Александр Блок (1880-1921)

Улуғ рус шоири Александр Блок ўзининг қисқа умрида  бошидан Россиянинг муҳим воқеаларини кечирди ва бу унинг ўтли шеъриятида ўз аксини топди.  Шоирнинг ота — онаси эрта ажрашиб кетишган бўлишса — да, Блок ҳамиша отасининг «қони»ни сезиб яшади. Шоирнинг онаси Александра Андреевна Бекетова ажойиб адиба эди. Онаси билан ўртасидаги руҳий ва маънавий яқинлик, меҳр  —  муҳаббат болалигидан то умрининг охиригача юрагидан ўчмади. У Бекетовлар оиласида ўсди. Бу уйнинг энг яқин дўстлари, меҳмонлари   —  Гоголь, Некрасов, Тургенев, Салтиков  — Шедрин, Достоевский кабилар бўлиб, Бекетовлар оиласи том маънода илм, адабиёт ва санъат билан яшашарди. Ёш Блок болаликдан то умрининг охиригача ёзув столидан айрилмади. Шоирнинг бобоси  —  Андрей Николаевич Бекетов  Петербург университети ректори, машҳур ботаник олим ёз мавсумида гербарийлар йиғиш билан машғул бўлар, бу ишда  кичик  Блок  бажонидил,  ғурур  ҳисси  билан ёрдамлашарди.
Блок ҳаётида Россиянинг шимолий пойтахти Петербургдаги уйлари ва Москвадан унчалик узоқда бўлмаган Шахматова қишлоғи муҳим ўрин тутади. Ёш Блок ҳамиша қиш кунларини Петербургда, ёзни Шахматовада ўтказар, унинг энг гўзал асарлари, шеърлари осойишта Шахматова қишлоғида дунёга келарди. Классик адабиёт руҳида тарбияланган Александр Блокда «янги адабиёт» таъсири кучли кечади. У бутунлай янги, қудратли сўз санъаткорига айланади.
Блок  ҳаёти унинг нозик юрагини муҳаббат ва садоқат туйғулари билан тўлдирган севгилиси, кейинчалик бир умрлик рафиқасига айланган Любовь Дмитреевна Менделеева  —  улуғ кимёгар олим Дмитрий Мендеелевнинг қизи  номи билан чамбарчас боғлиқ. Улар бир — бирларини севиб, ардоқлаб, тушуниб, қўллаб —  — қувватлаб яшадилар.
Блок қолдирган улкан адабий мерос теранлиги билан умумбашарий аҳамият касб этади.

***

Черковнинг хорида қўшиқ айтди қиз
Ўзга юртда жондан тўйганлар ҳақда.
Кемаларни қайтиб бермаган денгиз,
Севинчни унутиб қўйганлар ҳақда.

Овози гумбазлар узра сайр этди,
Нурда товлантирар елкасин малак.
Ҳар ким қоронғуда кўрди, эшитди
Қандай куйлаганин нурда оқ кўйлак.

Барчага туюлди  —  шодлик бўлажак,
Жойидан қўзғалар ул кемалар ҳам.
Ёруғ ҳаёт ила бахтга тўлажак
Бегона элларда ҳориган одам.

Ширин эди овоз, нафис эди нур,
Фақат йироқларда сирли уфқ бор.
Ҳақнинг эшигида гўдак йиғлайдур  —
Ҳеч ким қайтиб келмас деган қўшиқ бор.


ЁЛҒИЗЛИК

Шамол. Музлаб боради дарё,
Дарё бўйлаб увлайди шамол.
Баҳор яқин, тошлардан садо
Сизиб келар бамисли хаёл.

Тош ёнида ўй суради у  —
Юрагида аччиқ изтироб.
Қачонлардир бургутсимон бу
Нигоҳларда бугун кул — сароб.

Қалқиб кетди кеч тушар чоғи
Кўз ўнгида жонланди ўтмиш.
Унут бўлмас ғамнинг қирғоғин
Бесас соя, шарпалар тутмиш.

Мутлоқ ёлғиз, у мутлоқ ғариб,
Уни олам унутган гўё.
Қариб борар, боради қариб,
Ҳасрат адо қилади, адо…

Кўринади туби йўқ зулмат,
Иблис ёвлар қилишмас шафқат.
Қайда умид, қайда ҳарорат,
Қайда дўстлар, қайда муҳаббат?!

Наҳот ташлаб кетди бариси,
Наҳот қисмат эди бу қайғу?
Наҳот қалбда армон нафаси
Ва тонгларни кутмоқ беуйқу?

Қайга оқди орзулар? Ненинг
Қаршисида ўзни йўқотди?
Эслар экан югурик умрин
Ўтмиш ўйлар уни уйғотди…

Ширин эди бу дам ҳорғинлик,
Енгил қувонч кезар руҳида.
Хуш ёқарди дилга сокинлик,
~ам сезинмас шамол уҳида.

На хушомад, на шуҳрат даркор,
Унутгиси келади ишқни.
Хотиралар ҳамиша бедор
Булутлардай қучади уфқни.

Тўлди минор бағрига садо,
Гўзал ва кенг шаҳар йўллари.
Оқди кулранг ва олис само
Остидаги ўтли йиллари…

Сизиб чиқар тошлардан садо,
Яна дилни чулғайди хаёл.
Шамол.Музлаб боради дарё,
Баҳор чоғи увлайди шамол…

***

Шўрлик, хушомадгўй бадбахтлар…
Лир

Деразанинг ортида ёвқур,
Телбаланиб бўкирар бўрон.
Булутларни ҳайдайди ёмғир,
Шамол тинмас тилсиз, беомон.

Даҳшатли тун! Бундайин тунда
Ачинаман юраксизларга.
Надоматлар айтаман чиндан
Балчиқда ҳам кераксизларга.

Жафокашнинг толеси  —  зулмат ,
Ё ёмғир — ла олишмоқ. Ё, раб!
Деразанинг ортида фақат
Бўкиради шамоллар инграб!

***

Еламиз,еламиз, ҳур гўдакларим,
Азиз юрт сари!
Табиат куйлайди, соф юракларим,
Бизники бари!

Кенгликда  —  кўз илғаб бўлмас фалаклар,
Тутун ва чанглик!
Еламиз, табиат ҳур гўдаклари,
Дала ва кенглик!

Елишар, елишар… ~арамдан ошиб,
Чор  —  атроф  —  дала.
Бепоён уфқни бағрига босиб,
Ер титрар палла.

Елишар қошига қуёшнинг, майнинг.
Озод паллалар
Иссиқ қучоғига босмоқда замин
Ўз болаларин…

Меҳрибон она ер чақалоқларин
Эркалаб қучди.
Баҳорий уфқда қўнғироқларнинг
Куйлари учди…

Уларни имлайди қоронғу тунлар,
Энг совуқ тунлар.
Уларга кўринар тезоқар кунлар,
Саноқсиз кунлар…

***

О, одамзод насли, сенга алвидо!
Туманда денгизлар сузар паришон.
Қизил денгиз ичра энг совуқ ҳаво,
Туманни тарк этдим. Салом, янги тонг!

Халқлар, яна халқлар кўзига боқсам,
Гоҳо кўринмайди на ўт, шон, бироқ
Шу музни юракда эритиб оқсам,
Қуёшнинг нурида тонг отса оппоқ!

***

Дераза ортида кезинмас шамол,
Ичкарида эса шамларим ўчди.
Кимдир кириб келди бесас, бемаҳал
Менга яқинлашди, елкамдан қучди.

Қайрилиб қарадим. Фақат осмонга
Шундай тикиламан руҳимда титроқ.
Бурилиб боқади у мен томонга,
Олисдан кўринар вазмин ва қувноқ.

На рўё, на туман эди у дилбар,
Нени англамадим, ё англаб етдим.
У ёнимга келди атай бу сафар  —
Ўшал сирларимиз шивирлаб кетди…

***

Ойпараст мисоли хаёллар сурсам:
Она тупроқ ўлим билмаса, дейман.
Лоқайд, риёкорлар инсофга кирса,
Қурбимиз етмас иш бўлмаса, дейман.

Гарчанг оғир тушлар бўғар умрни,
Гарчанд димиқтирар бу туш беомон.
Эҳтимол, қайсидир шўх йигит сирни
Очади  —  мен ҳақда сўйлайди оқ тонг.

Агар ғамғин тортса унинг кўзлари,
Қудратли юраги ғуссага ботса,
Гуноҳидан ўтинг! Не тонг, сўзлари
Дилларда эзгулик ва нур уйғотса!

НОМАЪЛУМ ҚИЗ

Димиққан шом. Майхона узра
Ёввойироқ ҳаво кезинар.
Сархуш оққан товушларда ҳам
Баҳор ўйи, ўти сезинар.

