах босган қўзиқоринлар
Аччиқ ҳид тарайди ҳавога бетин.
Хилватга ундайди бепаноҳ кунлар
Ёруғлик илинжин унутиб бутун.

Куз ёмғири ёғар, муздек тўзонлар
Ернинг тушларини ҳуркитар, эвоҳ.
Қорайиб кўринган барги хазонлар
Чириш мавсумидан этади огоҳ.

Қовоғи уйилган дарахтлар, афсус,
Совуқдан жунжикиб титрайди беҳол.
Фақат эркинлигин қилади кўз-кўз,
Дашт аро кезиб-да дарбадар шамол.

Ҳув олисда қишлоқ. Ўйладимми, оҳ,
Отларнинг дупури уйғотар уйқум.
Учқур шамол эркин туяман ногоҳ,
Шодлигу қайғудан жаранглар туйғум.

ТЎЛИН ОЙ

Сузаётир муздай туманда,
Хира нурин сочиб тўлин ой.
Майсазорлар порлар тубанда,
Шабнамлардан шам тутар Чирой.

Овлоқ дарё қирғоқларида
Сўлғин тортар қорайиб қамиш.
Кўринади дарё нарида
Оқ тол учи, кўзингга таниш.

Қаердадир тегирмон бўғиқ
Шовқин сирин вақтга бермас бой.
Тун бўзарган, қишлоқ этмас чурқ,
Ҳув юксакда порлар тўлин Ой.

* * *

Йўл бўйида сокин қайинзор қалин
Момиқ қор остида шам каби порлар.
Ортга улоқтириб улкан шохларин,
Чил оёқ буғулар илдам чопарлар.

Арчалар учига теккач шохлари,
Қор уюми кўчар шовуллаб майин.
Умид яловидан белги ҳар барги,
Ўрмоннинг уйқусин бузиши тайин.

Ана из ташлайди ёлғизоёқ йўл,
Негадир буғулар сапчиди ногоҳ.
Дафъатан атрофда қўпгандай довул,
Новдаларни тишлаб қоқардилар, оҳ.

Бўронли водийдан чиқолди эркин,
Шиддаткор куч ила тўдани олиб.
Соҳир гўзалликни (қувноқ ва дуркун).
Ажалнинг домидан қутқазгач ғолиб.

* * *

Йиртқич ҳайвонлару қушларда бор ин,
Букун эзилади ғашликдан кўнгил.
Ҳа, ота ҳовлимдан кетгандим у кун,
Авф этгин, жонажон уйим, кечиргил.

Йиртқич ҳайвонлару қушларда бор ин,
Эвоҳ, юрагимни ёқар қайғу, ғам.
Ижара уйларда чўқиндим ҳар кун,
Елкамда чириди сафар халтам ҳам.

ХАЙРЛАШУВ

Чинорлар ортида оқарган водий,
Қуриган чашмалар ўйида ёнар.
Тилла баргларидан таратганча куй,
Қирмизи лолалар маҳзун тўлғонар.

Осмон қораяди куяркан қуёш,
Совуқ шамол елпир водий этагин.
Мовий кўзларингда биллурий кўз ёш,
Ферузадек хира тортади тағин.

ШАФАҚСИЗ ТОНГ

Мудрар кекса қайинзор,
Бошида кўк чамбарак.
Бу ерда на мозор бор,
На орзудан бор дарак.

Уйғониб ёз шамоли,
Новдалардан узар барг.
Олис дала хаёли,
Ўйларимда урар чарх.

На ўчоқ бор, на қозон…
Бўм-бўш орзу йўлаги.
Эгнимдан тушмас ҳамон,
Талабалик кўйлаги.

Наҳотки сен ёлғизсан,
Ётми дилим кулбаси.
Яқинсану олиссан,
Ёниқ умид шуъласи.

Бутун ер шари бўйлаб,
Кезаяпман ҳамон мен.
Навқиронман, ҳа, куйлаб,
Сенга етгум омон мен.

