Афанасий Фет (1820-1892)

Таниқли рус лирик шоири, таржимон. Петербург Фанлар академиясининг мухбир аъзоси (1886). Унинг илк шеърлари “Москвитянин”, “Отечественные записки” ва “Современник” журналларида чоп этилади. Машҳур мунаққид В.Белинский “1843 йилдаги рус поэзияси” мақоласида Афанасий Фет тимсолида рус шеъриятига янги шоир кириб келаётганлигини эътироф этган эди. Фет нафақат бир-биридан гўзал шеърлар яратди, балки сермаҳсул таржимонлик фаолиятини ҳам олиб борди. У Гораций, Ювенал, Катулл, Тибул, Овидий, Вергилий, Марциалнинг шеърларини, шунингдек, И.Кантнинг “Соф ақлнинг танқиди”, А.Шопенгауэрнинг “Олам: ихтиёр ва ирода” фалсафий асарларини рус тилига маҳорат билан ўгирган.

* * *

Кўзин ўйнатиб мушукча куйлар,
Бола ҳам мудрар гилам устида.
Ташқарида-чи: бўронлар ўйнар,
Шамол чолади найни тинмасдан…

“Бас, етар бунда сенга ағанаш,
Ўйинчоқларни йиғиштиру тур!
Мен билан келиб аввал хайрлаш,
Сўнгра тезда ухлашга югур!”

Бола тез турди, мушук кўз очиб –
Уни кузатар, куйлаб тинмайин.
Деразага қор уюрма сочиб,
Бўрон эшикда чалади найин.

Ғафур Ғулом таржимаси

* * *

Куз нақадар совуқ ва қурғоқ,
Шол рўмолинг бошингга ўра.
Олов ёнар уфқда, мудроқ –
Қарағайлар оша бир қара!

Шимол туни – кўзинг порлаши
Хаёлимдан узилмас ҳеч чоқ,
Ёнган билан кўзинг оташи
Иситмайди қалбимни бироқ!

Шуҳрат таржимаси

* * *

Деразам олдида
Бир ғамгин оқ қайин,
Совуқнинг дастидан
Кийинган у қалин.

Узумнинг бошидай
Осилган шохлари,
Кўз қувнар боқишда,
Гўзал уст-бошлари.

Жимжима шафақ хуш
Ўзгартар тусини.
Кўнмасин бирор қуш,
Бузмасин ҳуснини.

* * *

Кеча ойдин, аёзли, ҳайҳот,
Қор ғирчиллар, чиқа қол сен ҳам.
Совқотмоқда шатакдаги от,
Ўз жойида турмас мустаҳкам.

Ўлтирайлик ёпиб ёпинчоқ,
Кеча ойдин, йўллар равондир.
Сен чурқ этмай, мен ҳам этмай чурқ
Йўлларимиз бош оққан ёндир.

Учқур чана қиш кечасида,
Ойдинликдир учар қор пуркаб.
Мен қалбимни очаман сенга
Ва сўзлайман битта-битталаб.

* * *

Мендан нари кетмагил зинҳор,
Мен билан қол дўстим, дўстгинам!
Мендан узоқ кетмагин зинҳор,
Сен-ла йироқ мендан ғам-алам…

Бир-бировга биздек яқинлик
Бошқаларга этмагай насиб.
Покизаю кучлик ва жонлик
Севмоқни биз билмаймиз, афсус.

Қошимда сен бўлолсанг ҳар дам.
Бошинг эгсанг гўё хору зор,
Йироқ қочар мендан ғам-алам,
Мендан нари кетмагин зинҳор!

* * *

Жим-жит кеча, юлдузли кеча…
Ой нур сочар титраб ва титраб.
Гўзалликнинг лаблари ширин,
Жим-жит кеча, юлдузли кеча.

Қизгинадир севги қувончи!
Юлдузлардир сенинг кўзларинг.
Осмонда ҳам, сувда ҳам ой бор,
Гўё қайғу ҳамда муҳаббат.

Юлдузларни севаман, дўстим!
Узоқмасман қайғудан ҳеч ҳам,
Севимлисан менга яна ҳам,
Жим-жит кечам, юлдузли кечам.

* * *

Қачонким нурафшон сочингдан ўпиб,
Қайноқ нафасимни кўксингга урсам.
Нечун сен ўзга қиз ҳақида тўлиб
Сўзлайсан висолдан бўлмасдан хурсанд?

Оқшом яқин, лекин қўрқмагин, эй қиз,
Сени ўраб олай ёмғирпўшимга
Ой туман ичида юлдузлар миж-миж,
Уларнинг биттаси ёқар ҳушимга.

Қалбимга ишонмай, майли, майлими?
Нигоҳим, ҳаяжон, сўзимни тушун,
Қайноқ бўсаларим тушун майлини,
Сен шошқин қизгина, ўзимни тушун.

* * *

Биз иков борардик хачирга миниб,
Бир текис ва қувнаб борарди хачир.
Индамай хиёбон ичра биз кириб
Борганда товланар эди нур бир-бир.

Қоронғу хиёбон ёришди нурдан,
Чироқ зулумотга айтди алвидо.
Ёндилар нур сочиб чироқлар бирдан,
Биз иков соялар қўйнида аммо.

Қўрқмангиз эй хоним! Мен борман бу чоқ
Хонимнинг қўлини олдим қўлимга.
Лабларим қўйганча узоқ ва узоқ
Бўса олдим қараб ҳисли кўнглимга.