Олисларда  —  дала ҳовлининг
Тўзонларга тўлар кўчаси.
Иссиқ ҳиди келади ноннинг,
Гўдак йиғлар унда кечаси.

Ҳарамларнинг ортида ҳар кеч
Санқий бошлар масхарабозлар.
Хонимлар — ла харобазорда
Сайр этишар, ҳатто соз созлар.

Сузар музли ҳалқалар кўлда,
Аёл додлар, ҳеч кимнинг иши
Йўқдай! Кўкда беҳис, бепарво
Эврилади ойнинг гардиши.

Кўринади ҳар шом ёлғиз дўст
Қўлимдаги жом ичра фақат.
Сирли, аччиқ таъмли нафасдан
Менинг каби чайқалар карахт.

Ёнимдаги қўшни столда
Мудроқ малай қаққайиб турар.
Қуён кўзли майхўр аёллар
Гуноҳини ёлғиз Ҳақ билар.

Ҳар оқшомда айнан бир пайтда
(Ё тушимга кирармикан бу?)
Деразадан сирғалар туман,
Шоҳиларга ўралганча У  —

Майхурларни оралаб ўтар,
Ҳар вақт ёлғиз, ҳар вақт оҳиста.
Туман, атир ҳиди уринар,
Деразанинг ёнига аста

Ўлтиради. Шоҳи кўйлаклар
Товланади боққаним сари.
Тилло узук, тилло балдоқлар,
Занжирлайди мени ул пари…

Занжирлайди мени тобора,
Юзидаги қайғу ортидан
Кўринади  —  беқиёс кенглик,
Ажиб қирғоқ унинг ортида…

Очилмаган сирлар очилди,
Қўлларимда  —  ненинг оташи?
Юрагимга санчилди ёмон
Ўткир майнинг ҳасратли ёши.

Учаётган парлар сингари
Хаёлларим сархуш ва уйғоқ.
Тубсиз, мовий кўзларнинг юрти  —
Олисларда шовуллар қирғоқ.

Юракдаги сирларим билан
Шароб ичра тўкиламан жим.
О, сархушлик, сархушлик, ҳақсан!
Гуноҳимни билар худойим…

Ойгул Суюндиқова таржимаси

* * *

Кеч кузак ва лекин осмон беғубор,
Ўрмон туймоқдадир куз осойишин.
Ивиган қирғоққа тўпланиб қатор,
Сув парилар қўйди хастаҳол бошин.

Туманлар пасайиб келади секин,
Қамишлар соясин ютиб юборар.
Уларнинг бағрига оҳиста, сокин,
Шитирлаб баргларин тўкиб юборар.

Олисда, ой кезар бағри доғланиб,
Недандир безовта, недандир безор.
У кўкнинг бағрида қолган боғланиб,
Шундайин ҳолатда, доимо бедор.

Жодуланган жонсиз осойишталик,
Гўё таърифи йўқ дард андозаси.
Оламнинг юзини қоплаб совуқлик,
Қуйилиб келмоқда кўк овозаси.

* * *

Ҳаёт ўтиб борар фолбиндек қари,
Унутилган сўзлар шивири сирли.
Недандир хўрсиниб, сарсон-сарсари,
Қай хаёл бағрида умидлар нурли.

Чорраҳа, кенг дала, ҳар бир қадамда
Ястанган ўрмоннинг руҳи сезилар.
Ҳаттоки, бунда ҳам, ўзга оламда,
Ҳорғин осмон ичра армон кезинар.

Ўдимда болалик. Ҳар шом-саҳарда –
Ўйлар асирида англайман сирин.
Олис уфқ узра тик қояларда,
Кун азоб-ла тугар қирмизи, заррин…

Эй, баҳор, ўзинг айт, мен нечун хаста –
Бағримда не армон куяётибди?
Умр қай сўзларни шивирлаб аста
Сирли фолбин янглиғ ўтаётибди.

* * *

Оҳиста черковнинг дарбозасидан,
Кирдим паришонҳол, бир ҳайрат билан.
Бир ёнда жаранглар ишқий қўшиқлар,
Бир ёнда эл машғул ибодат билан.

Наҳот шу даҳрийлик лаҳзаси ичра,
Йўллади қалбимга ҳузур огоҳсиз.
Энди мен черковнинг остонасидан,
Қадам босмоқдаман, шубҳасиз, оҳсиз.

Тунда атиргуллар барги тўкилар,
Тўкилар оҳиста, тўкилар секин.
Мен эса йиғлайман, титранар бағрим,
Ибодатим каби иримли, сокин.

* * *

Азизим, мен сокин, тинч уйда мажруҳ,
Қийналдим изтироб исканжасида.
Осойиш топмайин талвасада руҳ,
Сукунат оловин тор панжасида!

Бўрондек изғирин садоси чорлар.
Шунчалар даҳшатли осудалик бу…
Ортингда, кимнингдир нигоҳи порлар,
Нигоҳида унинг лиммо-лим оғу!

Мунис ва беозор елкаларингда,
Қанотларнинг сирли сарин шарпаси.
Бўронлар ортида ўтли нигоҳ-ла,
Бонг уриб тургандек азроил саси!

ЙИЛЛАР ЎТДИ…

Йиллар ўтди, аммо сен – ўша-ўша,
Гўзалсан, чеҳраси тиниқ ойдайин.
Фақат бир оз силлиқ сочларинг аро,
Оқ толалар қўнмиш ялтираб, майин.

Мен эса, эгиб бош, кўксимда китоб,
Қадди дароз, лекин, бир мункайган чол.
Ўйимга етолмай, бир хаёл билан,
Сўник юзларингга боқаман беҳол.

Ҳа, бизни йиллар ҳам ўзгартирмабди.
Унута олмадик у дамларни биз.
Доимо ёд олиб, дилда сақладик,
Ўша афсонадек онларни ҳаргиз.

Хотиралар ранги мовий кенгликда,
Ўшал кенгликларда руҳимиз қолди.
Умр деб аталган йиллар карвони,
Қисмат сўқмоғининг йўлида толди.

ТУНГИ СУҲБАТ

Тун…
Шаҳар сукутга чўмган.
Анов катта дераза ортида худди
Жуда сокин
ва тантанавор
Кимдир жон таслим қилаётгандек.

Аммо, уй-чи, ҳувиллаб, маъюс
Гўё бахтсизликдан ҳаяжон ичра
Очиқ қолган дарвозаси орқали боқиб,
Юлдузлардан сўрайди ғамгин:

“Юлдузлар, юлдузлар,
Айтингиз менга,
Бу қадар бахтсизлик сабаби недир?
Қайлардан ёғилди бундайин ғамлар?”

Осмоннинг бағрида шивирлаб бир-бир
Тунги сукунат ичра
Сўзлар ҳаммасин,
Бугунги сирдан ҳам воқиф юлдузлар.

* * *

… Яна деразага яқин бораман,
Афсона шаънига айтаман алёр.
Сукунат чўпчагин бир нафас тинглаб,
Маъюс бир аҳволда қайтаман такрор.

Кундузнинг сершовқин кафтидан чиқиб,
Жимликни чўзиш-чун уйқудан кечгум.
Кундузги дамларга ачинмай қўйдим,
Тун бўйи азобли дардларим ичгум.

Дардлар жимлик аро бедор, беором,
Дилда тантанавор қайғу бор мискин.
Сўнг эса, жудаям яқин меҳрли,
Сирли бир нигоҳдан топарман таскин.

* * *

Унут қабрларда майсалар унди,
Кечани унутдик… Унутдик сўзни…
Сўнг атрофни қоплади сукут…

Шундай ёруғ ўлим билан ловиллаб, куйиб,
Ўниқмасмисан Сен? Тирикмасмисан?
Кўксинг узра баҳор эмасми?

Бунда фақат қабринг ёнида маъюс,
Биз етмаган висол оҳангида зор,
Менинг қўшиқларим турибди уйғоқ…

Менинг ул заъфарон хазонлар ичра,
Олислаб кетувчи умримда такрор,
Қабр майсаси-ла бирга келдингми?

* * *

Югурар ишончсиз кундуз соялар,
Қўнғироқ жаранги баланд ва тиниқ.
Ўруғдир черковда пиллапоялар
Қадаминг кутмоқда тошлар ҳам интиқ.

Сен совуқ тошларга тегиб ўтасан,
Ўтмишинг муқаддас либосларида.
Эҳтимол баҳорий гуллар тутасан,
Шу лаҳза қатъийлик тимсолларида.

Пуштиранг соялар чўзилиб борар,
Қўнғироқ овози равшан жарангдор,
Чўкади қадимий зиналар узра…
Кутаман қадаминг интиқ, умидвор.

ҚАНДАЙ ХАЙРЛАШДИК…

Қандай хайрлашдик, ҳаяжон ичра,
Севги, садоқатга ичиб қасамлар…
Бирга ажиб, сирли суҳбатлар қурдик,
Булбуллар куйлади, тинмади улар.

