Дамин Жумақулов. Ўзлигимизни англатгувчи асар

http://n.ziyouz.com/images/sufi_olloyor.jpgЎтган ўн етти йил ичида мамлакатимизда, маънавий ҳаётимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Улардан бири — китоб жавонимизни тўлдириб турган китоблар матбаа жиҳатидан замонавий кўринишга эга бўлди, мазмунан бойиди. Демак, тафаккуримиз, онгимиз ўзгаришга юз тутди. Улуғ шоиримиз таъбири билан айтганда, асрларнинг силсиласида ўзлигимизни танидик. Бу шак-шубҳасиз, мустақиллик, ҳурлик шарофатидир.

Мустабидлик даврида тарихий меросларимизни ўқиган, ҳатто уларни уйида сақлаган кишилар бошига қандай кўргуликлар солингани барчага аён. Шунингдек, тарихидан айрилган миллатнинг йўқликка маҳкумлигини билган истилочиларнинг ўтмишимиздан, миллий анъаналаримиздан, маънавиятимиздан айиришга интилгани ҳам шу боисдан бўлса ажаб эмас.

Аммо уларнинг қирғин-баротлари, аёвсиз қатағонлари, тазйиқлари ҳам Ўзбек деган улуғ ном билан шарафланган миллатни ўз йўлидан қайтара олмади.

Халқимиз ўзлигини таниш учун тарихга мурожаат қилди. Ким эдиг-у, ким бўлдик, деган савол билан бугунги кунга танқидий ёндашди. Ана шу йўлда кейинги йилларда маънавиятимизни бойитадиган, тафаккуримизни юксалтирадиган, ёшларимизни турли ёт ғоялардан сақлашга хизмат қиладиган салмоқли илмий-адабий меросларимиз нашр этилди. Бундай фойдали адабиётларни чоп этиш, кенг ўқувчилар оммасига етказиш ҳозир ҳам жадал суръатлар билан давом этмоқда. Хусусан, авлиё ва аллома — Сўфи Оллоёрнинг “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган “Маслак ул-муттақийн” (“Тақводорлар маслаги”) асари ана шундай асарлардан биридир.

Китоб мутолаа қилган ўқувчини бир жиҳат ҳайратга солади: тахминан ўрта ёшларга етгунига қадар дину диёнатдан тамоман узоқ юрган киши шунча кўп билимни ўрганишга қачон улгурган? Қисқа фурсатда юздан ортиқ фатво китобларини ўқиб, синчиклаб ўрганиб чиқиш, тўрт мазҳаб уламоларининг асарларини бир-бирига қиёслаб ўрганадиган даражада пухта билим соҳибига айланиш, ақоидга оид мукаммал бир асар ёзиш осон ишми?!

Маълумотларга қараганда, Сўфи Оллоёр илм билан шуғуллана бошлаганида қирқ ёшлар атрофида бўлган. Бугун эса баъзи бир қирққа кирган юртдошларимизни-ку қўяверинг, ўттизга етганлар ҳам “Eсиз-а, ёшликда ўқимаганмиз-да, энди каллага кирмайди”, деб оддий китобларни ҳам ўқишга қизиқишмайди. Тахмин қилиш мумкинки, бундай тоифадагилар ёшлигида ҳам ниманидир баҳона қилиб илм олишга астойдил киришмаган. Аслида эса илм ўрганишнинг ёшга унчалик боғлиқлик жойи йўқлигига буюк бобомиз Сўфи Оллоёр ҳаёти ва ижоди, журъати ва шижоати ёрқин мисолдир. Олимларнинг тахминича, у “Маслак ул-муттақийн”ни эллик-олтмиш ёшларида ёзиб тугатган.

Сўфи Оллоёр ўзбек, форс ва араб тилларида мукаммал ижод қилган. Ўтмишда унга қадар ва ундан кейинги даврларда ҳам икки тилли — зуллисонайн ижодкорлар кўп ўтган. Лекин улар битган асарларнинг бири иккинчисидан заиф бўлган. Шу боис ҳам бундай ижодкорларнинг бир тилдаги ижоди шуҳрат қозонган бўлса, иккинчиси биринчисига қўшимча илова тарзида санаб ўтилган, холос. Сўфи Оллоёр эса гарчанд ўзи “Мен бир далада ўсган туркийман”, дея хокисорлик қилса-да, унинг уч тилдаги ижоди бир-биридан зиёд, бир-биридан жозибадорлиги олимлар-у, мунаққидлар томонидан эътироф этилган.

Сўфи Оллоёр мазкур асарида кўп йиллар давомида адашиб юрганини яширмайди, ҳаётининг залолатда ўтган қисмини хаспўшлаб ўтмайди, балки жаҳолатда умр ўтказгани учун ўзини қаттиқ койийди.

