Ақуштап Бақтигереева (1944)

Ақуштап Бақтигереева (Ақұштап Бақтыгереева) Ўрол вилоятидаги Оқёйиқ туманида таваллуд топган. 1961 — 1966 йилларда Қозоғистон Давлат Қизлар Педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган.
Вилоят ва Республика миқёсида ўтказилган оқинлар айтишувида бир неча марта ғолиб чиққан. Шеърлари Москвадаги “Детская литература” нашриётида чоп этилган.
Унинг “Ўримтол” (1967), “Ноз” (1959), “Қувончим, инкорим” (1971), “Сени ўйлайман” (1973), “Оққанот” (1975), “Бахт қўшиғи” (1978), “Ёйиққизи” (1980) ва бошқа тўпламлари эълон
қилинган.

БУЛБУЛ

Боғ қўйнида булбул сайрар дамо-дам,
Куйлар оқиб келар тонгги ҳаводан.
Сайрайди у тўлиб-тошиб тинмасдан,
Бутун борлиқ масрур ажиб наводан.

Наво керак қирга айни кўкламда,
Наво керак оқ чўққига бу дамда.
Нима етсин ажойиб, шаън умрда
Бир булбулдай масрур сайраб ўтганга!

КЎНГЛИМ МЕНИНГ

Кўнглим менинг беғараздир — англа, бил,
Қошимга сен ҳар қандайин пайтда ел.
Сўраб келгин кунда минг бор суюнчи,
Яхши гапдан, эзгуликдан айтиб кел.

Уйқум, майли, бузилса ҳам ярим тун,
Дарвозамни қоқавергин бериб ун.
Кўйлагимнинг асилини сен учун
Суюнчига мамнун бериб юборгум.

БИЛМАДИНГМИ?

Сен мени кўп кўргансан
Бувимнинг орқасида.
Сен мени кўп кўргансан,
Мактабнинг партасида.

Кўргансан кўклам кези
Оқ Ёйиқ ёқасида.
Қир-адирда гул терган
Қизларнинг орасида.

Боғларда кўрдинг мени,
Чаманларда кўрдинг шаън.
Эдинг сен ўша пайтлар
Содда йигит, уятчан.

Ҳар сўзингга кулардим,
Келган чоғлар рўпара.
Энди сени қўмсайман,
Дийдор учун йўқ чора.

Соғиниб сезмай қобман,
Умрнинг ўтганини.
Билмадингми ўша қиз
Сени кўп кутганини?

ҚИЗҒАЛДОҚ

Кўкка беланган қирларнинг
Чечакларини кўп тердим.
Чўғдек товланган қизғалдоқ,
Совғасимисан кўкламнинг?

Кўкдай яшнадим кулиб мен,
Қувондим гулни юлиб мен. ’
Кўкламни суйган қизғалдоқ,
Зоримидинг бўз йигитнинг?

Муждаси бўлиб баҳорнинг.
Бағрида ундинг қиш-қорнинг
Айта қол менга, қизғалдоқ,
Сирдошимидинг қизларнинг?

* * *

Кузда кетгум оралаб боғлар ичин,
Мафтун айлар кўкламнинг гулзори чин
Сахий ёзин хуш кўргум кенг даланинг
Қишни эса суяман оқ қори-чун.

Бу диёрга маҳлиё бўлиб чиндан.
Сув ичаман Иртиш ва Ёйиғиндан.
Титраб кетар юрагим барг узилса
Бемаврид бу кенгликлар қайининдан.

ОҒАЛАР

Сизлар осмон бўлсангиз,
Бизлар хумор қараймиз.
Сизлар достон бўлсангиз,
Ёдламоққа яраймиз.

Сизлар чиққан чўққига
Маҳлиёмиз биз ҳар чоғ.
Сизлар тиккан байроққа
Туширмасмиз асло доғ.

Мирпўлат Мирзо таржималари