Хайрлашиш чоғи, қўлларимда тор,
Чертардим, бир наво кетди жаранглаб,
Севги иқрорлари, аҳду-паймонлар,
Барчаси қалбимда турарди янграб.

Қайғу тўлиб кетди, торлар узилди,
Қалбим навосига дош бера олмай.
Чорламай турингиз олис томонлар,
Ҳижрон дамларига бунча шоширмай.

Энди мени эсла, ёд этгил мени,
Жоним, худо ҳаққи, мени ёд этгил.
Оқарган тумандек жарлик юзида,
Ҳижронларинг ёқди, мени ёд этгил.

ҲАМ ДАРД ИЛА, ҲАМ ЙИҒЛАБ…

Ҳам дард ила, ҳам йиғлаб, кулиб,
Жаранглайди менинг шеърларим,
Сенинг пойинг узра
Ҳар бир сатрлар
Тўлқинланар елиб, югуриб,
Чегарасин билмай сирларин.
Аммо биллур торлар ичра сен,
Мендан жуда йироқлардасан,
Йиғлаб наво қилади торлар,
Қай йўлларнинг рангини чизсам,
Ҳузуримга кела олурсан.
Жодуланган олис жойлардан?

АЗИЗИМ, ДАДИЛ БЎЛ…

Азизим, дадил бўл, ишонгил,
Бир умр сен қалбимда менинг.
Оппоқ олча гуллари янглиғ,
Чайқалайин бошингда сенинг.

Ўғдулар-ла ёрқин юлдуздек:
Шарқ томонда порлаб турарман.
Муздек, салқин тўлқинлар узра,
Ажиб сирли хаёл бўларман.

Жилваланган сув парисидек,
Мавжланувчи сувнинг бағрида,
Ҳам озорли, ҳамда ёқимли,
Бу лаҳзалар шириндир бирга.

Бирга бўлмоқ тунлар бағрида,
Ширин бирга чекилган оҳлар.
Ширин эрур бир-биримизга,
Тикилгувчи, интиқ нигоҳлар.

Дилором Абдураҳмон таржимаси.

* * *

Хўп даҳшатли сен-ла учрашмоқ,
Учрашмаслик ундан-да даҳшат.
Ҳайрат ичра тонг қотдим ҳар чоқ,
Ҳар неда жам белги, ишорат.

Кўча бўйлаб изғир соялар,
Яшадимми, ухладим, билмам.
Етакларку зинапоялар,
Ортга боқмоқ қўрқинчли ҳар дам.

Қўлин қўяр елкамга вазмин,
Аммо исмин эслай олмайман.
Тунов кунги азадаги ун
Қулоғимда янграр, нетай ман?

Пастлаганча хўмрайган само,
Бутхонани чулғайди бутун.
Сен ҳозирсан, яқинсан, аммо
У томондан боқасан маҳзун.

* * *

Эътиқод йўқ экан Ҳаққа гар,
Ҳалок бўлгим бадар кетиб мен.
Менга бергил бахтни муқаррар,
Қозонгумдир турмуш ишончин.

Қандай оғир, қандай уқубат,
Юрагимга тутди сўнмас қўр!
Узат менга нажот қўлин ва
Асирликдан халос эт бир қур.

Йўқ, ибодат қилмайман сенга,
Улоқтиргил оловни такрор.
Фақат кўз ёш тутмагил менга,
О, ярамга туз сепма, дилдор.

Нечун йиғлай, боқийлик аъло,
Ишқ ўтида азобланиш бахт.
Дард-аламни майли эт ато,
Аммо қонда жўш урсин зўр аҳд!

* * *

Қачон севсак айри ҳолда, сўнг
Чирой очар юзимиз тўлиқ.
Камчиликлар ўткинчи, Унинг
Гўзаллигин чегараси йўқ.

* * *

Турфа оҳангликдан сақладим ҳар он,
Хаёлчан кунларнинг кўринишида.
Ҳавода чанг тўзар эсаркан бўрон,
Атрофим ним тийра, қуёш йўқ бунда.

Кулбамда май ҳукмрон, яшарман пинҳон,
Гулларда кутяпман ўзга баҳорни.
Нари кетинг, севгум илоҳни ҳар он,
Ердаги уйқунгиз менга ёт орзу.

Нари кетинг, дайди ҳамда маъбудлар,
Мен гуллайман ҳали сўнгги кунда, ҳа.
Менинг орзуларим – муқаддас кишвар,
Менинг муҳаббатим – гунг қотган соя.

* * *

Менсиз уйқуларинг кетарку учиб,
Худди исталмаган мавҳум фалакдек.
Хотирлагин тунги манзилларни хўб,
Осойишта кўшкда, ўғлонгинам, лек.

Игнатиш заминда яшайман, алҳол,
Ўз кўшкимда эса кечади куним.
Овутаман сени, келгин, кела қол,
Бағримга босаман ўчгунча уним.

Қорли кунда кетдим қайтмасман изга,
Қаҳратоннинг қаҳри зилдан зил, бироқ.
Оловранг уфқнинг чегарасида,
Исмим муҳрладим, ўғлоним, у чоқ.

* * *

С.Соловьевга

О, мавҳум, кундузги соялар шошгай,
Юксакда қўнғироқ саси жарангдор.
Черков зиналари ёруғ нур сочгай,
Тошлари бедору, қадамингга зор.

Совуқ тошни босиб ўтасан бунда,
Мудҳиш қадимдаги каби кийиниб.
Қатъий қиёфада ғуборли кунда,
Балки баҳор гулин тутасан, тиниб.

Ўсмоқдаку мавҳум пушти соялар,
Юксакда қўнғироқ чорлови ҳоким.
Қадим зиналарда чанг ўнгиб ётар,
Қадамингни кутиб ёришар қалбим.

ХУДДИ ТУШДЕК ЎТАР ЁЗ КУНИ…

Худди тушдек ўтар ёз куни,
Уйқу босар олис қишлоқни.
Тушга кирар фақат ёз туни,
Ўйчанлигим бекитар оҳни.

Нафас олиб фикрлаяпман,
Қонталаш Ғарб нақадар соҳир…
Ушбу дамни хобдек севаман,
Шовқин куйга асло ҳуш йўқдир.

Қаршингдаман, ғусса тўла қалб
Ила ҳалок бўлгум муқаррар.
Чақмоқ куйи ваҳимали зап,
Чақнаши-чи ундан-да баттар.

ТУНДА, МОМАҚАЛДИРОҚДА

Тунда, гумбирлаган момақалдироқ,
Чақнаган булутлар нақ орасида,
Зулмат гўзаллигин бахш этиб бу чоқ,
Яшайди у чақмоқ қиёфасида.

Кўзни қамаштирган ўт шуъласида,
Чақмоқнинг чақнашин тинглаб беором.
Юнона бошқарган жанг аравасида,
Зуҳалнинг қошида яшайди мудом.

КУЗГИ КЕЧА ШУНДАЙ ҚАЙҒУЛИ…

Кузги кеча шундай қайғули – заъфар,
Кўзларини юмар эриб-да шафақ.
Ўрмон сукут ичра совуқда ухлар,
Тилларанг сайхонлик қўйнида барҳақ.

Кўллар хиралашиб сўнар олисда,
Лаҳзалар соясин нақ орасида.
Туйғусиз уйқуда қотиб қолар, ҳа,
Ғира-шира сўник ғам пардасида!

* * *

Ўтар ҳаёт, ўтар товуш, нур,
Атиргуллар дастаси сангоб –
Бари қалбга қўл чўзмоқдадир,
Саволларга изларкан жавоб.

* * *

Жуда узоқ кутдим, кеч чиқдинг, бироқ
Кутиш лаҳзасида жонланди руҳим.
Ним қоронғу аро кўз ёшсиз бу чоқ,
Диққатим жамладим қулоқ тутиб жим.

Илк бора аланга ёнганда қачон,
Самога юксалди оловли сўзлар.
Музларку синдилар, сўнгги тош шу он
Қулади, юракни забт этди улар.

Қорли бўрондасан, ҳам гувиллашда,
Афсунгар саҳнага чиқди эшилиб.
Ва боқий дунёда, мангу овозда,
Черков гумбазларга кетди қўшилиб.

* * *

Бугун ёлғиз бординг, осуда,
Мўъжизангни кўрмадим аён.
У томонда – тоғлар ёнида,
Чўзилгандир игнатиш ўрмон.

Тоғ йўллари берди халақит,
Ўрмон ила чамбарчас ва зич.
Бир-бирига чиқавериб зид,
Йўл қўймади яшнашингга ҳеч.

