Асқар Ўразақин (Асқар Оразақын) Шарқий Туркистон ўлкасининг Или музофотига қарашли Мукей-Қоратош қишлоғида туғилган.
Дастлаб Сари-булоқ мактабида таълим олиб, Ғулжа шаҳридаги гимназияда ўқиган.
Иш фаолиятини “ Шинжон рўзномаси” да бошлаган. Илк шеърлари “Шуъла” журнали саҳифаларида эълон қилинган.
1955 йилда ота юрти Қозоғистонга келиб, Давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган.
Кейинги иш фаолияти Ч.Валихонов номидаги Тарих, этнография ва археология институтида, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасида, Республика Китоб палатасида, «Жалин» журналида турли лавозимларда давом этган.
Унинг кўплаб китоблари, «Танланган асарлар»и, «Сайланма»лари чоп қилинган.
ЎЛАН
Ўлан деса жон борми алангламас,
Уни тинглаб уйғонар қалбимда сас.
Ўлан юксак қояда битган гулдир,
Ўзинг чиқиб термасанг, тўманламас*.
Сўз санъатин камоли чексиздир, бил,
Ҳар ўланда товланиб, кўрк топар тил.
Тафтсиз, саёз сўз учун титрамас ҳеч
Пушкин, Абай шеърига ўрганган дил.
Мақом топиб ҳар йўлда чўнг маънидан,
Туғилар зўр ўлан эл армонидан.
Ундай шеърнинг қоғсри қалбдай оқдир,
Унинг ўчмас сиёҳи ер қонидан.
Бўлай десанг ўланда мағрур, ғолиб,
Ўлтирмагин арзимас ғамдан нолиб.
Титраб турсин сатрингда ҳар бир туйғу,
Ўтли қалбнинг тақдирин эсга солиб.
Бўлсин ўлан оқинга боласидай,
Яшнаб турсин қирларнинг лоласидай.
Англаганга ҳар бир шеър титроқ берсин —
Ишқ деб оққан кўзингнинг жоласидай.
Илҳом гоҳи юракка зўр ўт солар,
Истиқболдан жўш уриб гоҳ тил толар.
Ўшанда кўр — ўланнинг юксак забтин,
Нима бўпти Асқар тоғ — пастда қолар!
__________
* Пастга тушмайди, маъносида.
УРУШ ВА ТИНЧЛИК
Уруш — найза ўйлаб топди илк бор, албат,
Ва қошига тўплайверди хатар қат-қат.
Тинчлик — қалқон ясаб олди ҳимояга,
Тўхтамасин дея ерда шодон меҳнат.
Уруш — найза ўқталди, сўнг тортди камон,
Тинчлик эса — совут кийиб, қолди омон.
Уруш чиқди — замбараклар, танклар ясаб,
Тинчлик — омоч қилди, барин айлаб гумдон.
Уруш — атом бомбам бор, деб сурон солди
Ва қилмиши тарихда доғ бўлиб қолди.
Тинчлик — атом билан ёрди муз бағрини,
У зулматни нури билан енгиб олди.
— Уй эгасин маҳв этиб, уйин олгум, —
Дейди Уруш, — кийимин ҳам кийиб олгум.
Тинчлик дейди: — Бу қилганинг қароқчилик,
Жаҳон аҳли билан сени тийиб олгум!
ТАЪТИЛ ПАЙТИДАГИ МАКТАБ
Мен таътил пайтида мактаб бордим,
Ахир, бунда шўх сурон тараларди.
Сукунатли ва жимжит йўлаклардан
Кулгисини изладим болаларнинг.
Танаффусга худди вақт жиндек бордай,
Ҳализамон қўнғироқ чалинардай —
Ўқувчилар ўтсин-чун сиртлаб юрдим,
Токи бехос бировин туртиб олмай.
Бирдан барча эшикни ланг-ланг очиб
Ҳамма бола чиқардай тепалашиб.
Бир шумтака дафъатан кўрингайдек,
Қиз қувару олдда у борар қочиб.
Кейин бир пайт синфга кирдим ўзим.
Бўтплигига ишонсин дея кўзим.
Нигоҳимни топ-тоза тахта тортди,
Гўё қўмсар ёзувга тўла кезин.
Бир саф бўлиб тизилган парта — ўнг-сўл,
Аланглайман харита томон бирйўл.
Қайдадир деб елвагай шоввозларим,
Этагимдан тортади сирланган пол.
Деразадан қарайман хомуш, сўлиб,
Улар балки югурар майдон тўлиб?
Кирарми ё еликиб бир ўқувчи,
Девордаги кемшикка — ғиштдек бўлиб.
Ўқувчи тут қулоқ гап сирасига,
Мактабингнинг ошиқсан нимасига?
Денгизчиси ҳар ёққа сузиб кетган,
Ўхшаб турар у билим кемасига.
Мирпўлат Мирзо таржималари