* * *

Орзуларим каби маъюс тун,
Муҳаббатим доғида адо.
Ҳув хилватда чорлайди бетин,
Гулхан милт-милт ёнар экан то.

Сени қандай аташларин, о,
Кимга айтиб дил ёргум бу кун.
Олис йўллар доғида адо,
Орзуларим каби маъюс тун.

ТУЯЙЎНҒИЧҚА

Деразадан мен сари акам,
Узди-да жуфт гулни ирғитди.
Менга алам қилди чунонам,
Бу жуфтликнинг айби не эди.

Шўрлик сариқ туяйўнғичқа,
Ўгайликнинг қурбони эсиз.
Аламимни ютдиму ичга,
Дарҳол чўлга отландим бесўз.

О далалар, кўзга хўп яқин,
Тилла рангда товланар, бай-бай.
Асалари ғувиллаши чин,
Ёқимлидир ҳар недан, ҳай-ҳай.

Дим ҳавода изғир мавжудот,
Шарпалари урилиб юзга.
Дала бўйлаб ёяди қанот
Заъфар ёғду – ёниши ўзга.

Эртага ҳам кун қайнар, демак,
Ёғилажак ўгайлик тавқи.
Олов сочиб шамол эсажак,
Бўй чўзажак қашшоқлик хавфи.

Очлик зулми ёйилар ҳар ён,
Неки йўғон, тортар ингичка.
Ҳар лаҳзада ҳар не балодан,
Қутқазажак туяйўнғичқа.

* * *

Тун оқариб ой ботганда тик,
Дарё орти силкийди этак.
Уйқусираб туман кумушдек
Майсазорда ярқирар – ойнак.

Буруқсиган намхуш қамишни,
Шилдиратар тортқилаб шамол.
Сукунатга чайқатиб тушин,
Қарта чиймай қишлоқ очар фол.

Бутхонада эса жинчироқ*,
Хиралашар ёнишдан ҳориб.
Ним ёруғда жунжикади боғ,
Чўл шамолин шуълага қориб.

Кенгликларга тутиб зарварақ,
Лоладайин қизарар шафақ.
____________
Жинчироқ* – бу ерда икона (санам) пойига ёқиб қуйиладиган лампада

ВАТАН

Осмон туби жонсиз, қорамтир,
Қовоқ осган тағин қишки кун.
Қарағайзор қўлларин силкир,
Қишлоққача йўл олис, узун.

Туман мовий ҳамда сутсимон,
Дилтанг этар беозор андуҳ.
Қорли чўлда эсгандек бўрон,
Фарёд чекар қувғиндаги руҳ!

ИККИ КАМАЛАК

Заррин рангли икки камалак,
Яшнар тингач баҳор ёмғири.
Туссиз, қоши тўкилган фалак,
Тафтга иниб, учар шивири.

Ёлқинланиб паға булутлар,
Жим тинглайди боғлар алласин.
Қора нуқта мисол кўринар,
Олислашган қушлар галаси.

Камалаклар ранго ранг тусда,
Муаттар бўй тарар оҳиста.

МОМАҚАЛДИРОҚ

Чақин чақиб момақалдироқ,
Ўрмон узра гумбирлаган он.
Иссиқ ёмғир қуйилди, бироқ
Кўлмакларга шўнғиди осмон.

Кезиб ўрмон сўқмоғи бўйлаб,
Фазога кўз тиккандим: тиниқ.
Ўтган кунлар хотирин куйлаб,
Кўз ёш тўкар юлдузлар – синиқ.

Менинг эса юлдузим бошқа,
Киприклари тим қора, узун.
Булут қайноқ нафас ютгандай,
Чақмоқ ҳидин туяман маҳзун

Бир фурсатки, баҳор бўрони
Гирдобида қолганимдайин,
Олис чақмоқ нури туғёни
Юрагимга бўйлаган сайин…

Жимжимадор чангалзор томон,
Термуламан юлдуз каби жим.
Шивирлашим ўзимга аён:
Эҳ, мен сени қандай севгандим!