* * *

У шундай навқирон, гўзалликда туғ,
Покиза санамдай мангу, дилрабо.
Дарёнинг аксидек сокин, ёп-ёруғ,
Эзилган қалбимга ўхшарди гўё.

Мовий олислардек беғаму дилбар,
Ухлаётган оққуш мисоли рўё.
Балки ғам-ғуссага ботган, ким билар,
Эзилган қалбимга ўхшарди гўё.

Муҳаббат ҳақида куйлаган дамда,
Шу қўшиқ кўнгилга бўлганди ошно.
Жўшқинлик қонимда берарди садо,
Эзилган қалбимга ўхшарди гўё.

ЭСКИ УЙЧА

Қор қўйнида бир
Эски уйчада,
Яшайди кампир,
Кўзи кўчада.
Тизза бўйи қор,
Набиралар шод,
Вақти чоғ, ҳушёр,
Чана тортар бот.
Яйраб югурар,
Кулишиб қувноқ.
Қордан уй ясар,
Янграр қўнғироқ.
Чор атроф бўйлаб,
Сингади куйи.
Қорли муз уйда,
Бошланар ўйин.
Қўллари музлаб
Уйига жўнар.
Кулишиб сўзлаб,
Севинчга тўлар.
Кампир боқаркан,
Жилмайиб такрор.
Уйча эрир – шаън,
Ҳовлида – Баҳор!

МАНА, СЕРСУВ ДАРЁ…

Мана, серсув шўх дарё,
Эримоқда оқ музлар.
Эркин нафас олар ёз
Совуқ сувдан, қизарар.

Мен жўшқин юрак билан,
Сархушман, ҳар не ёқар.
Кўкламгаку асирман,
Мовий сув тўлиб оқар.

Боқаман тантанавор,
Муз кўчар олисликка…

ЎТЛОҚЗОР УСТИДАН БОҚАР ТЎЛИН ОЙ

Ўтлоқзор устидан боқар тўлин ой,
Ажиб доирали, ўзгармас чирой,
Жимлик ичра ёғду сочадир.

Оқарарди гуллаётган ўтлоқзор,
Унда чўзилганча ётар тун бедор ,
Ҳаловатда жим мизғиётир.

Ваҳимали йўлга чиқдинг ўша он,
Тушунарсиз содир бўлди тўполон,
Ой остида юз берди , ахир.

Билсанг эди агар эрта тонгданоқ,
Туман орасидан чиқар қуёш, боқ,
Далаларга сочганича нур.

Ўшанда борурсан сўқмоқ ёқалаб,
Ўт-поя остида нурни орқалаб
Ҳаёт қайнар ва топгай ҳузур.

МОМАҚАЛДИРОҚДАН СЎНГ

Улуғвор гумбуру гумбир остида,
Олисда тинаркан момақалдироқ,
Уйғонган ўтларни эзар оҳиста,
Қайрилган поялар ранг сочар шу чоқ.

Сўнгги шамол эса ларзакор елиб,
Намхуш япроқларни олиб келар шод.
Ёрқинлашган қуёш шуъласи илиб,
Ям-яшил тупларни ярқиратар бот.

Борича ҳимоя қилувчи кучлар,
Ўзининг номаълум йўлида малул.
Табиатни айри тарзда жўштирар,
Ҳаётга қайтгин-да, гуллаб-яшнагил.

ҚИРҒОҚДАГИ ҚЎШИҚ СОВУҚ ҚОТДИ

Қирғоқдаги қўшиқ совуқ қотди бир,
Чағалайлар қорли даъватларидан.
Яна сукутда-ю мўъжизакордир,
Қорли булутларнинг эсишидан – шан.

ЁМҒИРДАН СЎНГ

Оқарган ёмғирлар-ла настарин ерга оғар,
Боғларда тўхтаб қолди булбулларнинг хониши.
Узлуксиз шилдираши эшитилар жаҳлдор
Суворий тошқин сойнинг – қорайиб тўлғониши.

Табиат-ку орзу қилган олтин ёғдуни кутар,
Гуллар нам юзларини кўтарар қуёш сари.
Ва яна боғларимни чўлғар бўйлар – муаттар,
Қушларнинг қичқириғин ёйганича илгари.

* * *

Мен совуқ кунларни кутаман,
Кўктус ғира-шира дамни ҳам.
Қалб музлади жаранглаб , бешан,
Келаман деб айтгандинг у дам.

Чорраҳада, олисда кутгил,
Одам гавжум бўлган йўлларда .
Улуғвор ер нафосати, бил,
Ҳеч вақт қалбда туғдирмас зарда.

Секин келиб жим чекинаман,
Юрагингда жаранглаб шунда.
Эшигингни сўзсиз чертаман,
Қишнинг ғира-шира кунида.

* * *

Ёруғ кечаларда чатнаб чўғдайин,
Кулранг само узра ой чиқар сузиб.
Мавҳум нафосат-да ёйилиб майин
Аксланар Невада, ўйларим тўзиб.

Сирли ўй-хаёллар рўёбини мен,
Мовий рангга бўяб, қувай рўёни.
Сизда меҳрибонлик ё пинҳонмикин,
Қизил ой, сиз сокин шовқин-суронми?..

* * *

Оқшом тугаб борар тўқ қизил, чўғли,
Хабарчи юлдуз-да, порлар ярқироқ.
Жар устида учди чинқириқ, йиғи,
Дунёга келганди Дева– чақалоқ.

Овози ингичка ва чўзиқ жуда,
Ўқнинг чийиллаши сингари аччиқ.
Улуғвор салафлар тушди ваҳмга,
Ҳам подшо, ҳам ўсмир, ҳам аёл очиқ.

Мўъжиза сеҳрига бўлганди байроқ,
Сув қўйган мисоли жимлик шу тобда.
Оломон ичида Иуда – олчоқ ,
Пайдо бўлди отда, совуқ ниқобда.

Ҳоқонлар ғам-ташвиш ўйида бежо,
Турли томонларга солганида жар.
Охир Искариот** лабларида, о,
Табассумни кўриб қайтди чопарлар.
___________
Дева* – Исонинг онаси Бибимариямга ишора.
Иуда Искариот (Яҳудо Ишқариёт) ** – Насроний динининг ўн икки ҳаворийларидан бири, Исога хиёнат қилган шогирди.

ЗАРҲАЛ ТУСГА КИРАР КУЗ ОЙИМ

Зарҳал тусга кирар менинг куз ойим,
Зарҳалланар ўйинг, қўнғироқ сочинг.
Ўйчан қарағайлар орасида жим,
Ишқ ҳақида куйлаб ёйгунг қулочинг.

Чўкаяпман ширин ўйлар қаърига,
Сен ўргатдинг ахир бўса олишни.
Эркалашу тунги наволар менга
Оташ тутар, унутаман нолишни.

Жўшқинману энди мангу бедорман,
Сенинг лаззат тўла қучишларингдан.
Нурли шафақ аро қуёшдай борман,
Порлайман чўққилар учларида ман.

ОЛТИН ВОДИЙ БЎЙЛАБ…

Сен кетасан, шаддод ва бебош,
Олтин водий бўйлаб илгари.
Турналарнинг сўнариб ювош
Олислашар қичқириқлари.

Чўққи узра қотар тошдайин
Олис товуш, қайғули овоз.
Тинмай чўзар ипларин майин
Ўргимчак ҳам тантанавор боз.

Оқ толалар орасидан-да,
Қуёш нури йилтирар – олтин.
Бўм-бўш уйнинг деразасига
Парвонадай урилар ёлқин.

Хўп ясанган гўшангасига
Куз қуёшни қайтарди, ҳайҳот,
Ҳа, йўқолган умидлари ва
Илҳом завқин йўргаклади бот.

ЖАЛАДАН ОЛДИН

Шафақ ёнди сўнгги бор ял-ял,
Кун қутулди қора булутдан.
Хайрлашув лаҳзаси маҳал,
Булут чети чўғланди ўтдан.

Ҳув номаълум олисликларда,
Ваҳимали тундлашар осмон.
Соқов чақмоқ қилиб-да зарда,
Довул билан келди беомон.

О, кутарди ер тилдан қолиб,
Ўтиб кетди гумбирлаш шу дам.
Дарахтларни учдику олиб,
Олис само зириллашин ҳам.

Гўё дунё – чақмоқ ўлжаси,
Қорачиқлар кенгайди тиниб.
Шамол тунда етказди рости,
Илк жаланинг кўз ёшларини.

ТОҒДАГИ ЖАРЛИККА…

Тоғдаги жарликка энишим билан,
Воҳаю ўрмонга тушди нигоҳим.
Сабр-қаноатли орзуларимдан,
Осмон чарақлаб-да, нурланди оҳим.

Юлдузлар йўлидан йўл олиб тунда,
Ул қуёшли ёрқин кунларим ўтди.
Тоғлару жарликлар устида бунда,
Оловда димланиб ҳаётим битди.

