Белла Ахмадулина (1937-2010)

Белла Ахмадулина рус шеъриятининг ХХ аср иккинчи ярмидаги йирик намояндаларидан бири саналади.
Шоира 1937 йили Москвада туғилган. Болалигидан шеър ёза бошлаган. Ўрта мактабни тамомлагач, у М.Горький номидаги Адабиёт институтига ўқишга киради.
Талабалик пайтида унинг кўплаб очерклари матбуотда эълон қилинади. Жумладан, 1957 йили “Комсомольская правда” газетасида босилган мақоласида “Санъат одамларга фақат қувонч туйғуларини эмас, юракни покловчи изтироб ҳисларини ҳам ато этиши керак” деб ёзган эди.
Унинг илк шеърлари институтда ташкил этилган “Синтаксис” номли журналда эълон қилинади.
Шоира 1959 йили Б.Пастернакни қоралашда иштирок этишдан бош тортганлиги учун институтдан ҳайдалади, бироқ ке-йин у яна ўқишга тикланади. 1960 йили у институтни аъло баҳолар билан битиради.
1962 йили шоиранинг П.Г.Антокольский саъй-ҳаракати билан “Соз” номли илк шеърий тўплами чоп этилади.
Шоиранинг иккинчи китоби 1969 йили ГФРда нашр қилинади. Ўша пайтда бу китоб шоира бошига кўп ғалва келтиради. Шунга қарамасдан, унинг қатъий цензурадан ўтган “Мусиқа дарси” (1969), “Шеърлар” (1975), “Шам” (1977), “Бўрон” (1977) каби шеърий тўпламлари нашр этилади.
Ўтган асрнинг “илиқлик даври” деб аталувчи 60-йилларида Б.Ахмадулина сафдошлари А.Вознесенский, Е.Евтушенко ва Р.Рождественскийлар билан янги шеъриятни шакллантиришда фаол иштирок этган шоирдир. Бу шеърият халқ қалбига адабиётни, шунинг билан бир қаторда ҳақиқат учун кураш туйғусини, юксак маънавиятни олиб киришда катта хизмат қилди.
Б.Ахмадулина ўз шеърларида ҳамиша инсон қалбидаги теран кечинмаларни қаламга олишга интилади. Айни пайтда у халқлар орасидаги дўстликни, самимиятни юксак оҳанг-ларда куйлайди.
И.Бродский Белла Ахмадулинани “Лермонтов-Пастернак йўналишидаги шеъриятнинг муносиб вориси” дея таъкидлаган.
Шоира грузин мумтоз шеъриятидан кўплаб таржималар қилган.
У В.Набоков, А. Ахматова, М.Цветаева, А.Твардовский сингари сиймолар ҳақидаги бадиаларнинг ҳам муаллифидир.
2004 йили Россия Давлат мукофоти билан тақдирланган.

ОТ

Қора тунда чақмоқдай отда
Эркин кезиб юрган, ҳур ўғлон,
Не кўрибман, ахир ҳаётда,
Сени кўриб уйғонди армон.

Арғумоқ-ку арғумоқ, ҳатто
Минмаганман қирчанғини ҳам.
Етти пуштим ўтмаган отда
Бу аслида эмас катта ғам.

Аммо бир кун бир отлиқ кўрдим,
Ўлгунимча чиқмас ёдимдан.
Лаҳзагина термилиб турдим,
Гулдиракдай ўтди ёнимдан.

Мен-ку одам, ҳар бир таъсирдан
Акс тушар албат юракка.
Аммо у кун боғлоғлик турган
Хурмачалар тушди титроққа.

Ишқим тушди отга шу кундан.
Шовқин-сурон тўйдирди бу пайт.
Охир сени ташлаб кетаман,
Ялтираган танбал трамвай!

Мен биламан: қандайдир отлар
Тишида гул тишлаб порлайди.
Биттаси бор: учқур ва ёлдор
Кунда менинг йўлим пойлайди.

Тиззигача гавҳар янглиғ чиғ*
Беда исин уфуриб ёли,
Усиз ўтган умримни қаттиқ
Сўроқ-савол қилади ҳали.

