Алексей Туробов. Ҳар кунги Америка (2000)

Табиатшунос мактублари

ҒАЛАТИЛИК

Бир ярим соатлик машғулот мобайнида талабалар қаршимда бейсбол шапкаларида ўтиришади. Тақир бошларига шифтнинг сувоғи кўчиб тушармикин? Машқ залида шу шапкаларини кийганча штанга кўтаришади, ҳар кўтаришганида штанга шапканинг айвонига тегиб ўтади. Кўчада баскетбол ўйнаётганларида эса унинг айвонини халақит бермаслиги учун орқага қаратиб қўйишади.
Умуман олганда америкаликларда кийимга муносабат ғалатироқ. Кўпчилик бутун қишни калта шим кийиб ўтказади, фақат устларидан ичи ғовак куртка ташлаб олишади. Сал қор ёғса худди қутбчилар ва террористлар киядиганга ўхшаш фақат кўз олдигина очиқ шерст ниқоб кийиб олишганча қорни эшикларидан нарироққа курашади. Ўзим ҳам калта шимга аста-секин ўрганиб кетдим, уйда шундай юра бошладим, машғулотларга ҳам шу алпозда борадиган бўлдим. Шунақаси қулай экан. Америкаликлар кийим-бошнинг қулайлигига алоҳида эътибор беришаркан. Муҳими бажариладиган ишга мослиги. Сокин кўчада велосипедда бир километр сайр этиш учун дарҳол шлём ва тезликни оширишга ёрдам берадиган баданга ёпишиб турадиган шим кийиб олишаркан. Уйлари олдида роликда учишмоқчи бўлишса дарҳол шунга муносиб анжомлар билан қуролланишади, баданни тортиб турадиган костюм-шим, шлём кийишади, қўллари ва тиззаларига қалқонча боғлашади, қорайтирилган кўзойнак тақишади.
Спорт залига ҳеч ким оёқяланг бормайди. Кроссовка кийиш мажбурий. Ҳатто шиппак ҳам бўлмайди. Кроссовкалар каттароқ бўлгани маъқул. Уни одатда боғлашмайди. Шунда оёқларга шамол тегиб туради, улар эркин ҳаракат қилади.

ҲАЙ! БАЙ!

Америкадаги муомала тарзига рус кишисининг кўникиб кетиши қийинроқ кечади. Бу муомала тарзини ҳеч ўзлаштира олмасдим. Суҳбатдошга эътибор, шу билан бир вақтнинг ўзида унга нисбатан лоқайдлик бор америкаликларда. Мен эса у билан ё апоқ-чапоқ бўлиб кетаман, ё бўлмаса уришган одамдай миқ этмай ўтиравераман. Уларнинг ўзаро муомаласи ўн саккизинчи аср кишиларининг ҳозирги давр учун унчалик ярашмайдиган, бир оз чучмалроқ муомалаларига ўхшаб кетади назаримда.
Уларда одамлар бир-бирларига қанчалик яқин бўлсалар ўзаро учрашганда ва хайрлашаётганда шунчалик камроқ хитоб қилишади. Бизда эса бунинг тескариси — қанчалик яқин бўлинса хитоб-олқишлар шунчалик қуюқ, бегоналар олдида эса сипороқ бўлинади.
“Ҳай!” деб олқишлайман уларни зўрға. Бундай олқишлаш менга қандайдир секингина вовуллаб қўйишга ўхшаб туюлади. Бизнинг “Салом!” ва “Ҳозирча!” сўзларимиз қувватлироқ, жозибадорроққа ўхшайди.
Қўл бериб сўрашишлари ҳам ўзига хос. Бизнинг эркаклар бир-бирларига сал ёнбошроқда туриб, бир оз маккорона сўрашишади. Бунақа сўрашишни мактабда “қисқичбақани ушла” дейишарди. Булар эса бир-бирларига тўғридан рўбарў келишиб, узоқдан қўлларини чўзишади, кўзингга тик боқишади.

НЕКБИНЛАР

— Ишларингиз қандай?
— О, раҳмат, ажойиб! Ўзингизники-чи?
— О, раҳмат, жудаям зўр!
— Зўр бўлса жуда яхши!
Улар шундай учрашишиб, хайрлашиб кетишади.
Қачондир қўшни хонадаги испан тилининг қувноқ ўқитувчиси бўлган аёлга бундай ортиқча тавозе менинг асабларимга ёмон таъсир этаётганидан шикоят қилдим. Шуни қисқачароқ баён қилса бўлмасмикин? — деб мулоҳаза билдирдим.
— Йўқ, бўлмайди! — жавоб берди у. — Онам болалигимдаёқ биров сенинг аҳволингни сўраганда сен ҳам унинг ишларини сўрашни унутма, акс ҳолда одобсизлик бўлади, деб уқтирарди.
Ўшандан бери қўшни хонадаги касбдошимни йўлакда учратганимда унга айёрона қараб қўяман, саломлашишини кутиб тураман ва муқаррар равишда “ўзингизнинг ишларингиз яхшими?” деб сўрайман.
Телевидениеда қарздан қутулиш тўғрисидаги кўрсатув кетаётганди. Томошабин телефон қилиб бошловчига мурожаат қиляпти.
— Ўзингизни қандай ҳис этаяпсиз?
— Зўр! Сиз-чи?
— О, раҳмат, жуда зўр!
— Қандай масала бўйича телефон қиляпсиз?
— Банкротга учрадим. Жуда оғир аҳволда қолдим. Назаримда бутун дунё менга қарши уруш очгандай.
Бизда эса “Ишларингиз қандай?” саволига — “Ажойиб!” деб жавоб берилгудай бўлса, демак, у ҳалол бўлмаган йўл билан пул топади ёхуд ишламайди. Бундан чиқди сотувчи ўғрилик қилади, мансабдор пора олади. Агар у “секин-секин” деб жавоб бергудай бўлса билингки, у ишчан одам.
Улар учун эса “секин-секин” сўзи бирор ножўя нарсани ўйлаб топганини, миясида ниманидир яшириб турганини, бировнинг тагига сув қуйишни мўлжаллаётганини билдиради. “Ажойиб” деб жавоб берса бошқаларга кўз олайтирмаётганини, ўз ишидан мамнунлигини англатади.

МУОМАЛА ҚОИДАЛАРИ

Америкача муомаланинг муҳим қоидаси “Дилкаш бўл!” шиоридир.
Бу ҳамонки сен жамиятга қўшилдингми, қовоғингни осилтириб, бурчакда ўтираверма, ўзингни ақлли одамга ўхшатишга ҳаракат қилмай қўяқол, деган маънони ифодалайди. Айтадиган бирор гапинг бўлмаса ҳам, барибир, нималарнидир гапиравер. Агар бу ерда бирор одам билан гурунглашадиган гапинг йўқдай туюлса-да, кимнингдир олдига бориб ниманидир гапиравер!
Лафзингдан чиқаётган товушлар жарангдор ва аниқ бўлсин. Умуман бу товушлар иложи борича кўпроқ бўлаверсин. Минғирлашга бу ерда ўрин йўқ. Бу ерда ҳингир-ҳингир қилиш ва нимтабассумли айёрона кулги ўринсиз. Баланд овозда ва хо-хо-холаб аниқ-таниқ кулмоқ керак! Мум тишлаб ўтириш ножоиз. Одамлар сен тўғрингда аниқ тасаввурга эга бўлишни исташади, сен эса уларнинг бу интилишига кўмаклашмоғинг керак. Ўз ўтмишинг, авлодларинг, келиб чиқишинг ҳақида гапириб берсанг яна ҳам яхши. Ўз ҳаётинг тўғрисида қисқагина ривоят тўқиб олиш мақсадга мувофиқ бўларди. Токи унда ҳаётингга оид уч-тўртта муҳим ва бошқалар учун аҳамиятга молик дақиқалар ўз аксини топган бўлсин.
Ўз режаларингиз тўғрисида очиқчасига гапиришдан уялманг, ҳатто бу режаларингиз манфаатпарастликка асосланган бўлса ҳам ташвишланманг. Чунки бу ерда ҳамма шунақа, сизни дарҳол тушунишади.

ТЎСИҚ

“Америка овози”ни эшита туриб “Душманни юзидан билмоқ керак” деган эски иборамизнинг маъносини ўйлаб қоламан. Бизнинг аҳмоқона кеккайишимиз, ўзимизни катта тутишимиз кўпинча ўзимизга панд беради. Кўзимизни ерга қаратиб ўзимизни ҳамма нарсани биладигандай тутишимиз қон-қонимизга сингиб кетган.
Уларда ҳам кўзимизга яққол ташланиб турадиган бадахлоқликлар бор албатта. Баъзан одамга лақмаларча анграйиб қарашади, бизда эса бошқаларга айёрона, тулкича қараш қилинади. Ҳар кимнинг ҳам олдида ўзига яраша тўсиқ бор. Ҳар кимники ўзига маъқул туюлади.
Улар сенга қараб туришганда ҳам ўз ишларини ўйлашади, бир қўлини баланд кўтариб “Эҳтиёт бўлинг!” дейишади.

ҚОҒОЗЛАР

Россияда ҳамма нарсага тўсиқ бўлиб турадиган нарса қоғозлардир. “Қоғоз учун оёқ керак” дейишади.
АҚШда бунинг акси. Сув юзидаги доирага ўхшайди: бирор нарса оғзингдан чиқдими, бажаришга шошилишади. Агар илтимосинг бажариш мумкин нарса бўлса дарҳол адо этишади, овораи сарсон бўлишга ҳожат йўқ. Лекин имкондан ташқари илтимос бўлса ҳеч қандай қоғозу оёқ ёрдам беролмайди.
(Университет маъмуриятида шу нарсани синаб кўрдим — рус ҳарфлари билан ишланадиган компьютер билан таъминлашларига буюртма бердим. Бир ойдан сўнг шундай компьютерни тўғридан-тўғри заводдан юборишди).
Улар одамларга ишонувчан. Бир йилга шартнома туздик (шартнома бор-йўғи университет президентининг ишга таклиф этувчи имзо ва менинг розилик билдирганлигимни англатувчи имзо чекилган факсдан иборат халос) ва мени ёшларга билим бериш учун аудиторияга қўйиб юборишди. На университетни битирганлигим ва на номзодлик дипломимни бирор кимса суриштиришмади. Ҳамонки, Туробов ўзи ҳақида шундай деб ёзибдими, демак, шундай-да.

ЧЕК ДАФТАРЧАСИ

Озиқ-овқат дўконидан тушликка баъзи егуликлар харид қилдим-да, чўнтагимдаги яп-янги чек дафтарчасини чиқариб, навбатдаги саҳифага “Марш” дўконининг ҳисобига 4,56 — тўрт доллару юздан эллик олти цент ўтказилсин деб мамнуният билан имзо чекдим-да, варақни йиртиб кассир қизга узатдим. Ҳолбуки, чўнтагимда анчагина нақд пуллар ҳам бор эди. Шундай қилишларини киноларда кўргандим. У ерда барча америкаликлар сигараларини сўрганларича бир-бирларига чек ёзиб беришади.
Аслида менинг бу ҳаракатим кулгили, ҳатто шубҳали туюларди. Тўрт ярим долларга чек ёзиб бериш одамнинг бечораҳоллигини, маошга қараб қолганини, чек варағи банкка етгунча унга пул тушишига умид қилаётганини англатарди. Эҳтимол, бундан ҳам ёмонроқ ҳолат рўй берган, ҳисоб-китоб аллақачон беркитилган-у, чек дафтарчаси қўлида қолган бўлиши ҳам мумкин.
Сўнгра қарз карточкасига ўтдим. Унинг энг универсал шаклини танладим. Шунингдек, яна Американ экспресс дафтарчалари ҳам бор, лекин бу шакл чет элларга тез-тез чиқиб турадиганлар учун жуда қулай. Берилиши мумкин бўлган қарзнинг энг юқори даражасини — ойлик маошнинг ярми — минг доллар беришди. Қарз олишнинг ягона шарти — иш жойининг тайинлиги. Шундай банклар ҳам борки, улар доимий даромадингиз бўлмаса-да, беш минг доллар миқёсидаги йирик гаров ҳисобига қарз бериб туришаверади.
Ижтимоий муҳофаза бўйича ҳам муқаррар равишда карточка юритиш зарур. Унинг барча компьютерларга киритилган рақами моҳият-эътибори билан барча америкаликлар учун “паспорт маълумотлари” ўрнини ҳам бажаради.
Умуман олганда эса қарз дафтарчаси ҳам керак эмас. Сирасини айтсам, мен қарзга нарса олиш, тўғриси, тўловни кечиктиришдан бирор маротаба ҳам фойдаланмадим. Лекин жуда кўп ишларда дафтарча муайян мулкка эгалигингизни тасдиқловчи ҳужжат сифатида хизмат қилади. Масалан, бусиз машинани ижарага бериб туришмайди. Тўлов йўли ҳам осонгина, кассирга узатдингми, вассалом, буёғига у андармон бўлади, сен эса ҳуштагингни чалиб тураверасан.