Тоғдаги жарликка тушган жойимда,
Водийу ўрмонлар боқди ишвакор.
Саботли орзулар жонлантирди, ҳа,
Марҳумнинг олдинги ҳаётин такрор.

ЁЗ КЕЧАСИ

Шафақнинг қирмизтус сўнгги нурлари,
Заъфарон занг янглиғ далада ётар.
Ўртада ўрилган ўт-ўлан бари
Пушти мудроқ босган – ипсиз тўр отар.

Шамол йўқ, қушларнинг чағиллаши ҳам,
Дарахтзор устида – ой гардиши ол,
Ўроқчи аёлнинг қўшиғи бу дам,
Кечки сокинлик-ла сўнмоқда беҳол.

Унутгил ғам-ғусса, қайғуни сўзсиз,
Майлига мақсадсиз от чоптириб кет.
Туманли бепоён ўтзорда ёлғиз,
Тун ва ойга пешвоз чиқ-да, уйга ет!

ҲАЁТ МИСОЛИ ДЕНГИЗ…

Ҳаёт мисоли денгиз – довулга онабоши,
Кемани чайқатади, сергак-ла кузат, инсон.
Зулматли тун қучганда хавфсираб бошқар рости,
Сўнгги умидни изла – нажот топарсан, инон.

Агарда эй сен инсон кўрмасанг тун якунин,
Ва денгизда лангарсиз адашган бўлсанг, ҳайҳот.
Ўйлаб ўтирмай совуқ денгизга ташла ўзинг!
Кема чўкса-да сени тўлқинлар этар озод!

* * *

Тоғ бағрида нола чекаётир най,
Уйқу сайилгоҳи узра тун узун.
Узун тун чеҳраси ёришар ойдай,
Ўзим билан қизнинг сиймоси – фусун.

Най фарёди сира толиқмас, эзгин,
Куйлагай: “Яшамоқ– ҳаёт бўсаси”.
Қизнинг сиймосику севимли, лекин
Нақадар ёқимли севги қиссаси.

* * *

Мен – Ҳамлетман, совийди қоним,
Гар тўқишса маккорлик тўрин.
Юрагимда илк севги ҳоким –
Асл олам маёғин нури.

Офелиям менинг, эҳ сени
Совуқ ҳаёт кетдику юлиб.
Ўлаяпман, жоним, оғули
Шамшир тиғи ила санчилиб.

ЁМҒИР ЁҒАЁТИР КЎЧАДА…

Ёмғир ёғаётир кўчада беғам,
Нега ачинишни билмайсан, илло
Йиғлашни истайсан зерикканинг дам,
Кучингни нимага сарфлардинг, о.

Бетуғён гупирар дилда ғам-ғусса,
Хаёлингдан кетмас аланга сира.
Қани тутантириқ қилайлик эса,
Пуфлаб ёндирамиз самоварни-да.

Бу бош оғриғими балки чойдандир,
Неларни ғўлдирар вайсақи тилим.
Қувноқ кайфиятни ёндирди беқўр,
Мудроқ босган мовий кўзларинг-да жим.

Қадрдон тартиб бу вафо учун рост,
Шошилмай яшашга умидвор, балким!
Қайноқ сув аритса ғам-ғуссани, о,
Умид-ла ютоқиб ичаман қалбим!

МАЙСАЗОРГА

Олислардан кўзга ташланар ўрмон,
Этагини тутган мовий само ҳам.
Қорайиб кўринар уйқули ёбон,
Ҳамда шудгорланган ер тарам-тарам.

Майсазорда янграр болаларнинг шўх
Жарангос овози, титрайди ҳаво.
Баҳор келар, албат, тутиб яшил туғ,
Ўзи қаердайкин? – ул зангор наво.

Тингла, эшитилар жарангдор овоз,
Баҳор эмасмикан? Юракни ёққан.
Йўқ, йўқ бу жарангли, ингичка шўх соз –
Жилғанинг куйидир, шилдираб оққан.

ҚИШ ШАМОЛИ ЎЙНАР…

Қиш шамоли ўйнаб тёрн* билан,
Шамга урилар-да шуъласин тўзар.
Хушторинг ёнига кетдинг кулиб сан,
Мен эса ёлғизман, ўйларим бўзлар.

Сажда қилмоғингни билмайсан кимга,
Ҳазилу ўйинга йўяман барин.
О, тёрн, юракка санчилгунг тунда,
Уйга қайтар чоғим шамширдай тағин.

Хайрият, бахтимга тутасан қулоқ,
Дераза ёнида сени кутаман.
Унинг хаёлида ёнасан, бироқ
Барибир, дардингни мен сир тутаман.

Юрагингда не бор хира тортган ул,
Менинг сукутимда аёндир бари.
Ва қачонки сендан воз кечганда у,
Фақат менга изҳор қиласан дардинг.
___________
Тёрн* – меваси майда, олхўрига ўхшаган бўта ўсимлик

* * *

Уйғонаман туманли тонгда,
Урилади юзимга қуёш.
Сенмисан мен кутган жонона,
Остонамда пайдо қаламқош?

Ланг очилар дарвоза кенгроқ,
Ширин ифор ёйилар ҳар ён!
Қўшиқлар ҳам бунчалик қувноқ,
Янграмади анчадан буён!

У билан тонг туманли аён,
Юзим сийпар қуёш ва сабо!
Ардоқлидир мен кутган жонон,
Эшигимда бўлган он пайдо!

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси

СИРЛИ КЕЧА

Баҳор сўқмоғида ғаройиб кўшк бор,
Ўмбалоқ ошади шамол телбавор,
Олтин қўнғироқлар янграр жарангдор…

Остонада бир зум тин олди бир қуш,
Эшик ҳалқасини излади сархуш,
Кўзгуда акс этди ажойиб бир туш…

Ва парвоз этди у кенгликлар узра,
Эриб битаётган қор ҳовурида
Ғамгин ўрмонлару дараларгача…

Ҳув, ана, кўринар ажиб қайинзор,
Бир отахон қайин шохини эгар.
Ёй ясаб, қизиқ бир режасин кўзлар…

Тўбичоққа миниб қичқирди яйраб,
“Эй гўзал, кел яшил сочларинг тараб,
Соғинчдан эзилдим йўлингга қараб” .

Бужир бармоқларни силади тўлиб,
Майсазорлар сарин турар чайқалиб,
Ўрмон жилваланди туман оралаб…

Чексиз инзорлик кечганди дилдан,
Илоҳий сеҳрга эврилди бу олам,
Афсунгар топишди Баҳорой билан…

ИШОНЧ

Баҳридан ўт барча ижодинг,
Юз ўгир сен аҳли оламдан.
Ҳавас учун тикма нигоҳинг,
Ибодат қил, сўра Эгамдан…

Беҳаловат бўлса юрагинг,
Илҳом парисидан қоч нари.
Ақлинг билан эшдир тилагинг,
Ахир, йўлдан оздирар бари.

Бироқ, айтгин, моҳият недир,
Қандай синов йўллар Худойим?
Ишққа ташна дилларни ёндир,
Ўз қалбингга ишон сен доим!

ИРОДА

Сен ўлимдан қўрқма, дадил бўл,
Хусумат ҳам дўстлик ҳам ўтар.
Иймонингни сақла, покдил бўл,
Шунда Шайтон наридан ўтар.

Унинг ўзи қошингга келар
Етганида вақти, соати.
Тавозе-ла ишора берар,
Озод бўлгунг, дейди абадий.

Сен ва Ўлим – узилмас занжир,
Яратганнинг иродаси бу.
Ундан қочма, яқинроқ келгин,
Сен қўрқувдан бўласан устун…

СЕВГАН ҚАЛБ

Сиз йўлимда пайдо бўлган дам,
Ҳаётсевар ва гўзал эдингиз.
Бироқ жуда ҳорғин кўринардингиз.
Ғам-қайғудан тинмай сўзлаб,
Ўлим ҳақда ўйлашингиз,
Ҳеч кимни севмаслигингиз
Ва ўз ҳуснингиздан нафратланишингиз
Борасида айтиб бердингиз…
Нима бўлди ўзи?
Сизни хафа қилдимми?
О, йўқ!
Ахир, мен зулмкор эмасман,
Ёлғон ва кибрни ҳам хушламам асти.
Шунчаки кўп нарсани биламан.
Болалигимдан кўп хаёл сураман,
Ва ниҳоят…
Ўзи билан овора инсонман.
Ахир, мен – ижодкорман,
Ҳар нарсани ўз номи билан атагувчи
Гуллар ифорига ошуфта қалбман.