Мен топширгум ўзимни тамом
Хоҳ учирсин, хоҳ улоқтирсин.
Неларгадир банди ўтган жон
Озод, эркин бир яшаб кўрсин.

Шамол турса, тиғдай еллари
Юзларимга урилсин майли.
Бир ёйилсин тор хаёлларим
Ва ўзгарсин турмушим зайли.

…Ўғлон менинг ўт истакларим
Сени кўриб ўт олди қайта.
Олислаган бор эртакларим
Бирин-кетин ёнимга қайтар.

Ана у от: сув ичар, кишнар
Кўз ўрнида ялтирайди чўғ.
Жоним тикиб интилсам агар,
Уни мендан тўсгувчи куч йўқ!
____________
*Чиғ – шудринг.

Русчадан Қутлибека Раҳимбоева таржимаси

* * *

Яна куз, юракни чулғар ғусса-ғам,
Кеч кириб, уфқда сўнар алвон из.
Менга туюлади боғ ичра бу дам
Кимдир сайр этади ўйчан ва ёлғиз.

Қўрқинчлимас, балки фараҳли жуда
Теграда илғамоқ шарпалар сасин.
Кузги оқшомларнинг саррин бағрида
Туяман ўзгамас, мен дўст нафасин.

Кўчирсанг қалбга куз лавҳаларини –
Сўнг бор тонгни алқар шабнам, бокира;
Сўнгги парвози ҳам карахт арининг
Муҳрланар ёдга, ўчмасдек сира.

Кимнинг нигоҳи у – термилган маъсум,
Ойга етиб бориб ва қайтиб ундан
Латиф ёғдуларга тўйиниб шу зум,
Тун ичра сирлашиб турар мен билан?

Ой нури йўғрилган ҳар нигоҳ ўзи
Дунёга меҳр ё таъналар ила.
Боқмоққа ҳақли ва марҳумлар кўзи
Боқар турфа давр, замонлар узра.

Яланғоч тошлардан қайтган у шуъла
Бежиз жазб этмагай инсон шуурин.
О, биламан, кимдир ҳаммадан кўра
Унга кўпроқ боқиб берган куз нурин!

Дераза ёнида боғни тинглаб шан,
Тирқиш қолдираман мангулик учун.
Пушкин нигоҳини мендан узмасдан
Ёноғим ёндириб чиқар бутун тун.

* * *

Ёмғир қуяр тепамдан шаррос,
Ваҳм солар қалдироқ жонга–
Тўқнаш келдим мен сенга бехос,
Дуч келгандек кема тўфонга.

Қандай қисмат тушаркин бошга…
Ҳадиклардан эмасман холи –
Урилгумми бориб бир тошга
Ёки мени қаршилар толе.

Мен қўрқаман, қувонаман гоҳ
Хавотирлар тўлқини аро…
Гарчи бизлар тўқнашдик ногоҳ,
Қўрқмасман мен севгимдан асло.


ГУНГЛИК

О, ким у – бўғзимдан ўғирлаган сас?
Очилгайми бу сир, бу тилсим таги?
Унга нола қилай деса қилолмас
Тузалмас жароҳат томоғимдаги.

Баҳор, мўъжизангга боққаним сари
Ҳайратдан кўзларим очилар катта.
Бироқ энди менинг булбул сўзларим
Боғларда сайрамас – ётар луғатда.

– О, куйла! – илтижо қилар ушбу дам
Менга қорлар, ёмғир, ёш новдалар шан.
Мен-ку, бақираман, бироқ лабимдан
Гунглик қалқар – буғдек оғиздан чиққан.

Илҳом бу – туйғулар мавжланган лаҳза
Гунг-соқов қалбингнинг ютоқиши, ҳа.
Енгиллата билмас мени ҳеч нарса
Бўғзимдан отилган сўзимдан ўзга.

Эшилиб-тўлғонгум туюб нашида,
Ваъдалар бераман куйларман деб жим –
Туриб қиш зеб берган дарахт қошида,
Гарчи билсам-да мен куйлолмаслигим.

