Рискул Иззатова (1994)

Рискул Иззатова (Рыскүл Изатова) – 1994 йилда туғилган. Атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг тўқсон йиллиги­га бағишлаб ўтказилган “Энг яхши шеърлар” танловида биринчи ўринни эгаллаган.

НОУМИД

Деразадан юзга тушар кун нури,
Киприклардан қушдек уйқу учди жим.
“Ҳарир тонгни қандай қарши олди” деб,
Кўз очдиму дарров сизни ўйладим.

Майда-чуйда ташвишлардан чекиб ғам,
Билмам, балки, солиб тургансиз қовоқ.
Битмай қолган юмушлар деб, муҳтарам,
Уйғонгансиз ҳар кунгидек эртароқ.

Соғинч менинг кўксимни қон айлаган,
Юк босади юрагимга тўлиб мунг.
Қадар тутса тақдиримнинг жиловин,
Ёнингизга елдек елиб борардим.

Айланасиз ин излаган қушдек маст
Ва сезасиз бедор тунлар тўлғониб.
Ҳаёт тўхтаб қолмагунча иш битмас:
“Учрашайлик” деб, қўйсангиз бўлгани…

УНУТИЛГАН УЗР

Ишқ измида ловиллайди юраккинам,
Ҳисларимни пайҳон этар, кўзларим нам.
Ундан кўнгил узолмайман, мубталоман,
Ёлғончи ёр ўзгани деб, ўртанса ҳам.

Ҳоритади руҳимни ёр озорлари,
Бир боқмади ўксик дилим юпатгали.
Ёлғон дея, ёрилади сўзлар бир кун,
Жазолайди қоғоздаги шеърлар ҳали.

Йўл охири кўринмади, кўнглим, оҳ ур,
Яшаяпман, булутлардек сочиб ёмғир.
Сўзлар, мени афв этинглар, кечиринглар,
Мен ёримни унутолмай руҳим оғрир…

Қирғиз тилидан Фахриддин Ҳайит таржимаси