Гулнора Нурлепесова (1961)

Гулнора Нурлепесова 1961 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Шоиранинг “Асло ожиз деманг бизни, оғалар”, “Оқ нурлар”, “Қайлардасиз, кумуш булоқлар?” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

ТУҒИЛГАН ЮРТ

Туғилган юрт.
Қоратолинг – кўзларидай онамнинг,
Тебранишган шолиларинг – ярашиғи даламнинг,
Бийик-бийик сариқ қумлар – жўши юракхонамнинг,
Қучоғингда етишдим мен, бугун сенга шайдоман!

Туғилган юрт.
Она халқим иқболисан, бугун сан,
Дилим очсам, дилгинамдан янграб чиққан унимсан,
Мадад берар бир онамсан, мабодо, мен суринсам,
Узоқ йўлдан ташна қайтсам – булоғимсан ҳар қачон!

Туғилган юрт.
Кўз олдимда гулдай яшнаб турасан,
Бир кун сендан олис кетсам, тушларимга кирасан,
Келажаги буюк элсан, гулланасан ҳали сан,
Қучоғингда бир новдангман инсонларга интилган!

Туғилган юрт.
Томиримсан қон айланган танамда,
Сенсиз ўйлай олмасман, мен, тирикчилик деганда,
Сенга бўлган муҳаббатим чексиз, тубсиз эканда,
Меҳр, ишқимни сенга тўла айтолмасман ҳеч қачон!

ГОҲ БИРОВНИ…

Гоҳ бировни кўриб қолган вақтингда
Юрагингни бир ҳис эгаллар илиқ.
Шу лаҳзада бошқа бировни кўриб,
Жон дунёнгга кириб келар изғириқ.

Илиқлик уйғотган хушфеълли инсон
Ширин сўзи билан кўнглингни олар.
Изғириқ туфлаган совуқ феълли жон,
Ўтмас тиғ билан вужудингни қиймалар.

Яхши одам билан йўлдош бўлсанг гар,
Яхшиликлар билан жонга қўшар жон.
Ёмон билан йўлдош бўлсанг муқаррар,
Тоқатинг тоқ айлаб, қилар саргардон.

Шу сабаб, кўплар дер: фоний дунёда,
Дардингга дармондир фақат яхшилар.
Баъзи номардларнинг қора ишларин,
Яхшиларнинг эзгу иши яширар.

Ёмоннинг қилмишин кўрган вақтингда,
Қадри билинади яхши одамнинг.
Хуш ифорли гуллар ўсса боғингда,
Кўнгли сезмайди ҳеч буни нодоннинг.

Фаросат юқмаган бундай кимсадан
Йўқ нарсани умид қилиб нетайин?
“Ит хуради, карвон ўтади” – деган,
Мақолнинг, оҳ, садағаси кетайин.

Кўрган ерда, жонга берар илиқлик,
Яхшилар кўнглида ажиб нақши бор.
Ёмонлардан чиқмас асло ёруғлик,
Бахтимизга омон бўлсин яхшилар!

УМРИМ

Халқимнинг ташвиши елкада,
Авлодлар келади орқада,
Ажойиб орзулар кўнглимда,
Ҳар дами ғаниматдир умрим.

Дунё – бу синоат, тилсим кўп,
Минг турли қулфи бор, калит йўқ,
Жумбоғи тугаган бир кун йўқ,
Минг ташвиш қорилган шу умрим.

Гоҳи ҳайрон бўлиб тўхтайман,
Тушунар бир одам топмайман,
Ўзим-да, ўзимга ёқмайман,
Ечилмас бир жумбоқ бу умрим.

Умрлик йўлдошим, болаларим,
Менинг жез қанотим, қўлларим,
Бўронли бўлса-да йўлларим,
Бир қизиқ базмдай бу умрим.

Кенг феълли, меҳрибон онаман,
Фарзанд деб ўтларда ёнаман,
Совуқда саксовул қаланган
Ўчоқдай оловли бу умрим.

Бир куни кўнглимда гул ўсар,
Ишларим сал дамда жўнлашар,
Дарддошлар кўпаяр, тиллашар,
Бозорга айланар бу умрим.

Қаршимда кенг дунё очилар,
Ғанимлар пойимга бош урар,
Бўронлар, довуллар босилар,
Бахтларга беланар кенг умрим.

Шу менинг бошдаги толеим,
Бу дунё порлатган манглайим,
Ҳар куним – бир карвонсаройим,
Кундузу тунлари тенг умрим.

Мен таъна қилмасман вақтга,
Меҳнатлар етаклар бахтга,
Ким келиб-кетмаган бу юртга,
Мевали бир дарахтдир умрим.

Халқимнинг кунига ярарман,
“Бор!” деган жойига борарман,
Фидойи фарзанди бўларман,
Хизматда чиниқар чин умрим.

Халқимнинг ташвиши елкада,
Авлодлар келади орқада,
Ажойиб орзулар кўнгилда,
Ҳар дами ғанимат шу умрим.