Музаффар Алимбоев (1923-2007)

Музаффар Алимбоев (Мұзафар Әлімбаев) Павлодар вилоятининг Шарбақти туманидаги Маралди овулида туғилган. Қозоғистон Давлат университетини битирган.
Истеъдодли шоир ўз мавзуси, чуқур тафаккури, ўзига хос оҳанглари билан қозоқ шеъриятини бойитди. “Қозоғистон халқ шоири” фахрий унвонининг соҳиби.
У халқчил шеърияти, дидактика ва ҳажвга мойил ижодиёти билан XX аср қозоқ адабиётига муносиб ҳисса қўшган шоирлардан бири саналади.

ОҚИН

Туғилмас улашгали оқин қайғу,
Бергай у юракларга фақат ёғду.
Ўланин дастрўмол ҳам қилади эл,
Одамлар кўз ёшини қуритгай у.

Олмайди ўз ҳасратин у гилига,
Солмайди гина-кудрат ҳеч дилига.
Юрагин кўприк қилиб тўшар оқин:
“Етсин, — деб, — юртим толе соҳилига”.

Сурур-ла самоларга чиқмоқ бўлар,
Икки бор туғилар у, бир бор ўлар.
Олдинда ташна қалби ҳар авлоднинг
Оқиннинг шукуҳи-ла лим-лим тўлар.

* * *

Ҳозирги бу чоғимда
Кетмон соқол эркакман.
Янгаларнинг олдида
Бояги бир “Тентакман”.

Ўттиздан ўтганимда
Ўзимча бир дономан.
Оталарнинг олдида
“Қуюлмаган бола”ман.

Шундоқ туриб… қара-чи…
Мен бировнинг боласи,
Мен бировнинг оғаси,
Мен бировнинг тоғаси.

Мен бир кичик болача,
Эркаликдан қоларман.
Кичикликка ярасам,
Кишиликка ярарман.

* * *

Кўра олганин тун ичра
Кўзсизлар қандоқ қиёлгай?!
Айланиб ёшим ёмғирга,
Чўмаман теран хаёлга.

Иссиқ қалб билан қучгайман,
Қайтмагай энди ёшлик дам.
Унутдим, суймай сени ман,
Сен ҳам кеч энди гинангдан.

Чўзаман тағин қўлимни,
Ёддадир ёнган ҳислар илк.
Сарғайиб тўсдим йўлингни,
Кўрсатма қайта етимлик.

Мирпўлат Мирзо таржималари