Фотима Мирзабоева 1963 йили Қўнғирот туманида туғилган. Нукус давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (1985). Унинг “Ишқ торлари” (1985), “Давр нафаси” (1989) номли тўпламлари чоп этилган.
ЙИГИТЛАРНИНГ ЮРАГИ
Тақдир деган айқаш-уйқаш йўлдир асли,
Гоҳо текис, гоҳо эса баланд-пастли,
Қизлар кўзи бўлмаслиги учун ёшли,
Йигитларнинг юрагига чўғ бер, Оллоҳ!
Ҳақиқат бу гавҳартошдир асл, тоза,
Шундаям, оҳ, бўҳтон қуми кўмар баъзан,
Қалбни қишнинг қаҳри босар ёзларда ҳам,
Йигитларнинг юрагига чўғ бер, Оллоҳ!
Ор-номусга чангу ғубор тегмасин ҳеч,
Ошиқлар ҳам ёлғон кўз ёш тўкмасин ҳеч,
Аёл халқи бошин пастга эгмасин ҳеч,
Йигитларнинг юрагига чўғ бер, Оллоҳ!
Одам ўғли, бири-бирин қўллаб юрсин,
Кўнгилларга қайғу-ҳасрат чанг солмасин,
Қорақалпоқ кичик халқ деб ном олмасин,
Йигитларнинг юрагига чўғ бер, Оллоҳ!
ЁЛFИЗГИНАМ
Азоб чекиб юрган йўлим олис-олис,
Сени ўйлаб, кўнглим ичра ажиб нолиш,
Етолмасман, ишқинг сенинг сирли бир иш,
Кўнгил мулкинг омонмикан, ёлғизгинам?
Ўйларим ҳам ўнқир-чўнқир йўллар каби,
Тақдир гоҳ-гоҳ ошиқларни қўллар каби,
Бутун дунё гўзалликка тўлган каби
Меҳринг бизлар томонмикан, ёлғизгинам?
Мен чанқасам, ўзинг бўлдинг қайнарбулоқ,
Тополмасам, кўнглим ичра ёнмас чироқ,
Ўлғиз ўзинг минг-минг таърифдан ортиқроқ,
Меҳринг мангу ёнганмикан, ёлғизгинам?
Хуфя қилиб хат йўлладим билсин дея,
Танҳо менинг фироғимда куйсин дея,
Сен бўлмасанг яшаш ширин бўлмасди-я,
Сенсиз ҳаёт ёлғон экан, ёлғизгинам?
Қорақалпоқчадан Музаффар Аҳмад таржимаси.
БИР ЧИМДИМ БАХТ БЕРГИН
Тақдир юргизса ҳам довон йўллардан
Умидвор этади бир тотли хаёл.
Бепарво, бехабар бизнинг ҳоллардан
Мен севган шаҳзода танлаган аёл.
Кўнгил чўққисига етмоғим мушкул,
Тебраниб қоламан жон ҳолатимда.
Муҳаббат шаробин симириб ичгил,
Бахтлисан ҳамиша севги тахтинда.
Телбаларча севиб қизғандим сендан,
Ҳаққим бўлмаса ҳам ёзмиш ишику.
Сен ҳам қизған уни ҳамиша мендан,
Севги – ошиқларнинг ширин тушику.
Унинг сўқмоқлари борар сен томон,
Эгасисан сирли қалбининг буткул.
У севган нозанин, танлаган жонон,
Мени ҳам бир дамга бахтиёр этгил.
Бир чимдим бахт бергин, бахтталаш аёл,
Момо Ҳаво зоти – ожизамиз, биз.
Беклар кўп-ку, дема, ўзга – хомхаёл,
У менинг юлдузим, қуёшим ёлғиз.
Сен бойсан, негадир буни билмайсан,
Бахтиёрсан, ундан айрилмайсан ҳеч.
Муҳаббат нуридан унган гулдайсан,
Раҳм айла, тақдирнинг тугунларин еч.
Мен сенга ёлворсам, дема: “Бўлди, бас!”