Қанийди овозим борлиқни тутса –
Бўғриққан юракни бир зум бўшатсам!
Неники куйлашга эдим ошуфта,
Бўлгумдир уларда буткул мужассам.

Мудом тилсизлигим сабримни ютди
Ва сўз қаршисида чўкарканман тиз,
Бирдан ҳолдан тойгум, жонсиздек худди,–
Энди куйланг, куйланг мени ўзингиз!


ХАЙРЛАШУВ

Хайрлашув они сўнгги сўзим шу:
Яхши бор, мудом сев демасман энди.
Ақлдан озгум мен. Шаффоф қалб – орзу
Бамисли тошларга урилиб синди.

О, нечук севги бу? Сен тотиб кўрдинг
Ишқнинг талх шаробин. Лек гап бундамас.
О, нечук севги бу? Қолди дилда мунг,
Қолди фақат зулмат… Оҳлар урмоқ, бас!

Қалб алам комида… О, сенга, билгин,
Истиғфор йўқ мутлақ. Лек мен тирикман.
Вужудим чарх ургай топмасдан қўним,
Бироқ у сафосиз, энди қуруқ тан.

Сўнгги илинжимнинг парвози ҳали
Тугамади. Бироқ дунё заъфарон.
Ифорлар, товушлар қушлардек – гала
Айқаш-уйқаш учар йўқликка томон.

* * *

Сарфламагин менга вақтингни ортиқ,
Гап қотма йўлимда бўлиб сен пайдо.
Эзгу нигоҳларинг ҳамда шафқатли
Қўлларинг-ла тутма қўлимни асло.

Баҳор пайти сакраб кўлмаклар узра,
Изимдан эргашма, сўзимга маҳтал.
Ушбу учрашув ҳам кор келмас сира,
Аниқ – ҳеч бир нарса бўлмагайдир ҳал.

Ўйлайсанки, кибр – қалбдаги ройиш,
Сен-ла дўстлашмоққа йўқ менда истак?
Ғурурдан эмас бу – куйганим боис
Мудом мен бошимни тутаман юксак.

ОЙПАРАСТЛАР

Тун чўкиб, ой чиқар фалакка тўлин,
Йўғириб дунёни ғуссага маъсум.
Ойпарастлар эса чўзганча қўлин,
Эргашарлар унинг изидан маҳкум.

Ёввойи шуурнинг қанотларида.
Ҳамон тутиб руҳда кундуз измини,
Улар учар шаффоф хилқатлари-ла
Ойнинг шуъласига бериб изнини.

Таратиб унингдек совуқ нур-зиё,
Ўзидан ҳеч нарса қилмайин ваъда,
Юксакдан чорлайди мени бир рўё,
Сўздек соғинтириб ойдин тунларда.

Енга олгайманми унинг қийноғин,
Илғай олурманми шуъласин соҳир?
Руҳимга ёғдулар ёғилган чоғи
Ярата олгайми қалбим жавоҳир?

* * *

Йўловчи йигитча, йўлингдан қолма,
Муддаонг нимадир – бу нечук нигоҳ?
Кўнглим эгаси бор, назаринг солма,
Ёшмасман, орттирма мен учун гуноҳ.

Кўзингнинг оловли учқуни-ла тек
Термулиб мен сари
туйдинг не армон?
Шу пайт, нимагадир, ёшликдагидек
Чеҳрам беихтиёр бўлди нафармон.

Бораман… қиш заҳри тўқиниб менга,
Чимдийди юзимни… қорда ўйнар нур.
Қор қалин… аммоки ёноқларимга
Тепчиб чиқа бошлар ажиб бир ҳовур.


ГУРЖИ АЁЛЛАРИН ИСМЛАРИ

Денгизда кемалар сузарди ҳар ён,
Кўм-кўк мавжлар узра кунга буриб юз;
Чинорлар қирғоқда барг ёзиб ғужғон,
Уни тўкардилар киргач сокин куз.