* * *

Қушлар кўзга тушмас осмонда бир бор,
Ўрмон итоатда фаромуш, ё Рабб.
Кимсасизлик тавқи эзади такрор,
Хасталик ҳар неда бўй чўзар, ажаб.

Жарликда зах босган қўзиқоринлар,
Аччиқ ҳид тарайди ҳавога бетин.
Хилватга ундайди бепаноҳ кунлар,
Ёруғлик илинжин унутиб бутун.

Куз ёмғири ёғар, муздек тўзонлар
Ернинг тушларини ҳуркитар эвоҳ.
Қорайиб кўринган барги хазонлар
Чириш мавсумидан этади огоҳ.

Қовоғи уйюлган дарахтлар, афсус,
Совуқдан жунжикиб титрайди беҳол.
Фақат эркинлигин қилади кўз-кўз,
Дашт аро кезиб-да дарбадар шамол.

Ҳув олисда қишлоқ. Ўйладимми, оҳ,
Отларнинг дупури уйғотар уйқум.
Учқур шамол эркин туяман ногоҳ,
Шодлигу қайғудан жаранглар туйғум.

ҚУТБ ЮЛДУЗИ

Музлар орасидан ўзининг ёлғиз,
Ёввойи ўтовин тиклади Ажал.
Нуқра ёғду сочиб Қутб юлдузи,
Олти ойки, тўлар зулматга бадал.

Туман кўлкасида гоҳида пайдо,
Гоҳ ўтов ёнида ўлтирар ёлғиз,
Сўқир нигоҳини тиккандан, эвоҳ,
Мангу муздек қотган ул порлоқ Юлдуз.

ТЎЛИН ОЙ

Сузаётир муздай туманда,
Хира нурин сочиб тўлин ой.
Майсазорлар порлар тубанда,
Шабнамлардан шам тутар Чирой.

Овлоқ дарё қирғоқларида,
Сўлғин тортар қорайиб қамиш.
Кўринади дарё нарида,
Оқ тол учи, кўзингга таниш.

Қаердадир тегирмон бўғиқ
Шовқин сирин вақтга бермас бой.
Тун бўзарган, қишлоқ этмас чурқ,
Ҳув юксакда порлар тўлин Ой.

* * *

Ярим тунда уйдан ёлғиз чиқаман,
Оғир қадамимдан титрай бошлар Ер.
Қорайган боғларга юлдузлар қўнган,
Оқ похол томларда беҳол ўйнар нур.

Неки нарса мавжуд, бари мотамда.

* * *

Турфа ранг излари хазонларда жам,
Қочиб қайга боргунг тақдир измидан.
Осмон майин ёғду сочади бу дам,
Яланғоч эманлар орасидан – шан.

Қандайдир самовий даракдан нишон,
Жимликда ғамгинлик аксланган он.
Яна қалб кечирди ва такроран, бил,
Кечирармикансан, эҳ алдоқчи йил!

ҚЎНОҚ

Шомда қайноқ ўрмон зимистонида,
Сув юзида шафақ ёғдуси хира.
Музлаган бошпана тор айвонидан,
Қани бироз пастла , куйинма сира.

Эркин қанот қоқгил, шабнамлар қўнган,
Барглар орасида, майли эрталаб.
Биллур ҳаво ичра ғойиб бўлгин-да,
Ватанга қайтишни унутмагил, Қалб!

* * *

Жўхори пояда ташланар кўзга,
Ғилдирак излари, барги хазонлар.
Жунжикиб тиришар совуқ денгизда,
Рангсиз медузалар – митти ғилмонлар.

Кузги далалару яланғоч денгиз,
Қоя жарликлари тўмрайган – маҳкум.
Яримшол денгизда ошкор очар сўз,
Сирли хилқат аро муқаддас удум.