ТУРМУШ

Яшайдиган уйинг икки қаватли бўлса яна ҳам яхши. Мен ҳеч қачон бунақа уйда яшамаганман. Ўзингни муҳофаза қилингандай ҳис этасан, худди қалъа минорасида тургандек. Пастда номаълум одам турибди, сен уни тепадан ўзига сездирмай кузатиб тураверасан, хоҳласанг, устидан қайнаб турган сув ёки қатронни ағдариб юбораверасан.
Лекин шу ерда баъзи сир-синоатлар ҳам пайдо бўлади. Қоронғу уйнинг зинасидан тепага кўтарилаверасан, лекин чироқ ёқгичга етмагунингча бир оз қўрқинчлироқ туюлади, юрагинг ҳапқиради. Америкаликларнинг жуда кўп фильмлари шу асосга қурилган. Тепадаги эшик орқасида худди қандайдир даҳшатли нарса кутиб тургандай.
Атрофга қараб киравериш эшигини ёпмаганингни фаҳмлайсан. Машинани ҳам қулфламагансан. Бир сафаргина кулдондаги танга-чақаларни ўмариб кетишибди холос. Бир йил мобайнида эса ҳеч нарсага тегишмаган. Кичкина шаҳарлардагина шунақа осойишта ҳаёт ҳукм суради.
Бир куни меҳмонда ўтирганимда мезбондан сўраб қолдим — уйларингиз нечта? Бармоқларини букиб санашга тушди, лекин барибир аниғини айтиб бериша олмади. Уй эса одатдаги уйлардан. Фақат ётоқхоналаргина расман хона ҳисобланади. “Икки ётоқхонали уй”, “уч ётоқхонали уй” сотиб олишади. Бошқа хоналарга эса қўшимча, иккинчи даражали уйлардай муносабатда бўлишади. Бу ерда ҳисобга олинадиган фойдали тураржой саҳни қанча ўзи?
Менда иккита ётоқхона бор. Уй яхлит хонадан иборат, озроқ ҳовлиси ҳам бор. Шундай уйга ойига 400 доллар тўланади. Уй университетга тегишли бўлгани учун инсоф доирасида ҳақ олишади.
Бу ердаги қўлювгичлар унча яхши эмас. Жўмраклар йўғон ва худди пакана қўзиқоринлардай калта. Қўлингни юваётганингда нуқул чиғаноққа тегиб кетаверасан. Умумий ҳожатхоналар, айниқса, маъқул эмас. Унитазларни айтинг. Бизда ахлат керамикага тушади, сўнгра сув билан ювиб кетади. Уларда бошқачароқ. Унитазда доимо сув туради. Уни тушириб юбормоқчи бўлсанг гирдоб бўлиб пастга интилади, ўрнини дарҳол янги сув эгаллайди. Кўринишидан озодага ўхшайди. Лекин сувга оғирроқ нарса ташлаб кўрсангиз сув сачрайди. Тагингизга ҳар сафар сув сочилади. Баъзилар ўринларидан туриб кетишади, бошқалар эса қанақасигалигини билмайман-у, бу ёқимсиз ҳолатга бир умр чидаб келишади.
Биз фойдаланиб бўлганимиздан кейин ҳожатхона эшикларини беркитиб қўямиз. Улар эса аксинча, шамоллатиш учун очиб қўйишади. Мана сизга миллий ўзига хосликлар. Тўғри, улардаги кондиционерлар шу ондаёқ ҳавони тортиб кетади. Биз эса кондиционерларга бой эмасмиз.
Бизнинг шаҳримизда каптарлар йўқ ҳисоби, улар ахлат ва нонни чўқишмайди, чунки нонни ҳозир ҳеч ким ташламайди. Мушуклар ва кучуклар ҳам шунчаки изғиб юришмайди. Кўчаларимизнинг руҳсизроқ кўриниши шундан. Ошхонамдаги раковина тагида ахлат майдалайдиган мослама бор. Раковина тешигига ҳар хил ортиқча ахлат, овқат қолдиғи, ҳатто суякларни ташлаб юборсанг бас, ҳаммасини майдалаб сув билан олиб кетади. Фақат ҳафтасига бир маротаба, чоршанба кунлари шиша ва картонларни халтачага солиб эшик олдига чиқариб қўясан. Тўқ- сариқ кийимдаги ахлат ташувчилар машиналарда уларни олиб кетишади.

КАШФИЁТ

Университет кирхонасига ички кийимларни келтирдим-да, қўшимча равишда кўрпажилдни ювиб беришларини илтимос қилмоқчи бўлдим (мен шу кирхонага бириктирилган эдим). Энг муҳим сўз — кўрпажилдни нима деб аташларини билмасдим, шунинг учун имо-ишоралар билан тушунтирмоқчи бўлдим.
— Мана бунақа конверт бўлади, унга кўрпажилд солинади.
— Эй, йўқ, бизнинг Америкада бунақаси бўлмайди.
Америка турмушига оид кичик кашфиёт очилди: Америка кўрпажилдни билмас экан!
Ҳақиқатан ҳам уларга кўрпажилд керак эмас экан. Уларда ўрин бошқачароқ тўшаларкан. Аввал чойшаб ташланиб, унинг устидан адёл билан бирга иккинчи чойшаб ташлаб қўйиларкан. Чойшаб ва адёлнинг четлари тўшакка қистириларкан. Бу жуда қулай бўлиб, адёл сирғаниб кетмайди, ёнбошинг ҳам очилиб қолмайди, чойшаб ҳам ғижимланмайди.

НАША

Илк маротаба машинамга бензин олган ёнилғи қуйиш шохобчасидаги йигитча мени таниб қолган экан, ҳар сафар ёнидан ўтиб кетаётганимда қўлини силкитиб саломлашади. Кўм-кўк кўзлари ва буғдойранг мўйлаби уни украин йигитларига ўхшатиб юборибди. Лекин фарқи шуки, бу йигит ёғ емайди, қўлбола арақ ичмайди.
У яқинимизда турарди. Камтарингина бир қаватли оқ уйда онаси, ёшгина хотини, бизнинг иборамиз билан айтганда, қақилдоғи ва яшикчада сақлайдиган олмахони билан истиқомат қилишарди. Эски автомобилларни сотиш ва тузатиш билан ҳам даромад қиларди.
Кунлардан бир кун мен уларнинг уйларига бориб қолдим-да, шунчаки, тўғри кўнгилда Америка ёшларининг афсонавий дори-дармони — нашани бир синаб кўрсанг-да, деб юборибман.
Орадан икки кун ўтиб йигитнинг ўзи кутилмаганда уйимизда пайдо бўлди-да, менга айёрона тикилди. Одатдагидан кўра ингичкароқ сигарет чиқарди.
Беш мартадан сўрганимиздан кейин ўртамизда ғалати суҳбат бошланди. Шу дақиқага келиб Майкл гапнинг иккинчи ярмини айтаётганда фикрининг биринчи ярми эсимдан чиқиб кета бошлади. Чунки унинг гапи ўртасига келганда менинг хаёлларим бошқа жойларга учиб кетаётгандай бўлаётганди. Тўғриси, фикр ярмига борганда тўсатдан ёрилган шардай йўқоларди-қўярди. Эҳтимол, хаёлларим бўлиниб, Майкл гапларининг биринчи қисминигина илғаётгандирман.
Биз галма-галдан бир дақиқа-бир дақиқа ухлаб қолиб, уйғонгач, яна суҳбатни давом эттирмоқчи бўлаётган одамларга ўхшардик. Ўз хаёлларимни бир жойга жамлаб ололмаётганим ўзимга жуда кулгили туюлаётганди.
— Гапимга қулоқ сол, — Майкл билан таассуротларимни ўртоқлашмоқчи бўлдим, — мен наша чекувчилар учун “Ҳозир нима тўғрисида гаплашаётган эдик?” саволини шиор қилиб олган бўлардим.
— Шунақага ўхшайди, – рози бўлди у.
Кейин мени ўз машинасида ўттиз километр наридаги шаршарани томоша қилиб келишга кўндирди. Машинасига қўрқмай ўтирдим, нима қилганда ҳам ахир у механик-ку.

ЎРТА ТОИФА

Шанба куни эртадан-кечгача ёқимсиз тириллаган овоз ўчмади. Чап томондаги қўшни майсазорини машинка билан текислаяпти, ўнг томондагиси эса трактор билан майсазорни тартибга соляпти. Назаримда ҳар иккаласининг ҳам дам олиш куни қиладиган бошқа ишлари йўққа ўхшайди. Ҳафсала билан танлаб харид қилинган тарактори бўлгандан кейин нима ҳам қиларди — ишлатади-да. Йигирма килолар чамасидаги машинкани ишлатиш ҳам жисмоний машқ ўрнини босади, у ёққа олиб борасан, бу ёққа олиб келасан. Майсаларнинг ҳиди ҳам одамга хушёқади.
Нарироқдан келаётган кучли трактор овози бамисоли реактив самолётнинг ўзи. Эрталаб соат ўнда иш бошлашган эди, фақат соат тўртга бориб тугатишди. Ер ҳайдашаётган бўлсамикин? Участкаларда дарахтлар ҳам, буталар ҳам йўқ. Нима қилганда ҳам ўрта тоифадагилар кўп жиҳатдан олифтагарчиликка зеб беришади-да.
Кентуккида истиқомат қиладиган бир профессорникида меҳмонда бўлган эдим. Уйи олдида каттагина ер майдони, тахминан ўттиз сотих жойи бор экан. Майдон қуп-қуруқ, ўт босиб ётибди. Майдоннинг ўртасигагина озгина дарахт ва буталар экилган. Буларнинг ўртасидаги ерга озгина кўкатлар экилган. Суриштираверганимдан кейин ўз тахминларимга жавоб топдим.
Улар қўшнилари кўз ўнгида ўз ерларида уймаланишдан уялишар экан. Бир боғлам редиска сотиб олиш учун магазинга машинасида бориб-келишга пуллари йўқми дейишларидан андиша қилишаркан. Агар пулинг бўлса ҳам ерда уймалашсанг, демак, сенинг ортиқча вақтинг кўп, бундан чиқди, истеъфога чиққансан ва ҳеч кимга кераклигинг йўқ. Ҳар иккала ҳолат ҳам хижолатли.

СЕМИЗЛАР

Америкада семиз одамлар жуда кўп. Биздагига қараганда сезиларли даражада кўпроқ. Америкача семизлик ўзига хос — пўк, шалвираган, қаппайган — букринамо семизлик. Москвада аҳён-аҳёнда шундай семизларни орқасидан кўриб қолсанг-у, уни қувиб ўтиб юзига қарасанг, америкалик бўлиб чиқади.
Энг кўп калория қанддан келиб чиқади. Бир литр кока-колада 8 бўлак қанд бор! Америкада жуда кўп нарсалар — колбаса, нон, шарбатларга ҳам анча миқдордан қанд қўшилган. Егуликлар европаликлар учун дарҳол сезиладиган даражада ширин бўлади.
Америкача семизлик худди хамиртуруш хамирни шишириб юборгандай тез пайдо бўладиган семизлик. Бу Американинг турли бурчакларида кўплаб маротаба кўрилган типик ҳолат. Очиқ кузовли, ифлос “жип” машинасидан уч баҳайбат гавда тушиб келади. Орқаси катта, ўрдакка ўхшаб юраётган она кенг кўйлак ва канакунжутдан шим кийиб олган. Ота қизғиш-қора кўйлакда ва бейсбол шапкада. Қорни таранг тортилган камар устидан осилиб турибди, лекин у ҳали аёл даражасида семиз эмас. Чамаси у ўз фермаси ва фабрикада кўп меҳнат қилади, шекилли. Уларнинг кетидан парникдаги бодрингдай энди семириб келаётган йигитча. У ипи боғланмаган кроссовка кийиб олган, бейсбол шапкасини бошига тескари қўндирган, қўлтиғига пакет қистириб олган.

ГАМБУРГЕР

Америка овқатларининг турли-туманлиги кўпроқ уларнинг мазмунига эмас, шакли ҳисобига. Котлет грилда қовурилса бургер бўлади. Булка ичига котлет қўйилса гамбургер бўлади. Бунинг ичига яна маза-матрасиз оппоқ пишлоқ қўйилса чизбургер пайдо бўлади. Унинг ўрнига худди ўшандай тўқсариқ пишлоқ “Чеддер” тиқилса “Чеддер мелт” тайёр деяверинг.
Сэндвич нони одатдаги булка нондан уч баробар узунроқ бўлса, “Суб” (“Субмарина”нинг қисқарган шакли), ҳақиқатда эса у сувости кемасига ўхшайди.
Қўшгамбургерни мен умуман Американинг тимсолига айлантирган бўлардим.
Унда ҳамма нарса қалаштириб ташланган, америкача иштиёқ ва америкача омилкорлик (бир йўла порцияда икки гамбургерни егандай бўласан), шу омилкорликдан келиб чиқадиган америкача аҳмоқоналик ўз аксини топган.
Қўшгамбургерни ҳеч қачон еганмисиз? У оғзингизга сиғмайди! Котлетлар ва кесилган пиёз доирачалари чиқиб кетади, қайла бармоқларингизга томади, юзингиз булғаланади. Бундан кўра иккита ихчамроқ гамбургерни олдинма-кетин еган яхшимасми — йўқ, қайда!
Россияни пирожкалар мамлакати деган бўлардим. Пирожкада ҳам кўп маънолар бор, русларда борига қаноат қилиш хусусияти бор. Уни иситиш, ёнида олиб юриш мумкин. Алдашга асосланган миллий иштиёқ унда мужассам. Мен ичидаги масаллиғи хамиридан кўра кўпроқ пирожкани кўришни орзу қиламан. Ниҳоят, унда русларнинг ишонувчанлиги ҳам кўринади. Пирожкани сотиб олаверасан, ичида нима борлигини эса билмайсан, яхши бўлишига ишонасан.
Тўғри, гамбургерлар келиб чиққан жой “Макдональдс” ресторани, у Канадада. “Гамбургер” сўзи эса Гамбург шаҳри номидан олинган. Лекин қўшгамбургер барибир Америкада ихтиро қилинган.
Айтишларига қараганда, уч қўшалоқ гамбургерлар ҳам бор эмиш.

ҚАҲВА

Америкаликлар барвақт уйғонишади. Етти яримда иш ёки ўқиш бошланиши мумкин. Бунақанги эрта турган одамнинг кўнгли ҳеч нарса тусамайди. Шу боисдан кўпчилик бир пиёла қаҳва ичиш билан кифояланади.
Красноярскда хизмат сафарида бўлганимда ишчилар ошхонасида нонушта қилаётган бир одамга кўзим тушди: столи устида каттагина тақсимчада лиммо-лим ёғлиқ борш, вермишелли иккита котлет, беш бўлак қанд, чой, оппоқ нон, бир стакан арақ турибди. Даҳшат, дейсиз.
Ишда тўхтовсиз қаҳва ичилади, қандсиз ёхуд печеньесиз қора ва тахир қаҳва. Ҳар бир хонада қаҳва тайёрлайдиган машина, шиша кувачада доим иссиқ қаҳва тайёр.
Ўйлашимча, кетма-кет ичиб туриладиган бир пиёла қаҳва сигарет ўрнини босади. Ҳозир кашандалар ҳамма жойда ҳам радди маърака. Университет ижтимоий фанлар ўқитиладиган бинодагилардан танаффус вақтида бор-йўғи тўрт-бештагина одам кўчага чиқиб зиналарда турганча чекишади. Улар учун ҳатто ахлатдон ҳам қўйилмаган. Сигарет қолдиғини ким қаерга яширишини билмайди. Талабалар ўртасидаги чекувчилар фоизи гомосексуалист ёхуд социалистлар фоизига яқин.
Нега бизда илгари хизмат вақтида тўхтовсиз чой ичишган? Қиладиган бошқа иш бўлмаган.