* * *

Абадий бахтимиз ораси билсанг
Тугамас бўшлиқлар, бизгамас боғлиқ.
Қасам ичма менга, бўлмагин дилтанг,
Содиқлигинг сенинг мақтовга лойиқ.

Мен сени севаман ва эркалайман,
Сочларинг ажойиб, сочларинг қилвир.
Кўзларингда ишонч! Дейманки чиндан:
Ўзга ёр керакмас этгувчи дилгир.

Ёлғон сўз на ҳожат? Сўзлайлик бурро,
Керакмикан бизга мағрур кеккаймоқ?
Абадий бахтимиз ораси асло
Тугамас бўшлиқдир узундан-узоқ.

* * *

Қимир этмай турдим мен узоқ,
Юлдузларга тикилиб зордай.
Менинг билан юлдузлар аро,
Қандайдир бир алоқа бордай.

Ниманидир ўйладим – билмам.
Эшитилди сирли бир қўшиқ
Ва юлдузлар титради бир-бир,
Юлдузларга ошиқман, ошиқ.

* * *

Гулчамбаринг ғоят муаттар,
Унда бутун гуллар мужассам;
Кокилларинг гўзал жуда ҳам,
Гулчамбаринг ғоят муаттар.

Гулчамбаринг ғоят муаттар,
Қамаштирар кўзларни ғоят:
Севмаслигинг мумкинмас фақат,
Гулчамбаринг ғоят муаттар.

Гулчамбаринг ғоят муаттар!
Бахтга кўнгил жуда ҳам мойил,
Ёнгинамда қўшиғинг айтгил,
Гулчамбаринг ғоят муаттар.

* * *

Кўл уйқуда, қора ўрмон жим,
Сув париси чиқар бепарво.
Осмонда Ой оққушдай жим-жим,
Акси берар сувларга оро.

Балиқчилар кетди уйқуга,
Оппоқ елкан силкинмас ҳамон.
Гоҳ-гоҳ балиқ ўхшаб кўзгуга,
Ялтирайди кўл узра бу он.

Эшитилар шарпа овози,
Тун сукутин бузган сарсари.
Бузмаса ҳам булбул навоси,
Ўйнасинлар сув парилари.

БАҲОР

Самбиттоллар момиқ тус олди,
Ҳаммаёқда гул-гул самбиттол:
Яна баҳор муаттар бўлди,
Қулоч ёйди қувноқ ва хушҳол.

Оқ булутлар сузар осуда,
Ҳаммаёқда илиқлик ҳоким
Ва кўнгилга сингишиб тезда,
Элитади уйқулар муқим.

Ҳаммаёқда ранг турфа-туман,
Кўз қувонар боққанинг сайин.
Байрам қилар одамлар хурсанд,
Ҳаммаёқда хурсандлик, сайил.

Ҳаммаёқда минг-минг болалар.
Не бўлгани эмасдир равшан.
Саломлашар, йўқдир нолалар,
Ёқилгандай муборак гулхан.

Гўё ҳаёт негадир чанқоқ,
Ҳаёт тўлиқ истамасанг ҳам.
Ҳар бир юрак ичида чақноқ
Кезиб юрар кутилган кўклам.

* * *

Куз нақадар совуқдир, аммо
Мумкин қадар иссиқроқ кийин,
Қарағайлар устида гўё
Ёнғин ёнар, ўчирмоқ қийин.

Шимол тунин ёғдуси, жонон,
Ҳар қачон ҳам сенга яқинроқ.
Нур сочмоқда кўзлар нурафшон,
Улар мени истамас бироқ.

* * *

Қалб уриши, лаблар нафаси,
Булбул навоси,
Кумуш рангли сув ҳафсаласи
Жилға жилоси.

Тун ёруғи тунги шарпалар,
Узлуксиз соя;
Ўзгаришлар сеҳри қанчалар,
Пояма-поя.

Атиргулнинг ярқирашлари,
Сўзсиз имолар.
Бўсалар ва кўз ёшлари,
Тонгги иболар.

ОҲАНГ

Қандайдир товушлар янграйди,
Ёстиғим, қулоғим қошида.
Фироқдан далолат беради.
Титрайди севги-ла ошуфта.

Ой, йиллар ўтди-ку! Кўп замон
Ҳисларга берилмас эди дил…
Энди қалб дард ила андармон,
Ёзилмас ундаги дард чигил.

Менимча не бўлди? Янгради
Охирги эркалаш оҳанги.
Кўчада чанг-тўзон тўзғиди,
Арава ғириллаб ўтганди.

Фироқнинг оҳанги ошуфта,
Беҳуда ҳазилга мойил ишқ.
Ёстиғим, қулоғим қошида
Қандайдир товушлар тўлар лиқ.

ЧЎЛДАГИ ОҚШОМ

Булутлар қизариб турар осмонда.
Далалар шудрингдан эрка ва гўзал.
Сўнгги аравакаш ошиб довондан
Йўқолди чанг-тўзон кўтариб бу гал.

Ҳеч ерда кўринмас бошпана, айвон,
Олисда на бир чўғ ва на қўшиқ бор.
Ҳаммаёқ денгиздай сўнгсиз, бепоён
Жавдарзор тўлғонар куйлаб беозор.

