Сакен Иманасов (Сәкен Құсайынұлы Иманасов) Толдиқўрғон вилояти Олакўл туманида туғилган. Халқаро “Алаш” мукофотининг совриндори.
Унинг “Она қишлоқ” (1966), “Оқ-ойдин” (1969), “Акдариға” (1973), “Жайдарман” (1975), “Ошиқ дунё” (1976), “Давр қўшиғи” (1978), “Ошиқман сенга” (1981), “Олтин аймоқ” (1982), “Қир-адирлар” (1985) сингари шеърий тўпламлари чоп этилган.
ОВУЛ ЁҚҚА БОРСАМ ДЕРДИ…
Олмаотага сиғмай қолса дил дарди,
оқин ўзин доим йўлга қистарди —
арғумоқда елдек учиб, энтикиб,
овулини тезроқ кўрмоқ истарди.
Юрагида ажиб соғинч жўшган дам,
кетиб шаҳар шовқини, қий-чувидан.
етиб олсам азиз туққан еримга,
дерди, қониб ичгум унинг сувидан.
Гоҳ чорасиз қолганда ғам-қайғуда,
узлатларни истар эди дил жуда;
Ҳангомалар тинглаб ётсам дерди у,
ётган кўйи ям-яшил қир устида.
… Лек овули энди файзсиз — тунд яшар.
аввалгидай самимиймас — диллашар.
Бирор кимса кўринмайди қир узра.
бирор кас йўқ унинг билан тиллашар!
Тикиларкан тубсиз жарлик, ўнгирга,
беихтиёр ях-муз тўлар кўнгилга.
Сўзлашиш йўқ аввалгидек жайдари,
қўшиқлар ҳам эмас энди у билган!
Ўзгардими ёки осмон, кўҳна ер,
қолмадими туяда куч, отда бел —
кўринмайди сира чиндан соғиниб.
қучоғини катта очиб чиққан эл!
Ҳали ўзи ёшу бир дам бўлса-да,
гоҳ сиқилиб, кўнгли ғамга тўлса-да,
аввалгидек — овул қайда, дейдиган
жунбуш феълин қўйган энди оқин, ҳа.
У доим тунд, камгап ҳамда кулмайди,
соғинчини назарига илмайди.
Бўз тулпорин минмоқ бўлар ва лекин
қай узлатга қочишини…
билмайди.
НЕГА САМАРҚАНДГА БОРМАДИНГ СЕН, АЙТ?
Фақат сени дедим ҳар қачон, ҳар пайт,
мудом ўзгаларга бўлдим мен лоқайд.
Лекин ваъда бериб, эргаша туриб,
нега Самарқандга бормадинг сен, айт?
Яшнаганинг кўриб сўзимдан гул-гул,
ваъдангга ишонган эдим мен буткул,
оёқости қилдинг ишончим нега,
армон қилиб юрсин дедингми нуқул?
Шаштингдан тушсанг-да — гар боргинг келмай,
нега талпинмадинг изимдан елдай?
Биз ҳам бирга-бирга юрмасми эдик,
Самарқандни тавоф айлаган элдай!
Дардимни кимга ҳам айтардим, жоним,
юрагим тубига силқиди қоним,
ваъда бериб қўйиб, эргаша туриб,
айниб қолганингни пайқаган оним.
Не бир сабаб сени, айт, маълул этди,
Кўнглингга ёки бир шум гумон етди?
Самарқанд сафарига сақлаб қўйганим –
Кўп сўзлар
кўкайимда
қолиб кетди!..
Фақат сени дейман ҳар қачон, ҳар пайт,
ўзга бўсаларга мен мудом лоқайд!
Ахир, ваъда бериб.
эргаша туриб,
нега Самарқандга бормадинг сен, айт?
КЎЗ ОЛДИМДА
Яширувчи сирим йўқ элдан менинг,
турмуш тарзим меҳнатдан, тердан менинг
Кўрганларим ўланга кўчар бир-бир —
кўнглим ҳаргиз яйрагай
шеърдан менинг…
Ўзгаларнинг ғамидан шодланмадим,
мағрурларга тик боқдим,
пастланмадим,
озми-кўпми қайғумни элдан кўриб,
алам ютиб,
бировга қасдланмадим.
Ғуборланган бўлса гар жиндак дилим,
айтмасам-да буни мен, билган элим.
Хўрламадим кимсани.
Кўз олдимда:
йироқ бўлди ношуддан доим йўлим…
Юраги-ла
юрагим бирга урган
элдан айро бўлмоқлик менга ўлим!
Мирпўлат Мирзо таржималари