Ҳувиллаган кўҳна боғнинг четида
Турар бир дўконча – ҳеч ашёси йўқ.
Янграр биллур узум ўткир ҳидидай
Гуржи аёлларин исмлари шўх.

Уланиб кетар у чулдироқ сўзга
Ва бу сўз уммонга чиқар югуриб.
Сўнг у сузиб кетар қора тўш ғоздек,
Ҳар сорига толма бўйнини буриб.

Кулади Тамара исмли аёл,
Тошдан-тошга сакраб чопар сув томон;
Туфлиси пошнасин синдириб олар,
Бироқ бундан завқи ортади чандон.

Медея сочларин жиққа ҳўл қилар
Эрта тонг шаршара остида туриб.
Ҳали ҳам томчилар ундан томчилар,
Ўйнар вужудида офтобнинг нури.

Мавж уриб қучоққа тўлган чечакка,
Шаррос толпопукка тўқиниб илкис,
Ариадна исми ўрлар юксакка
Ва сингиб кетади уфқларга олис.

Тиралиб қозиққа – сувдаги саёз,
Денгизга энгашар соҳил бу дамлар.
“Цисана!”– дарчадан таралар овоз,
“Натэла!” – ва унга жавоб жаранглар.

* * *

Неча бор ҳаёт-ла мен видолашдим,
Неча бор ўйладим – ҳаммаси тамом.
Тунлар қоғоз узра термилганда жим,
Тўкилди сўзларим лузумсиз, бежон.

Кўрдим мен тақдирнинг таҳқир-озорин,
Руҳим қўрқувлардан, титроқдан толди.
Бироқ ҳар гал мени Гуржи диёри
Бошимни силади, бағрига олди.

О, қанча илтифот, меҳрлар кўрдим,
Қандоқ сўзлар айтиб англатай кимга, –
Ғалати ҳисларга йўғрилиб кўнглим,
Қайноқ ёшлар сизди мижжаларимга!

Тифлис, билмай қолдим, англолмам сира
Қай бағритош ота, қай сангдил она –
Мени қолдирмишдир остонанг узра
Кераксиз фарзанддек – худди бегона.

Тифлис, менга зинҳор қилмадинг маълум,
Мен ҳам сўрамадим – нечун ҳимматлар.
Мени совғаларга кўмдингу бутун,
Яна боз устига айтдинг “раҳмат”лар!

Туманга чулғанган эртанги куним
Ичра яратмай мен ҳар қанча имкон,–
Сенинг муҳаббатинг оқламоқ учун
Умрим камлик қилар, ожиздир бу жон…

ШЕЪРИЯТ КУНИ

Ким у – бу кунни деб безовта бўлган
Ва уни байрам деб жар солган мағрур?
Бағрида изларим йўқолган йўлдан
Халқ оқиб келмоқда майдонга масрур.

Ажойиб бир айём – эл шаҳди бўлак.
Солмам мен юракка унинг шукуҳин.
Сен мен-чун бир кунсан – оддий ва юксак,
Зотан тантанадан йироқдир руҳим.

Халқ тинглар ютоқиб, жўшиб алқайди,
Не ажаб, шеърий сўз уни этса жалб.
Ҳислар қамти турса – кабир ва майда,
Кўп ҳам фарқлай билмас жайдари бу қалб.

Жаҳолат қуршаркан чор атрофни, бас,
Ҳеч ким туймас экан бунда залолат,
Байрамлар бекорга уюштирилмас,
Инжа умид учун шудир кафолат.

Бежиз титратмагай шеър сўзлари,
Юрак туйғуларга тўлар эзгу, шан.
Зеро болалар ва қизлар кўзлари
Бежиз порламайди ўткир ҳайратдан.


МЕҲР

Бу меҳрни сезса бўлур ва
Аён унда аломатлар ҳам.
Гоҳ у яққол ташланар кўзга,
Нарсаларда бўлиб мужассам.

Бир антиқа биллур идишдек
Стол узра бўлар у пайдо,–
Ажабланиб термулгунг сен тек
Нурланаркан ажиб, мусаффо.