Булутлар ортидан ой боқиб аранг,
Хирароқ нур сочар кундуз кунгидай.
Қайдадир бир қўнғиз ғинғиллар тажанг,
Ёввойи куч учди қанот силкитмай.

Экинзор далалар тилла тусларда
Сайради бедана кайфлари хушдай.
Тинглайман, шабнамлик дала-тузларда
Сайрайди қушчалар ярим товушда.

Синчков кўз алданар ним қоронғуда.
Кечқурунги салқин тушмоқда бу дам.
Ярқирар оймома, юлдузлар кўкда
Дарёдай ярқирар каҳкашон йўл ҳам.

ЖЎКА ТАГИДА

Жўка ости мақтовга лойиқ,
Жазирама етмас бу томон.
Бошим узра осилган ёйиқ
Елпиғичлар елпир ҳар замон.

Узоқларда иссиқ ва сароб,
Мудрагандай туюлар ҳаёт.
Жазирама у ерда сероб,
Чигирткалар сайрашар, ҳайҳот…

Мовийланар осмон бир пасда,
Тутун мисол кўринар осмон.
Булутлар ҳам сурилар аста,
Хаёлингда жамлангансимон.

ХОНАНДА ХОНИМГА

Қалбимни олиб кет узоқ-узоққа,
Чакалак ортида қолган фироққа.
Ушбу овоз, қайноқ кўз ёш устига
Нур сочиб муҳаббат ярар ҳуснига.

Кўринмас мавжларни оралаб ҳар он,
Хонишинг сеҳрига маст бўлмоқ осон.
Сувларнинг кумушранг мавжларида нақ
Юксакка сузаман оққушдай мутлоқ.

Узоққа таралар овозинг — оҳанг,
Гўёки тун кетиб келгандайин тонг.
Гўё қайдандир келгандай овоз
Оҳангдор бир овоз, жавоҳирдай соз.

Қалбимни олиб кет узоқ-узоққа
Чакалак ортида қолган фироққа.
Тушаман кумушранг мавжларда йўлга,
Гўёки липиллаб турган бир кўлка.

Азиз Абдураззоқ таржималари.

* * *

Бугун кўкда юлдуз кўп ёрқин,
Ҳаво ранг оловлар порлайди.
Сен  ёнимдан жимгина ўтдинг,
Нигоҳларинг мени кўрмайди.

Нега безовтасан, эй юрак,
Ҳайиққанинг сезди-ку кўксим?
Совуқ танда бу иссиқ урмоқ
Юзга берди тонгнинг нафасин.

Тун бўйи кузатдим милт-милтни,
Порлашлар ёруғроқ ва майин.
Сукунат – чўғ, жунжитар этни,
Сеҳрланар билганим сайин.

* * *

Тўлқин-тўлқин булут оқар,
Узоқларда тўзон турар.
Отлими ё пиёдами
Бари чангга ботиб борар?

Ана учар бир чавандоз,
Абжир отда, эпчил отда.
Ҳей, олисда қолган дўстим,
Мени ҳам гоҳ олгин ёдга.

* * *

Боғ нур ичра
Кеч оловда
Кўнглим ёришган – хушвақтман ҳар ҳолда.

Мана турибман,
Мана юрибман,
Гўё бир сирли хабарни кутган бўлиб ман.

Бу тонг,
Бу кўклам
Ақлинг-ку етмайди, лек, тоза, кўркам.

Бахт бутунми,
Ростми йиғларим,
Сен – менинг барака, роҳат сирларим?!

* * *

Севаман кўп нарсаларни
Юракка яқин олган,
Фақат
Гоҳ-гоҳида севаман.

Энг аввало,
Кўрфаздан ўтишни.
Шунчаки,
Эшкакнинг
Хушоҳанг маромин унутиб,
Бичирлаган кўпиклар кўпчишин,
Ортга қараб-қараб қўйишни –
Кузатишни –
Анча узоқ кетдимми,
Яна қанча қолди манзилга,
Кўринарми милтиллаган шуълалар?

Баъзан,
Кичик-кичик оролчаларда
Кўзга ташланиб қолар
Ҳаяллаган балиқчилар ёғдуси,
Менга доим яқин туюлар
Биргина афзаллик.
Қизил кўзли қуён севгандай,
Мафтункор оққушлар ҳар баҳор
Парвоз қилар бўйнини чўзиб,
Қанотларин керишиб,
Айланиб қўнишар сокин сув узра.

Жар бошида қисилиб,
Шохларини тараб, ювиб,
Йирик баргли қайин ўсмоқда,
Бу маконда
Азал-азалдан яшаб келар булбул.
У ҳар тонг куйлар,
Баъзан-баъзан тунда ҳам,
Қачонки,
Ой ҳийлакор
Кумуш нурин
Баргларга,
Тўлқинларга ёйганда,
Жим туролмас,
Куйлайверар
Баландроқ, баландроқ.

Шунда,
Ғалати фикрлар келар ақлимга:
Нимадир бу –
Ҳаётми, туш?
Бахтлиманми
Ёки бу алдов?
Жимлик,
Жимликдан жавоб йўқ.
Ненидир шивирлар
Ортда қолган майда тўлқинлар.

Йўл босилди,
Эшкаклар миқ этмас,
Тип-тиниқ осмонда
Чарақлашни бошлар юлдузлар.

* * *

Жойимдан жилмасдан мен узоқ турдим,
Олис юлдузлардан узолмадим кўз.
Мен ва юлдузлар. Ўртамизда хаёлот юрди,
Қандайдир боғлиқлик кўрсатгандай юз.