Қанчалар сўзламанг қайғу-ҳасратдан,
Қанчалар мулоҳаза қилманг
ибтидо ва интиҳо тўғрисида,
Барибир мен сизга
ўн беш ёшни раво кўраман.
Чунки сиз оддий бир инсонни севиб қолгансиз.
У эса замин ва само шайдоси,
Қофияли ва қофиясиз мисралар битгувчи
Муҳаббатга лиммо-лим юрак соҳиби…
Очиғи,сиздан ғоят миннатдорман мен.
Ахир, фақат севганларгина
Инсон деб аталишга лойиқ кўрилар…

* * *

Ой чиқди. Сершовқин ва гавжум шаҳар.
Йироқда гумбурлар, сочилар ёғду.
Бизнинг ўртамизда бор гўё жоду,
Бениҳоя сокин порлар лаҳзалар.

Аланга олсайди жонбахш бу туғён,
Ёниб-ўртансайдик дийдор онлари.
Суҳбатимиз бундай кечмасди, инон,
Тусланмасди қалбинг ҳаяжонлари…

Наҳотки, алам бор дардли кўнглингда,
Бахтимизни бундай чўчитма, эркам.
Нечун бепарвосан, зорман кўйингда,
Бу онларни эслаб юрмайлик дилтанг…

* * *

Эринчоқ ва оғир сузар булутлар,
Самонинг ҳаворанг шарорасида.
Биламан, йўлимда азоблар кутар,
Ўрмон ичра узлат ҳарорасида.

Толиққан тулпорим пишқириб қўймас,
Қайда мен излаган манзил чироғи.
Олис-олисларда чангалзор ичра
Бир қўшиқ янграйди куйдирар оҳи…

Агар бу хиргойи тўхтаса гўё,
Мен ҳам унутаман нафас олишни.
Дафъатан йиқилар отим ҳам гўё,
Даргумон манзилга етиб боришим.

Эринчоқ ва оғир сузар булутлар,
Ўрмонни қуршайди беҳаловат ҳис.
Биламан, йўлимда азоблар кутар,
Бироқ, ҳамроҳим бор – қўшиғим ёлғиз.

* * *

Бутун умр кутдим,
Кутишдан толдим.
Жилмайдим, тиз чўкдим кези келганда.
Лолман бу дам сочдек таралиб сокин
Елкаларим узра зулмат чўмганда.

Гарчи биз кутгандек эмасдир тўкис,
Дунёга бепарво боқмоқлик хато.
Ахир, айтишади яшаманг беҳис,
Умид қилаверинг маҳшаргача то.

Шу тобда қулоққа чалинади най,
Шоир куйлар ғамгин қўшиғин яна.
“Бегона бешикни тебратгин атай,
Меҳринг бер, ёқимсиз ўзга болага”.

Мен ҳам шу ердаман тақдир ҳукми-ла
Ойболтадек ўткир ғазабим, шоним.
Лек, қўшиғим куйлаб таъзим қилганча
Савдо қилгум кезиб дунё бозорин.

Ишонгум тақдир ўз ёзуғин йўллар,
Ва сенинг қудратинг чексиздир бешак.
Рангпар руҳим содиқ итдек суйкалар,
Оёғинг остида занжирбанд қулдек.

О, мана ниҳоят кўрсатди рўйин,
Учрашдим мен сирли қиёфа билан.
Унинг номин айтиб нафас олсайдим.
Яшасайдим мангу ҳамроҳим-ла шаън.

Орзулар… ҳаётда тушдек кечасиз,
Оғулаб изма-из қалбни, умрни.
Беҳуда сафсата, онтлар ичасиз,
Қани ўзгартирсам дейман барини.

Яшаш ўзи қизиқ, қизиқдир билмоқ,
Илло, ой остида барчаси кўҳна.
Ўлик руҳга ҳаёт бахшида этмоқ,
Сўз қудрати билан кечган мўъжиза.

Не сўзки онгимга оқди нур бўлиб,
Уларни шарҳ этдим қалбимга доир.
Мисраларим ўқиб, аста жилмайиб
Қабртошим ўйиб ёздилар: “ШОИР…”

* * *

Кўҳна топишмоқдек ўтмоқда умр,
Унут сўзларимни шивирлаб сирли.
Хўрсиндим, қалбимни тирнади недир,
Қай бир орзулар-ла ёндим арзирли?

Хўрсиндим, тин олдим чорраҳаларда,
Далалар, ўрмонлар оралаб бир-бир.
Ҳаттоки поёнсиз кенгликларда ҳам
Самога талпиндим тўлғониб оғир.

Қисқа фурсатларда эсладим яна
Ғўр болалик даврим, ўсмирлигимни.
Кўз илғамас ўша баландликларда
Олтиндек товланган шўх-шаънлигимни.

О, баҳор, сўзлагин дилда ғам недир,
Қайси орзулар-ла ёндим арзирли?
Эски топишмоқдек ўтмоқда умр,
Унут сўзларимни шивирлаб сирли…

НОТАНИШ АЁЛ

Оқшомлари ресторан узра,
Кезиб юрар оғир, гунг ҳаво.
Эшитилар мастона сўзлар,
Хира тортар баҳорий маъво.

Олисдаги хилват кўчадан
Соғинч бўйин таратар бир сас.
Ва… пишади олтин кулчалар,
Болакайлар йиғиси элас…

Ҳар оқшомда кўтарма ғовдан,
Ўтиб борар ҳарбийлар илдам.
Кўл бўйида кезганча шодон,
Хонимлар-ла сўзамол, хандон.

Ғичирлаган эшкак қулоғи,
Тарқатади аёлчан товуш.
Само узра йўқдир адоғи
Айланади беўй бир гардиш.

Шундай кезлар ҳамроҳим ғариб,
Акс этади шиша қадаҳда.
Тахир шаробимни кўтариб,
Тавозе-ла турибман мен ҳам.

Шундоққина қўшни столда
Уйқусираб ўтирар қарол.
Сузилганча маст хонимчалар
Қичқиришар: “Ҳақиқат-завол…”

Ва ҳар оқшом, белгиланган пайт
(Ёки кечмакдами бу тушда).
Бир навниҳол акси ойнада,
Туман ичра сирғалар қушдек.

Аста-секин ўтиб борар у
Одамларни оралаб ёлғиз.
Дераза ёнига чўкару
Ва олади чуқур бир сўлиш.

Уфуради қадим бир ихлос,
Унинг ипак ёноқларида…
Соябонин патлари бехос,
Қучар инжа бармоқларидан.

Кишанланган каби боқаман,
Илло, қалбда самовий ҳис бор.
Оҳ, қанчалар мовий бу соҳил,
Айтгим келар сўнгсиз бир изҳор.

Оғир синов юкламиш тақдир,
Бироқ, қалбда қуёш шуъласи.
Бутун қалбим азобга шайдир,
Ва чайқалар шароб жилваси.

Ақлим лолдир, юракда ғулу,
Сархушдирман иноятингдан.
Тангрим, дилда ғунчалар кулар,
Умидим бор марҳаматингга.

Минг шукрким, ишқ бердинг бекин,
Бу туҳфангдан бўлдим мажнунҳол.
Тўғри айтдинг, ширакайф дўстим,
Гарчи ишқ – ҳақ, ҳақиқат – завол!

Рус тилидан Мухтасар Тожимаматова таржимаси

СКИФЛАР

Панмўғулизм! Қандай қўрқинч бир садо,
Менинг қулоғимга хуш ёқар аммо.

Владимир Соловьёв

Сизлар – милён-милён, бизга йўқ рақам,
Солишинг гар сизда куч бўлса, қудрат!
Ҳа, биз – скифлармиз! Осиёлик қавм,
Қийиқ кўзларимиз қўрқинч, оч-офат.

Аср сизга аср, бизга бир лаҳза,
Текин хизматкормиз сизга ҳар қачон.
Биз ўртада қалқон тутдик ҳамиша,
Мўғуллар бир тараф, Оврупо бир ён!

Асрлар, асрлар оловида чин
Қуйдингиз қуроллар қабоҳатини,
Ёввойи чўпчак деб билдингиз лекин
Лиссабон, Мессини ҳалокатини.

Юз йиллар Шарққа кўз тикдингиз илҳақ,
Дурру гавҳаримиз бўлди сизга тан,
Фурсат келиши кутдингиз фақат
Бизга ўқ узмоққа замбараклардан.

Мана, фурсат етди, кулфат очиб юз,
Қанот қоқар, алам зиёда ҳар он,
Аммо кун келади, унда шубҳасиз,
Пестумларингиздан қолмагай нишон.

Эй сен, кекса дунё! Тириксан, омон,
Ширин азоб ичра яшарсан ҳали.
Сфинкс қошида тўхта бир замон
Заковатли подшо Эдип сингари!

Россия – сфинкс. Қувониб, куйиб,
Ва қора қонига ботиб шу палла,
Сен томон термилар, термилар тўйиб,
Ҳам нафрат ила, ҳам муҳаббат ила!