АНВОЙИЛИКЛАР

Тузланган ҳақиқий сельд балиғини обдон қидирдим. Хантал қайласидаги қотирилган исланд сельди банкасини очиб мазасини кўрсанг — ширин ва сиркага солинган бўлиб чиқади. Қалампирли қайладаги норверг банкаси ҳам ширин ва сиркали. Лаоқал ўзимизнинг европаликлар рисоладагидек тайёрлашса бўлмасмикин?
Кунлардан бир кун тўсатдан “Қаймоққа қорилган сельд”ни учратиб қолдим — тортиб олинадиган, қимматбаҳо, сарғиш рангли, худди ўзимизникига ўхшайдиган балиқ. Мен калламни ликиллатиб унинг атрофида айланишиб қолдим, сотувчи қоидага хилоф равишда мазасини татиб кўришим учун ундан озгина кесиб берди. Бу ярамас ҳам ширин экан!
— Дудланган балиқ шўр бўлиши керак! — фойдаси бўлмаса-да, сотувчига ўргатишга ҳаракат қилдим. Сотувчи саросимага тушиб кулар ва елкасини қисарди. Мижозларию саломатликлари бошқачароқ бўлса уларда нима айб?
Маккажўхорини одамлар ўз уйларида қовуришади. Қуруқ товага қуруқ маккажўхори солиниб обдон қиздирилади, усти беркитиб қўйилади. Кейин маккажўхори чирсиллаб ёрилади, усти ёпиқ товада сакраб-сакраб очилади ва сўнгра қотиб қолади. Илгариги замонларда сафарга чиққан ҳиндилар ҳафталар мобайнида шундай тирикчилик қилишган.
Картошканинг қўрда пиширилганини ёқтиришади. Уни икки бўлакка бўлиб, ичига сарёғ ёки қаймоқ суришади-да, тушираверишади.
Оғир, каттакон, ҳажми патнисга яқинлашиб қоладиган оқ тарелкаларни ёқтиришади. Деярли пичоқлардан фойдаланишмайди, фақат санчқи ишлатишади, уни доимо, ҳатто расмий қабулларда ҳам ўнг қўлда ушлашади.
Тарвузни ҳам иккига бўлиб санчқида ейишади. Апельсинни эса пўстлоғидан қошиқ билан ажратишади.
Совиб қолган нонни ейишмайди, бу улар учун биздаги хом балиқни егандай бир гап, шу туфайли уни электр печкада иситиб ейишади.
Лекин барча ичимликларга муз қўшиб ичишади. Бир куни меҳмонда бўлдик, совутгичга қўйилмаган илиқроқ шарбат беришларини илтимос қилдик, қизимизнинг томоғи оғриётганини айтдик. Бунақаси йўқ экан. Эмалланган товоқча беришди, шунда илитишга тўғри келди. Шунда бизга худди иситилган бензинни ичмоқчи бўлган телбаларга қарагандай тикилишди.
Тез овқатланиладиган “Пондероза” ресторанида (бу ерда беш долларга бурнингдан чиққунча овқатланишинг мумкин) муз солинмаган сув келтиришларини илтимос қилдик.
— Қандай-қандай?
— Муз солинмаган сув. Бир стакангина!
Шунча гапдан кейин ҳам барибир сув эмас, муз келтиришди. Америкаликлар қандайдир ичимликни ҳўплаб-ҳўплаб ичиб юриш учун банкача ёки шишани ярим кун кўтариб юришга тайёр. Чанқадингми, биратўла ичиб олавер, чанқамасанг кўтариб юриб нима қиласан? Балки чанқаш эндигина бошланаётган пайтдаёқ уни бартараф этар. Хуллас, конфетми, тузланган маккажўхорими, қовурилган картошками — бирор нарса билан оғизлари қимирлаб туришини, семиришга олиб келадиган иштаҳа карнайлигини жиловлашни исташади.
Велосипедда учиб кетаётган қиз, бошида шлём, қўлидаги шишани биров ҳозир тортиб оладигандай кока-коладан хўплайди — бу Нью-Йорк манзараси.

БИР СТАКАН АРАҚ ВА МУЗ, ГАЗАГИ МАРҲАМАТ

Русларнинг нормаси маълум: йигитларга бир шиша арақ, қизларга бир шиша вино. Америкаликнинг нормаси қанча?
Бу саволнинг жавобини “Оқшомги ўтиришингиз учун қанча ўткир ичимлик керак?” рисоласидан топдим. Рисолани турадиган шаҳарчамиз Андуз Лидуорсдаги вино магазинида бепул тарқатишганди. (Маълумот учун айтиб қўяй: Гринфилдда учта вино магазини, адрес китоби бўйича йигирма олтита черков бор экан.)
Тушлик олдидан 4 киши ичадиган коктейлга 8-12 ҳисса дринк, оқшомги ўтиришга эса 12-16 кишилик (бир шиша) дринк қўшилади холос.
“Дринк”нинг қанча бўлишини ҳеч ким аниқ ҳисобламаган. Лекин машина ҳайдовчиларига икки дринкдан ортиқ мумкин эмас деб белгиланган. Бир ҳисса дринкни тахминан 40-50 грамм деб ҳисоблаш мумкин. Демак, америкалик бутун оқшом мобайнида 150 грамм ичиши мумкин.
Шунингдек, яна америкаликларда “залп” тушунчаси ҳам бор. Бу эса тахминан биздаги “юзта-юзта” деган тушунчага тўғри келади. Тўғриси, тикка турганча бир кўтарасану югургилаб йўлингга кетаверасан. Бир куни майхона сотувчисидан “залп” деганлари неча граммни англатишини сўраб қолдим. Бу тушунча бир унция, яъни 29,5 граммни англатар экан.
Рутубатли кунларда Америка гангстерлари буюрадиган икки ҳиссали виски бор-йўғи 60 грамм ичкиликдан иборат экан. Бизда рисоладагидек ҳисобланган бир шишани беш киши бўлиб ичиши ҳақида Америкада гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шанба куни отдингми — якшанбада албатта чўмилишга бор. Вино дўконлари очиқ, лекин уларда спиртли ичимликлар сотишга рухсат беришмайди. Баъзи штатларда бутун кун мобайнида сотилмайди, бошқаларида эса пешиндан кейин сотилади.
Америка ёшлари ўртасида 21 рақами чуқур мазмун касб этади. Бу ёшга етмаганларга ичиш қатъиян ман этилади ва мазкур масалага жиддий ёндошилади.
Бизнинг Индианада барча ўткир ичимликлар махсус вино дўконлари ва дорихоналарда сотилади, одатдаги супермаркетларда эса вино ва пиво сотилади. Нью-Йоркда вақтимда Бродвейдаги аптекага кириб қолганимда ўрганиб қолганимдек: “Сизларда ўткир ичимликлар борми?” деб сўрадим. Улар менга худди телбага қарагандай тикилиб қолишди. Бошқа штатнинг тартиби бошқача.
Унинг шундоққина яқинидаги дорихонада эса турли дори-дармонлар ёнида уч литрлик каттакон чанг босган шишаларда ром ва вискилар турибди. Уларни бирор одам харид қилганини ҳеч кўрмадим. Бўлмаса ким оларкин уларни? Асосан бойлам-бойлам пиво сотиб олишади.Боғламда олти ёки ўн икки банка бўлиб, нархи жудаям арзон. Олти банка пиво алоҳида сотиб олгандаги бир ёки икки банка пивога тўғри келади.
Энг машҳур пиво — Бад Лайт. У анча кучсиз ва серсув. Неча даражалигини билиш қийин, америка пиво банкалари ва шишаларида даража кўрсатилмайди. Лекин шишани очиш ниҳоятда қулай. Темир қопқоғи кўринишидан одатдагидай, бурадингми – бўлди, очилди деявер.
Пивонинг яна бир алоҳида тури бор — Малт Ликер. Малт дурустгина кайф қиладиган пиво бўлиб, уйсиз хабашлар ўртасида жуда ҳам машҳур. Бу аталага ўхшаш қуйқароқ, бошқа пиволарга қараганда ширинроқ ва ўткирроқ, москваликларга маъқул келиб қолган, “Оқ айиқ” ва “Амстердам” пиволарига ўхшаб кетади.
Мусаллас ҳам оқшом ўтиришларида пиво ва лимонадлар билан ёнма-ён туради, лекин халқ ўртасида унчалик эъзозланмайди. Калифорния мусалласи арзон, шишаси уч доллар туради, лекин сифати пастроқ. Импорт мусалласлар, айниқса, француз ва итальян виноларининг нархи дарҳол кўтарилиб кетади, етти-тўққиз доллар.
Лекин оддий одамлар учун спирт қўшилган узум ва олма шарбатлари бор. Улар “20/20” деб юритилади ва тўртбурчакли шиша идишларда сотилади, даражаси 18. Бу биздаги портвейнларга ўхшаб кўнгилга тегадиган ва ёпишқоқ эмас, лекин яхшигина кайф беради. Ишончим комилки, бизда бу ичимликни халқ суюб истеъмол қилган бўларди.
Истаган магазинда бир турдаги ичимликлар матрешка ўйинчоқларидек саф тортиб туришади. Ичимликлар галлон (уч-у ўндан бир литр), ярим галлон, нолу етти, уч юз эллик граммлаб ўлчанади ва шу тариқа кетаверади, жуда қулай.
Умуман олганда америкаликлар одамлар орасида, ресторанларда жуда кам ичишади, ичмасликка ҳаракат қилишади. Ҳеч ким ман этмайди, олайиб ҳам қарамайди, иложи борича ўзларини ичмайдиган қилиб кўрсатишади. Бизда эса тескариси — иложи борича ўзини ичадиган қилиб кўрсатади.
Университет газетаси хабаридан: “Умуммиллий миқёсда ўрта ҳисобда барча талабаларнинг 24,5 фоизи ҳафтасига ҳеч бўлмаганда бир марта ичишади. Бизнинг университетимизда бу рақам 85 фоизни ташкил этади. Университет кичикроқ, атроф билан муомала доираси торроқ бўлганлиги учун талабалар ичишни афзал кўришади: 71% — пиво, 28% — коктейл, 12% — ўткир спиртли ичимликлар, 14% — вино ичишаркан”.

ПОЛИЦИЯ

Биринчи маротаба полиция қўлига тушиб қолдим. Тезликни ошириб юборибман.
Қоронғиликда тўсатдан орқангдан кучли қизил-кўк чироқларни пирпиратиб йўл чеккасига чиқишни буюришганида вужудингни ваҳимали туйғулар эгаллаб “мени тўхтатишмоқчими?” деган савол пайдо бўларкан.
Лекин машинадан чиқиш — орқага, полициялар олдига югургилаб боришнинг ҳожати йўқ, ҳатто бу нарса тақиқланади. Сенинг олдингга ўзлари келишади, чап елканг ёнида турганларича ҳужжатларни текширишади, зарурат бўлган тақдирда полиция машинасига ўтиришингни илтимос қилишади.
Уларнинг қўлига тушиб қолишни ўзим махсус кутаётгандим. Ҳайдовчилик гувоҳномамни текширмоқчи эдим. Йигирма йил аввалги ёш вақтимдаги расмим ёпиштирилган, русча сўзлар қинғир-қийшиқ қилиб қўлда ёзилган ҳайдовчилик гувоҳномамни аллақачон пластик карточка шаклидаги гувоҳномага алмаштиришим лозим эди.
Полициячи гувоҳномамга тикилди, лекин ҳеч нарса англамади, рация орқали мен ҳайдаётган машина қора рўйхатда бор-йўқлигини аниқлади-да, қайтариб берди (бунақа пайтда олинадиган 60 долларлик жаримага қоғоз ёзиб берди). Бундан чиқди, менинг ҳайдовчилик гувоҳномам Америкада ўтаркан-да! Америка мана шундай мамлакат!
Уларнинг полициячилари ҳам семиз ва секин ҳаракат қилишади. Лекин уларнинг қоринлари тепага камар билан сириб тортиб қўйилган, бизникиларники эса пастга осилиб туради. Формалари эскича. Биздаги полициячиларнинг оқ-қора рангли белбурма камзуллари уларни хотин кишиларга ўхшатиб қўяди.
Машиналардаги қизғиш-кўкиш пирпирайдиган чироқлар фақат ҳукумат аъзоларида бор, милиция ва тез ёрдамда фақат иккинчи нав кўк чироқ. Америкаликларда эса тескариси, бу полиция ва “тез ёрдам”га ҳурмат.

ҲАММА ЖОЙДАГИДЕК

50-йилларнинг охирларидаги биздаги боғчали уйларимизни кўз олдингизга келтиринг, уларни оқ рангга бўяб қўйилганини тасаввур қилинг. Бу Америкадаги камбағалларнинг уйларига ўхшайди. Бундай уйлар биз яшаётган Гринфилдда бир неча мавзени ташкил этади.
Соябонли зинапоя ва пешайвонсиз, кўчага қараган бир жуфт парда осилган деразали, машинаси ер остига тушириб қўйилган. Ҳар хил ашқол-дашқоллар машина қўйиладиган жой орқасига уйиб қўйилган. Чунки буларни қўядиган рисоладагидек гараж ёки омборхоналари йўқ. Бундай уйлар керосин, дўконининг қайта таъмирланганига ўхшаб кетади.
Лекин кўринишдан ҳаммаси жойидага ўхшайди. Ўтлар текисланган, тўшама йўл покиза, ҳовлида арғимчоқ у ёқдан-бу ёққа бориб келяпти. Кираверишнинг тепасида эса деярли ҳамма жойдагидек Америка байроғи ҳилпираб турибди.

ҒИЛДИРАКЛАР УСТИДАГИ УЙ

Агар кун бўйи катта кўчалардан юргудай бўлсанг, ўндан ортиқ маротаба одатдагидан бошқачароқ юкларни учратасан. Унинг олди ва орқа томонларида ихчам юк машиналари тепасига: “Ногабаритли юк” огоҳлантурувчи ёзувини осганча оҳиста юриб боради. Уларнинг ўртасидаги шатакчига эса ғилдираклар устидаги уй ортилган. Уй оппоқ ва узун, эни деярли бутун кўчани эгаллайди. Уни юрагингни ҳовучлаб қувиб ўтасан.
Бирор одам ё янги уй сотиб олган ёхуд эски уйини шатакчига ортиб янги жойга кўчиряпти. Мўлжалланган манзилга етиб олгач, ғилдиракларни олиб ташлаб, уйни ўрнатади, тешик-туйнукларни беркитади, уйга электр, газ, сув олиб киради, машинасини уйнинг ёнига қўяди-да, яшайверади. Табиийки, эгалланган жойининг ҳужжатларини расмийлаштиради.
Бундай уйда одатдаги уйлардаги ҳамма нарсалар: ваннахона, кондиционер, ётоқхонанинг ҳаммаси бор. Иккинчи қават ва ертўлагина йўқ, холос.
Одам бундай уйда бир йил яшайдими, уч йил яшайдими, янги иш топганми ёхуд бу ерлар шунчаки кўнглига тегдими — уйга ғилдиракни ўрнатади, ҳисоб-китобни жойига қўйиб, шатакчи ёллаб жўнаб кетаверади. Бу жойдан у ва болалари томонидан босилган ўтлоқзор қолади, холос. Бу уйнинг эгаси унчалик камбағал эмас, кўчириб юриладиган уй ҳам унчалик арзон эмас. Албатта, ўта бадавлат одам бундай уйни сотиб олмайди. Лекин ёшларга, камсонли оилага бундай уйлар жуда асқотади. Шундай уйни сотиб олдингми, демак, ўз уйинг ўлан тўшагинг бор. Гарчи ғилдираклар устидаги уйда истиқомат қилувчилар ҳаёти дайдилар ҳаётини ёдга туширса ҳам улар яхши кунларнинг келишига ишонч билан яшайдилар.