Ўйлайман. Унутаман ўйларим.
Бир сирли жўр овозларни тингладим
Ва кейин юлдузлар титрай бошлади,
Шу ондан уларни севдим – билганим.

* * *

Кутаман, оламан кўз ташлаб,
Интизор ўтириб сўқмоқда.
Келарсан, шу боғдан йўл бошлаб,
Ваъданг бор, интиқман кутмоққа.

Ўзича чивин ҳам минғиллар,
Япроқча узилар ва тушар.
Товушлар кенгаяр, улғаяр,
Тунги гуллар каби у яшнар.

Худди, торни узиб юборар
Қарағайга отилган қўнғиз,
Бўғилиб шеригин чақирар
Қизилоёқ қўнаркан шу кез.

Сокин ўрмон кўланкасида
Ухлаяпти ёш-ёш буталар.
Кўклам ҳидин тарар осуда,
Сен келаяпсан, оҳ, гўзал дилбар!

* * *

Ой ҳовуримни босар
Жазирама кундан сўнг –
Кўксимда гул барг ёзар
Омадим келгани ўнг.

Бу қандай бахтдир – севдим,
Шу гулга менман посбон.
Хурсандманки, мен сени
Бировга билдирмасман.

Кўрмайсанми, шошаман
Хира тортган ул боққа.
Ва ҳар ерда жўшаман
Бўй таратиб димоққа.

* * *

Ухламагин, кун чиқар, қара,
Келдим бир жуфт атиргул бирла.
Шабнам – кумуш кўзёшлар аро
Порлаб, ором беради нурлар.

Кўклам чоғи, чақин-чақмоқлар,
Соф ҳаво, илк япроқ, тугунлар.
Жимгина кўзёши тўкмоқда
Ёқимли бўй  таратган гуллар.

Рус тилидан Рауф Субҳон таржималари

* * *

О, ажойиб манзара,
Қандайин дилтортар жой:
Бу оппоқ текисликлар,
Бамисли тўлишган ой.

Юксак осмон рангида,
Ялтирар қорлар титроқ.
Чанада олисларга
Кетгим келади йироқ.

* * *

Ф.И.Тютчевга

Баҳор ўтган – қорайган ўрмон,
Маъюс анҳор, хафақон толлар;
Қуёшдан-да баландда осмон,
Шамол сўраб инграр ниҳоллар.

Ялангликда у таниш омоч,
Кутар эга, саботли меҳнат;
Қатқалоқда отганча қулоч,
От ва кўнгил этар итоат.

Аммо бир кун бу хилватгоҳда
Уйғотади куйчи баҳорни;
Қўшиқларин ёйиб атрофга,
Куйлатади тунда анҳорни.

Қандай ширин: камтар, заҳматкаш,
Тингла, баҳор – чорлайди сози!
Табассум-ла боқ унга яккаш,
Булбулдан-да тиниқ овози!

* * *

Ўзни олиб қочма; тақдирга кўнгил
Ва ғусса доғини этгил ихтиёр.
Энди кўз ёшларин яширмас кўнгил,
Энди севаман деб айтмассан такрор.
Дарё юзидаги тўлқин сингари
Кетдинг олисларга бедарак ва жим.
Бунда-чи, мен сени ўпганим каби
Совуқ қабртошни ўпади ўлим!

ТУТҚУН

Қичитқиўт шовқини
Деразамнинг остида;
Яшил толлар чодири
Эгилган бўй-бастига.

Шодлантирар қайиқлар,
Олисларда кўм-кўклик;
Оҳ, бу темир ёйиқлар,
Биз учун улар йўқлик.

Токай бу қайғу изни,
О, қани ухлаб қолсанг;
Эркинлик ва денгизни
Тушларингда кўролсанг.

Йўқол, эй, қалбдан, ҳадик,
Айт, токай ғам чекамиз;
Қўллар мисли аррадек,
Панжарани кесамиз.

КЎКЛАМ ЁМҒИРИ

Деразамдан қуёшнинг заррин
Зар кокилин қирқди абрлар…
Гала чумчуқ силкиб қанотин
Чўмилишиб қумда дириллар.

Парда тортиғ ерга осмондан,
Тебратар ел қир-қиясини;
Ёмғир гўё олтин тўзондан,
Тикар ўрмон ҳошиясини.

Томчилари сачраб ойнага,
Нишлар бошлар куртакни ёра;
Хушбўй тортган боғ этагида
Арғувонлар чалар ноғора.

* * *

Юлдузларга тикилган кўйи,
Мен донг қотдим, ўтди анча вақт,
Юлдузлар ва менинг ўртамни
Боғламишди алланечук аҳд.

Мен тушунмай нелар ўйладим,
Юлдузлар-ла жўр бўлдим беун
Ва ўргандим ахийри титраб,
Юлдузлардек севишни ҳар он…

* * *

Тақиқланган сенга, дилдора,
Менга яқин келмоғинг бу чоғ;
Тақиқланган изҳор дил қилмоқ,
Тақиқланган севмоқ ошкора.

Лекин бунга йўқ асло чора,
Тақиқламоқ мумкинмас ахир;
Барқанот куй каби барибир
Ишқ-муҳаббат доим ошкора.

