Қосимхон Бегманов (1958)

Қосимхон Бегманов (Қасымхан Сейітханұлы Бегманов) Жанубий Қозоғистон вилоятининг Кентов шаҳрида туғилган. 1975 — 1980 йилларда Қозоғистон Политехника институтида таҳсил олган. Халқаро Туркий халқлар шеърияти фестивалининг иштирокчиси.
“Ёмғирли тун”, “Илк китоб”, “Бешикдан қабргача», “Соғинч” сингари шеърий тўпламлар муаллифи.
Ёшлар шеъриятида унинг овози ўз ҳарорати ва самимияти билан алоҳида ажралиб туради.

О,ТУРКИСТОН

О, Туркистон!
Муҳаббат бер, сабр бер,
Жабрдийда юртни сийла, она-ер.
Кўз ўнгимда ўркач-ўркач адирлар,
Чўкиб ётар унда не-не қабрлар.

Ул қабрлар — кўҳна мозий, тарихдир,
Ул қабрлар — бизга баъзан жумбоқ, сир.
Бор вужудим билан шуни сездим ман,
Ул қабрлар чўкиб қолган чўнг Ватан.

Ғуссаларга чулғар мени адирлар,
Ва битаман мунгли-мунгли сатрлар.
Мозий сари ўзни уриб, тиғлайман,
Кенг далада тўйиб-тўйиб йиғлайман.

О, Туркистон!
Диёнат бер, сабр бер,
Бахт излаган юртни сийла, она-ер.
Кўз ўнгимда ўркач-ўркач адирлар,
Чўкиб ётар унда не-не қабрлар…

* * *

Машаққатлар гирдобида мен ҳамон,
Тақдир синар шоир қалбим беомон.
Босиб ўтган эгри-бугри йўлларим
Менинг нозик умр йўлим, бегумон.

Фисқу фужур давралардан бездим мен,
Гаванада денгиз мунгин сездим мен.
Урумчида уйғур қизга байт айтдим,
Истамбулнинг кўчасида кездим мен.

Дил изҳорим эшит, гулим, тингла жим,
Ҳар қайда мен дийдорингга кўз тикдим.
Олис юртда ёлғиз қолган дамларим
Сени эслаб, элни эслаб энтикдим.

Йиллар ўтди — бир-бирини суришган,
Бўшамадим мен шеър излаб юришдан.
“Ҳеч бўлмаса чорвадор ҳам бўлмадинг”,
Дея бир пайт отам мени уришган.

Нима ўзи шоир қалбнинг илинжи?
Ижоддами, оромдами дил тинчи?
Мен ўландай самимий дўст топмадим,
Қолган бари ёлғон экан… ўткинчи.

ҚОРАЧИҚ

Не бир ёвшан, алафлар қувраб-сўлиб.
Мунғаяди дашт-дала яйдоқ бўлиб.
Ўтмишдаги армонлар ўзани бўп,
Оқмоқдадир Қорачиқ тўлиб-тўлиб.

Оқади у мавж уриб, эркаланиб,
Теваракни гоҳи пайт бўлмас таниб.
Оқ денгизга айланса пахтазорлар,
Кузги буғдой ниш урар яшилланиб.

Юрагимга туйғулар сола чиқдим,
Дўмбирачи дўстимни ола чиқдим.
Достонимга завқ берган шу шўх сойдир,
Қирғоғида турибман Қорачиқнинг.

Туққан юртга дил меҳрим бисёр бирам,
Ўзга туйғу томирим ўртамаган.
Туркистон кўзин мисли қорачиғи,
Гўзал қирғоқ мавжларин эркалаган.

Армону мунг саҳрода зорлаб турсин,
Салқин соҳил ўзига чорлаб турсин.
Қўшни қизга ишқ берган бўзболанинг
Толе нури кўзида порлаб турсин.

Қорачиғим, мунисим, оқа бергин,
Ёш қалбларда завқ-сурур ёқа бергин.
Сен етмаган ерларга мен етайин,
Қирғоғингга чечаклар тақа бергин.

Достонимга жило бер шавқинг билан,
Тиниқ-тиниқ тўлғаниш авжинг билан.
Илк севгимни ёдимга туширдинг сен,
Оҳудай шўх ўйнаган мавжинг билан.

Сен қалбимга адирдай, даштдай яқин,
Куйга тўлдир замину кўкнинг тоқин.
Сенинг жўшиб оққанинг таърифлаш-чун
Шояд келса қошингга Қодир оқин.

Шамолдай дунёни мен кездим елиб,
Термилдим оқ булутга — учгим келиб.
Нозланиб оқасан сен эрка қиздай,
Мен эса энтикаман қучгим келиб.

Дов-дарахтлар бамисли хаёл сурар,
Ўт-ўланлар шивирлаб суҳбат қурар.
Олисдан Яссавийнинг мақбараси
Қорачиққа кўз қирин солиб турар.

Ўланим бор юракда — тахтлиман,
Эзгуликни куйламоққа аҳдлиман.
Сирдарёнинг синглиси Қорачиқда
Мен дунёга келганимдан бахтлиман.

Келажакдан нур ёғар тонгларимга,
Даврон сурмоқ мумкинми ёнмайин гар.
Қора йўлда машина саф-саф ўтар,
Ёнбағирда сузади комбайнлар.

Тангри бизни бекорга сийламаган,
Тупроғимиз зар билан ийламаган.
Кумушланган Қорачиқ тўлқинларин
Айбергенов, о, бежиз куйламаган.

Мирпўлат Мирзо таржималари

* * *

Ошиқ бўп турди бир бутун дунё ўзингга қандай!
Ёнингда сени томоша қилдим: юзларинг ойдай!
Осмондан оқиб қўш юлдуз қулаган эди-ов,
Кўзларинг ёши юзимга менинг томчилагандай…

Кўзларинг ёши мунчоқ мисоли тизила қолди,
Толдан сачраган каби юзимга томди.
Шу лаҳзаларда ун-тунсиз бўлиб менинг ўзимдай,
Дунё ҳам сенга бир қаради-ю, ошиқ бўп олди!

Бирини бири авайлар деган ечимга борган,
Шунчалар мунгли бўларми, замин, ошиқлар? Солған!..
Азизим, жоним, йўқотдим сени ўшандан кейин,
Қўш юлдуз оққан кузги оқшомлар ёдимда қолган.

Кейин… турналар жанубга қараб тизилиб учди,
Бола шоирнинг кўзлари ўша қушларга тушди.
Оҳ, дариғ, ўша кузги оқшомда тушимга кириб,
Бир томчи ёшим кўзимдан оқиб заминни қучди.

Бизларни энди ким айтар экан: “Ана ошиқлар!..”
Соғинчларимни тушида кўриб қора ел ухлар.
Юлдузлар оққан тунларда сира сайр қилманглар,
Ирими ёмон бўларкан бола ошиқ-маъшуқлар!..

Музаффар Аҳмад таржимаси