Йўқ, севги эмасдир сиздаги сезги,
Биздек севолмайсиз, беролмайсиз тоб,
Унутдингиз, бордир дунёда севги,
Ки ўртаб куйдирар ва айлар хароб!

Биз севамиз совуқ рақамлар тафтин,
Илоҳий рўёлар сафосини ҳам,
Англаймиз галл фикри теран ҳикматин,
Олмонларнинг хомуш даҳосини ҳам…

Парижнинг дўзахдек кўчалари-ю
Салқин Венеция тароватларин,
Барини эслаймиз, лимонзор боғлар,
Кёльннинг булутдек иморатларин…

Биз танни севамиз, таъми, ранги-да,
Оғир нафаси-да хушдир, билсангиз.
Айбдормизми, бизнинг нафис қўлларда
Қарсиллаб синарса суякларингиз?

Жиловидан тутиб асов отларни
Бўйсундириб миниш – бизга ҳеч нарса.
Ўжар канизаклар, паризодларни
Кафтга қўндиришни биламиз роса.

Келинг биз тарафга! Қўйинг урушни,
Келинг бизнинг сокин қучоғимизга!
Қинига жо этинг эски қилични,
Оға-ини бўлинг, дўст бўлинг бизга!

Магар йўқ десангиз, бизга нима ул?
Бузуқбошлик келур бизнинг-да қўлдан.
Асрлар, асрлар – лаънат ўқилур,
Лаънат ёғар сизга бемор наслдан.

Гўзал Оврупонинг кўзи ўнгида
Чексиз ўрмонларга оламиз ўзни.
Қайта юз очамиз, кўрасиз шунда
Осиёлик мудҳиш қиёфамизни!

Кенгиш майдон очдик, келинг Уралга,
Уруш карнайлари чалинсин баланд.
Пўлат машиналар интегралга
Тўлиб, саваш қилсин мўғуллар билан.

Биз сизларга қалқон бўлмаймиз энди,
Жанг аро тикмаймиз сиз учун жонни.
Ўша қўрқинч, қийиқ кўзлар-ла худди
Тамошо қиламиз қону қиронни.

Қўзғалмаймиз, ёвуз, қонсираган хун,
Ўликлар ҳамёнин титса ҳамки то,
Шаҳарларни ёқиб, кул этса буткул,
Оқ танлар гўштини қовурса ҳатто!..

Сўнгги бор – эсни йиғ, эй кўҳна дунё!
Тинчлик, меҳнат ила эт ўзни эъзоз,
Сўнгги бор – чароғон дўстлик базмига
Чорламоқда сени бу бадавий соз!

НОТАНИШ

Оқшомлари ресторанлар узра
Иссиқ ҳаво ёввойи, бўғиқ,
Ва маст-аласт қичқириқлар ила
Баҳорий руҳ кезар ачимсиқ.

Узоқда, тўзонли кўчалар оша,
Мудроқ дала уйлар оша ҳамон,
Новвойхона томи йилтирар хира,
Бир бола йиғлайди ногаҳон…

Ҳар оқшом шлагбаумлардан
Нарида, дол қўйиб шляпаларни,
Эркаклар сайр этар хонимлар билан,
Гапга тўн кийдириб, авраб уларни.

Кўл узра эшкаклар ғижирлаши-ю,
Бир аёлнинг чинқироқ саси,
Осмонда юз очиб, сочади ёғду
Ярим ойнинг кумуш ҳалқаси.

Ҳар оқшом ягона дўсти азиз
Қадаҳимда акс этади хуш,
Тахир, сирли шаробдан шаксиз,
Худди мендек ширакайф, сархуш.

Хизматкорлар қўшни столларда
Уйқу босиб ўлтирар гурас,
Мастлар қуён кўзлари ила
Қичқиришар: “In vino veritas!”

Ҳар оқшом белгили соатда
(Ё тушимда кўраман буни?)
Бир санам қомати атласда,
Деразадан жазб этар мени.

Мастлар орасидан оҳиста ўтиб,
Ёнида кимса йўқ, ҳамроҳсиз,
Атру уфор, туманлар таратиб,
Дераза олдида ўлтирар ёлғиз.

Қадим ривоятлар уфурар шунда
Атлас, шоҳилардан ҳар сафар,
Мотам парлари бор шляпасида,
Нафис қўлларида узуклар.

Бир яқинлик тортиб кўнгилни,
Қора ниқоб оша боқаман шу дам.
Кўраман мафтункор соҳилни,
Ва мафтункор йироқларни ҳам.

Ажабтовур сирлар меникидур ул,
Кимнингдир қуёши берилмиш менга,
Тахир шароб сингиб жонимга буткул,
Ҳукми оташини жойламиш унга.

Туяқуш парлари эгилиб энди,
Миямда тебраниб турар ярқираб,
Тубсиз мовий кўзлар сочиб сеҳрини,
Олис бир соҳилда гул очар ажаб.

Хазина бор менинг қалбимда улуғ,
Калити ҳам мендадир фақат,
Сен ҳақлисан, шаробхўр махлуқ!
Шаробдадир асл ҳақиқат…

СОЛЬВЕЙГ

Сергей Городецкийга
Сольвейг чанғи учиб келар…
Ибсен. “Пер Гюнт”

Сольвейг! Келдинг менга чанғида учиб,
Табассум айладинг баҳор қучиб!

Фақир кулбам аро яшадинг ноқис,
Тошлар орасида ўтсиз, чироқсиз.

Яшил кўзларингни чақнатиб менга,
Боққан эдинг, олдим болтамни қўлга.

Асрий қарағайни қулатдим кулиб,
Баҳорим юз очди келинчак бўлиб!

Янги уйим узра
Энди ҳар лаҳза
Қарағайлар тўсмас мовий самони.

Бу осмон – сеники!
Бу осмон – меники!
Бекорга мағрур деб аташмас мени!

Мен ўрмончи эдим,
Дуо ўқирдим
Кўкка қулоч ёзган қарағайларга.

Сен келдинг, ёришди,
Қиш уйқуси қочди,
Баҳор гурросини сочди оламга.

Тинглаяпсанми, айт,
Болта садосин шу пайт?

Кўрмаяпсанми, шод, қувончли нигоҳ
Сенга тикилмишдир, сенга маҳлиё?

Тинглаяпсанми мени,
Қувноқ ўқшиғимни?
Дарахт кесиб, Сольвейг, куйлайман сени!

Ойболтам остида, мақтов айтиб жуда,
Новдалар тебранар кўкка етгудек.

Овозинг юксалур
Кекса қарағайдан ул,
Яшил баҳор қўшиғисан, Сольвейг!

ШОИРЛАР

Шаҳар чеккасида хароб маҳалла,
Ери зах, тупроғи ботқоқ, баттарин,
Шоирлар яшайди бунда, бир-бирин
Қаршилаб кибрли табассум ила.

Қуёш беҳудага чиқиб ҳар куни,
Шу ботқоқни буркар меҳру шафқатга,
Бу жойнинг одами ўз кундузини
Шаробга сарф этар, қора меҳнатга.

Маст бўлиб дўстликка ичишар қасам,
Валақлашар олди-қочдидан қанча,
Тонгга яқин қусиб, қамалиб маҳкам,
Ишлашади сўнгра ҳолдан тойгунча.

Инларидан чиқиб келишар кейин,
Денгизга боқишар шафақ ёнганда,
Кўчадан ўтгувчи зебо санамнинг
Олтин сочларига бўлишар банда.

Сўнг олтин асрни орзу этишар,
Ноширларни шиғаб сўкишар иноқ,
Кичиқ гул устида кўзёш тўкишар,
Мўъжаз булутчага чекишар фироқ.

Шоирлар яшайди шундоқ. Ўқувчи!
Ўйлаб кўр, уларда не савдо, самар,
Уларнинг турмуши, иши, хоҳиши
Сенинг турмушингдан ёмонми магар?

Йўқ, азиз ўқувчим, ўйлагин зинҳор,
Шоир бисотида ҳар тугул ҳар гоҳ
Булут бор, олтин соч, олтин аср бор,
Буларнинг бариси сенга нораво!

Сен ўзинг, хотининг ила шод, масрур,
Конституциянг ила бахтиёр,
Шоирга майхўрлик – жаҳоний сурур,
Қоида-қонунинг барчаси бекор.

Майли, итдек ўлай девор тагида,
Ҳаёт ерга қорсин мени бешафқат,
Худойим, қор билан кўмиб ўшанда,
Қуюн пешонамдан ўпади албат!

НАЖОТ ФАРИШТАСИ

Нажот фариштаси, севаман сени,
Сабабки, зулматда асрадинг мени.

Сабабки, нозанин келинчак эдинг,
Сиру синоатим барини билдинг.