* * *

Этакдаги ўрмон шаббаси
Қопланганда тим яшилликка
Ўйноқи жарқалдирғочларнинг
Шўнғишини кўрардик кўкда.

Тараларди ёдгор кунлардан
Хушбўйликнинг тотли нафаси;
Айланарди экинзорларда
Эркинликнинг ажиб ҳавоси.

Ва қушларнинг ором қўшиғин
Ўчирарди бир пайт келиб шом.
Нурга чўмиб кўз ўнгимиздан
Лип-лип этиб ўтарди оқшом.

* * *

Қишки оқшомларнинг ялтираши бор,
Бор шиддат, бемисл гўзалликлари;
Қорларнинг остида ухлайди қатор
Ёбонлар, маконлар, ўрмонлар – бари.

Энди ёз тунининг кўланкаларин
Кечалар ваҳмли шовуллаши йўқ.
Борлиқда кўтариб ҳукмрон барин,
Булутсиз осмоннинг ловуллаши йўқ.

Уйғотмоқ истамам мен-да беҳуда,
Бу атроф осуда уйқуда бу дам;
Назар сол, азизам, бу хуш уйқуга,
Бизни уйқусида туш кўрар олам.

* * *

Офелияга

Сен қандай малаксан кўкда осуда
Ёғду таратгандай жим ва оташин;
Ибодат қиласан мунгли қайғуда,
Ўзинг учун ҳамда яна мен учун.

Бироқ тилларингда айланмайди, йўқ,
“Севаман” каломи – ҳароратсиз муз.
Кўпдан гумонларга қилганча қуллуқ,
Юрагингда қанот қоқар совуқ куз.

* * *

Деразамнинг рўпарасида
Ғусса доғин тортар бир қайин.
Совуқ аёз хархашасига
Жим, бемажол берганча раъйин.

Қандай мунгли: бир шингил узум
Осилганча турар бутоқда;
Сен наззора қилгил, азизам,
Мотам тутган улар бу чоғда.

Лекин тонгнинг шафағи ёнган,
Суйгум тонгги бу жилваларни;
Аммо менга ачинмай қушлар
Қоқиб ташлар бутоқчаларни.

* * *

Ўлик денгиз, қорайган ўрмон,
Юзиб чиққан оқ сув париси.
Оққуш каби кўк юзида ой,
Алаҳсиган рутубат туси.

Уйқудаги балиқчиларнинг
Шуълаланган бўз елканлари.
Шалоплатар қамишзорларни
Зоғорабалиқнинг танлари.

Жим ҳам сокин атроф-теварак
Куйлар фақат оқшомнинг рози.
Майсазорда сув париларин
Тебратади булбул овози…

* * *

Бу эрта тонг, шодлик бу,
Бу кун таратган ёғду,
Бу кўкламги шовуллаш,
Бу кетма-кет қичқириқ,
Бу қўнимгоҳ – қушлар лиқ,
Бу жилға ва шилдираш.

Бу тол-қайин – сирдошлар,
Бу томчилар – кўз ёшлар,
Бу юмшоқ пар – барг эмас,
Бу тоғлар, бу водийлар,
Бу пашша-боларилар,
Бу ҳуштак товши элас.

Бу оғмаган нур-шафақ,
Бу ухлаган қишлоқ нақ,
Бу туш кўрмаган наҳор,
Бу ғубор, бу иссиқ жой,
Бу садолар, ҳойнаҳой,
Бу – бас, ҳаммаси – баҳор.

Шерзод Комил Халил таржимаси

* * *

Қалин туманлардан ийманиб чунон,
Жонажон қишлоғим бекинди, инон.
Баҳорги қуёшнинг тафти қадрдон,
Шамол туманларни ҳайдади, ҳайҳот.

Дарбадар кезиш ҳам жонга тегди кўп,
Бепоён замину денгиз ҳам унут.
Осмоним қоплади қоп-қора булут,
Ватаним устида йиғлаш-чун озод.

* * *

Шовқинга инонма, дабдабага ўч
Раҳмсиз оломон инонгандек ҳеч.
Шаффоф дунёсисан унинг-да, воз кеч,
Ирғиту у ҳақда қайғурма, абад.

Зиғирча ишонма, шулдир ўтинчим,
Шовқину дабдаба, роҳат ўткинчи.
Ёлғиз сенинг дунёнг беғубор, инжу,
Унга қадрлидир шуниси фақат.

* * *

Гўзалликдан иборат дунё,
Улканликдан заррага қадар.
Беҳудага интиляпсан,о,
Ибтидосин топмай муқаррар.

Кун ё аср маъноси надир,
Чексизмиди то бунгача – сир.
Гарчи инсон абадий эмас,
Абадийдир инсонийлик, бас!

* * *

Бу тонг – қувонч лаззати,
Кун ва туннинг қуввати.
Бу зангор гумбаз тиниқ,
Бу қичқириқ не ҳушлар,
Бу тўда-ю, бу қушлар,
Сувлар шовури илиқ.

Бу толлару қайинлар,
Бу томчилар, кўз ёшлар.
Бу патлар ҳам барг эмас,
Бу водийлар, бу тоғлар,
Бу дарёлар, бу боғлар,
Бу чинқириқ тарк этмас.

Бу субҳидам шарпаси
Тунги қишлоқ нафаси,
Уйқусиз тун ҳам бедор.
Бу тақур-туқур овоз,
Қушлар сайроғига хос,
Бунинг барчаси – Баҳор.