Буйруққа кўнмайди интиқ юрагим.
Кўплар ҳавас қилган дур, гавҳар эмас,
Унинг бир боқиши, меҳри – керагим.
Бир чимдим бахт бергин, бахтталаш аёл…
ШАНБА, ЯКШАНБА
Яна етиб келди шанба, якшанба,
Айрилиқ куйини чалар торлари.
Бу кунлар оташин ҳижронга манба,
Шамолларга сирдош юрак зорлари.
“Кетдингми?” Тил эмас, дилим ёнади,
Сенинг билан тотли армоним кетди.
Икки кун кўнгилнинг синган қаноти
Кўкка учган севги парвози битди.
Сир сандиғим очиб, тинтийман унсиз,
Унда йўл қарайди бахтдан маст аёл.
Гул ҳам сўла бошлар, ахир, булбулсиз,
Асло, юпанмайди бетоқат хаёл.
Юрагим боғидан узилган гулни
Қадамингга тўшай деб ҳалак бўлдим.
Тақдирнинг ўйини устимдан кулди,
Минг бора очилиб, минг бора сўлдим.
Икки кун шод бўлиб кулар ул санам,
Палахмон тошидек учди мунгларим.
Гуллар ундиради сен босган қадам,
Сен билан ҳар қачон нурли тонгларим.
Икки кун мен сенсиз бахтсиз ва карахт,
Ҳижрон кўзлаб отган ўққа нишонман.
Чархпалак мисоли айланади вақт,
Етиб келаверар шанба, якшанба.
ИШОН
Чўққилар бошида эримас қорлар,
Чалинмасдан турар энг нозик торлар,
Ширин сўзлар айтса гўзал дилдорлар,
Ишонмагин, фақат ўзимга ишон.
Вақт – елдирим шамол, ўтади зувлаб,
Гоҳ мунгли бўламиз, гоҳида қувнаб,
Қошингда лол бўлдим юрагим ўйнаб,
Сен деб азоб чеккан кезимга ишон.
Чиройли сўзлар бор, айтасан билиб,
Ҳарорат бахш этмас, юрагим илиб,
Парвонадай куйдим ўтга интилиб –
Девона ҳолатим – сўзимга ишон.
Тун қўйни тилсимга тўла ўзингдай,
Юлдузлар ялтирар тотли сезимдай,
Баҳорга айланган ҳаёт кузиндай –
Муҳаббат порлаган кўзимга ишон.
ҲАЛИ
“Ёшлик елдиримдай ўтади”, дерлар,
“Барига қўл силтаб кетади”, дерлар,
“Юракда муҳаббат битади”, дерлар,
Ўтмади, кетмади, битмади ҳали.
Биров севгилисин тенглар юлдузга,
Ёки сув тубида сузган қундузга,
Таърифин бол каби мақтаб оғизга,
Юрса ҳам чин сўзга етмади ҳали.
Сени ҳеч нарсага ўхшатолмайман,
Ўхшашингни, асло, топа олмайман.
Шу дунёда борсан, бошқаси ёлғон,
Кўнглимдан ёлғон сўз ўтмади ҳали.
Парвонадек ўтга урдим ўзимни,
Кимлар тушунади сирли сўзимни,
Сени севиб қолган сирли кезимни
Ойларга, йилларга бермадим ҳали.
Сен юрган боғларнинг файзи бир бошқа,
Изларинг босгансан қайси бир тошга,
Интиқман меҳрингга – нурли қуёшга,
Бундан ортиқ бахтни кўрмадим ҳали.
Ёшлигимга гувоҳ сершовқин шаҳар,
Дийдор насибдайин бугун тонг саҳар,
Севгилим, инъом эт, кўнглимга баҳор,
Ўзга фаслни ҳис этмадим ҳали.
Қўл чўздим, интилдим, пинҳона куйдим,
Тақдирим ипини чуватдим, туйдим,
Номингга шеър ёздим, куйладим, суйдим,
Ширин хаёлларим битмади ҳали.
Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси