Абдулла Аймоқ (1954-2015)

Абдулла Аймоқ (Әбілда Аймақ) Жанубий Қозоғистоннинг Ўрдабоши туманида туғилган. Мухтор Авезов номидаги вилоят Педагогика институтининг филология факультетида таҳсил олган. Матбуотда 80-йилларнинг бошидан шеърлари билан кўрина бошлади.
Айни пайтда Республика Ёзувчилар уюшмасининг Жанубий Қозоғистон вилояти бўлимида масъул котиб вазифасида фаолият кўрсатмоқда.
Унинг “Лайло” (1993), “Дўмалоқ она” (1997), “Юрагимда” (1998), “Олтин бешик” (1999) каби шеърий тўпламлари чоп этилган.

ОТИНГНИ ЁЗДИМ ОҚ ҚОРГА

Отингни ёздим оқ қорга,
Уйингдан чиққач кўрсин деб.
Шошилиб бораётганда,
Менда ҳам кўнглинг бўлсин деб.

Оқ қорга сени менгзадим —
Самодан келиб қўнувчи.
Сен эса севгим сезмадинг —
Қалбимда шамдек ёнувчи.

Билмадим, кўрдинг-кўрмадинг,
Руҳландим ажиб куйдан мен.
Қошимга бироқ келмадинг,
Боришга мен ҳам иймандим.

У пайтлар парво этмабман,
Бу дамлар тезда ўтарин.
Исмингни ҳам мен сезмабман —
Оқ қор-ла эриб кетарин.

* * *

Ҳар юракдан чиқади армон саси,
Кетар унга ҳар битта дил ҳаваси:
Ҳовли узра кир ёяр бир келинчак,
Чиройда нақ Винчининг мадоннаси.

Титради дил — ҳеч куйи чалинмаган,
Ишқ бобида ҳеч кимга ялинмаган.
Эрка еллар кўйлагин юлқиларди,
Энг охирги тугмаси солинмаган.

Кун овора булутлар гирдин ёқиб,
Аҳён-аҳён бораркан кўкда оқиб.
Ел овора келинчак этаги-ла,
Овораман мен эса унга боқиб.

ИЗЛА МЕНИ

Айрилиқ азобидан бўлиб саранг,
Ўзимни йиғидан мен тутдим аранг.
Қарадим қора-қўнғир булутларга
Сўраб кўр улардан, гар ишонмасанг.

Сўрагин каптарлардан — улар англар,
Юракка ўтганини не аламлар.
Ортимга кўп бор боқцим — надир чора,
Қошингдан видо айтиб кетар дамлар.

Шудрингдан сирға таққан чангалзор, о,
Сен келган маҳалларда эди зебо.
Термилдим уларга-да сирим айтиб,
Билмадим: уқдими ё, уқмади ё.

* * *

Севгимизнинг энг мурғак — илк маҳали
Қўлимиздан келмасди журъат ҳали.
Капалакдай қиз эдинг, қанотингда
Куч йўқ эди ҳатто сўз кўтаргали.

Ўтавердик гоҳ ғамгин, гоҳи кулиб,
Бир-биримиз гоҳ яқин, гоҳ ёт билиб.
Осмонгина бизларга паноҳ бўлди,
Кечалари бўйнига маржон илиб.

Гоҳ англамай ишқни, гоҳ англаб етдик,
Гоҳ умиддан юракни мамнун этдик.
Қўл ушлашиб очунни кездик-да бир,
Кейин мовий уфққа сингиб кетдик.

Кўргим келар мен сени кўрган сайин,
Ҳисга тўлар юрагим бирам майин,
Букилдим-ку мен сўроқ белгисидай,
Қувват бергин, қаддимни кўтарайин.

Сенга қараб, эртамни чамалайман,
Яшамоққа сени деб доим шайман.
Сени кўрсам чиройли бўлгим келар,
Ўз-ўзимни тузайман, тарангайман.

Ҳар лаҳзада такрорлар номинг тилим,
Юракдаги севгимни англа, гулим.
Ўзинг бўлсанг қошимда яшнагайман,
Бўлмасанг-чи, ёмғирдай йиғлар дилим.

Мирпўлат Мирзо таржималари

БИР ЭРКАКНИНГ ШИКОЯТИ

Урдим бошни деворга ҳам, эшикка,
Қора бошим дардини ким эшитгай?
Баъзан-баъзан номус чўқиб ўтади,
Шундай пайтлар топилмайди тешик ҳам.

Бизнинг уйнинг ҳар кими ўз-ўзича
Гўё улкан уммонларнинг тўлқини.
Хотин юрар вайсаб-вайсаб кўзимча,
Қовоғидан ёғар қорнинг салқини.

Булар менинг номусимни уқмайди,
Айтган сўзим симоб каби, юқмайди.
Баъзан оғриб йиқиламан тўшакка,
Бири келиб бошин уйга суқмайди.

Мен юраман етказолмай тийинни,
Ажратолмай ҳазил ё чин, ўйинни.
Қизларимнинг парволари – фалакда,
Қувиб юрар тутқич бермас қуюнни.

Ўз-ўзимга қувват бериб, шўппайиб,
Уйдан чиқдим қизил гулдай қаққайиб.
Нари бордим, бери келдим, ўзимча,
Сўнг мен яна уйга қайтдим ҳўппайиб.

Шундай қилмоқ – бандаларга ҳожатма?
Худо, бундай кўргуликни йўлатма!
… Уйга кириб, ҳар кимга бир термулиб,
Дарров тушиб қолдим қадим ҳолатга.

ҚОЗОҚИ ТЎЙ

Чақирмади тўйига булар мени,
Чақирса, элга кулгу бўлармиди?
“Манови ҳам келибди” деб, жирканишиб,
Аллакимлар гап қилиб турармиди?

Чақирмаса тўйига, чақирмасин,
Юраги шунга яйраб лопирласин!
Мен каби фойдаси йўқ бир бечора
Еб кетса, жин чалмасин бунинг ошин.

Йиғилибди биз ёқнинг тўралари, –
Тадбиркору амалдор, бойнинг бари.
Мен ҳам бир пайт буларга қўшилардим,
Бугун суриб қўйишди мени нари.

Ҳув бири белга қўлин тирабдилар,
Келган эмиш тўйига атоқлилар.
Мен борсам, бирортаси қимир этмас,
Миннатим йўқ-ку ахир чатоқ қилар.

Шу кунларда бировга берган – олар,
Кетини ҳам қўяр ўрни тўрда бўлар.
Мени ҳам атоқли деб ўйладими,
Бир-икки бор чақириб кўрган улар.

Бола кезда тўйлардан қолмас эдик,
Чопар эдик терлаб-пишиб, толмас эдик.
Шу болалар кўплари турар, ана,
Улғайишган, қориндор, гавдалар тик.

Ким бор эди ола қарагудай бизга,
Десаки: “Сен кел, сен қайт изга”.
Қайтанга ҳаммамизни чорлаб олиб,
Тенг товоқ ош қўярди ҳаммамизга.

Ўн бола паловга кеп бош солардик,
Тўймасак, яна бориб ош олардик.
Қайтанга ҳамма хурсанд эди. Энди
Улғайиб бўлдикми биз олаоғизлик?!

Бизнинг халқ тўйлар кўриб ўсган ҳар чоқ,
Тўй билан қайта ёнган ўчган чироқ.
Карвондан қолиб қўйган гадойи ҳам
Бўсаға ҳатлайверган ялангоёқ.

Қозоқи тўй… “Сен кел, сен кет…”? Шўрли бошим!
Мард йигитлар тарқатсин элга ошин!
Бироқ тўйда ҳеч кимни олаламанг,
Қайтанга “Ҳамма келсин” деб талашинг!

Манов турган қоринбой тўралар ҳам,
Унутмагандир ахир: ҳаёт – ҳакам.
Бир тўйим бор менинг ҳам тарқалмасдай,
Кўрасиз, ҳамма келар, ҳамма одам!!!

* * *

Мени асло койиманглар, кечинглар,
Эркаланиб, карвон тортиб кетсам гар.
Қарам тутиб бол шаробнинг буғига,
Қум етолмас уммонлардан ўтсам гар,
Сизлар мени афу этинглар, кечиринглар.

Ёрти қурутни олти ой озиқ этувчи,
Қашшоқ эдим чанги чиқмай кетувчи.
Сизлар мени урушманглар, илтимос,
Менинг қалбим бола ҳали, ўқувчим.

Сизлар мени койиманглар, илойим,
Урушсанглар, бузилади чиройим.
Койисанглар йиғлайман ёш боладай,
Туман кўмиб ташлагандай кун, ойим.

Шеър ёзишга қолмай амал-қуроғим,
Йиқолмасам туҳматчининг байроғин,
Ёлғиз-ку деб ўланда ҳам умрда,
Сабаб қилинг, мунг босмасин қароғим…

Сизлар мени койиманглар, илтимос.

Музаффар Аҳмад таржимаси