ТАЛАБАЛАР

Америка талабалари кам ўқишади. Кафедра йиғилишида ўз гуруҳимдаги талабаларнинг барчасидан “Ака-ука Карамазовлар”ни тўла ўқиб чиқишларини талаб қилишимни айтганимда ҳамкасбларим гапимга ишонишмади. Бу нарса улар учун оддий мактаб ўқувчиларини жисмоний тарбия дарсида ўн километрлик масофага чопишга мажбур қилишдай бир ҳолат бўлиб туюлди. Ҳолбуки, мазкур курс рус адабиёти бўйича махсус гуруҳ эди.
Икки-уч кишигина ўқибди. Бошқалар китобни тўла ўқиб чиқишга вақтлари ҳам, имкониятлари ҳам йўқлигини айтишди, асарнинг айрим қисмларини ўқиб қўяқолишни илтимос қилишди. Натижада уларга ён беришга тўғри келди.
Лекин талабалар кўп ёзишади. Университетимиздаги тўрт йиллик ўқиш мобайнида улар 31 дан ортиқроқ курс тинглашади, булардан ўнтаси танланган асосий касбга бевосита алоқадор, бошқаларини эса талабаларнинг ўзлари танлашади. Ҳар бир курсда талабалар уч маротабадан назоратдан ўтишади. Бу оралик имтиҳони, уй иншоси ва якуний имтиҳондан иборат. Уччаласидан умумий баҳо чиқарилади. А — энг юқори баҳо, минусли А — ундан пастроқ. В — тахминан биздаги тўртга тўғри келади ва шу тариқа давом этади. Деярли барча текширувлар ёзма равишда бўлади. Ўртага икки-уч масала ташланади. Талабалар булардан бирини танлаб олади-да, аудиторияда ёхуд уйларида бу масалага жавоб топадилар. Бу масалаларни муҳокама қилиш, зарурат туғилса, баҳслашиш ҳам мумкин.
Баҳоларни ҳамманинг олдида эълон қилиш шарт эмас, бу билан бировларнинг нафсониятига тегиш мумкин. Ҳамманинг олдида мақташ ҳам, танбеҳ бериш ҳам мумкин эмас, зеро ўқиш ҳар кимнинг хусусий иши ҳисобланади. Ҳамма нарса профессор хонасида яккама-якка муҳокама қилинади. Сирасини айтганда профессор талабанинг ёлланган ишчиси ҳисобланади, маъмурият эса улар ўртасида воситачи саналади.
Бизнинг хусусий ва анчагина қиммат университетимизда талаба йилига ўқиш учун 14 минг доллар, ётоқхонада яшаш ва овқатланиш учун эса 4 минг доллар тўлайди. Бундай маблағ тўлаб қўйган талаба эса ўзига эътибор билан қарашларини талаб этишга ҳақли. Шуниси ҳам борки, ҳамма талабаларнинг 60 фоизи қайсидир шаклда молиявий ёрдам олиб туради.
Бизда бир профессорга ўртача 12 талаба тўғри келади. Бу эса аудиториядаги профессорнинг ҳолатини концерт залидаги якка хонанда ҳолатига яқинлаштириб қўяди. Давлат университетларида бу нисбат янада каттароқ. Аудиториядаги талабалар шу қадар кўпки, профессорга яқинлашишнинг сира иложи йўқ, лекин ўқиш ҳақи анча арзон.
Эътиборли хусусий коллежни битирган ёшларнинг иш топиши осонроқ. Агар сен ўқишга бошқалардан кўпроқ тўлаган бўлсанг, ҳеч ким сени бошқалардан кўра ақллироқ ва қобилиятлироқ демайди. Барча ҳолатлар эътиборга олинади. Ўқиш сифати, мансабга интилиш (ўқишга кўп пул сарфладингми, демак, ишлашга ҳам иштиёқ шунчалик зўр экан-да), мустақиллик қобилиятинг, курсдошлар ичида ажралиб туришинг, тафаккур иқтидоринг — ҳамма-ҳаммаси эътиборга олинади.
Турли курсдаги талабаларнинг номлари турлича аталади: фрешмен, софомор, жуниор, сенер. Талабалар эндигина ўқишга киришлари биланоқ, ўзларига иш қидира бошлайдилар. Муайян кунларда университетга мафаатдор компания ва муассасаларнинг вакиллари келишади. Талабалар улар ҳузурига “интервью” деб аталган суҳбатларга киришади. Ё бўлмаса талабаларнинг ўзлари эълонлар бўйича иш қидиришади, кўпинча интервью учун бошқа штатларга ҳам бориб келишади. Хатларига фирмалардан жавоблар олишади (ўнта мурожаатнинг тўққизтаси, одатда, жавобсиз қолади). Интервью учун таклиф этилишнинг ўзи катта муваффақият ҳисобланади. Университетни битириш биланоқ, ўз соҳаси бўйича иш топиш улкан омад саналади.
Талаба одатдаги майкаси ва бейсбол шапкаси ўрнига сипо костюм-шим кийиб олган, одатдагидан кўра ранги ўчганроқ ва хаёлпарастроқ кўринса, билингки, у машғулотлардан кейин интервьюга боради.
“Таржимаи ҳоли”ни ёзиши ва у билан танишиши лозим одамларга тарқатиши зарур. Уни қандай ёзиш, бошқалар эътиборини ўзига қандай тортиш унинг шахсий иши. Интервью вақтида ўзини қандай тутиш тўғрисида жуда кўп қўлланмалар ёзилган.
Ҳали ҳаётда кўп нарсани кўрмаган йигирма ёшлик йигит ўзи тўғрисида қандай мақтов гапларни ёза олиши ҳам мумкин. Тестларда олган яхши баҳоларидан ташқари (фирмалар албатта бу нарсага диққатларини қаратишади) ўзининг ижтимоий фаоллигини таъкидлаган маъқул. Чет элга боргани, Сальвадор ёки Гватемалада беморларга ёрдамлашганини ёзса янада яхши. Бу унинг ижобий томонларига ўтади. Демак, у чаққон, дунёқараши кенг, қора ишлардан чўчимайдиган одам деган таассурот қолдиради. Бирор спорт командасига ёхуд талабалар кенгашига аъзолигингни айтсанг яна ҳам соз. Буларнинг устига раҳбар бўлганингни билишса, қадринг янада ошади. Ётоқхонадаги тартибга қараган бўлсанг ҳам, бирор гуноҳ иш қилиб қўйган талабанинг ахлоқини тузатишга ҳисса қўшган бўлсанг ҳам маъқул иш қилган бўласан. Ишга қабул қилмоқчи бўлган фирма буларни муқаррар равишда ҳисобга олади. Демак, бу бола талабалик ёшидаёқ раҳбар бўлиб ишлаган деган хулоса чиқаради.

ПРОФЕССОРЛАР

Профессор курс бошланиши олдидан талабаларга қўйиладиган талаблар, материалларни ўтиш, имтиҳон ва адабиётларни сўраш тартиби “силлабус”ни ёзма равишда эълон қилади. Қизиғи шундаки, талабалар то биринчи машғулотгача бу “силлабус” билан таниш бўлмайдилар. Улар ўзлари хоҳлаган курсларини катта рўйхатдаги қисқа номларга қараб белгилайдилар.
Профессорларнинг ўзлари эса курсларини тугатиш олдидан синаб кўрилади. Ёш ўқитувчилар, ҳали университетда ўзини унчалик кўрсата олмаган домлалар эса ҳар бир курсдан кейин муқаррар равишда имтиҳон топширишади. Лекин тажрибали профессорлар ҳам ҳар уч семестрда текширувдан ўтказиб турилади.
Талабалар турли кўрсаткичлар бўйича махсус сўровномада профессорларга баҳо қўйишади. Бундай кўрсаткичларга профессорнинг дарс бериши, машғулотни режалаштириши, талабаларни билимга қизиқтира олиши, материаллар билан талабаларни қўллаб-қувватлаши, ёрдам бериши ва ҳурмат сингари омиллар киради. Буларга қўшимча равишда талаба ўз истакларини эркин тарзда илова қилиши мумкин. Сўровнома қоғозларини бирор ўқитувчи йиғиб олади-да, конвертга беркитиб деканатга топширади. Табиийки, талаба бу сўровномага имзо чекмайди. Лекин ўқитувчи истаса, ўзи ҳақида салбий фикр билдирган талабани хатига қараб таниб олиши ҳеч гап эмас. Зеро ярим йиллик ўқиш мобайнида талабанинг хати ўқитувчига маълум бўлиб қолади.
Икки ҳафталар ичида сўровномага рақамлар асосида берилган жавоблар – ғоят аниқлик билан ишлаб чиқилган қоғоз қўлга тегади. Қоғоздаги қўшув аломати бошқа профессорлардан кучлироқ эканлигингни, олув аломати кучсизроқ эканлигингни, ноль эса умуман даражада — ўртачароқ эканлигингни кўрсатади. Орадан бир неча йил ўтиб, университетда доимийга қолиш ёки қолмаслигинг масаласи қўзғалганда бу қоғозлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Доимий ишга қабул қилиниши биланоқ, профессорнинг ойлиги кескин кўтарилади. АҚШдаги беш йиллик хусусий университетларда “тўла профессор”нинг ўртача ойлиги 80 минг долларни, доцентники 53 минг, ассистентники 45 минг долларни ташкил этади. Давлат университетларида эса “тўла профессор” ўрта ҳисобда 63 минг доллар маош олади. Тўрт йиллик коллежлардаги маошлар бундан камроқ: хусусийларида 54 минг, давлат коллежларида 48 минг долларни ташкил этади.
Таққослаш учун айтиб қўяй: биз яшаётган жойларда мебелли уйларни 500 долларга ижарага олиш мумкин, бир кишининг овқатланишига 200 долларга яқин, машинани бир ойга ижарага олиш 350 долларга тушади. 80 мингга эса унча катта бўлмаган шинамгина уй сотиб олиш мумкин.
Кафедрадан доимий жой олиш учун кураш кўпинча жанжалга айланиб кетади. Иш судгача етиш ҳолатлари ҳам учрайди. Кафедрадан ўзига жой тополмаган одамларнинг энг севимли далилу қуроли бошқаларни таҳқирлаш. Бундай пайтда муайян одамнинг қоралиги, аёллиги ва марксистлиги ўртага тушаверади. Ёхуд ҳатто бунинг тескариси бўлган таҳқирлаш ҳолатлари ҳам учрайди. Университетларга кириш вақтларида негрларга расман имтиёз берилган пайтларда шундай бўлади, оқлар иккинчи планга тушиб қолади.
Лекин сен университетга доимийликка қабул қилинган бўлсанг, жуда кам учрайдиган истиснолардан ташқари ҳолатларда нафақага чиққунингча сени ҳеч ким ишдан бўшата олмайди. Йиллик таътиллардан ташқари, ҳар етти йилдан кейин бир йил мобайнида барча машғулотлардан озод қўйиласан, маош тўла сақланган ҳолда қаерга кетсанг кетаверасан.

ЖАСУР ЖОАН

Университетда қайсидир тантанага бағишланган оқшомги ўтириш. Икки юз чоғли бутун профессорлар таркиби учун столлар безатилган. Йиғилганлар икки ёки уч кишидан бўлиб маросим бошланишини кутишмоқда. Шунда тўсатдан худди команда берилгандай, одамлар ўз столлари атрофида доира ташкил этишади. Шундай турганча қўлларини қоринларидан пастроққа қўйишади, бошларини эгиб, кўзларини юмишади, шу алпозда ярим дақиқалар чамаси туриб чўқинишади-да, кейингина жойларига ўтиришади.
Мен ҳам доирага турдим, лекин қўлимни қўймадим, бошимни эгмадим. Шу туфайли Жоан ҳам бошини эгмай турганини кўрдим. Аксинча, у лабларини тишлаганча оғзини оҳиста чапиллатиб турибди. Унинг бу ҳолати бошқаларнинг телбанамо қилиғини кўрганда ажабланаётган одамнинг ҳолатига ўхшайди. Жоан иккаламиз бир-биримизни тушунгандай қараб қўямиз. Қойил, Жоан. Лекин эҳтиёткорроқ бўлсанг бўлмасмикин?
Ўзим эса университетда доимий қолиш учун ҳаракат қилаётган бўлсам нима қилардим? Билмадим-у, аммо лозим бўлса бўри бўлиб увиллашга ҳам рози эдим.

ҲАММАЛАРИ ҲАМ ТУШУНИШАДИ, ФАҚАТ РУСЧА ҲЕЧ НАРСА ДЕЙИША ОЛМАЙДИ

Талаффузимни эшитганлар қандай гапиряпти бу ўзи, дегандай ҳайрон бўлишади. Америкача гапиришдан иложи борича ўзимни олиб қочиб, инглизча гапиришга ҳаракат қиламан. Лекин лабларим бир-бирига ёпишиб қолгандай.
Америкалик аёлдан бир куни сўраб қолдим: “Русча нутқ бошқаларга қандай эшитилади? Мен буни чеккадан туриб кузата олмайман”. У сал чўччайган лаблари билан “Ап-ап-ап” деди.
Мен учун америкалик аёлларнинг нутқи томга ёпиладиган тунуканинг шақир-шуқурига ўхшайди. Эркаклар нутқи эса кеккайган қарғанинг қағиллашига ўхшаб туюлади. Британиядагиларнинг инглизча сўзлашувлари мулойимроқ ҳиқичоққа ўхшаб кетади.
Рус тили болаларча тилни чучук қилиб гапиришга мос келади, инглиз тили эса минғирлаб гапиришга қулай.
Улар дурустроқ сўкинишни ҳам билишмайди. Сўкинишга кетадиган энергиялари “эҳ, шайтон!” сингари бир-икки сўз билан тугайди қолади.
Фақат чет элда яшаганингдагина тилнинг мослашувчан ва мулойимлигини ҳис этасан. Ўзингда рус фонига ўралган янги иборалар, урғулар пайдо бўлганини ҳис этасан. Рус муҳожирлари, айниқса, уларнинг болаларида қулоққа ёқимсиз эшитиладиган жаргонлар пайдо бўлибди. Агар аҳвол шундай давом этаверса, пировардида не бўларкин?