Таъбир жоиз бўлса, ўз-ўзини тафтиш қилиш мана шундай камтарликка, мард­ликда намоён бўлади. Дунё­нинг ишларини қаранг­ки, бугун айрим хориждаги ташкилотлар бизга демок­ра­тиядан, ошкораликдан сабоқ бермоқчи бўладилар. Ана шунинг ўзиёқ уларнинг бой тарихимизни, миллий хусусиятларимизни, ошкоралик халқимизда азалдан мавжуд бўлгани ва айниқса, бошқа юртлардагилардан фарқли ўлароқ ўзаро ҳурмат-еҳтиромга асосланган шарқона тарбия руҳида эканини мутлақо билмаслигини ёки билсалар-да кўнглида бир ғаразли режаси борлиги боис, билиб билмасликка олишларини кўрсатади.

Шоир шарқ адабиёти анъанасига биноан лирик чекинишлар қилиб ўз фарзандига насиҳат қилади, китобхон билан ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашади. Аччиқ-чучукни тотган, тажрибали ота ўғлига тўғри йўлни кўрсатиб жумладан бундай дейди: “… Отанг нокаслик билан машҳур бўлди. Сен ўз умрингни зое қилма. Отанг умрини жоҳилликда ўтказди, сен эса енгил-елпи яшаш ва ишлашга ўрганма. Мен пасткаш дунёга мағрур бўлдим. Сен эса (унга қўл силташ учун) пухталикка ўрган-у хом бўлма… Илмни эгалла, унга амал қил…”

Муаллифнинг бу гаплари умрининг муайян фурсатини ҳою ҳавас билан ўтказган, илм ўргангандан сўнггина ҳаётида маъно кўра бошлаган иймони бутун, виждони пок одамнинг эътирофидир. Дарҳақиқат, умрини ғафлатда ўтказиш инсон зотининг матлаби эмаслиги, айниқса, бугунги тезкор замонда тенглар ичра тенг бўлиб яшаш, иймони пок, юзи ёруғ бўлиб, мазмундор ҳаёт кечириш тўғрисида Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида ҳам “Агар одамзот бу дунё­да руҳан пок бўлиб, иродаси бақувват, иймони бутун, виждони уйғоқ бўлиб яшамас экан, инсон ҳаётининг қандай маъноси қолади?” — деган ҳақли савол қўйилган.

Сўфи Оллоёр китобни олимлар учун эмас, балки араб тилини билмайдиган оддий кишилар учун ёзганини маълум қилгани ҳам унинг камтарлиги белгисидир. Негаки, бошқа бир ўринда жиддий илм ўргангани ва бу китобни ёзиб унга “Маслак ул-муттақийн” деб ном қўйганини ҳам айтиб ўтган. Бироқ, асарни араб алифбосидан кирилчага ўгириб, нашрга тайёрлаган олимлар — Сайфиддин Сайфуллоҳ ва Акром Деҳқонларнинг фикрича, китобнинг ёзилиш сабабларидан яна бири — Сўфи Оллоёр яшаган давр­га келиб юртда ахлоқсизликнинг кенг илдиз отиши, жамиятнинг маънавий ин­қирозга юз тута бошлаганидир. Бу аччиқ ҳақиқатни ХII-ХVII асрда яшаб ижод этган бош­қа шоирлар ижоди ва муаррихлар асарларида ҳам кўриш мумкин. Шундай шароитда иймон ва эътиқодга доир асар ёзиб, йўлдан адашганларга тўғри йўл кўрсатишни Сўфи Оллоёр ўзининг бурчи деб билган. Ана шу масъулият туйғуси уни бундай мураккаб мавзуда китоб ёзишга ундаган.

“Маслак ул-муттақийн” асари ХIХ асрда Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли томонидан “Ҳидоят ул-муттақийн” номи билан ўзбек тилига насрий таржима қилинган. Унинг қўлёзма нусхалари Сайрам ва Тошкент атрофида кенг тарқалган. Мазкур нашрда “Ҳидоят ул-муттақийн”нинг Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институтида сақланаётган қўл­ёзма ҳамда шу институт илмий ходими, таржимоннинг эвараси Акрам Ҳабибуллаевнинг шахсий кутубхонасида сақланаётган нусхалардан фойдаланилган.

Форс тилини билмайдиган, аммо илмга иштиёқи зўр бир неча толиби илмлар Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғлидан бу мўътабар асарни ўзбек тилига ўгиришни қуйидагича илтимос қилган: “Ҳазрати Эшон Сўфининг бу китоби табаррукларидан бизлар бехабармиз. Керакким, туркий бўлса, бизлар ҳам фаҳм қилиб, баҳра олсоқ ва ҳол-қувватимиз боринча амал қилсоқ ва бизлардан сўнггиларга ҳам нусха бўлур ва тақи неча толиби илмлар йўл топса…”

Мутаржим “Маслак ул-муттақийн”ни эркинроқ таржима қилган. Асосан фиқ­ҳий масалаларни ўқувчига етказиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани боис, айрим лирик чекинишларни, панд-насиҳатларни қисқартирган. Баъзи ўринларни эса илмий далиллар билан тўлдирган. Бу ишлар таржимоннинг пухта билим эгаси бўлганини кўрсатади.

Асарни ҳозирги алифбога ўгириб нашр эттирган олимлар китобхонга тушунарлироқ бўлиши учун айрим иловалар киритган ва уларни қавсга олган. Бугунга келиб адабий тилимизда муомаладан чиқиб кетган сўзларни оммага тушунарли бўлиши учун муқобили билан алмаштирган. Бир неча иштибоҳли масалаларни асл — форсий манбага қиёслаб тўғрилаган. Баъзи ўринларда котиб томонидан тушириб қолдирилган сўзларни тиклаган. Яна бир муҳим жиҳати, китоб охирида “Маслак ул-мутта­қийн”­да келтирилган асарлар ва уларнинг муаллифлари ҳақидаги маълумотларни илова қилган.

Шу тариқа бу муборак асардан аввал Қўзихўжа Ҳафизхўжа, бугунга келиб эса Сайфиддин Сайфуллоҳ ва Акром Деҳқон саъй-ҳаракатлари билан баҳра олмоқдамиз. Энди китоб жавонимиз яна бир гўзал асар билан бойиди. Умид қиламизки, қалбимиз ҳам бундан кўп файз олади. ХIХ аср толиби илмлари айтганидек, бу асардан биздан кейинги авлодлар ҳам баҳра олса, не ажаб.

Бундай дейишимиз бежиз эмас. Бу мўътабар манбадан Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва бир неча Араб давлатлари ўқув юртларида муҳим қўлланма сифатида толиби илмларга сабоқ берилади. Шундай экан, биз — у зотнинг авлодлари бу асардан фойдаланишга барчадан кўпроқ ҳақлимиз.

Мақолага шу ерда нуқта қўймоқчи эдик. Аммо кези келганда кўп вақтлардан бери бизни қийнаб келаётган айрим камчиликларимизни ҳам айтиб ўтишни лозим топдик. Чунончи, Сўфи Оллоёр қолдирган беқиёс маънавий меросга ҳам муносабатимиз ўзга аждодларимизникидан кўп фарқ қилмайди. Шу боисдан халқ орасида у зотнинг асарларидан кўра ўзининг номи машҳурроқ. У кишининг даст­­лаб катта амалдор бўлгани, ўз даврида кат­­та-ю, кичик ундан ҳайиққанини, ҳатто бир ҳомиладор аёл унга рўбарў келиб қолганда қўрққанидан кўприкнинг остига яшириниб, ўша жойда бола ташлаб қўйгани ҳақидаги маълумот-у, ривоятларни биламиз. Ана шу воқеадан қаттиқ таъсирланиб барчасига қўл силтаб тариқат йўлини тутиб авлиёлик рутбасига эришганини давраларда кўп гапирамиз.

Сурхон воҳасининг Олтинсой туманида Сўфи Оллоёрнинг қабри гавжум зиёратгоҳга айланган. У зот қабрларга сиғинишни, ўтганларга атаб қон чиқаришни эмас, мададни ёлғиз Яратгандан сўраш лозимлигини ўз асарларида кўп бор таъкидлаган. Жумладан, “Маслак ул-муттақийн” асарида бундай дейди: “Аммо баройи меҳмон (меҳмон учун) деб забҳ қилса, сўйгани ҳаром бўлғай. Эй азизлар! Огоҳ бўлингларки, бир неча нодонлар авлиё ва машойихлар учун деб қўйни сўярлар. Агарчи “Бисмиллаҳ” деса ҳам ҳаромдур. Забҳ қилғонлар кофир бўлур. Зин­ҳор бу афъолдан ўзларинг­ни сақланглар, бу сувратда забҳ қилиб ҳаром қилманглар. Азбаройи Худо (Худо учун) деб забҳ қилинг­лар, савоб ҳосил бўлур ва авлиё ва машойихлар хушнуд бўлғайлар. Зероки, авлиёнинг хур­сандлиги шариат бирла бўлур”.

Ҳеч шубҳа йўқки, бу асар миллатимиз келажаги бўлган навқирон авлодга ўзига хос туҳфа бўлди. Бинобарин, бунда баён этилган соф исломий ақидалар ёшларни бидъат ва хурофотлардан, ҳар хил диний экстремистик ташкилотлар таъсирига тушиб қолишдан сақлайди. Уларнинг муқаддас динимизга бўлган муносабатида алоҳида аҳамият касб этади. Энг муҳими, ёшларни одоб-ахлоққа, илм ўрганишга чорлайди. “Маслак ул-муттақийн” шуниси билан ҳам қимматлидир.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).