Оилада ғалати жунбуш,
Ҳамма қотар ҳайратдан таққа.
– Қайдан келди бу биллур идиш? –
Хотинингни тутгунг сўроққа.

– Харид қилдинг неча пулга, айт? –
Деб шўрликни қийнама ортиқ.
Фақатки мен олисда бу пайт –
Яшнамайман ўзимдан ортиб.

Биллур менинг кўз ёшларим ҳам,
Томчиси, о, оғир туюлар,–
Тошга тушган шишадек бирдан
Сукунатда жаранглар улар.

Кўришмаймиз кўп замон магар,
Йўқ, кўришиб оз вақтга мутлоқ –
Мен беозор, ҳар гал безарар
Мўъжизалар яратгум шундоқ.

Бехос осмон тортар-да хира,
Кўринмайди тўрт тараф тақир.
Қичқиргунг сен: – Тинчлик йўқ сира!
Қайдан келди бу булут, ахир?

Сен иримчи деҳқон сингари
Айюҳаннос кўтарма бирдан –
Меҳрим биллур заррачалари
Инмиш сенинг кифтингга бу дам.

Сездирмайин, кўзлардан пинҳон
Сеҳр-жоду қилгайман сени.
Ва нимадир қаршингда шу он
Пайдо бўлар эслатиб мени.

Макрларим эрмак эрур заб,
Йўлларингга ташлайман каманд.
Сени ғамдан, кулфатдан асраб,
Ўзимни ҳам қиламан хурсанд.

Хайр энди! Йўлингдан қолма!
Унут бўлар жоду-эрмаклар.
Бироқ мурғак фарзандларингга
Қолар мендан кейин эртаклар.

АПРЕЛ

Қизлар – яшарлар ишқ орзуси билан,
Йигитлар – ўзларин сафарга шайлар.
Апрел айёмлари ёқимли бирам,
Ҳаммани бир-бири ила дўст айлар.

Янги ой чиқар, о, янги салтанат,
Олам кўркамлашар сенинг туфайли.
Сенинг хислатларинг яхшилик фақат,
Оғар шафоатга кунларнинг зайли.

Қутқаргунг дарёни музлардан қат-қат,
Олисларни яқин қилмоқ сенга хос.
Телбалар кўнглига соласан ҳикмат,
Чолларни дардлардан айлагунг халос.

Шафқатинг керакмас фақат бир менга,
Сўрмасман лутфингни ёлбориб минбаъд.
Чироқни ўчиргум кириб хонамга
Ва хона ичин ҳам чулғайди зулмат.


БЎРОН

Кўмар борлиқни бир ажиб оқликка
Феврал – табиатнинг лутфи, нафрати.
Шимолнинг бетакрор кўҳлиги ила
Беланди далабоғ ғариб турбати.

Тўрт уйдан иборат кўча кириб кеч,
Кенгайиб бўйига, энига бу чоқ –
Олар ўз бағрига иккиланмай ҳеч
Осмоннинг бор қорин, ойни – бир қучоқ.

Изғирин увиллар! Не қилсин бу дам,
Бўрон – кенгликларда тўзғиган қордир.
Ва бу манзарани юрак тубидан
Ҳис эта билганлар учун нисордир.

Муз тубида қолган жилдироқ сойу
Бошин маъюс эгган қарағайни ҳам
Ва мўъжаз довоннинг сахт-сумбатин у
Кўмиб ташлар бошқа кўркка тамоман.

Балки шундан унинг гувранишида –
Кечмиш гўзаллик ва ошуфта кунлар.
Фароғатин қўмсаб оҳ тортишлар ва
Алаҳлаган янглиғ жунбушли унлар.

Кўмилиб қорларнинг қалин сирига,
Узилар дафъатан тириклик саси –
Уйлар, қабристонни бири-бирига
Мудом боғлаб келган ғамнинг риштаси.

АНДРЕЙ ВОЗНЕСЕНСКИЙГА

Бизнинг манглайларга сўз сеҳрин босди,
Дўстлаштирди бизни эътиқод, ғоя.
Мен ўзимни ҳурмат қилардим, рости,
Фақат бўлганим-чун сенга ҳамсоя.