ТАҚИҚЛАНГАН СЕВГИ

“Костюмингиз жуда чиройли экан”, — деди Сара бармоқлари билан секингина ушлаб кўриб. Дарҳақиқат, яхши костюм, қорамтир-кўкиш, твитдан тикилган. Одатда машғулотларга уйчи кийимда кетавераман, университет яқингинада, машинада бирор дақиқаларда етиб келаман. Бугун эса башанг кийиниб олганман.
Саранинг ўзи дарсларда ҳурпайган жундан тикилган кузги камзулини елкасига ташлаб ўтиришни ёқтиради. Совқотмадими дейман. Дарсда фаол қатнашади, уялмайди. Қачондир у Россиядаги миллий масалани тобора торайиб бораётган сиртмоққа ўхшатганди. Қойил, у фикрлайди.
Саранинг юзи чиройликкина, келишган гавдасини жинси беркитиб туради. Дарсдан кейин шошилмасдан бир ўзи жўнайди, ёнида бирор дугонаси ҳам, бирор йигит ҳам бўлмайди.
Назаримда мен Сарага ёқадигандайман. У ҳам менга маъқул. Балки ундан яхшироқ қизлар бордир, лекин улар узоқроқда, у партанинг нариги томонида, ёнгинамда ўтиради ва менга қарайверади.
Ҳамкасбим Баб профессорнинг ишдан ҳайдалишига икки хил ғайриодатий сабаб бор деб тушунтирди. Булар пора олиш ва талабалар билан интим муносабатлардир. Порани ҳеч ким олмаса керак, чунки маош шундоқ ҳам баланд. Иккинчи масала бўйича эса профессорлар обдон назорат қилиб турилади. Ишда ва ўқишда бу масала бутун жамоатчиликнинг доимо диққат марказида туради. Бошқачароқ қарадингми ёхуд ортиқча сўз отдингми, тамом — бу “жинсий хиралик” деб баҳоланади, университет номус судига тушасан ва тамом бўлдим деявер.
Бизда бу нарсани “бадахлоқлик” деб аталади, бу ерда эса мазкур ҳолат яхлитликнинг бузилиши деб юритилади. Топиб айтилган сўз бу. Талаба қиз билан яқинликни ҳеч ким қандайдир қатъий талабларнинг бузилиши деб баҳолаётгани йўқ. Лекин сен талаба билан яқинлигингни яширишинг керак. Демак, сен икки бўлакка бўлиниб кетдинг, бир бўлагинг барча учун очиқ, бир бўлагинг эса улар учун сир. Демак, сендаги “бутунлик” бузилган.
Ҳа, шунақа, Сара. Ўртамизда бирор нарса бўлиши мумкин эмас, Сара. Бир-биримизга тикилиб юраверамиз. Мен хотиним етиб келгунча, сен қишки таътилга чиққунинггача.
Бу қишлоқ эмас. Манзара ҳам бизга халақит беради. Теп-текис усти қирқилган, орасида ҳеч нарсани яшира олмайдиган дарахтлар бўлган майсазорлар, боғсиз ва деворсиз сипо уйлар.
Тўғри, менинг ҳамкасбим ва ошнам Олег Андреич Анискин сен билан шундоққина синф хонасидаёқ дўстлашиб олган бўларди. Майли, у келсин ва синаб кўрсин.

ЙИГИТЧАЛАР ВА ҚИЗЛАР

Америка талабалари одобсизроқ, профессорлар билан бетакаллуф гаплашишади деб ҳисоблашади. Мен бундай демаган бўлардим. Менинг олдимда ҳеч ким оёқларини партага қўйиб ўтиргани ҳам, бирортаси елкамга қоқиб ҳам қўйгани йўқ. Бинойидек, одатдагидек йигитлар. Тўполон ҳам қилишмайди. Олдиларига кока-кола ёхуд минерал сув банкасини қўйганча дарсда ўтиришади.
Талабаларнинг шаҳвоний интилишлари унчалик кучли эмасдай туюлди менга. Қандайдир ҳаммалари ҳиссиздай. Ўриндиқларда ўтириб олганларича ўпишишаётган ёшларни бирор маротаба ҳам кўрмадим. Ҳамма ўз ҳолича худди чумолилардек майсазорларда сайр этади.
Бизнинг МДУ да ўқийдиган қизлар уларга қараганда башангроқ кийинишади, улардан атрофга ўткир ҳидлар таралади, давра учун портвейн ичишдан ҳам тап тортишмайди. Бу орада эса кўпинча кроссовка, калта шим, майка, бейсбол шапкаси кийиб юришади. Баскетбол ўйнашади, машқ залларида жисмоний тарбия билан шуғулланишади, қизлар ва йигитларнинг ётоқхоналаридаги душларда ювинишади. Улар “ака-сингиллик”, “опа-укалик” мақомида алоҳида ётоқхоналарда яшашади.
Америка ёшлари баскетболни ғоят ёқтиришади. Баскетбол тўри фақат махсус майдонлардагина эмас, деярли барча ҳовлиларда осиғлиқ туради. Ўзига жалб этувчи баскетбол тўрининг тешигини ўн, йигирма, минг маротаба нишонга олиш америка ўспиринларининг жазавасини қўзғатадиган иштиёқ. Келажак курашларга, ғалабага улар ўзларини ана шундай тайёрлашади.
Соат 23 дан кейин йигитлар қизлар ётоқхонасини, қизлар эса йигитлар ётоқхонасини тозалаб беришга мажбурлар. Йигитларнинг ҳаммаси ўттиз киши бўлиб девор бўйлаб ишланган уч қаватли сўриларда, қопкўрпаларда ухлашади, катта хонанинг деразаси очиб қўйилади. Бир куни меҳмонда бўлганимда кўрганман, бундай ухлаш фойдали. Бундан ташқари ҳар бирининг яна бошқа хонаси ҳам бўлади. Бу одатда икки кишилик хоналар. Буларни машғулот ўтказиш ва дам олиш учун асраб қўйишга интилишади.
Шаҳарда талабаларнинг алоҳида яшаши тавсия этилмайди, университет истисно тариқасидагина бунга ижозат этиши мумкин. Ҳеч ким алоҳида яшашга интилмайди ҳам — зерикарли.
Кичик шаҳарларда ишқий саргузаштлар билан одамлар нигоҳидан панароқда — меҳмонхоналарда шуғулланишади. Ҳузур-ҳаловатнинг турлари эса кўп. Жума куни кечқурун бирор қиз билан узоқ-узоқларга жўнайсан, музикага маст бўласан. Машинани қўйиб пиво ичиш, телевизор кўриш, тунни хуш кайфиятда ўтказиш, оппоқ сочиқларга артиниш, шанба куни тушликкача йўлда жойлашган Диснейленд ёхуд бизонлар боғини тамоша қилиш, кўнгил тусаган неъматлар билан овқатланиш, музқаймоқ ейиш мумкин. Шундан кейин уйга, машғулотларга қайтиб кетаверасан.
Буларнинг барчаси учун энг керакли нарса машина. Америка ўспиринининг йигит бўлиб етишиб қолганлиги биринчи навбатда машина билан боғлиқ: машинага муҳаббат, машинадаги муҳаббат, машинада муҳаббат.

НАСРОНИЙЛАР БАЙРАМИ

Насронийлар байрами арафасида деканнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Жим уйига таклиф этди. Ўн беш кишича эди. Чамаси булар хизмат йўли билан ёхуд Жимга шахсан яқин одамлар эди. Масалан, унинг котибаси эри билан келишганди. Уларда такаббурлик йўқ.
Озроқ-озроқ мусаллас ичдик, овқатландик. Ошхонага кириб ким нима ейишни истаса шуни қўлига олди.
Кейин асосий нарса бошланди. Таклиф этилганлар кенг, юмшоқ диванларга жойлашишди. Жим роял ёнига ўтирди, олдига байрам кунлари айтиладиган ашулалар ёзилган қалин китобни очиб қўйди. Ашула бошланди. Яхши айтишаяпти, овозлари ҳам бир-бирларига мос келяпти. Очиқ турган китобга ҳам қарашмайди. Чамаси бундай дам олиш биринчи йили эмас, шекилли.
Бир ашулани тугатишгач, қайсинисини айтишни келишиб олишади.
— Кел, йигирма бешинчини айта қолайлик.
— Йўқ, эплай олмаймиз. Эркак овози камроқ. Яхшиси, ўттиз биринчини айта қолайлик, кейин эллигинчини, “Худонинг Сиондан тушиб келиши”ни айтайлик.
Икки соат мобайнида тўхтовсиз ашула айтилди. Мен фақат бир жойда, “Аллилуйя!” сўзи қайтариладиган ўриндагина ашулага қўшилиб қўйдим. Бизда эса бунақа пайтларда “Ой, мороз, мороз!” сўзлари такрорланади.
Ҳамкасбимиз яшайдиган мавзе марказидаги бутун йўлка бўйлаб икки қатор қилиб қоғоз пакетчалар қўйилган, уларнинг ичида шамлар. Кечқурун ёқиб қўйишди. Уларнинг умумий узунлиги икки-уч километр келади. Улар насронийлар байрами ашулалари айтилиши шарафига қўйилган. (Бугун 7 декабр, байрамга эса ҳали икки ҳафта вақт бор.)
“Қайси телба одам буларни атайлаб қўйиб чиқдийкин?” — деган фикр хаёлимдан ўтди. Эрталаб қарасам, йўл хизматчиси эни одам елкасидай келадиган ихчам машинада юриб йиғиштириб кетаяпти.
Бу машинкани шамли байрам пакетларини йиғадиган махсус машина дейишса ҳайрон бўлмасдим.
Маҳаллий меҳмонхонада байрам арафасида пряник тайёрланадиган ун, шоколад плиткалари ва конфетлардан бутун бошли уйча ясашибди. Уйнинг болалар бўйича келадиган дераза ва эшиклари ҳам бор. Устига чиқа олсанг бир чеккасидан ушатиб еявер.
Бир аёл қулоғимга шивирлаб қўйди: “Бутун дунёда одамлар очликдан ўлиб кетаяптию булар эса нима балоларни ўйлаб топишади”.
Улар насронийлар байрами вақтида қор ёғишини жудаям ёқтиришади. Қор эса бунақа пайтларда уларда жуда кам ёғади. Пахтадан қор ясашга тўғри келади.

СОТИБ ОЛ! ОЛАҚОЛ!

Бизда ҳеч қачон пол латталари сотилганини кўрган эмасман. Ҳар ким ҳар хил нарсадан уни ясаб олаверади. Бу ерда турли-туман пол латталаридан истаганингизни танлаб олаверасиз, қимматроғи дейсизми, арзонроғи дейсизми?
Каминларга ўтин ёқишади. Ўтинни эса целлофан халтачаларга солиб қўйилган ҳолда универмагдан сотиб оласиз. У телевизор ёнида турарди. Одатда камин ёнида телевизор кўриб ўтирилади. Каминлари оддий эмас, иссиққа чидамли, зич ёпиладиган эшикчали. Ҳиди ҳам бурнингни ачитмайди.
У ўзини нарсалар билан ўраб олди дейишади. Мен у нарсалар билан дўстлашиб қолдим деган бўлардим. Лекин бу бошқа нарса. Мисол учун шарти кетиб парти қолган стол лампаси, шапка билан дўстлашиб қолиш мумкин.
Америкаликларнинг аксарияти нарсалар билан ўзларини ўраб олишади, лекин улар билан дўстлашишмайди.
Қанча кўп сотиб олсанг, шунча кўп иқтисод қиласан. Бу телевидение рекламаси. Лекин бу гапда жон бор. Ўн долларга нарса сотиб олсанг бир доллар ютасан, юз долларлик харид қилсанг ўн доллар ютасан.
Супермаркетдан чиқиб келяпмиз. “Мен купонлардан олти доллар иқтисод қилдим” дейди ифтихор билан ҳамкасбим. (Купонлар дафтарчаси кираверишда туради, уни ҳар ҳафтада янгилашади. Танланган молингга яраша купонни йиртиб оласан-да, ҳисоб-китоб учун кассага узатасан ва сенга озроқ чегирим қилишади). Агар чегирим қилиниши ҳақидаги хабар бўлмаганида умуман сотиб олмаган, бу ҳафтада салфетка йигирма центга арзонлашганини билмаган ва сотиб олишни хаёлингга келтирмаган бўлардинг.
Бу байрамолди савдоси.
Олатўполон 31 октябрда, даҳшатли лотореялар ўйнаш куни ўтиши биланоқ бошланади. Унинг авж пардасига кўтарилиши ноябр ойининг ўрталарига — Миннатдорлик кунига тўғри келади. Насронийлар байрамига бир ҳафта қолганда эса магазинлар олдидаги машиналар тўхташ жойига яқинлашиб бўлмайди.
Ҳар йили одамлар туғишганларимга нима совға қилсам экан деб ўйлаб қолади. Нима ўйлаб топсам экан? Магазинлар ва реклама шу пайтда гиж-гижлайди ва ёрдамга келади:
Насронийлар байрамини муносиб қутиб олайлик!
Байрам кунларида кўр-кўрона совға улашишларни жиним суймайди. Умуман олганда совға тарқатишни. Ҳамма жойда совға қоғозлари, ленталари уюлиб ётади, кинояомуз кулгилар кўпаяди. “Кераксиз нарсани совға қилишибди…” Менинг унга қилган совғам ўн беш доллар қимматроқ эди…
Сотиб ол! Олақол! Сотиб ол!
Мен эса сотиб олмайман.

МЕШЧАНЛАР

Мен ҳамон ўйлашда давом этаман: Америкадаги нима менга ёқмаяпти? Баъзи майда-чуйдалардан бошқа ҳамма нарса худди ўзимиздагидай. Бу майда-чуйда нарсаларни Америкада яшаб кўрмаган одам тушунтириб бера олмайди. Уларда ҳам бизникига ўхшаган, фақат бизникидан кўра ривожланганроқ мешчанликни кўраман. Мамнунлик, арзимас нарсаларга жазавага келиш, жиддий нарсаларга беписандлик менга ёқмайди.
Америкаликлар муваффақиятли амалга оширилган мешчанлик ғояси дейиш мумкин. Уларнинг барчаси моддий неъматларни яхшироқ истеъмол қилиш ғамида. Тишлари ғоят мустаҳкам, истеъмол қилишга қодир.
Коммунистларимиз томонидан Ғарбнинг танқиди жудаям жўн, лекин уларда ҳақиқат нишоналари ҳам бор. Ғарб одамлардаги қониқиш руҳини бўғади. Бизда одамларимиз эзилган бўлишса-да, бунинг бошқа томони ҳам бор, улар кўп изтироб чекишган бўлишса-да, руҳларини сақлаб қолишган. Етишмовчилик руҳни мустаҳкам сақлайди, уни хотиржам бўлмасликка ундайди.
Бошқа шаҳарга бориб ўқиган маърузаларимнинг биридан кейин ошхонада бир йигит ва қиз талаба билан ўтирганимда улардан сўраб қолдим:
— Хўш, сизларга Америкадаги нима ёқмайди?
— Нима десам экан… — йигит ўйланиб қолди-да, ишончсизроқ жавоб берди, — солиқлар.
Қиз бошини маъқуллаб қимирлатди.
— Ҳа, солиқлар.
— Ҳали сизлар ишлаётганларинг йўқ-ку?
— Ёзда мева теришда пул топгандик. Маош ойига икки минг доллар эди — ўттиз фоизини олиб қолишди.
Каттасидан кичигигача ҳаммасининг ашуласи бир хил-а! Бундан бошқа нарсадан норози эмасми улар? Сизларни босқинчилардан ким ҳимоя қилади? Камбағал бўлиб қолишдан ким асрайди?
Мен буни “бўш вақтни тўлдириш қонуни” деб атайман. Жанубда дам олаётган вақтимда ўзимга разм солдим: шаҳарда ишлаб юрган вақтимга қараганда бутунлай бекорчилик, лекин барибир миям фикрлаш ва ташвишдан бўшамайди. У ҳар хил нарсаларнинг хаёли, режа ва ниятлар билан банд: анавини олишим керак, буни улгуришим керак. Бу ерда ҳам шундай. “Янги солиқлар чиқиб қолмадимикин?” Чиққанда нима бўларди: фарқи бир кишига йилига ўн доллар холос. Лекин бу тўқликка шўхлик эмас. Шунчаки жамият бир организм сифатида қаршилик ва мамнунликнинг балансини қидиради. Ҳамонки, катта муаммолар бўлмагач, майдаларига аҳамият беради, уларни йириклаштиришга интилади.

