Холилла Давлатназаров (1952)

Холилла Давлатназаров 1952 йилда туғилган. Нукус Давлат санъат билим юртида вокал мутахассислиги бўйича ўқиган. Ҳозирда “Амударё” журналининг Бош муҳаррири лавозимида ишлайди. Ижодкорнинг “Хат”, “Сен менга кераксан”, “Ошиқ бўлмаган ким бор?”, “Хуш қол ёшлигим”, “Алвидо, муҳаббат, алвидо”, “Ошиқ бўлиб яшанг” каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

ОҚЧАКЎЛ

Тарихинг куйласа не-не асрлар,
Садо бергай неча қўрғон-қасрлар,
Ёзилиб, айтилиб кўп тахмин-сирлар,
Улуғлаб, донғингни ёйган Оқчакўл!

Зардўшт неча марта сузди сувингни,
Кезиб Султон Вайис каби тоғингни,
Турон-Туркистонда заҳру болингни
Қорақалпоғинг ҳам тотган Оқчакўл!

Чўл-саҳролар тўнаб кўчу карвонинг,
Қумдай майдаланди умид-армонинг,
Кўрар кўзимидинг қадим дарёнинг,
Оққушлар ошиқ бўп қўнган Оқчакўл!

Гоҳо муз куршандинг ҳатто саврда,
Яшаб кўрдинг не замон, не даврда,
Қизилқумлар чеккан ўтли ҳовурда
Майса-ўланларинг ёнган Оқчакўл!

Номинг балки оқча булутли осмондан,
Оқча қорданми ё ақча сочгандан,
“Ақчахон қалъадай” машҳур достондан
Ёдгорлик бўп мерос колган Оқчакўл!

Сув бежо тўлғонса, мард деҳқонларинг
Тенг тортишди замон имтиҳонларин,
Оқ сийнасин силаб не жононларнинг
Муҳаббат мавжида қолган Оқчакўл!

Ўтмишинг бор мозийлардан терандай,
Қўлловчинг қирқ чилтон – ғайбул-эрандай,
Олтин ивитилган кумуш зарангдай,
Жамолинг кўз ёғин олган Оқчакўл!

Юрт учун ҳам бир кўрк ўтмишнинг саси,
Бўстонга илҳомдир шу овозаси,
Қоратовнинг қарайдиган кўзгуси –
Ой мисоли оппоқ тўлган Оқчакўл!

Қат-қат кечмишингдай қалин ўй босган,
Аёзқалъанг – тоғлар билан бўйлашган,
Мен ҳам сендай садо бермай қолмасман:
“Халқим! Она Ватан!” дея Оқчакўл!

ҚАНОТЛАГИМ КЕЛАР ҚАЛДИРҒОЧ БЎЛИБ

Ер-кўк кўп эшитган, қанча кўз кўрган,
Ҳақиқат ҳамиша ташбеҳ изларкан,
Мен ҳам кўнгилларга сулув сўзлардан
Уя қургим келар қалдирғоч бўлиб.

Ипакдай юмшоқ сўз, ёқимли ёрни,
Муҳаббат фасли деб гўзал баҳорни,
Ширин орзу-умид, соғинишларни
Олиб учгим келар қалдирғоч бўлиб.

Бағишлов бахш этиб отган тонгларга,
Юкинсам, табиат берган рангларга,
Қаноти қотмаган палапонларга
Ваъз ўқигим келар қалдирғоч бўлиб.

Қисмат азобидан жонлар безиниб,
Нозик ҳислар қолса гирён, эзилиб,
Бир бутун дунёни яхлит сезиниб
Сайрагим келади қалдирғоч бўлиб.

Ҳар нени бир татиб чиркиллар чумчуқ,
Қарға урмоққа ўч ҳаромга тумшуқ,
Шубҳали луқмадан гард олмас чимдиб –
Яшагим келади қалдирғоч бўлиб.

Вақт ила баҳслашса, умр карвони,
Танглайга таъм берса, бахтнинг замони,
Ёниб-титраб ётган ўксик дунёни
Қанотлагим келар қалдирғоч бўлиб.

БУЛБУЛ — ГУЛНИНГ, МАРДЛАР — ЭЛНИНГ ДАРДИНДА

Мустаҳкам тоғ-тош ҳам чақилар, чўкар,
Сал нарсага булут кўз ёшин тўкар,
Иқбол гоҳо сарак, гоҳ пучак экар,
Барча яшар номус-орнинг дардинда.

Ошиқлар суянса ярашар толга,
Беқарор арилар беҳушдир болга,
Қайиғинг ғарқ бўлса дарё-анҳорга,
Сўнг оқарсан эшкак-солнинг дардинда.

Марднинг ноҳақликда жони қоврилар,
Бисотинда борин эл деб совурар,
Шуҳрат хирмонинда нокас дов урар,
Оқлар уриб фоний даврон дардинда.

Ёш қизлар ҳавасманд – кўзга чалинса,
Исми муҳаббатнинг тилга олинса,
Изинда юз йигит юриб ялинса,
Бўз йигитлар севар ёрнинг дардинда.

Умр гузарида армон – аравачи,
Умид соҳилида хаёл – дарғачи,
Бўйнида тўрваси, юрар талашиб,
Ажал ҳар қадамда жоннинг дардинда.

Сув мўл бўлса, дарё тошқинлаб оққай,
Ҳилм-ҳаё кўрк берар олма ёноққа,
Ким дулдул, ким ёби излар минмоққа,
Булбул фарёд қилар гулнинг дардинда.

Бул дунёда не кўп – ташвиш кўп, дард кўп,
Бажарилмас лафз кўп, бузилган шарт кўп,
Дард билан дардда ҳам ер-кўкдай фарқ кўп,
Асл мардлар ёнар — элнинг дардинда!

БОТИР ГУЛОЙИМ

Қўш бурумли қора сочим
Туяйин деб тукканим йўқ.
Етти қават оқ совутни
Кияйин деб кийганим йўқ.

Эрлар туриб, аёл бошим,
Тақинганим қилич-қалқон.
Мардлар чопган ёв ўрдасан,
Қайтмоқчиман қилиб талқон!

Юрак-бағрим куя-куя,
Кўзларимни нам қилди дард.
Чиқмасми эл-халқим дея
Қирқ йигитни бошлаган мард.

Арзи ҳолим ким уқади,
Яккаликдан зор йиғлайман.
Мен чиқмасам ким чиқади,
Ботирларсиз қолса майдон?!

Эл бошига кун туққанда
Оҳ уриб, қўл ёйманг ётга.
Халқ учун бел боғланг энди,
Ботир қизлар, мининг отга!!!

ТЎМАРИС МОНОЛОГИ

Бу юрт — озод массагетлар юртидир,
Авлодлар шод бўлса – элнинг бахтидир.
Томирингда менинг қоним бор, ахир,
Қуллик недир – одам билмасин дейман.

Акс ҳолда мен чидаб юргим келмайди,
Руҳ исёнда, мен жим тургим келмайди.
Мардлар бекор бошин фидо қилмайди,
Юрт душман қўлида қолмасин дейман.

Ўзи туйса, туймай қолса фуқаро,
Ундайларнинг васфи – тилларга яро!
Бир мунгли йиғласа, бошчи бепарво,
Тинч ухласа – ўйнаб-кулмасин дейман!

Қайда лашкарларим, қурол-яроғим,
Урпоғим – умримнинг ёруғ чироғи,
Сарғиш тортса ҳур элнинг бахт вароғи,
Қайта яшилланиб, гулласин дейман!

Қорақалпоқчадан Музаффар Аҳмад таржималари