Ғафу Қайирбеков (Ғафу Қайырбеков) 1928 йил 15 августда ҳозирги Тўрғай вилоятининг Тўрғай шаҳрида дунёга келган. 1952 йилда Абай номидаги Қозоғистон Давлат педагогика институтини битирган. Илк шеъри 1948 йилда Тўрғай туман газетасида босилган. Биринчи шеърий тўплами “Тенгдош” 1954 йилда нашр қилинган. 1980 йилда “Юлдузли тақдирлар” поэмаси учун Қозогистон Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Унинг “Балиқчи Иван” (1955), “Дала қўнғироғи”(1956), “Тоғлар гапиради”(1960), “Қуёш ўгли” (1964), “Қанотли йиллар” (1973) каби шеърий тўпламлари чоп этилган.
ЭПКИНЛАР
Бир сўз бор. Умри узоқ,
Минг йиллардан зиёда.
У — тўлқин, билмас қирғоқ
Ҳамон бизнинг дунёда.
У майдек гангитар бош,
У май сингари тахир.
Аммо
у — нон, у — қуёш,
У ўлмас Муҳаббатдир…
Менга керак эмас олий бир маснад,
Менинг дардим эмас,
шон ва шуҳрат дарди.
Ҳаёт берса басдир олий бир мақсад,
Хаёлга ўхшаган
Учқур қўшиқларни…
Ғурурланиш мумкин,
Халқ қалбига кириб,
Бўлсанг бу оламда чиндан
қаҳрамон.
Аммо кулгилидир
кўкрагингга ўриш —
Сени кўтарганда
Бошига Ёлғон…
Омон Мухторов таржимаси.
САМЛРҚАНД
Самарқанд афсонавий олтин қаср,
Бор унинг ҳар бурчида мўъжиза, сир.
Ўзбекнинг пок хаёлин гултожи у,
Ўзбекнинг жони билан жони-да бир.
Бетакрордир саройлар шинамлиги,
Йўқ унинг эртаклардан ҳеч камлиги.
Ундадир заррин гумбаз, миноралар,
Ундадир жаҳон ҳусни, кўркамлиги.
Ким бор — унинг тошларин силамаган,
Ким бор — уни кўрмоқни тиламаган.
Ундадир улуғ меъмор соҳир қўли —
Асрлар шамолини эламаган.
Буюклик ўлмас мозий гирдобида,
Каромат бор боболар хитобида.
Темурнинг улуғлигин таърифи кўп,
Ҳаммаси Али Яздий китобида.
Гўри Мир, Бибихоним, Регистон бу,
Ҳар бири олтинланиб сочар ёғду.
Қасрлар тураверди унниқмай ҳеч,
Гирдида кечаверди турфа қайғу.
Йўқликдан шиддат эсар замонга заб,
Мангулик муҳрин олиб бўлмас зўрлаб.
Асрлар довонидан оша мағрур
Туроннинг салобати келар ўрлаб.
УЛУҒБЕК
Тахтлар доим бебақо – у билганди,
Илм бўлди доим унинг дилбанди.
Жанглар гардин киприги-ла тозалаб,
У юлдузлар оламига юзланди.
Коинотга боқиб асло тўймади,
Қават-қават хилқатларни бўйлади.
Фалак сирин англамоққа бир умр
Фидо бўлди унинг теран ўйлари.
Ғаним чиқци не-не пешво аъёнлар,
Ҳаётида кўрди қуюн-тўфонлар.
Хурофотнинг бузиб зулмат қалъасин,
Тиклади у илм бобида қўрғонлар.
Пайт пойлади мудом жирканч қабоқат,
Салтанатга илдиз ёйди жаҳолат.
“Худо билан сўйлашмоқчи бўлдинг” деб,
Олтин бошга ёғдирдилар маломат.
Сўқир қилич шундоқ бошни кесибди,
Тилсимларга очганди у эшикни.
У илмга кечикмади, йўқ, асло,
Лекин унинг замонаси кечикди.
Ҳур тафаккур каж замонга ёқмади,
Бадбинларга қайрилиб у боқмади.
Шундан номи ярқираган юлдуздек
Буюк Турон осмонида чақнади.
Не-не аср қўймас асло порловин,
Тинглар гўё сирли кўкнинг чорловин.
У эди илк қўлин чўзган фалакка,
У эди илк “тутган само жиловин”.
Буюк Турон кўкига кўз солганда,
Сен ҳам уни бир зум ёдга олгин-да.
Нақ тепангдан боқиб турар Улуғбек,
Ажиб ҳислар мавжлантириб қалбингда.
Мирпўлат Мирзо таржималари