Ки бизни бойлади тун ила асрор,
Синглимсан, қайлиғим, қизимсан, дилдор.

Сабабки, умримиз узоқ кўринди,
Сабабки, биз ҳатто эр-хотин энди!

Мен севганни сен севмаганинг-чун,
Фақир-фуқарони ўйлаганим-чун

Аҳил яшашимиз бу ҳолда гумон,
Ўлдирмоқ истайман, ўлдиролмайман.

Қуён юракларни, ёвуздир улар,
Мени ва халқимни таҳқир этдилар.

Турмага тиқишди асл эрларни,
Нотавон дейишди камситиб мени.

Сотиб олмоқ бўлар улар иродам,
Итдек итоаткор бўлишимни ҳам.

Сабабки, ожизман, бўйсунишга шай,
Боболарим қул бўлишган ҳар қалай.

Руҳим бўлмиш нозик заҳардин адо,
Қўлим кўтаролмас ханжарни асло.

Аммо мен севаман ожизлигим-чун,
Менга сунчиқдир қудратинг, кучинг.

Оловда тобланиб, қўрғошинланган,
Нарсани парчалаш қийиндир зотан!

Сен-ла тонготарга боқамиз тикка,
Сен-ла ўшал тубсиз қоронғиликка.

Қисматнинг биза зўр мукофоти бор,
Эркин инсонмизу, қулмиз ғазабкор.

Таслим бўл! Бўш келма! Тўхта! Ташлама!
Зулматми ё олов – олдинда нима?

Ким чорлар? Ким йиғлар: Йўлимиз қаён?
Ҳамиша биргамиз, бирга иковлон!

Ўлиб-тирилгаймиз? Ўлгаймиз ҳамон?..

КЛЕОПАТРА

Музейлар кетма-кет очилар ҳамон,
Бировлар очади уни эрмакка,
Биз эса, шаробхўр, сурбет оломон,
Борамиз… Тобутда кутар малика.

Ойнабанд тобутда унсиз ётар, жим,
Ўликмас, тиркмас, бир ҳолатда ул,
Одамлар шивирлаб айтар бетиним,
У ҳақда беҳаё гапларни нуқул…

Малика ётади чалқанчасига,
Абадий уйқуга ғарқ бўлиб тамом,
Илон унинг очиқ, мум сийнасига
Эринмай заҳрини тўкар беомон.

Мен ҳам шу қатор шарманда, сотқин,
Кўзларим атрофи кўкарган ҳалқа.
Келдим тобут ичра тин олиб, сокин
Ухлаган санамга назар солмоққа.

Томоша қилади сени ҳар кимса,
Тобутингда жондан бўлсайди асар,
Эшитардим унда неча бир дафъа
Чирик дудоқларнинг оҳини магар.

“Исириқ тутатинг. Кўминг гулларга,
Бундан кўп асрлар муқаддам, йироқ,
Миср ўлкасида эдим малика,
Энди мум ичраман, чирик бир тупроқ”.

“Малика! Мен сенга маҳлиё, мафтун,
Агарчи Мисрда қул эдим, ҳақир,
Насибамни қара, буюрмиш тақдир,
Бу юртда шоирман, подшоман бугун!

Тобутингдан боқиб, кўрасанми, айт,
Рус ҳам Римдек сенга маст бўлиб боқар,
Цезарь ва мен энди абадулабад
Қисмат қаршисида тенгмиз, баробар!”

Жим қолдим. Қарайман. Мени эшитмас,
Аммо эпкин эсиб кўксида кам-кам,
Олар ҳарир мато остида нафас,
Шивир-шивир сўзин илғайман шу дам:

“Бир замонлар эдим ҳар ишга қодир,
Энди-чи, асрлар, давронлар оша –
Ҳолимга кўзёши тўкади шоир,
Аҳволимга боқиб, кулар фоҳиша…”

СЕНИ УНУТГАНЛАР

Етишди соати. Шайланди замон,
Қилич ярқиради йўл очиб тикка,
Мен оломон ила йўл олдим ҳамон
Туманли манзилга, баланд кенгликка.

Йўлда неча довон, жарлик, чеки йўқ,
Халқ ҳориб, доҳийлар ҳолдан тойди ҳай,
Қаршимизда қора булутлар қуюқ,
Чақмоқ тилкаларди уларни тинмай.

Қўллар осилса-да ночор шалвираб,
Муштлар тугиларди шу ҳолларига,
Гулдирак гумбурлаб, болалар йиғлаб,
Аёллар ўранди рўмолларига.

Мен дағи чарчадим, қатордан кетдим,
Ортимдан эргашди неча бир одам,
Бошимизда осмон, кўринмасди дим,
Булутлар ортида эди қуёш ҳам.

Сарсон бўлиб юрдик, чекиб оҳ-воҳ,
Тополмай кулбайи вайронамизни,
Тунлар гулхан ёқиб, исиндик гоҳо,
Тақдир қалтиратди совуқда бизни.

Қанча йўл изладик, тортиб машаққат,
Бари зоеъ кетди етмай самарга.
Ушалмас орзулар берасан фақат,
Бу дунёда Сени унутганларга…

ОҚШОМ ЧЎКАР СОКИН, БЕСАДО…

Оқшом чўкар сокин, бесадо,
Қуюқлашар туман сув узра.
Тўлқинларда сирли бир нидо,
Бош кўтарар оппоқ бир кимса.

Сув париси чиқар денгиздан
Ва ёнимга келиб ўлтирар,
Ҳарир рўмол остида шу дам,
Кумушланиб, кўкси ялтирар.

Талпинади сўнгра қучгани
Ва бағрига босади маҳкам,
Қучаман деб бўғдинг-ку мени,
Эй денгизлар париси, санам!

“Мен бўғаман кўнглимни чоғлаб,
Қўлим кучли, чирмашур чунон,
Оқшом салқин, сени қучоқлаб,
Исинмоқчи бўламан шу он”.

Ой чеҳраси оқариб, сўлғин,
Осмон хира ташлайди назар.
Ёшланади кўзларинг нечун,
Эй денгизлар париси, дилбар?

“Кўзларимда қалқиб турар нам,
Кўзёш дема, кўнглим қувончи.
Мен денгиздан кўтарилган дам,
Иниб қолган тиниқ бир томчи”.

Оқ чорлоқлар қичқирар чанқоқ,
Тўлқин урар қирғоққа бошин,
Қалбинг нега титрайди мундоқ,
Эй денгизнинг гўзал сирдоши?

“Ғалатидир қалбим чинданам,
Титрашлари ажабдир албат,
Мен севаман сени, эй одам,
Муҳаббатдан яралган хилқат!”

* * *

Ҳаёт бахш этмоқчи ўз нафасидан
Келиб аввалгидек ул зебо санам,
Менинг абгор бўлган танимга чиндан,
Менинг шу кулбайи вайронамга ҳам.

Бошимда осмондек турди меҳрибон,
Мен унга жавобан шу оғриқ қўлим
Қимирлатолмадим ҳаттоки, гулим,
Мен сени қанчалар соғиндим дебон.

Нурсиз кўзларимни тикиб кўрдим, ул
Куйиб, ғам чекарди менга ҳар нафас.
Бизнинг орамизда йўқ эди буткул
На бир сўз, на иқбол, на ранжу араз.

Бечора қалб чарчаб, ҳорганди кушод,
Шунча йил, шунча ой, шунча кун магар,
Кечикканди қаро бахтимиз, ҳайҳот,
От суриб келса ҳам йўлда қанчалар.

Мен энди хастаман, дарди бедаво,
Хаёлим ўзга бир оламда бугун,
Қуёшли шафаққа боқаман мамнун,
Абадий тунданам қўрқмайман асло.

Абадият боқиб кўзимга бўйла,
Тиниб-тинчимоққа ўргатди мени.
Мовий туннинг муздек шабнами ила
Сўндирди ҳаяжон гулханларимни…

* * *

Ортимдан эргашиб бир аблаҳ гадо,
Судралиб келади одим ва одим.
“Пулинг қайда?” – “Пулим шаробхонада”,
“Қалбинг қайда?” – “Уни ўпқонга отдим”.

“Сенга нима керак?” – “Истагим шуки,
Мендек аён этсанг ўзни ҳар лаҳза.
Чидасанг, масхара этсалар, кулги,
Истагим шу фақат, бошқа ҳеч нарса”.

“Бошқалар ишига тиқма бурнингни,
Эргашма изимдан, нари тур, йўқол!”
“Азизим, иков деб ўйлама бизни,
Адашма, аланглаб атрофга кўз сол…”

Чинданам (бошимга солди не савдо!)
Теграмда бировни кўра билмадим,
Чўнтагимга боқсам, йўқдир ҳеч вақо,
Юрагимга назар ташлаб… йиғладим.

Рус тилидан Жамол Камол таржимаси