Василе Александри (1821-1890)

Василе Александри (Vasile Alecsandri) 1821 йил 21 июлда таваллуд топган. Париж университетининг тиббиёт ва юридик факультетларида таҳсил олган, бироқ бирортасиниям тугатмаган. Адабиёт журналида жамоатчилик асосида фаолият олиб борган. Бир йил театр директори лавозимида ишлаган. 1877–1878 йилларда Руминия Қироллигининг Париждаги элчиси бўлган. Александри асосан румин фольклорига аҳамият қаратиб, 1853 йил Парижда румин халқ қўшиқларини китоб қилиб чоп эттирган. У миллий қўшиқлар таъсирида “Халқ қўшиқлари” (1843–53), “Халқ шеърлари”(1852), “Марваридгуллар”(1848–63) китобларини ўз мухлисларига тақдим этди. Михай Эминеску Василе Александрини “Шеърият қироли”, “Руминларнинг буюк шоири” деб атаган эди. Шоир 1890 йил 22 августда вафот этган.

ЮЛДУЗЛАР

На йил зуҳур, на сўнгсиз ҳудуд –
Ўртамизда юлдузлар фақат!
Ёдингдами, субҳидам гуллар
Юзларида жилваланган нур –
Камалакдай товланган шабнам?
Йўқ, улар менинг кўзимдан оққан
Кўз ёшларим, эмасди юлдуз.
На сув оққан кўзлардан шарор!
На тинмаган аччиқ-аччиқ ёш!
Шу юрт учун,
Тийра тақдири учун!
Пар тўшаги орзуда қолган
Ватангадо, фақири учун!
Кўздан тўкилдию юлдуздек маржон,
Томчи ёшда порлаб кетди бахт!

ИЛТИЖО

Уйғон, офтобойим!
Оға, топиб кел,
Кўксимдаги қирқ тўрт нурни.
Қирқи сенга – чароғонин ол,
Қолдирсанг, бас, менга тўртини.
Қуёш бўлиб балқсин,
Пешонангда ул икки шуъла.
Бошқасини нигоҳимга кўм,
Бошқасини кўксимга отгил,
Унутма. Унутма!
Офтобойим, олтинлар сари,
Ўтдан хабар келтирган, қуёш.
Шошма дейман, боққил мен сари,
Кунларимни ёритиб юбор,
Ҳовурлатгин кўксимда оташ,
Токи дили боғлансин ёрнинг,
Токи бизни боғласин Холиқ!

Рус тилидан Садаф таржимаси