–Сувни кўряпсанми?
–Симобли гўё,
Туман шуълаланиб ним ҳол ялтирар.
Кўзга кўринади на ер, на само,
Маъюс юлдузларнинг шуъласи хира.

* * *

Ярим кеча олис саҳрода,
Қанотланар жаранглаган ун.
Ёвшанлардан асал ҳиди ва
Рангпар ойдан ёғилар кукун.

Ҳаёт, вақтдан қарангки, гўё
Ташқарида қолгандай ўзим.
Уйқудадир зимистон саҳро,
Сеҳрлаган мисоли кўзи.

* * *

Рўпарамда яланғоч ўрмон,
Тепамда-чи оқаринган ой.
Сўқмоқдаман, сачраб-да, лимон
Баргларини қорайтирар лой.

Муздай шовқин сузар юксакда,
Пастда сукут жарангги пайдо.
Ёшлик ўтди дарбадарликда,
Ўй-хаёллар овутар танҳо!

* * *

Бамисли тун кундуздай ёруғ,
Ортимиздан эргашар соя.
Атиргуллар тутган кумуш туғ,
Уфқда ой ерга ҳамсоя.

Тутиб олгум хайрлашув он,
Рангсиз, сирли, ғамгин нигоҳинг.
Юрагимда яширгум, бежон
Мурда каби совуқликни сўнг.

* * *

Кун бошланар, ғойиб бўламан,
Бўм-бўш хонам қолар ҳувиллаб.
Неки мавжуд бари бир хил ранг,
Оддий, эски, сира этмас жалб.

Қўниб рангдор капалак сокин
Каштадаги гулга босар лаб.
Қанотлари ҳилпираб майин,
Учар кейин мовий шифт бўйлаб.

Шу он очиқ деразадан боқ,
Парча осмон – ўхшар енгликка.
Худди кўкиш денгиз – ярқироқ,
Тағин чорлар мовий кенгликка.

ЁШЛИК

Яланғоч ўрмонда қамчи чарс-чурси,
Сигирлар мўнграши ҳаволанган он.
Оёқлар остида барглар шитири,
Бойчечак кулгуси янграр – заъфарон.

Оқарган далага ҳорғин из ташлар,
Ёмғирли булутлар тикканча виқор.
Юрак-чи сирли бир шодликни қўмсар,
Ҳаёт эса чўлдек чексиз, улуғвор.

* * *

Хўмрайган, кўкимтир совуқ бу тунда,
Қордек оппоқ атроф порлар нақадар.
Қишлоқ буржидаги ғариб бир кулба,
Дераза ойнаси нафис қизарар.

Тунги шимол тараф қўрқинчли ва тунд,
Қанотланар жоҳил салобати ҳам.
Аёзли оқ ғира-ширада бу тун,
Қасрдан ёқимли ёввойи кулбам!

* * *

Қорайган далаларда поёнсиз денгиз каби,
Сўнаётган шафақлар қайғули тусга кирар.
Тунги сайхонлик узра майин арғамчи отиб,
Шафақларнинг изидан соялар жим изғишар.

Қўшоёқлар оралаб сирли, худди руҳ каби,
Изғиб-да, юмронқозиқ ҳуштак чалади гўё.
Товушсиз сапчиш билан сўнгра из яширади,
Тўсатдан ойна тутиб содир бўлгандай рўё.

* * *

Тоғда қайнар жарангос чашма,
Чалганича кумуш қўнғироқ.
Қорайган бут хўрликка ошна,
Қайин чўмич ёнда – ярқироқ.

Қўрқоқлигинг, қуллигинг учун,
Нечун сени севайин, о Рус!
Сендан шу бут, оқ чўмиччанинг
Камтарлиги минг карра дуруст.

ШОМ

Неки мавжуд бари чала уйқуда,
Оқарган сой узра совуқ ел учар.
Қорайган тоғлардан тортиб ҳомуза
Қуюқ туман қуйи сирғалиб тушар.

Қоялар тўшига урилиб шитоб,
Тубанда тўлқинлар гувиллар нолон.
Кулранг туман ичра буғланиб шу тоб,
Ғира-шираликда ғойибдир осмон.

Ёввойи суронда тикиб салобат,
Ғала ғовур ичра тутундек қалқир.
Тоғлар-чи илоҳий паҳлавон сифат,
Улуғворлик билан офтобдай балқир.

Ибодатхонага қадам қўяр тун,
Тоғлар этагидан аста узилиб.
Қайғули куйлашар туманда бетин,
Сирли маъбудларга жўровоз бўлиб.

СИРИУС*

Қайдасан, муқаддас порлоқ юлдузим,
Самовий гўзаллик гултожи ўзинг.
Сирли жозибангдан ҳайратда кўзим,
Сомон йўли бўлиб ярқирар изинг.

Қайдасан, ярим тун дарбадар кезиб,
Ёруғ кенгликларни этгувчи ошён.
Покдомон умидлар шавқида юзиб,
Олис йилларимдан сўйлайсан пинҳон.

Майли ён, ўйнагил само кўксида,
Илоҳий қудратдан оташлан кўзим.
Худо ҳам унутган қабрим устида,
Ханжардай ярақла, сўнмас юлдузим!
___________
*Сириус – юлдузлардан бирининг номи.

САТУРН

Оловли дон янглиғ фаромушхотир,
Бепоён фазода кезинади у.
Қалб ҳам лаҳзаларга итоаткордир,
Бамисли юлдуздек. Тангри ажри бу.

Бироқ ярим тунда шарқда юксалар,
Худди қўрғошиндек порлаб бенажот,
Ўт пуркаб даҳшатли ўлик сайёра…
Ишинг мукаммалдир яратгувчи зот!

КЕМАДАН

Кўпирган тўлқинлар оқ учқун отар,
Қирғоқларга сўйлаб ҳаёт эртагин.
Ўлик балиқчилар кемада ётар,
Ким ҳам афсус қилар уларга тағин.

Феруза ранг осмон шодланар мубҳам,
Аммо устихонлар қуриб қатланган.
Кўзни чўқиб олар ярқираши ҳам,
Эвоҳ тубанликда ҳар не хатланган.

СОЛЛАР

Дарёнинг мавжлари қорайган чоғда,
Елвизакнинг муздай нафаси тинар.
Қуёшнинг тафтини туймай қумлоқда,
Майсалар оқариб нурсиз кўринар.

Тўлқинларни ямлаб сузади соллар,
Тошли қояларга урилмай барҳақ.
Ёғсиз пилик мисол тутаб-да ёнар,
Совуқ кунботарда қизариб шафақ.

* * *

Кўксимни кенг очдим қабул этмоққа,
Баҳорий ҳисларни – оний меҳмонни.
Гўзаллигинг ила сингиб кетмоққа,
Табиат, бичиб қўй тандаги жонни!

Сен юксак самосан, ҳам узоқдаги
Мовий кенгликларнинг қуйисан, инон!
Сен яшил даласан – кўклам эртаги,
Сенга интиламан қалб билан ҳар он!

* * *

Оқ букри толларнинг хароб боғида,
Қора сувда қалқди мен севган юлдуз.
Гулхан милтилларди саҳар чоғида,
Энди осмонлардан тополмам, афсус.

Қишлоғимда ўтган ёшлик йилларим,
Қўшиқлар айтардим жўр бўлиб куйга.
Кутганман толенинг қувонч гулларин,
Мен энди ҳеч қачон қайтмайман уйга.

* * *

Шовқин солар барглар чирпираб учиб,
Ўрмон қаршиларкан кузги суронни.
Шамол кулранг қушлар галасин қучиб,
Барглар-ла рақс тушар, тўзғиб ҳар ённи.