Шеърдан маст юрган илк паллалар ҳар дам
Фараҳларга чулғар эди дилимни –
Тинмай таъкидламоқ сенинг кўплардан
Айричалигингни, устунлигингни.

Манглайинг ҳақида гапириб сенинг,
Дердим: – Олтин ёғду қошлари узра
Порлаб турганини кўрдим – бу, билинг,
Унга тангри лутфи, инояти, ҳа.

Ўзимнинг пешонам ҳақида дердим,
Асло ярқираган пешона эмас!
Унда бахт тамғаси йўқ эрур тайин,
Асло улуғликдан нишона эмас.

Бироқ чапдастроқман мен бир нарсада,
Ажиб ҳийла ила барин этгум ҳал!
Олий муҳр-чун хун тўлар лаҳзада
Ўзимга сўргум мен жазони аввал.

Атайлаб бўрттириб манглайим шунда
Мақтангум – мендадир асл иқтидор.
Иккинчи манглай ҳам ёмонмас унча,
Тор бўлса, бу унинг айбимас зинҳор.

Менинг кўнглимда шу фикр муқаррар,
Қисмат, шаксиз, буни шу тарзда ечар.
Бироқ қўрқаманки – мен кетсам агар,
Сенинг ҳолинг қандоқ бўлар, не кечар?

КУЗ

Кўм-кўк осмон энди тундлашар, қора,
Арилар болини бермоққа шайдир.
Куз чуқур тин олар, қалб ҳам тобора
Тажриба орттирар, теранлашгайдир.

Худди мевалар тот йиғгандек чандон
Туйғу сайқалланар, заҳматлари кўп.
Зеро куз меҳнати эмасдир осон,
Худди сўзникидек машаққатли хўб.

Кунлар замирида бордек толе-қут,
Кузнинг сийратида ажиб ҳикмат бор.
Доноликка ўхшаб туюлар сукут,
Сингар юрагингга сокин бир виқор.

Ҳатто болакай ҳам велосипедда
Елдек учиб борар экан олмай тин,
Сенга бир зум боққан нигоҳларида
Кўрасан қандайдир ғуссани ёрқин.


МАНЗАРА

Ҳали куз, бироқ қиш ёйиб юборгай
Зебу зийнатини кенгликларга заб.
Қочиб шуълалардан, ўтаман четлаб,
Туширмаслик учун соям оқ қорга.

Шишасоз, жо этдинг қандайин мазмун –
Биллур сумалаклар нур тарар ҳар ён!
Суриб қалпоғини энсага шодон,
Шимар муз парчасин болакай мамнун.

Мен ҳам гўё ёшман – дунё ғаройиб,
Оғзимда қатра муз эрир мисли бол.
Қорларда сирғаниб, гоҳ бехос тойиб,
Эрта тонг йўлимда бораман хушҳол.


ГУЛЛАР

Ўсар гуллар иссиқхонада хандон,
Деворларга, шифтга сўйлаб дил розин.
Илдизлари яйраб семирар чандон,
Бироқ япроқлари юпқа ва нозик.

Писандмас уларга энг совуқ мавсум,
Нени истасалар – пойида шундоқ.
Токи ардоқдаги гулларнинг маъсум
Кўзлари порласин ёрқин ва қувноқ.

Чироқлар осдилар – сочсин деб ёғду,
Уларга илтифот, эътибор каммас –
Раҳмлари келиб кетганданмас бу
Ёки улар узоқ турсин деб ҳаммас.

Байрам-чун асралар улар, бегумон,
Мен улар қисматин ўйлайман ҳар бор,
Ифорни билмаслар, ахир, ҳеч қачон,
Фақат боғда бўлар бундайин ифор.

Улар ушланмаслар лабларда узоқ,
Билмаслар сирини тонгги титроқнинг.
Ва меҳрини туймай ўтарлар мутлоқ
Тун бўйи ёмғирга тўйган тупроқнинг.