ҲУҚУҚЛАРНИ СОТИБ ОЛУВЧИ

Биринчи қилган ишим туристик чодирни топшириш бўлди. Флоридадаги овлоқроқ жойда дам олиб бўлганимдан кейин энди у менга керак эмасди. Ёмғирда ҳўл бўлиб кетаркан деб баҳона қилдим. У ҳақиқатан шунақа эди.
Ўшанда баҳона қидириб ўтирибман. Кейин аниқлашимча, тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ экан. Тўғри келмади, вассалом. Муҳими чекни сақлаб қўйилса бўлгани. Топширасан-да бошқа маъқулини олаверасан. Шим сотиб олдинг-у, маъқул келмай қолди, топширасан. Ботинка олган бўлсанг топшириб бошқасини оласан. Фотоаппаратлар ҳам шундай.
“Кодак” фотоаппарати сотиб олдим. Ундаги пленка ва батареялардан фойдаландим. Бу фирма фотохимия соҳасида кучлилигини, оптика соҳасида унча кучлимаслигини фаҳмладим. Шундан кейин фотоаппаратни топширдим. Ҳеч ким мендан пленка ва батареяларни сўраб ўтирмади.
“Никон” фотоаппаратининг баъзи томонлари ёқмаганлиги туфайли топширдим. “Олимпус” олдим. Расм олганимда тасвир мен кутган даражада равшан эмаслиги маълум бўлиб қолди. Уни ҳам топширдим.
“Кэнон”ни олиб “инфрақизил, фокусини автоматик ўзи тўғирлаши”ни текшириб кўрмоқчи бўлдим. Тасвир аниқ чиқди. Лекин унда объектив йўқ экан. Бошқа, объективи бор “Кэнон”ни олдим. Лекин бунда негадир олдингисида бор ғилоф йўқ экан. Олдинги “Кэнон”ни топшириб ғилофлигини олдим. Шу билан кўнглим жойига тушиб саргузаштларим тугади.
Америкаликлар даврасида ўзим қилган ишларимни гапириб бериб мақтандим. Улар мамнун бўлиб кулиб қўйишди. “Бу нима бўпти! — деди улардан бири. — Мен қачонлардир насронийлар байрамига ясатган арчамизни байрамдан кейин топширган эдим”.

ЧУЧМАЛЛИК

Майда-чуйда нарсаларга ҳам магазинга боравериш ўзимга малол кела бошлаганини ҳис этдим. Нега бундай бўлаётганини кейин пайқаб қолдим. Истасанг-истамасанг сотувчига тиржайиб қўйиш менга ёқмаётганди. Бу эса мажбурий. Шундай қилиш жоиз, одатга кирган. Агар тиржайиб қўймасанг унга-ку барибир, кейин ўзингни ноқулай ҳис этиб юрасан.
Башарасидан заҳар томиб турган рус сотувчилари қандай яхши. Ярим кило “Подольский” колбасасини сотиб оласан-да, индамай кетаверасан.
Магазинларда аравачани сургаб юрган харидорлар бир-бирларига ярим метрлар чамаси яқинлашиб қолишса, ўзаро “Кечирасиз!” деб қўйишади. Тегиб кетишгани учун эмас, тегиб кетиш эҳтимоли борлиги учун. Ёки пештахтани бир оз тўсиб қўйишгани учун. Бу жудаям чучмал туюлади менга. Кимнидир аравача билан туртиб юборгим келади. Яна кираётганда ва чиқаётганда бир-бирларига эшикни очиб туришади. Бунинг устига-устак, сен томонга қайрилганча мулойим кулиб қўйишади. Шунақаларни ўлдириб юборгим келади.
Сотувчи аёл чекни йиртиб олиб, дафтарчани сизга узатади ва кўзингизга қараб “Ташаккур!” дейди. Тамомила нотабиий ҳолат. Унинг хаёли, кўзи касса аппаратида, рақамларда бўлмоғи керак. У эса сизга қарайди. Бунақа назокатдан мумнун бўла олмайсан, сотувчи заводдан чиққан қўғирчоққа ўхшаб туюлади. Лекин бу нарса унга буюрилган. Бунақа пайтларда баъзи харидорлар жавоб ўрнига жимгина туришади, кўпчилик эса “Марҳамат!” дейди. Менинг тушунишимча, магазиндан нарса харид қилиш уларга кўрсатилган илтифот экан.
Умуман олганда, сотувчиларнинг “раҳмат”, “ташаккур” дейишлари ножоиз. Нима сабабдан у шундай дейиши керак экан. Аксинча, харидор шундай егулик борлиги, уни топгани, шундай егулик сотадиган одамлар борлиги ва сотаётгани учун “раҳмат” айтмоғи керак.
Одатий магазинларда “Ишларингиз қандай?” деб сўрашади. Мен “ажойиб” деб жавоб бераман. Писвей Шоз пойафзал магазинига кирсангиз: “Эрталаб ўзингизни қандай ҳис этаяпсиз?” деб сўрашади. Бу илтифотли муомала магазиндагиларнинг ўйлаб топган нарсаси эмас. Мазкур фирманинг бундан юзлаб километр наридаги дўконига кириб қолсангиз ҳам худди шундай муомалага шоҳид бўласиз. Агар кундузи кирсангиз: “Кундузи ўзингизни қандай сезяпсиз?”, кечқурун эса “Кечқурун кайфиятингиз қандай?” деб сўрашади.
Кечқурунги кайфиятим билан эрталабки кайфиятим ўртасидаги фарқни ажратиш учун ҳам бош қотириб ўтираманми? Бу шунчаки, қуруқ расмиятчилик эканлигини билиб турасан-ку. Аслида жавобинг ҳам унга унчалик керак эмас. Керак бўлмагач, нима зарурияти бор? Бунинг устига, пештахталар олдида бамайлихотир туришингга ҳам йўл қўйишмайди. Ўзи бор-йўғи икки-уч қатор туфлилар турибди-ю, шунда ҳам “Сизга ёрдамим керакми?” деб ҳол-жонингга қўйишмайди. Қандай ёрдам берардинг? “Менга керакли ботинка йўққа ўхшайди”, дейман унга. “Яхши, зарур бўлсам чақирарсиз”, дейди у.
Кейинчалик хотиним билан пойафзал дўконининг нарироғидан ўтиб кетадиган бўлдик. “У ёқдан юрма, акс ҳолда бугун қандай кайфиятда эканлигимизни сўраб қолишади”.

НАРСАЛАР СОТИЛАДИГАН ЖОЙ

Турли-туман нарсалар сотиладиган жой бизнинг чайқов бозорига ўхшайди. Лекин Америкада ҳар бир оила ўз уйи яқинида бундай жойни ташкил этади. Майда-чуйда ортиқча матоҳларидан қутулмоқчи бўлган одам шанба куни чиқадиган газетага эълон беради-да, ўз гаражи ёхуд уйи олдидаги майсазорга стол-стулларини қўйиб харидорларни кутади.
Сотилмоқчи бўлган нарсалар орасида алмисоқдан қолган нарсалар бўлади. Яғири чиқиб кетган каттакон айиқ ўйинчоқ дейсизми, хлороформли шиша идиш дейсизми, эски кофеқайнатадиган дейсизми — топаверасиз. Жинси эса албатта кичкина бўлади. Улар қуриб қоладими дейман. Бир вақтлар универмагдан олинган бу ғаройиб нарсалар қаёқдан пайдо бўлиб қолди-я.
Бир куни шунақа бозорчани роса айландим. Ҳаммаси эски- туски нарсалар. Қиррали болға олишни мўлжаллагандим. Кейинчалик Россияга олиб кетарман деб ўйлагандим.
Мол эгалари икки тоифага бўлинади. Бир хиллари ашқол-дашқоли кўпайиб кетганлиги туфайли арзон-гаровга сотиб, улардан қутулишни ўйлашади. Бошқалари эса икки пулга қиммат нарсаларини мўмайгина пулга сотиб, шундан ҳам даромад қилгилари келади. Бунақалардан индамай нари кетган маъқул.
Лекин гап фақатгина пулда эмас. Ашқол-дашқол сотиладиган жой муомала шакли ҳам. Ҳеч кимникига шунчаки, бекордан-бекорга киролмайсан-ку. Чекка жойларда истиқомат қилувчиларнинг аксарияти учун шанбалик газеталарда берилган эълонлар бўйича чайқов бозорни кезиш, округ атрофидаги эллик-етмиш километрлик масофадаги жойлардан ўзига керакли нарсаларни қидириш ҳордиқ чиқаришнинг ягона йўли ҳисобланади.

САХИЙ ДОКТОР

Хотиним сақич чайнашдан тўхтаб, тили билан оғзидаги ниманидир пайпаслади.
— Тишим дарз кетганга ўхшайди.
Мен у ишора қилган жойга қарадим. Тиш иккига ажралиб кетгудай ёрилибди. Чамаси, вақт ўтиши билан пломба бўшашган.
— Ҳозирча оғримаяпти. Эҳтимол, Москвага етиб олгунимизгача чидарман? Ярим йил қолди холос. Овқатни бир томонида чайнаб турарман, — деди хотиним.
Вазият кулгили эди.
Биринчидан, бу унинг Америкадаги биринчи нонуштаси. Кеча қизим билан уни Нью-Йоркдан олиб келдим, тун бўйи йўл юрдик. Бугун ажойиб тонг, Лена учун тамомила янги бўлган қаҳва машинаси, иситилган нон ҳиди анқиб турган нонушта маҳали. Совутгич унинг келиши шарафига анвойи егуликлар билан тўла, истаганингча еявер.
Иккинчидан, тиш нимага ёрилдийкин? Сули ёрмаси, ёнғоқ ва майиз қоришмасидан тайёрланган америка нонуштасини ҳали татиб ҳам кўргани йўқ-ку. Биз уни америкаликларга ўхшаб илиқ сут қўшиб ўтирмасдан қуруқлигича истеъмол қилдик.
Доктор Боленнинг клиникаси. Болен икки синглиси билан ишларкан. Лена биздагидек ярим ётгани йўқ, балки ағдарилиб қолган қўнғиздек креслода тепага қараб ётибди.
— Тишнинг ҳолати жиддий. Мен вақтинчалик пломба қўяман. Каникулдан қачон қайтасиз? Бу бир ойга етади. Кейин қоплама тиш қўйиш керак бўлади.
— Бунақа қоплама тиш қанча туради?
— Ҳозир аниқ айтиш қийин. Лекин беш юз доллардан кам бўлмайди.
— Ярим йил қоплама тишсиз юриб бўлмайдими? Бизда, Россияда пулсиз поликлиникалар бор. Бу ерга келишимиздан олдин махсус даволатганмиз. Буни қаранг энди. Америка тиш доктори ҳеч қандай гарантиясиз шунча пулга қоплама қўймоқчи. Бундан кўра даҳшатлироқ нарсани топиб бўладими?
Мен шундай фикрлаяпман, Лена эса оғзини очганча креслода ётибди.
Болен ачинганнамо гапимга қулоқ солади.
— Йўқ, қопламани албатта қўйиш керак. Акс ҳолда бундан ҳам кўпроқ ёрилади. Сизлар келаверинглар, бирор нарса ўйлаб топармиз.
Йигирма кун ўтгач, биз яна Болен ҳузурига келдик. Лена қопламани қўйишга кириб кетди, мен эса ойначадан ҳамширага мурожаат этаман:
— Қанча тўлашимиз керак?
— Юз доллар. Кейин чек билан тўлашингиз ҳам мумкин, қайси бири сизга қулай бўлса ўшанисини қилаверинг.
— Бу нимага, материалнинг ўзи учунми? Ёхуд қандайдир чегирим бўлдими?
— Йўқ, доктор сиздан фақат шунча доллар олишимни айтди.
“Бир камбағал русдан тишини даволаганим учун шунча пул оладиган ноинсофманми?” деб ўйлагандир у. Биз унга ўзини бу ерда барча шифокорларни ҳисоблашгандек йиртқич деб эмас, инсон деб ҳисоблашга имкон бердик.
— Бу тиш умрингизнинг охиригача етади, — деди доктор Болен хайрлашаётганда. Талаффузига қараганда у инглиз бўлиб, инглизча ҳазил қилаётганди.
Боленга миннатдорчилигимизни маҳаллий газетада ифодаламоқчи бўлдим. Лекин кейинроқ буни қандай тушунишларини билолмай ўйланиб қолдим.