Ҳали бола эдим, беғам ҳазилкаш,
Қушлар ғул-ғуласи ёқарди бирам.
Қаноти остидан учса ғовурлаш,
Завқланиб ўйнардим, сакраб шод, хуррам.

Шовқинли гирдоб-ла хоҳлардим бирга,
Ўрмон бўйлаб учиб ҳайқиришни ҳам.
Вужуд ёниб, тўлиб чексиз сурурга,
Учратган мис баргни қучардим маҳкам.

ЭРУВЧАНЛИКДАН СЎНГ

Ёғди тафтли найсон ёмғири,
Туман юмшаб мовийлашди боз.
Мафтун этиб ҳаво шивири,
Тонги эпкин ила учди соз.

Олис ўрмон ёқасида шан,
Сокин ухлар яшил қарағай.
Унинг хушқад устуни туман
Намхуш бўйин ҳар ён тарагай.

Нафис нақшин барглар ютиб чўғ,
Навдалар-да тутди яшил туғ!

МАРВАРИДГУЛ

Яланғоч боғларга уфурди совуқ…
Хазон орасидан нур сочдинг кулиб.
Унда бола эдим, ҳар неки ёвуқ,
Илк шеърим битгандим илҳомга тўлиб.

То абад покиза яшаш сабоғин
Уқмоққа онт ичдим ёш қалбим билан.
Маҳлиё этганди серсув япроғинг,
Мусаффолик туйдим аччиқ ҳидингдан.

* * *

Найсон ўртасида булут ортидан,
Очилди осмоннинг мовий парчаси.
Кўкимтир ўрмонда тебранди бирдан,
Ўргимчак инининг қуруқ сояси.

Қимирлаган чоғи ғовакда илон,
Эман баргларининг учди шитири.
Бинафша тусига буркангач ўрмон
Кўкка қанотланди мовий шивири.

Қайинзор атласдек ярқираб шу дам,
Очди япроқларнинг нафис китобин.
Бу алдов лаҳзаси, бахт лаҳзасидан,
Юз карра шириндир соғинч азоби!

ЦИРКДА

Бўм-бўш баландликда, само остида,
Эгилиб, тебраниб, силкинади дор.
Сим бўйлаб сирпанар дорбоз оҳиста,
Қўлида лангар чўп, сергак ва ҳушёр.

Скрипканинг ажиб куйидан қотиб,
Тикилар юксакка минглаб нигоҳлар.
Милтиллаган шамдай ҳайрат уйғотиб,
Бўм-бўш мовий фалак бургутдек боқар.

Аллақандай ғайри сиқиқ куч-қувват,
Симни титратган он учиб бир нола,
Тубсизлик қаърига ёприлди беҳад,
Худдики, Наяда – ойпараст бола.

СЎЗ

Қабрлар сукутда, устухонлар ҳам,
Фақатгина сўзга берилган ҳаёт.
Азал зулматидан қабристон – олам,
Қадимги ёзувлар садо берар бот.

Ахир бизда бундан бошқа бойлик йўқ,
Асрамоқ виждоний шараф, бурчимиз.
Азобу уқубат бўлолмас тўсиқ,
Бизга боқий инъом – ул музаффар Сўз.

ТЎХТА, ҚУЁШ

Учару ялтирар липиллаб кегай,
Соғинчдан титрарман мен ҳам ташнаҳол.
Олдинда учар жанг араваси, ҳай,
Йўл сари боқаман қарчиғай мисол.

Нима бор олдинда? Жарликми, гирдоб,
Шафақнинг қонталаш шуъласи, ҳайҳот.
Навин* ҳайқириғи жаранглар шу тоб:
“Тўхта, қуёш! Тўхта, жойингда тош қот!”
_________
Навин* – Қадимий аҳдларга кўра Мусонинг ёрдамчиси

КЕКСА ОЛМА ДАРАХТИ

Қор ёғсаям хушбўйу хушқад,
Сочур шодлик жарангин фақат.
Гулинг ўйнар арилар бебош…
Кексардингми, қадрдон ўртоқ?
Қўй, қайғурма, бўларми шундоқ–
Ўзгалар ҳам кексаликда ёш!