* * *

Ажиб бир сурат,
Туғишгандай бахт .
Оқ текислик бор,
Тўлин ойга ёр.

Ой нуридан-да,
Қорда порлар из –
Олисда чана,
Учади ёлғиз.

МАЙ ТУНИ

Учаётган булут сўнгги бор,
Тўпланаркан бошимиз узра,
Ва ҳилолнинг қошида ночор,
Юмшоқ эриб кетар оҳиста.

Ҳукм сурар баҳорий афсун,
Нақ манглайда юлдузлар билан.
Сен дилбарсан! Толесан мен-чун,
Беҳаловат заминдаги шан.

Бахт қаерда? Қашшоқликка шон,
Худди тутун – нени қучамиз.
Ҳа абадий унинг ортидан
Ҳаво йўли билан учамиз.

* * *

Деразамнинг олдида қайин,
Тикилади ғамгин ва ўсал.
Инжиқ аёз қувширган сайин,
Кўркамлашар янада – гўзал!

Худди узум бошлари мисол,
Осилгандир шохлари – озғин.
Нигоҳ учун қувончли тимсол,
Кийган тағин мотам либосин.

Тонг шафағин товланишин хўб,
Ёқтираман, кузатгум уни.
Афсусдаман. Қушлар гар қоқиб
Юборсалар шохлар кўркини.

* * *

Тўлқинсимон булутлар билан,
Кўтарилди узоқдан тўзон.
Отлиқ ёки пиёдамикан,
Кўриб бўлмас чанг ичра шу он.

Ирғиб келар аллаким, кўрдим,
Абжир отнинг устида хушҳол.
Олисдаги қадрдон дўстим,
Мен ҳақимда ўйла, эсга ол!

* * *

Саломим айтгали ёнингга келдим,
Қуёш балққанини эслатмоқ учун.
Унинг қайноқ нури барглар узра жим
Титради йилтираб, кўрсатиб кучин.

Ўрмон уйғонганин айтмоқлик учун,
Навдаларда кўклам бўй чўзганин ҳам.
Ҳар бир қуш патларин қоқишди беун,
Баҳор асирида ташнаҳол, бардам.

Иштиёқим буткул сўйламоқ учун,
Худди кечагидек ёнингга келдим,
Қалбим бахтли ондан яшнади бутун,
Сенга хизмат қилмоқ шавқига тўлдим.

Хушхабар ёғилсин, майли тўрт ёқдан,
Кўнглимни ёритсин қувноқ кайфият.
Ўзимку билмайман бу сурур недан,
Ҳаёт, куйламоқдан айирма фақат.

* * *

Қандай кеча! Ҳаво мусаффо,
Кумуш тусда барглар мудрар, о.

Соҳилда-чи толлар тарар соч,
Ухлар кўрфаз беташвиш, ювош.

Тиним билмас ҳеч қайда тўлқин,
Жимжитликдан бағри олиб тин.

Тун ёғдуси сен каби чорлар,
Қора соя оқариб порлар.

Ўт-ўланлар ифори майин,
Тиниқ тортар ақл дам сайин.

Юрак истар, эҳтиросданмас,
Соф ҳаводан нафас олса, бас.

ТУТҚУН

Дераза остида,
Гувиллар хушҳол,
Осилиб турганча
Чодирсимон тол.

Олисларда қалқар,
Қувноқ қайиқлар.
Темир панжаралар
Ғижирин уқар.

Бағрида ухларди,
Қайғулар бир доғ.
Денгизни йўқларди,
Озодлик ҳар чоғ.

Туғён солганда руҳ,
Зерикиш сўнар.
Қулоқлар тингларди,
Чархласа қўллар.

* * *

Мен сенга ҳеч нарса демайман,
Безовта ҳам қилмасман бир бор.
Жимман, унинг ғамин емайман,
Шама учун менда йўқ қарор.

Тунги гуллар ухлар кун бўйи,
Қуёш кезар дарахтзор аро.
Нишламоқлик куртаклар ўйи,
Эшитаман қалб гуллашин, о.

Хаста кўнгил қиладир адо,
Совуқ рутубатдан титрайман.
Безовтаку қилмасман асло,
Мен сенга ҳеч нарса демайман.

* * *

Улардан ўрганинг – эман, қайиндан,
Чор-атроф қаҳратон, қаҳри қаттиқ зил.
Беҳуда совқотиб кўз ёшлар тўнган,
Қобиғи дарз кетиб жунжикар буткул.

Изғирин кучаяр дақиқа сайин,
Иддао-ла сўнгги барглар узилар.
Юрак-чун қиш қаҳри ортади тайин,
Жим тур, ахир сен ҳам. Жимдир дарахтлар!

Лек баҳорга ишон – кўклам даҳоси,
Ҳаёт нафаси-ла завқ тутар рости.
Порлоқ кунлар учун кўтарганда жом,
Кўнгил хасталикдан қутилар тамом.

* * *

Ёзги экинзорда жавдарлар пишди,
Тилло жарангини тутар бошоқлар.
Инжиқ шамол эса зарланиб қучди,
Жиловланди гўё йироқ-йироқлар.

Ой ожиз термилар тополмай журъат,
Ҳайрону лол куннинг тўлмаганидан.
Бироқ узун кеча кенгайган фурсат,
Қучоғини ёзди кун ҳам яйраб – шаън.