АКЦИЯ

Қизим: “Фақат акциялар кўрсатиладиган канални қўйманг!” — деб қичқирди. У мультфильм кўргиси келаётганди.
Лекин мен эрталабдан телевизор қаршисига ўтириб оламан-да, касофат кнопкани босаман. Мен тўққиз яримда бошланадиган СНВС бизнес каналини босадиган кўк лентани шундай атайман.
Телевизоримда об-ҳаво канали, иккитадан спорт, фильмлар, парламент мажлислари кўрсатиладиган каналлар, фақат ахборот берадиган СНН, илмий канал, болаларга мультфильмлар кўрсатиладиган, ўспиринлар, телефон орқали савдо уюштирадиган каналларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда бор-йўғи 38 канал бор. Америкаликларнинг узоқдан бошқариладиган пульт орқали каналдан каналга олавериш касали менга ҳам юқди. Рекламалардан “Мют” деган кнопкани босиш билан қутулдим.
Юрагимни ҳовучлаб кутаётган кўрсатув бошланишини пойлайман. Ниҳоят бу ишлардан хабардор бўлмаган одамга ғалати туюладиган ҳарф ва рақамлар экранда пайдо бўлди: КСS 27 1/4 100s. Юрагим орзиқиб кетди. Бир минут олдин Нью-Йорк биржасида КСS компаниясининг юз долларлик нефть акцияларидан 100 тасини кимдир 27 доллару 25 центдан сотиб олибди. Юзта юз долларлик каттагина рақам. Акция баҳоси кечагидан бир доллар ошибди. Эҳтимол, квартал ҳисоботи яхши чиққандир. Ёхуд бирор яхши янгилик эшитгандир. Ёки телевизорчилардан бирортаси компания ҳақида яхши гаплар айтдимикин? Бу ерда ҳамма нарса овозага боғлиқ. Анавини қара: 28 долларга чиқибди! 28,5 доллар бўлди, дарров. Қўлма-қўл бўлиб кетяпти-ю. Таназзул ойи бўлган эди. Бу ёғи юришиб кетди.
Мен озиқ-овқат магазинига кетатуриб бугунги “Уолл-стрит жорнел”ни варақлаб кўраман. Мен деярли ҳаммавақт шундай қиламан, лекин сотиб олмайман. Ҳатто қайси саҳифанинг қайси жойига қарашни яхши биламан. Худди харид қилаётган вақтда шунчаки қарагандек, ҳеч нарсага тушунмай жойига қўйгандек.
Аслида мен учун ундай эмас. Кўзим дарҳол зарур рақамларга тушади ва уни эслаб қоламан. Бугун яхши ҳисобот босилибди. Олдинги чоракка қараганда фойда икки баробар ошибди.
Ҳозир эса экрандан кўзимни узмайман. Тушликка яқин акциянинг баҳоси 30,5 долларга кўтарилди, сўнг 29 га қараб кетди. Ваҳимага туша бошлайман.
“Узоқдаги қуйруқдан, яқиндаги ўпка яхши”. Шундай қилиб менинг икки юз акциям минг доллар ютибди. Аввалги йўқотишлар ўрни деярли қопланди. “Эй, Лёша, ҳовлиқма. Бу ҳали фақат биринчи куни холос… У ҳали яна бир ёки икки ҳафта мобайнида ўсиб бориши мумкин…”
Тушликдан кейин асабларим чидамади. Телефон гўшагини кўтариб шу Гринфилддаги брокеримга қўнғироқ қилиб сўрадим: “30 доллардан сотиб юборайми ёки яхшиси…”
Ҳозир у жўнатадиган факс Нью-Йорккача, тўғри Уолт-стритдаги фирмагача етиб боради. Уни брокернинг вакили олади, қўли билан қандайдир тушунарсиз ҳаракатлар қилади ва акциялар кимнингдир қўлига учиб кетади. У эса ўз навбатида ярим йил сақлаб кейинги нархи кўтарилишини кутади. Брокердаги менинг ҳисобимда эса олти мингдан камроқ пул қолади, чунки бу ишдан у ҳам ўз улушини олади.
Туғроли энг қимматбаҳо акцияларни мен ҳали кўзим билан кўрмаганман, уларни сотиш, олишнинг ҳаммаси телефон, электроника орқали бажарилади.
Менинг бу битишишларим интернет ленталар орқали ўтаётганини сезиб турибман. Брокер қўнғироқ қилди. “ЗО дан сотилибди”. Бу тўғрисидаги расмий қоғоз эртага конвертда келади.
Мен яна озиқ-овқат дўконига бораман. Қора шишадаги испан шампан виносини 6 доллару 99 центга сотиб оламан, шунингдек, консерва қилинган ва денгиз моллюскаси, қисқичбақа гўшти, “баттерфляй” деб аталган, капалаксимон ингичка-ингичка кесилган чўчқа гўшти, ёнғоқли шоколад, ананас харид қиламан. Афсуски, уйимдаги ванна жуда юза, кир ювишга мўлжалланган. Бўлмаса ваннани сувга тўлдириб сувда ўтирганча ананас ердим, шампан ичардим.
Соат 17 да биржа ёпилиши биланоқ, Россиядан бериладиган “Янгиликлар”ни парламент каналидан қўйиб юборишади. Ингичка бўйинли шалпангқулоқ таниш диктор рус тилида гапира бошлайди. Тўғри, унинг овози инглиз тилидаги таржимаси бериб турилганлиги боис, ноаниқроқ чиқаяпти. Қандайдир қора кийимдаги, шапка кийган одамлар… Улар нимадир қилишмоқчи. Оломон нимагадир ғалаён қилаяпти… Уларда бу қандай аталарди? “Чарамиди?”
Бир ҳафтадан кейин кўк лентага қарагим келмай қолди. У мени худди пичоқ билан сўяётгандай: КСS 41 3/1 10S. Ололмай қолган фойдамга уч юз шиша испан шампан виноси ёки эскироқ машина сотиб олса бўларди. Ўзимга ўзим – шошилма, тўхтаб тур, дегандим-а!
Дунёдаги барча биржаларнинг пешонасига “Ким билибди дейсиз?” деб ёзиб қўйиш керак.

САФДОШ

— Спиртли ичимлик олиб кетаяпсизми?
— Йўқ.
— Ўтинг бўлмаса.
Машина юкхонасида ўн икки банка “Будвайзер” пивоси солинган қути бор. Шунчалик арзимас нарса учун божхона ходимларининг диққатини тортиб юраманми? Дўстим Бобга совға қилиш учун олиб кетаяпман. Боб Торонтода маърузалар ўқишимни ташкил этди. Канадада пиво АҚШдагига қараганда уч маротаба қиммат экан. Бошқа социал эҳтиёжлар ичкиликнинг қимматлиги ҳисобига қопланар экан.
Чегарадан ўтишинг билан йўллардаги машиналар тезлиги миллар билан эмас, километрлар билан ўлчанаркан. Бу аввалига жаҳлингни чиқаради. “Мана, бу ерда соатига 100 километр деб ёзиб қўйишибди, биздаги қанча километрга тўғри келади бу ўзи?”
Канадаликларнинг Америкага муносабатлари ўзгача: бу муносабатни ғаразгўйлик билан тасаллининг қоришмаси деса бўлади. “Ҳа, улар илгарилаб кетишди. Аслида биз эмас, уларнинг ўсиб кетиши тасодифий. Шундай бўлгани ҳам яхши. Уларда ирқчилик авж олган, ҳар қадамда отишма, мана бизда эса хотиржамлик”.
Бунинг устига французларнинг инглизлардан ўпкаланиши ҳам бор. Улар нега биз эмас, жаҳонга инглизлар бошчилик қилишади деб ғашлик қилишади. Француз тилида гаплашадиган Квебек штати аҳолиси бошқа штатлардан бутунлай ажралиб туради. У худди эр-хотин ўртасидаги муносабат ҳар сафар ёмонлашганда эрига: “Бас, етар, мен сендан нима кўрдим, ҳаётимни хароб қилдинг, энди кетаман” дейдиган хотинга ўхшайди.
Менинг маърузам қандайдир мўътабарроқ одамлар воситасида яхши ташкил этилибди шекилли. Афишалар чиқарилган, залга беш юзга яқин одам йиғилган. Тадбирга тантанавор тус берилган. Залнинг уч томонидаги деворлар бўйлаб уч қатор ўриндиқлар қўйилган, менга театр дирижёрлари турадиган жойга ўхшаш баландроққа жой тайёрланган. Мактаблардаги битириш кечасида бўладиган ҳолатга ўхшайди. Эркинроқ ҳаракат қилишим, қўл ҳаракатлари билан бемалол гапиришим учун микрофонни кўкрагимга қистириб қўйишди.
Маърузамни тугатганимда қарсак чалишди, олдимга келиб мақташди. Устига ойна қопланган фахрий гувоҳнома, гонорарига бир минг юз долларлик чек беришди.
Маърузадан кейин йиғин мутасаддилари, мўътабар одамлар билан бирор соатга профессорлар клубига кирдик. Маъруза туфайли обдон силланг қуриб турган бир пайтда яна бирор жўялироқ гап айтишдан қийини йўқ. Клуб аъзолигига йилига 200 доллар тўланади. Швед столидан бир тарелкани тўлдириб олиш расм бўлган. Кўп хил нарса олиб тарелкани тўлдириш мумкин, лекин унда ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Тузланган балиқ ва товуқ оёқлари пиширилган лаган устига спагетти босилган, бу лаганнинг тепаси бир бўлак ананас ва кекс билан безаб қўйилибди… Овқат маҳалида дилкаш, руслар билан бўладиган барча ишларга бош-қош бўлиб юрадиган Боб суҳбат асносида санчқи билан ўз тарелкасини аҳён-аҳёнда қитирлатиб қўяётганини ҳам сезмайди.
Кечқурун Бобнинг уйида маърузамни мен келтирган пиво ва унинг “Сара ароғ”и билан ювдик. Россияда яшаган ҳар бир америкалик (канадаликлар ўзларини “шимолий америкалик” деб юритишни афзал кўришади) қандай ичкиликбозлик қилганлигининг тарихи бор. Бунақа пайтларда эса эртасига роса қийналган, боши оғриган. Боб Ленинградда ўқиган, ётоқхонада турган. Васильев оролида бўлган эски воқеаларни эсладик. Берадиган саволимнинг жавобини ҳам олдиндан биламан.
— Албатта ичгандирсизлар?
— Бўлмаса-чи. Бир марта касал бўлиб қолганман. Йигитлар ўлгудай ичиришган. Спирт ичгандик, жуда ёмон бўлганман.
Ҳозир эса Боб болаларча беғуборлик билан сўради:
— Ҳозир бош оғриғи қилмаймизми?
— Бўпти, Боб. Қуяқол!
Унинг хотини аллақачон ухлаб қолган. У мендан бир оз хафароқ. Эрини йўлдан ураётганим учун. У бу ерда ким билан ҳам бунақа ича оларди? “Мен путч вақтида Горбачёв қамалда қолганда роса ичгандим. Жуда ҳаяжонлангандим ўшанда”.
Боб уйқу олдидан ҳар қандай шароитда ҳам сайр қилишни канда қилмайди. Йўналиш бир хил: бутун маҳаллани шаҳдам қадамда айланиб чиқади, шу вақт мобайнида сигаретасини ҳам чекиб олади.
Курткаларимизнинг олди очиқ ҳолда кайфимизни бир оз тарқатиш учун Канада шамолига қарши юрамиз. Боб охирида чўғи ўчирилмаган сигарета қолдиғини қўшнининг майсазорига отиб юборди. Майсазор ниҳоятда текис, махсус сотиб олиниб ерга қопланган, худди уйдаги гиламга ўхшайди.
— Боб… Атрофларинг ниҳоятда тоза-ку, шунақа қилиш мумкинми?
— Мумкин.
Боб — сўл интеллектуал, ҳаётга шахсий талаби нуқтаи назаридан муносабатда бўлади. Сигарета қолдиқларини атрофдаги майсазорларга билдирмай улоқтиришдан ташқари, эски одатларни сақлаб қолишга қаттиқ интилади. Масалан, у эски Жипига ёпишиб олгани олган. Жип ҳақиқатан ҳам кенг ва унга кўп одам сиғади. Ҳозир бунақасини чиқаришмаяпти. Ҳамкасаба профессорларнинг гаплари бўйича университетнинг машиналар турадиган жойини бузмаслик учун бунақа машинани бундан ўн йил олдинроқ сотиб юбориши керак эди. Бобда яна иккита машина ва Флоридада уйи бўлганлиги учун ҳам Жип киши кўзига ғалати кўринади.
Хайр, сафдош! Мен энди жаҳон капитализмининг таянчи бўлган мамлакатга қайтаман.
Канададан АҚШга машинада ўтаётган ҳар бир одамдан чегарачи “Сиз қаерда туғилгансиз?” деб сўрайди. Дунёнинг истаган бурчагини айтиб алдаб кетиш мумкин. Бир хаёлга эрк бергим ҳам келди. Лекин ёлғон айтилган битта сўз учун қамоққа равона бўлишингиз ҳеч гап эмас. Мен жавоб бериш ўрнига жимгина қизил паспортимни узатдим. Унда АҚШдан кўра уч маротаба камроқ вақтдан бери яшаб келаётган давлатнинг номи ёзилганди.

ДУНЁ ТОМИ

“Нью-Йорк таймс” газетаси америкаликлар ўртасида сўроқ ўтказибди: “Пулни ўйламаган ҳолда дунёнинг қайси чеккасига кўпроқ боришни истардингиз?” — деган савол берилибди.
Сўралганларнинг 15 фоизи Гавайи, 8 фоизи Европа деб жавоб беришибди. Бошқа жойларга қизиқиш йўқ. Менда ўқийдиган талаба қиз Тришига америкаликлар қизиқроқ, ёрқинроқ, эркинроқ туюлади. Бошқа барча хорижликлар жозибасиз, ғалатироқ одамларга ўхшаркан. Худди бизга туюлганидек.
9.00. да СНН – “Жаҳон янгиликлари” эфирга чиқади. Янгиликлар эмас, қаёқдаги олди-қочди гаплар: кимнидир отиб кетишган, қуён қайсидир болакайнинг қулоғини тишлаб олган, Клинтон нимадир деган. Буларнинг ёнига солиқларнинг ошганлиги, қайсидир голливуд юлдузининг қандайдир ютуғи қўшиб қўйилади.
Ҳаммаси АҚШда бўлган воқеалар. Қани дунёда, Россияда бўлаётган ҳодисалар?
Америкада юрганингда дунё томининг қандайдир тундлиги ва кенглигини ҳис этасан. Жаҳон Америкада турганингда кенг, сеҳрли, эришиб бўлмайдигандай туюлмайди. Дунё Америкадан худди қадимги хариталардагидек текис, ҳаммаси маълум ва шу туфайли қизиқарсизга ўхшайди. Чунки сен ҳозир дунёнинг марказида турибсан.
Шу боисдан америкаликлар бизга нисбатан бахтсизроқ. Уларда Америкага кетиб қолиш орзуси бўлиши мумкин эмас. Кўп пул топиб, ўз ишларингни тубдан ўзгартириб юбориш истаги бўлиши мумкин эмас. Уларнинг ҳаракат қилишларига бошқа жой йўқ. Чунки улар томда туришибди.
Америка ўрнида уларда бошқа — ўзига хос орзулари — Калифорния бор. Лекин бу бошқа нарса. Калифорния ҳам Америка, лекин бу ерга фақат омадлиларгина ўрнашиб олади. Миллион доллар ютиб олиш — бу умумхалқ орзуси, бу иштиёқ ва жазаванинг ўрнини Америкада бошқа ҳеч нарса боса олмайди.