СИРОККО*

Тоғлар узра довулнинг шовқини-ю гумбури,
Ярим тунда олисда алаҳлайди телбавор.
Зайтун боғидаги ҳов ойнинг-да хира нури,
Уйқусиз чигирткалар қўшиғидек жарангдор.

Тиллақўнғизлар оёқ остида милт-милт ёнар,
Нуқрадек ўраб олган хира пўртаналар ҳам.
Қайиқлар қабристони чўмару ҳам тўлғонар,
Завқ-шавқда учирмоқда қайгадир барин олам.
________
*Сирокко – Африқода эсадиган қуруқ шамол

ОҚШОМ

Бахт зоҳирдир бизнинг хотирда фақат,
У эса ҳар ерда, эҳтимол бахт бу –
Ғарам ортидаги кузгу боғ ёҳу
Мусаффо ҳаводир руҳафзо қудрат.

Тубсиз осмондачи теграси оппоқ
Парқу булут осиқ, ярқирар чунон.
Кузатгум… кам кўрлик, кам билдик. Аёён,
Бахт берилар уни билганга ҳар чоқ.

Деразага қўнди чийчийлаб бир қуш,
Ҳорғин нигоҳимни уздим китобдан.
Осмон чўкар, осмон бўмбўш қолар ва

Тегирмон ғувлаши эшитлар шан.
Тинглабу кўряпман, бахтлиман демак,
Бариси ўзимда жам экан бешак.

АЛЁНУШКА

Алёнушка ўрмонда яшар,
Буғдойранг қиз,севинчи тошар.
Нигоҳлари оташ ва чақноқ,
Тик боққан чоғ отади чақмоқ.
Сайр истаб сўқмоқ йўл билан,
Ўша митти қизалоқ шўхчан.
Ўрмон бўйлаб кетди ўша дам,
Бир дўст излаб панапастқамдан.
Ким ҳам учрар ўрмонда ахир?
Диққат бўлди қизалоқ охир.
Азоб тортди бекорчиликдан,
Алёнушка сўнг ёқди гулхан.
Қуруқ ерда гуриллаб олов,
Ўрмонга ўт тушди, беаёв
Ёмғир ямлар тўнка, дарахтни,
Қушлар омон қолди, небахтки,
Ўзи ғойиб бўлди қай томон,
Билолмайин доғдаман ҳамон.

БЕГОНА

Севасан, лек ўзгага ёрсан,
Фақат мени севасан жоним.
Унутолмай адои зорсан
Сўнгги кунга қадар, инонгум.

Ҳурлиқосан, унинг ортидан
Соя мисол эргашдинг ҳатто.
Маъсумгина боққанинг билан.
Сенга қия боқмади аммо.

Аёлига айландинг шунда,
Сен қиз бола эмасмиданг, а?
Ҳар нағмангдан порлабда кундай,
Гўзалликда бўлдинг маъбуда.

Вафосиздай туюлдинг, бироқ
Фақатгина бир бора дилдор.
Бир иболи порлади бу чоқ
Меҳр тўла кўзларинг ошкор.

Сир сақлашни билмайсан, инон,
Унга мангу ётлигингни ҳам.
Унутмайсан мени ҳеч қачон,
Тангрига чин ичгандай қасам.

БИЗ ЁНМА-ЁН БОРАРДИК…

Биз ёнмаён борардик, аммо
Куч топмадинг солмоққа назар.
Март кунларин шамолида боз,
Қуруқ суҳбат хўп ғашга тегар.

Оқарарди совуқдан булут,
Томчиларга дўнган боғ бедор.
Порлар юзинг узра оппоқ ўт,
Гуллар каби кўзларинг зангор!