Бепоён жавдарзор устида гирён
Кун ботар, кун чиқиш орасида жим,
Оний лаҳзада кўз қисаркан осмон,
Дийдаси тўлишиб сочар қувончин.

КЕЧА

Янгради тинч дарё устида,
Жаранглади ўтзорда чақноқ.
Ғулдиради дарахтзораро,
Ёлқинланди нариги қирғоқ.

Ҳув олисда, ғира-ширада,
Машриқ томон жилмоқда дарё.
Жиғалари рангин порлаб-да,
Булут тутун бўлиб ўрлар, о.

Дўнгликларда гоҳ нам, гоҳ оташ,
Кун тафти бор тун нафасида.
Кўк ва яшил аланга талаш,
Ёнаётган ой шуъласида.

ҚАРАҒАЙЛАР

Бокира заранглар, мунгли қайинлар
Орасида манман қарағайлар йўқ.
Жўшқинлик ҳиссини уйғотар улар,
Ҳушёр боқишига чидаб бўлмас, ўҳ.

Атрофин ўраган қўшнилари жим,
На титрашни билар, на олар нафас.
Ҳатто баҳорда ҳам шодланмас бир зум,
Қишнинг қаҳратонин эслатар, абас.

Ўрмон тўкканида сўнгги баргларин,
Баҳор уйғонишин кутишга тушар.
Ўзга авлодларни чўчитиб барин,
Совуқ гўзаллиги билан қолишар.

* * *

Порлоқ кунни кутинг эртага,
Қалдирғочлар чуғурлашар соз.
Аланганинг алвон йўлида,
Шаффоф шафақ ёришар бехос.

Кўрфаз узра мудрар кемалар,
Ҳилпирайди митти туғи ҳам.
Олис само сари умтилар,
Ҳадсиз денгиз унгадир ҳамдам.

Ожиз соя бостирар шундай,
Ёруғлик ҳам чекинар тайин.
Кун ўтдику демайсан бундай,
Кеч тушди деб айтмайсан тағин.

* * *

Қалдирғочлар кўзга ташланмас,
Шомги шафақ олланар, бироқ.
Гўнгқарғалар учишди чуввос,
Худди тўрдек кўриниб элас,
Тоғ бағрида чарх уриб бу чоқ.

Оқшомдан-да атроф уйқуда,
Ҳовли ичра қоронғулик ёв.
Қуруқ барглар учар оҳиста,
Шомда шамол қутуриб жуда,
Деразани қоқди беаёв.

Бундан кўра эсиб қорбўрон,
Шодлантирар рўбару келса.
Чўчигандек ҳар не шарпадан,
Жар солишиб жанубга томон,
Учмоқдадир турналар эса.

Ўрнингни-да тарк этсанг шу дам,
Ўкраб-ўкраб йиғласанг тўлиб.
Майдон ичра қарайсан беғам,
Бошпанасиз эй ёлғиз одам,
Худди тўпдек сакраб ва кулиб.

* * *

Кўз илғамас ғазотлар билан,
Ва кўринмас қанотлар билан.
Олиб келди Шимолга оташ.
Борган сари ёрқинлашди кун.
Дарахтлар-ла сайр этмоқ учун,
Олиб чиқди ўрмонга қуёш.

Уфқ узра шафақлар алвон,
Нафисланиб бўлди намоён.
Қоплангандир қор билан ҳар ён,
Ўрмон эса пинакда ҳамон.
Ҳар нотада янграйди инонч,
Жўшқинлигу қанотли қувонч.

Ялангликда экинзор қатор,
Денгиз каби ястаниб ётар,
Пўлат кўзгу мисол нурафшон,
Дарё унинг қоқ ўртасида,
Муз парчалар ўйнар осуда,
Гала- гала оққушларсимон.

* * *

Нақадар қашшоқдир афсус бизнинг тил!
Дўсту ёвга айтиб бўлмайди савил.
Шаффоф тўлқин бўлиб қилар ғалаён,
Қалбнинг мангу азоб чекиши абас,
Улуғ даҳосига бўйсунгайдир бас.
Бешафқат ёлғондан муқаддам, инон.

Шоир сенда эркин сўз овози бор,
Пўлатдек мустаҳкам, гулдек фусункор.
Англаб бўлмас гиёҳ ҳидидек ҳарчанд,
Учар булут аро Зуҳал бургути,
Кўримсиз водийни тарк этиб буткул,
Чақмоқ гулдастасин кўтариб баланд.

КАМИН ОЛДИДА

Сўна бошлагач чўғ қоронғуликда,
Кулранг тусга кирар қизил камалак.
Шундай ҳилпирайди қизғалдоқлар ва
Қанотлари билан мовий капалак.

Турнақатор рангин кўзлари ила
Жалб этар балиқнинг ҳорғин нигоҳи.
Тушунарсиз юзу нурсиз қиёфа,
Кўкимтир кул ичра тикилур гоҳи.

Эски қадрдондек эркалар шу дам,
Унутилган бахту қайғу сарсари.
Керакмас дейдию алдайди қалб ҳам,
Афсус, қайғулидир уларнинг бари.

* * *

Қуюқ жўканинг ости нақадар салқин эрур,
Жазирама оёғи бу ерга етмаган, ҳей.
Хушбўй елпиғичсимон тебранади бегидир,
Минг-минглаб япроқлар-да, тепамда осилган кўй.

Олисда куйдиргувчи ҳаво чақнайди нуқул,
Дам тебранар, дам мудрар кенгликларнинг хушсози.
Ўткир-қуруқ уйқуни қувади елдек буткул,
Чигирткаларнинг шўх жаранглаган овози.

Шоху шаббалар аро мовийлашди кенг осмон,
Худдики енгилгина тутун қоплаган мисол.
Ухлаётган табиат орзу-умидисимон,
Қат-қат булутлар ўтар, томчилари-да зилол.

АСАЛАРИЛАР

Руҳсизликлар аро бўламан ғойиб,
Танҳоликда ҳаёт кечириш қийин.
Юрак ғаш, кўринар дунё торайиб,
Ҳар настарин хушбўй гулига ажиб,
Асалари қўниб бошлайди куйин.

Тоза майдон аро имкон бор, ахир,
Ўрмонда қоламан тамом йўқолиб.
Эркинликда қадам ташлаш кўп оғир,
Юрак инжиқланиб тобора оғрир,
Кўксимда нақ тошни юрибман олиб.

Йўқ шошма! Ғам-ғусса, нечун андуҳлар,
Бунда хайрлашаман. Шумурт-чи ухлар.
Эвоҳ яна пайдо асаларилар!
Сира тушунмадим, недирлар улар,
Ҳамон қулоғимда жаранглар гуллар.

ҚИШ ОСМОНИ…

Қиш осмони чақнаб юлдузлар ила,
Хаёлчан нурларин ўйнаса сочиб.
Кўз олдимда сиймонг ойдай қалқар-да,
Нурдан яралгандай порлайди ажиб.

Ҳурлиқодек енгил келаяпсан учиб,
Илтижо қиламан изларингга, оҳ.
Қалбим муҳаббатни оларкан қучиб,
Бироқ ўша ёрқин излар йўқ, эвоҳ.

Ҳуснингдан қуш каби учардим рости,
Юлдузлар чарақлаб, майли, тўксин зар.
Ўйноқи нурларнинг мавжли жилоси,
Тунги ғуборларда чатнаб акс этар.

ХАЁЛ

Биз ёлғизмиз; боғдан дераза томон,
Ой шуъла сочмоқда… шамимиз бенур.
Сенинг итоаткор сочларинг аён,
Нозик елканг қучиб, тўлғонар масрур.

Нечун сукутдамиз? Ё истибдод – ул
Шоҳликнинг майдаги сокин туними?
Ё шундан куйларми завқ билан булбул,
Атиргулни ёққан зорли уними?

Ё гуллар ортида уйғонди қушлар,
Шамол хас инларин чайқатган ҳамон.
Рашкланган юлдузлар титраб ва хушлаб,
Ҳамон яқинлашиб келар биз томон?

МЕНДАН УЗОҚЛАШМА

Узоқлашма мендан ҳеч қачон,
Кел қадрдон, менинг билан қол.
Узоқлашма бир лаҳза, бир он,
Сен борсанки, қувонч-ғусса – бол.

Биздан кўра, о, улар иноқ,
Бир-бирига қарай олар тик.
Беғубору тийрак, кучлироқ,
Биз севишни эплай олмадик.

Кўз олдимда бўлсанг сен агар,
Маъюс тортиб бошим эгаман.
Сенсиз қувонч бол эмас – заҳар,
Узоқлашма фақат сен мандан!

ҚОЧМА…

Қочма, қочма, ёлвормам бир бор,
Кўз ёш, дилда яширин дард йўқ.
Севаман деб айтаман такрор,
Қайғумда бўл сабру суянчиқ.

Сен томонга елдай учсам,о,
Асов дарё тўлқини мисол.
Совуқ тошни ўпмоқлик – видо,
Бўса олиш, жон бермоқ – иқбол!

* * *

Сени қувонтирса агар субҳидам,
Хурофий белгига инонсанг рўй-рост.
Лаҳзага бўлсин-да сева туриб ҳам,
Шоирга туҳфа қил атиргулни, бас.

Гар кимнидир севиб, тутсанг ҳавасдан,
Бир умрга яшаш завқини тотгунг.
Билгилки, меҳр-ла шеърда топасан,
Абадий муаттар атиргулни сўнг.

* * *

Қаранг, кеча шундай заррин ва ойдин,
Кўклам нафасидан туйгунг ғолиблик.
Оҳ, қадрдон дўстим ёдга солмагин,
Журъатсизу ғариб севгимизни, лек.

Самога ёйганча хушбўй ҳидин, оҳ,
Нафас олиб нафас чиқармоқда ер.
Қоқ осмонда мангу ўчмасдек шафақ,
Сокин кўрфаз узра аксланаётир.

Қани айт, бу ерда бахтлимизми биз?
Қандай уялмайин ўйлаш мумкин-а?
Ёрқин нурда мавжуд гўзаллик сўзсиз,
Бунинг барчасига бермок керак тан!

* * *

Ҳали ёруғ дераза олди,
Қуёш чиққан булутни ёриб.
Қушча қанотлари ила жим,
Қумга ағнаб, титрарди ҳориб.

То осмондан заминга қадар,
Чайқалади туташ дарпарда.
Гўё тилла ўт-алангада,
Ўрмон чети кўринар ортда.

Ярқиради ойнада томчи,
Муаттар ҳид анқир жўкадан.
Ва нимадир боққа келди жим,
Япроқларни шитирлатиб – шан.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси