Соғинбой Иброҳимов 1956 йилда туғилган. Москвадаги Максим Горький номидаги Адабиёт институтини тугатган. Қорақалпоқ тилида “Бешинчи фасл”, “Ер билан осмоннинг оралиғида”, “Cайланма” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.
* * *
Қуёш нурининг кўз илғамас ранглари
уйғонади сезимларимда.
Бироқ,
бу руҳи пинҳон дунё
қайдаги бир латталарни
ниқоб қилиб сезимларимга,
мен кўришим керак бўлган суратларни яширар…
Мен бу кенгликни таний олмайман
дунё текширади мени
секундларга бўлиб мавжудлигимни.
* * *
Ўзимни ёнаётган ўтга ураман,
ўрнимда бир чимдим кулим қолади,
бир қуш кулдан чиқиб, осмонга учар…
Қайга боради у,
қайга қўнади?
* * *
Жар ўпириб оқаётган дарёсан,
мен қирғоқда туриб довруқ соламан,
бироқ тўлқинларнинг шовуллашидан
довушимни етказолмай қоламан.
Жар ўпириб оқаётган дарёсан,
мен бошимни эгиб келдим ёнингга –
не амр айлаб,
қандай ҳукм қиласан,
борлиғим бахш этиб келдим ёнингга.
Тўлқинингдан жонда жўшди ҳаяжон,
сен менинг кўнглимга солган туйғулар
мени сиғдирмайди чексиз кенгликка
этак-енгим қанча кенг бўлган билан.
Осмоннинг остида,
ернинг устида
минг бор пастдан дўнгга чопганим билан –
дарём,
сен оқасан ўз шиддатингла,
тўғон бўлиб сени тўса олмасман.
Гирдобларга мени тортиб, куласан,
шаршара бўласан,
ўйнаб-аврайсан –
сендан бошқа ҳеч бир сеҳргар билан
мен ҳеч қачон бахтли бўла олмасман.
Шундай тураверсанг сен қучоғимда,
шундай тураверса бошинг эгнимда –
юрагимда югуриб бораётган
бир уюр йилқининг дупурин тинглаб.
* * *
Осмоннинг остида бир оғиз ҳам
сўзим йўқолмайди.
Ҳақ тарафида
не айтсам –
юлдузлар ёдлаб олади.
Ноҳақнинг фойдасига айтган сўзларим –
ернинг қобирғасин қайиштиради.
* * *
Саҳронинг содда ҳам оркаш боласи –
кўнасан бу савдоларга.
Сен таниган асилни кимлар
қандай яна қанча парчаламасин –
асил аталади синиқлари ҳам.
* * *
Нега тутдим бу капалакни,
қанотларин нега қайирдим –
кўзидаги иероглифларни
ўқий олмаслигим билсамда?
Нега тутдим бу капалакни –
бир лаҳзалик умри ичинда
тоза нарсаларининг ошиғин,
азиз нарсаларининг ошиғин?
* * *
Бу дунёда кўп нарсаларни
ақл билан тушунтириб бўлмайди.
Қайбир тўлқинларин одам жонининг
ақл билан енгиб бўлмайди.
* * *
Шундай чегаралар қўйилган –
мангу бегонаман бу ерларга мен.
Гулмих қоқар Бойчиборнинг
тўрт туёғига.
Қанотига хат ёзилган
ғозга ёйдан ўқ тортар.
Нодон эмас,
золим эмас,
ўзим каби одамлар –
нега яшаётганига
парвойи палак одамлар.
* * *
Мен тош бўлиб тушдим тоғнинг бошидан –
ерга икки одам бўйи қолганда
кўриб қолдим қанотларимни,
бир сабаблар билан қушга айландим.
Тинмай айланади ер ҳаракатда –
ўтлар ёниб,
тутун кўкка ўрлайди.
Беҳуда ташвишлар билан жон ҳалак,
бу тўс-тўполонда жонга раҳм йўқ.
Мен бу тажаввузкор дунёдан қўрқиб,
қайтиб учиб кетдим тоғнинг бошига –
оппоқ музликларнинг устида,
оппоқ булутлар юради сузиб.
Менинг ўйлаганим –
бу рангларнинг
қуршовида жоним қийналар эди.
Кўнглимдаги барча фикрлар ўлиб,
фақат ранглар билан фикрлар эдим.
Рангларга тўладир осмоннинг ости –
бунча кўзни алдаш не керак эди?
Сап-сариқ қумларнинг устида
туялар –
энг сулув суратлар эди.
* * *
Пирли йўлнинг устида
ҳақ юради,
ноҳақ юради.
Мард юради,
номард юради.
Пирли йўлнинг устида
қадр-қиммати бор ҳар кимнинг.
Пирли йўлнинг устида Худо
суйган бандасининг қолишини беради.
* * *
Бир одам осмоннинг олдида изза –
осмон жойлашмаса эътиқодига.
Бир одам заминнинг олдида изза –
замин жойлашмаса эътиқодига.