Ғунча мисол очилар лабинг,
Чўчир нигоҳ тегиб кетишдан.
Қуруқ шодлик тутади тағин,
Бизга ўша ғалати олам.

НЕЧУН, НИМА ҲАҚДА ГАПИРМОҚ КЕРАК?

Нечун, нима ҳақда гапирмоқ керак?
Орзую муҳаббат, қалб ила жўшқин.
Юрак интилади фош қилмоқ учун,
Нима билан дегансўз ила бешак.

Одамзодга оид сўзлар-да азал,
Аллақачон улар издан чиқмаган!
Маъно изламангиз улардан ҳар гал,
Мазмун унутилган, маъно йиғмаган.

Кимга ҳам бу ҳақда сўзламоқ керак?
Ўтли юрак ё зўр истак билан, бас.
Азоб- уқубатнинг бор кучин бешак,
Уддасидан чиқмас тушунмоқни кас.

СИЦИЛИЯДА

Қирлар қўйнидаги ҳув монастрлар,
Меросидир денгиз қароқчиларин.
Унутилган бўмбўш маконда, дўстлар,
Руҳим қачонлардир яшаган тағин.

Мен сизни севаман одми ҳужралар,
Девори зил чўккан ҳовлиларни ҳам.
Моғордан оқарган тупроғинг ва
Кўприк остидаги бутангни ҳар дам.

Сирпанчиқ кулранг тош, палахсалару
Зайтунаро гўё кўмкўк кўринган,
Қирғоқни банд қилган тоғ ёнбағрини,
Қоя остидаги зилол сувинг — шан,
Зайтун баргларингни шўртак шамоли,
Хушбўй зира ҳидин таратар ғолиб.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси

МОВИЙ КЎЗЛАРГА

Ўзимни сезаман жуда бахтиёр,
Мовий кўзларингга кўзим тушган кун.
Севги учқунлари чарақлар унда
Мовий осмон каби тиниқ ва дуркун.

Ўзимни сезаман ғамгин ва хомуш
Кўзларингни мендан олиб қочган кун.
Барибир сен мени севасан, жоним,
Айтгил, муҳаббатни яширмоқ нечун?

Қалбим мунаввардир ҳар вақт, ҳар доим,
Ёнимда бўлсанг гар, қалам қошлигим.
Азизим, ҳеч қачон завол топмасин
Сенинг гўзаллигинг, қувноқ ёшлигинг.

ГАДО

Шудрингларга чўмилган боғда
Инларида ухлайди қушлар.
Шукрона айт, юлдузлар кетиб,
Олмон томон қизара бошлар.

Эй гадо, кел, кўзангни қўйиб,
Тол тагида бир пас олгин тин.
Сўнгра отлан шарафли йўлга,
Сени кутар олдда улуғ кун.

ҚОНУН

Аллоҳга ҳамд бўлсин аввало!
Бандаларга юбориб китоб,
Деди: Қилинг ваъдага вафо,
Қонунларни ўрганинг шу тоб.

Қабул қилгач бу қонунларни,
Чин кўнгилдан сиз амал қилинг.
Ким илмига амал қилмаса,
«Юк ортилган эшак», деб билинг.

КАЪБАНИНГ ҚОРА ТОШИ

Қимматбаҳо нодир тош эди,
Биллур каби тоза ва шаффоф.
Худди жаннат гулидек нафис,
Тоғ қоридек оппоқ ҳамда соф.

Руҳ Жаброил Иброҳим учун
Келтирганди тоғу тошлардан.
Қўриқлади неча даҳолар
Гўзал тошни сангтарошлардан.

Йиллар ўтди, кўпайиб борди
Зиёратга келувчилар ҳам.
Тилларида тавба, тазарру,
Дилида ғам, кўзларида нам.

Аллоҳ, Аллоҳ, оппоқ эди у,
Қорайтирди уни ҳасрат, ғам.

Ҳасанбой Ғойиб таржимаси