ҚАЛБ

Америкаликлар сохтароқ одамларга ўхшашади. Лекин бу болаларча, ғаразсиз сохталик.
Дилкаш одамлар. Лекин нима тўғрисида ҳам дилкашлик қилишарди.
Фақат аҳён-аҳёнда, оқшомги ўтиришлар чоғида кимнидир мўлжалга оласан-да, саволга тутасан, қалбига йўл излайсан. Уларга эса бу одат эмас. Чегарадан нарига ўтишмайди. Бир стаканни ичингга ташлаб олгансан. Уларнинг одатларини бир чеккага йиғиштириб қўясан.
Америкаликларнинг го-го-го хитоблари ҳар хил бўлганидек, руслар билан америкаликларнинг, умуман эса ғарбликларнинг қалблари ҳам турлича.
Уларда барча ижтимоий категориялар, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш тартиблари аниқ белгилаб қўйилган. Бизда эса булар мажҳулроқ ва вазиятга қараб ўзгариб турувчанроқ. Шулар туфайли руслар ёқимтойроқ бўлишади, лекин ғарбликлар буни унчалик тушунишмайди.
Бизда ичиб олдингми, тамом, одамгарчиликдан чиқасан, ўзингга келдингми, бошқа одамсан, савлатли, важоҳатингдан от ҳуркадиган раҳбарсан. Дала ҳовлингга келдингми, эски кийимларни кийиб олган оддийгина одамсан. Бундайларнинг яшаши ҳам қизиқроқ бўлади.
Улар қандай бўлишса шундай кўринишади. Уларга ғалатилик етишмайди. Ҳаммалари пардозлангандай, олифтароқ кўринишади, кўп табассум қилишади. Уларга русларнинг айни ана шу ғалатилиги етишмайди. Ғалати одамлар қаердан пайдо бўлди? Улар ўз қобиғида яширин ҳолда ётишади. Бунинг натижасида ўзига хос, диққати бир нарсага қаратилган феъл-атвор ва табиатли одам юзага келади.
Америкаликлар иссиқхоналарда тез ва нотабиий ўсиб кетган бодрингларга ўхшашади. Бундай бодринг гарчи сотиш учун чиройли целлофанларга солиб қўйилган бўлса-да, унчалик хуштаъм ва витаминга бой бўлмайди. Бизнинг эркаклар эса қийшиқроқ, аччиқроқ, чўтирроқ бўлса-да, табиий ва самимийроқдирлар.
Америкаликлар тоифа, миллат сифатида зўр, шахс сифатида эса сал чучмалроқ. Америка ғоя, ташкилот сифатида қизиқ, одамлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Руслар эса, аксинча, тоифа сифатида жирканч, лекин шахс сифатида ёқимтойроқ, қизиқроқ, жозибалироқ. Умуман олганда мен халқларни синган ва синмаган халқларга бўламан. Америкаликлар синмаган халқ. Улар гамбургерлари, меҳнатсеварликлари ва бошқа кўп жиҳатлари билан эмас, балки ана шу томони билан биздан фарқланиб туради. Немислардан ҳам.

АҚЛЛИ ДУНЁ

Америкаликларнинг кўзлари билан қараганда бутун олам худди водопроводнинг ўзи. Асбобни олаверасан-у ўзинг тузатаверасан. Подшо бўлсанг коммунизм ёқмайди, улоқтириб юборавер.
Америкача антитоталитаризм уларнинг бир-бирига ўхшашга интилишларидан келиб чиқади. Қандай? Қандайдир ҳукмдор ўзини ҳаммадан кўра билимдонроқман, ҳаммадан кўра кўпроқ ҳуқуққа эгаман деб ҳисоблай бошлайди. Бунга йўл қўймаймиз, бу тўғри эмас. Марҳамат қилиб ҳамма қатори бўлинг-чи!
Ахир фашизм ҳам, большевизм ҳам ўз руҳи жиҳатидан тажриба эди, мешчанликдан бир қадам чеккага чиқиш эди. Мана шунисини кечиришмади.
Советшунос билан баҳсга киришамиз. Америкача далил: агар совет меҳмонхонасида туалет ишдан чиққан бўлса, америкалик қўлига отверка олиб тузатишга тушади.
Менинг далилим эса: бу америкаликнинг уддабуронлиги ва русларнинг ялқовлигидан эмас. Америкаликларнинг тасаввури бўйича олам тартибга тушган ва баъзи бузилишларни тузатиш мумкин. Русларнинг тасаввурида дунё жамоатники, бегона, тартибсиз. Тузатганинг билан барибир ишдан чиқаверади.

ЭРКИНЛИК

Ёз пайти. Бруклин. Брайтон Бичдан қирғоқ бўйлаб бир километрча узоқликдаги жой. Соҳил бўм-бўш, океан, ҳўл қум, унинг орқасида бўш ётган жойлар, узоқ-узоқлардан уйлар кўзга ташланади. Ёмғирдан кейин бирорта чўмилаётган одам йўқ. Ҳар эллик метр жойда ўрнатилган тахтасупада қизил курткалар кийиб олган қутқарувчилар ўтиришибди. Уларнинг қўлида дурбин бор. Уларнинг тасмаси узоқ-узоқларга чўзилган. Кўплари шунчаки кутиб ўтиришибди, қайбирисидир зерикканидан китоб ўқияпти.
Уларнинг биридан сўрайман:
— Қаергача сузиб бориш мумкин?
— Сувдаги анави белгигача.
— Қаергача? Мен тушунмаяпман?
— Хўш, мен уни шу ердан кўриб турибман. Агар ўша жойгача сузиб боришса, мен дарҳол ҳуштак чаламан.

ТИЙДИРИШ КЎЙЛАГИ

Уларнинг даври ўтиб бўлди. Ўтган асрда — ҳали Ғарб анча ёввойи бўлган вақтда, ҳозирги аср1 нинг 30-йилларида — гангстерлар вақтида бўлди бу ҳодиса. Иш шу йўсинда кетиши мумкин эмаслигини англашди. Ўзларига тийдириш кўйлагини кийиб олишди.
Ҳамма штатларда ҳам қиморхона очишга рухсат этишмади. Лас-Вегас жойлашган Невада штатида ўйинлардан тушадиган пуллар ҳисобига қиямаликдаги штатнинг аҳволини ўнглаб олиш учунгина бу ерда қиморхона очишга рухсат этилди. Одамлар кўзидан панароқда, ҳамма томондан тоғлар билан ўралган. Қўшни Калифорнияда ҳам “Қиморхона” деб ёзилган лавҳаларни учратиш мумкин. Лекин буларни қиморхона демаса ҳам бўларди. Бу ерда одамлар маълум тартибга солинган қарта ўйнашади холос. Чикаго яқинида кемада дарё қиморхонаси бор. Кема икки соатга сув ичига кириб кетади-да, яна қайтиб келиб ўз жойида тўхтайди. Штатларни бўлиб турадиган дарё қиморхона-ишратхона учун, бетараф жой деб ҳисобланади. Ўртага қўйиладиган дов пули ҳам қатъий чегараланган. 25 доллардан ортиқ тикиш мумкин эмас.
Тўппонча масаласи қолди. Уни осонгина ва анча арзонга (60 доллардан 200 долларгача) ҳақиқий тўппончани сотиб олса бўлади. Фақат шахсингизни тасдиқлайдиган ҳужжат кўрсатсангиз бас. Лекин уни отгудай бўлсанг судга тушасан. Биттаси ўғрини отиб қўйди. Ўғри жиноий иш бўйича маълум муддатга қамалди, лекин гражданлик йўли билан отиб қўйган одамга қарши иш қўзғалди. Ўғри ўқ туфайли тиззаси ярадор бўлиб қолганини, иш қобилиятини йўқотганини билдириб, энди ўлгунимча товон тўлайсан, деб даъво қилди.
Оғзидан чиқадиган ҳар бир сўзга эҳтиёт бўлиш керак. Оддийгина қилиб “ҳабаш” дегим келади. Лекин бундай қилолмайсиз. Акс ҳолда ирқчиликда, жаҳолатпарастликда айбланиб, ишингиз судгача ошиши мумкин. “Қора” деб ҳам бўлмайди, “афроамерикалик” дейиш керак. “Ҳинду” дея кўрманг, “асли америкалик” дейиш лозим. Негадир “оқ танли” дейиш мумкин, лекин асли уларни “евроамерикалик” дейиш лозим эди. Бундай дейилса камситиш бўлади. Кимни камситиш эканлигини тушунмайман. Бу ишларда америкаликларнинг ўзлари ҳам чалкашиб кетишади.
Яланғоч одамларни телевизорда кўрсатишмайди. Фақат бир маротаба Флоридадаги меҳмонхонада ётганимда ярим тунда очиқ шаҳвоний каналга дуч келиб қолдим — қаердан пайдо бўлиб қолди ўзи? Эҳтимол, мезбон ҳиндулар меҳмонлар учун қўйиб юборишгандир. Ҳеч қаерда бунақа манзарани кўришни хаёлингга ҳам келтирмай қўяқол. Фақат тунги қаҳвахоналарда ярим яланғоч аёлларнинг думбаларини ликиллатиб ўйнашлари ва бунга эркакларнинг қараб туришларига рухсат этилади. Ичкилик масаласи ҳам қаттиқ, гиёҳвандлик эса жазоланади…
Биз, руслар эса обдон ўйнаб қоляпмиз. Давримиз келди. Ёввойилик, айш-ишрат авжга чиқди, ўйин-кулгининг барча воситалари ишга тушиб кетди. Кейинроқ, эҳтимол, биз ҳам ювош тортиб қолармиз.

ТЕНГДОШ

Почта ойначасидаги ишларга қадди-қомати келишган, мўйлабли, ёқимтойгина одам бошчилик қилади. Кўринишидан қирқларга яқинлашган. Унча катта бўлмаган навбатда турганимда унинг ишларини кузатдим. У қандайдир унумли, завқ билан ва жиддий қиёфада ишлаяпти. Қилаётган иши ўзига ёқади шекилли. У мижозларни кўп ушламайди, иш орасида аҳён-аҳёнда компьютерда эпчил ҳаракатлар билан нималарнидир ёзади.
Бизда почта ойначаларидаги одамлар бошқачароқ, аксарияти аёллар, семиз, ҳаракатлари суст хотин-қизлар. Уларнинг кўринишлари ҳам бўлакча. Улар ўзларини худди бу ишларга дахллари йўқдай, бу ерда вақтинча, тасодифан ишлаб туришгандай, бундан кўра яхшироқ ишларга муносиброқ эканликларини кўрсатиб қўймоқчидай ҳаракат қилишади.
Мўйлабли одамни кузатиб турарканман, мен беихтиёр равишда ўзим билан деярли тенгқур бўлган бу одамни ўзим билан солиштирдим.
“У билан ҳаёт тарзимни алмаштиришга рози бўлармидим? — сўрайман ўзимдан. — Шунда америкалик бўлардим!”
“Йўқ!” деб жавоб бераман.
Мен бошқа ердан учиб келган одамман. Америкада яшаш мен учун саргузашт. Тез орада учиб кетаман. Кейин яна қандайдир саргузаштлар бўлади. У эса бу ерда яна бир, уч, беш йилгача, бутун умр бўйи тураверади.
Шундай хулосага келганимдан сўнг бу хизматчига ачиниб кетдим. Эҳтимол, қўлимдаги қалин конвертдаги рус манзилини кўрганда унинг хаёлидан ҳам шундай фикрлар ўтгандир, менга ачингандир.

ХАЙР

Кеннеди аэропортида Виза кредит карточкасини қайчича билан иккига қирқдим-да, бир бўлагини конверт ичига солдим. Бусиз менга Индианадан Нью-Йорккача етиб келган машинамизни прокатга бериб туришмаган бўларди. Шунинг учун ҳам уни охирги дақиқаларгача асраб келдим. Олдиндан тайёрлаб қўйилган қоғозга шундай ёздим, “Россияга қайтиб кетаётганлигим туфайли карточка энди менга керак эмас. Мен сизлардан қарздор бўлиб қолганим йўқ деб ўйлайман. Раҳмат”.
Бугун кечаси Бруклин кўчаси бўйлаб арзон меҳмонхона қидириб анча ҳаяжонландик. Ахир шунақасини топдик: фойе қоп-қоронғи, ётоқхонадаги чойшаб сарғайиб кетган. Тун бўйи ухламадим, деразадан қараб ётдим, машинадан хавотирда эдим.
Эрталаб, тонг ёришгач, қабулхона деворига ёпиштирилган тахтачадаги ёзувга кўзим тушди: “1 соатга 7 доллар, “ 2 соатга 10 доллар бутун кечага 30 доллар”. Америка билан видолашадиган кунни хотиним, тўрт ёшли қизчам, чўнтагимдаги ўн етти минг доллар билан ҳабашларнинг соатбай тўланадиган ётоқхонасида шундай ўтказдик.
Кейинроқ кутиш залидаги чироқлари чароғон киоскадан “Уолл-стрит джорнел” газетасини сотиб олдим. Мен оёқларимни чалиштирганча бу газетани ўқишни, эски одатим бўйича ундаги акциялар жадвалига қараш, ундан бирор нарсани англашга интилиб ўтиришни ёқтирардим. Атрофимда анчагина руслар йиғилиб бошлаганлиги Америкада ноодатий ҳол эди…
Самолёт иллюминаторидан Нью-Йорк манзаралари аввалига тобора хиралашиб турди, кейин буткул кўздан йўқолди. Бир йил олдин осмондан бу шаҳарга ҳавас билан тикилгандим, ўзимни Колумб ҳис этгандим.
Негадир бу шаҳарнинг русча “Нью-Йорк” деб ёзилиши унинг қиёфасини ёдга туширади. Н ва Й бу осмонўпар бинолар, улар орасидаги чизиқча эса кўрфазлар ўртасидаги кўприкларга ўхшайди. Инглизчадаги New Vork сўзида эса чизиқча йўқ. Миноралар ўрнига унда қандайдир қадаҳ борга ўхшайди. “Москва” сўзи ҳам шунга ўхшайди. Худди Кремль деворларинию катта йўғон тешиккулчани кўргандай бўласан. Лекин бу шунчаки тасодифан мос келиб қолиш.

ЎҚИТУВЧИЛАР

Мен ўқийдиган курслардан бири “Рус адабиётида ахлоқ муаммолари” деб аталарди. Унда Достоевский, Толстой ва Солженицин ижодини ўрганардик. Биринчи икки ёзувчи ижоди ўтиб бўлингач, оралиқ имтиҳони олинади. 17 майда ўтказилган якунловчи имтиҳонга мен шундай савол ўйлаб топдим. “Солженицин “Раклар корпуси”да муқаррар ўлимга олиб борадиган касалга чалинган одамларни тасвирлайди. Уларнинг касалликка ва шифокорларнинг даволашларига муносабатларидаги фарқлар нималардан иборат; улар ҳаётга қарашларидан қандай ахлоқий ўзгаришларга юз тутишди? Шахсан сиз учун қайси қаҳрамон ёқимлироқ?”
Сюзи Тизман уч саҳифалик жавобида асар персонажларини дурустгина таҳлил этибди-да, охирида тўсатдан шундай гапларни ёзибди: “Мен ўзим ҳам ўлимга элтадиган касалга чалинганман. Гарчи мен изтироб чекаётган бўлсам-да, яхши муҳит ичидаман, дўстлар ва ўзим ёқтирадиган одамлар орасидаман. Улардан ажраб қолганим йўқ. Мен ҳаётда ҳамон олға томон интиляпман, яхшигина илм оляпман ва сирасини айтганда – бахтлиман”.
Аввалига бу қизнинг дугонасидан қандай ҳодиса рўй берганини сўрамоқчи бўлдим. Кейин ўйланиб қолдим, ноқулайроқ. Шундай сокин, келишган, Лотин Америкасининг қаеридандир келган қиз-а. Унга нима ҳам ўргата олардим?

1998 йил, май.

Раҳматилла Иноғомов таржимаси

“Новый мир” журналининг 2000 йил 4-сонидан олинди.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 7-сон