ҚИШ

Қишнинг замзамаси – аёз қатида
Яшириндир оташ, ажиб эҳтирос.
Бор эрур қишнинг бу фазилатида
Малҳамбахш хислатлар, тиббиётга хос.

Йўқса, нечун юрак озурда, талош
Изтиробин – чиқиб туннинг йўлига
Ишонгандек худди дўстига сирдош,
Тутмоқчи бўлади қишнинг қўлига?

Қорли тун, афсун қил, сеҳрла минбаъд,
Босгум манглайимни тонгингга бедор,
Вужудим топсин то ажиб масаррат
Шифобахш бу совуқ бўсадан такрор.

Шуур мавжланади лоқайдлик сўниб –
Ёлғонни ишонч-ла қарши олмоққа,
Боқмоқликка ҳар бир дарахтга тўниб,
Жонвор нигоҳига нигоҳ солмоққа.

Кечирмоқ оддий, жўн ўйиндир гўё,
Кечиргунг сенга ким қилмишдир таъна.
Етгач поёнига афв шу асно,
Кечиргинг келади кимнидир яна.

Аёзли айёмнинг боқиб қалбига
У билан бўйлашгинг келар жимгина.
Ва бўлмоқ истайсан қишнинг олдида
Унинг бир жилоси – инжа, кичкина.

Ўзимни маҳв этгим келади шу он –
Девор ортидаги соямни эмас,
Вужудим тўсмаган нурни чароғон
Рўпарамга чорлаш учун бир нафас.


САҲНАГА ЧИҚИШ

Келибоқ, бу йил қиш қорлари кўкдан
Ерга қўнганидек енгил, беозор –
Мен ҳам чиқиб келдим саҳнага десам,
Сизлар бу сўзимга ишонманг зинҳор.

Кўника олмам, о, нигоҳларингиз
Тафтига рўбарў турмоққа мудом.
Овозларим менинг оёқларингиз –
Остига тўкилар ва эрир тамом.

Карахтман! Ҳолим йўқ! Тўшакдан туриб
Саҳнага чиқмоқлик – оғир юк, малол.
Манглайим нақ муздир! Кўксимда хуруж!
О, кимдир, келгин-у, вақтни чўза қол!

Мисли симдор узра турибсан бу чоқ –
Ўтиб олгин омон, пастга учмасдан.
Аён – тугаябман, кўз очгум бироқ.
Шундоқ бўлган. Шундоқ бўлар бу гал ҳам.

Жо айлаб қалбга руҳ туғёнин, азмин,
Ташна юракларга бахш этгум борим.
Лек мен севган инсон ўлтирар вазмин,
Шояд етган бўлса унга ҳам зорим.

Ўзимга келганда – ниҳоят тинган
Бир мажҳул гирдобдан чиқаркан охир,
Кимдир дейди: кўрдим, у артист экан,
Яна кимдир дейди: йўқ, у чин шоир.

Томоғим қирилди шеър ўқимоқдан,
Бироқ энди ортда тараддуд ғами.
Тобора ёрқинроқ – битта жамулжам
Сиймога айланар чеҳралар жами.

Таъзим айламоққа вужудим карахт,
О, олгум ниҳоят мен енгил нафас.
Сизга беролдими сўзларим фараҳ?
Кўп эмас – озгина бўлса ҳам, шу бас.

Рус тилидан Мирпўлат Мирзо таржимаси

* * *

Мен учун вақтингни сарфлама бекор,
Саволларингга ўзга жавоб кутмагил.
Меҳру садоқатга тўлиб нигоҳинг,
Оввора бўлмагил, гирён бўлмагил.

Баҳор чоғларида ёмғирлар кечиб,
Изларим қидириб, йўлим пойлама.
Аён-ку, буларнинг бариси бекор,
Учрашайлик, дея оввора бўлма.

Сен ҳануз ғурури туфайли, мени,
Назар қилмаяпти, дея ўйлайсан.
Асли азобингда бошим тик тутиб,
Мағрурланиб юрганим, афсус, билмайсан.

Рус тилидан Дилором Абдураҳмон таржимаcи