Иван Франко (1856-1916)

Атоқли украиниялик ёзувчи, шоир ва публицист Иван Франко (Іван Якович Франко) 1856 йил 27 августда Украинада туғилган. “Юксакликда ва тубанликда”, “Хазон бўл, япроқ”, “Қайғули кунлардан” шеърий тўпламлари, “Жамият устунлари”, “Лель ва Полель”, “Борисловнинг кулгиси”, “Захар Беркут” сингари кўплаб қиссалар, “Ўғирланган бахт” драмаси муаллифи. Адиб 1916 йилда вафот этган.

ТЕНТАК ҲАҚИДА ЭРТАК

Ўйнайди қушча,
Учади қушча,
Бехосдан тўрга
Тушади қушча.

Овчига дейди:
– Қўйворгин мени.
Бир ҳовуч патман,
Оларсан нени?!

Гар озод айлаб,
Қўйсанг эркимга,
Учта сирли гап
Айтаман сенга.

– Оббо, қушча-е,
Сўзларинг ғалат,
Майли, айта қол,
Сабоғинг ўргат.

Ақлим кўпайса,
Гапингдан бироз,
Кейин бемалол
Этавер парвоз.

– Эшит, – дер қушча, –
Адашар инсон.
Хато қип қўйсанг,
Бўлма пушаймон!

– Рост, – деди овчи, –
Жуда яхши сўз.
Ўтган — кетганга
Не керак афсус?!.

– Сўнг, – деди қушча, –
Юрма ахтариб,
Қўлдан кетганин
Бўлмас қайтариб.

Маъқуллар овчи:
– Бу ҳам ёмонмас,
Бой берса, ҳеч ким
Қайтара олмас.

– Охиргиси, – дер
Қушча – ожиза, –
Ёлғонга учиб,
Кутма мўъжиза.

– Бу ҳам тўғри гап,
Ишонмай нечун?!
Зўр сабоқ бердинг
Бугун мен учун.

Майли, учавер,
Қушчам, узоққа,
Эҳтиёт бўлгин,
Тушма тузоққа –

Шундай деб, уни
Айлади озод.
Қуш парвоз этиб,
Беҳад бўлди шод.

Кейин у қўниб,
Овчига деди:
– Менинг кимлигим
Эҳ, билсанг эди…

Бахтинг кулганди,
Тўрингга тушиб.
Қўлдан чиқардинг
Гапимга учиб.

Қўйвординг бекор,
Экансан латта,
Ичимда дур бор –
Тухумдан катта!

Мени бўшатмай,
Олсанг нетардинг,
Бир зумда ҳай-ҳай
Бойиб кетардинг…

Овчи аламдан,
Сочини юлар.
Қилган ишидан
Пушаймон бўлар.

Энди бир чора,
Қилмаса агар.
Чиқади қўлдан,
Бебаҳо гавҳар.

Овчи дер: – Қушчам,
Қайтгин изингга.
Чин ота бўлай
Сендек қизимга.

Олтиндан уйча
Ясаб берайин,
Атиргул билан
Безаб берайин…

Қушча дер: – Одам,
Фикр қил пича,
Ғўр эдинг, қолдинг
Думбуллигингча.

Насиҳатим-чун
Сақладинг омон,
Ўтганга нечун,
Энди пушаймон?!

Ҳозир уқтирган
Сабоғим ариб,
Олмоқчисанми
Мени қайтариб?!

Сўнгги сўзимни
Эшит, каллахум:
Сиғарми менга,
Каттакон тухум?!..

Шу билан келди
Эртак адоғи,
Балки асқотар
Сизга сабоғи.

Рус тилидан Худойберди Комилов таржимаси