Холмуҳаммад Каримий. Чорва одами (ҳикоя)

Агар ўлим-житимсиз тўл тушса, чўпоннинг мурутини болта кесмади дегани. Ҳайдарқул ҳам суруви чиқитсиз бойиб елкасидан тоғ ағдарилганди, кайфи чоғ. Кийим-бошини алмаштириб, йўлга отланди. Қизилнинг дарасидан чиқиб келиб, Катманнинг ҳоварига етганда оти адирга тирсаклаб кетди. Дарҳол селга томон жиловини бурди. Намгарчилик жуда зўр-ку, дея мамнун жилмайди. Тошлоққа чиққач, йилқи яна йўрғалади. Соя бетларда ҳали қор эриб битмаган, чувоқ бетлар эса ям-яшил тус олган. Бундай ҳавода одамнинг юрган сайин юргиси келади. Илиқ-илиқ келса ҳут, кади-кади бўлар сут, деганча чўпон хиргойи қилиб, бир маромда қамчи билан бўрбойига тирс-тирс уриб келмоқда. Қиш адоғи илиқ келганидан оғзи қулоғида, худойим баҳорини берса, марра бизники деб қўяди. От жиловини бўш қўйиб ширин хаёллар оғушида қишлоққа тушиб бораяпти. Кўча-кўйдаги кўринганга бош ирғаб саломлашади. Тўхташ ҳамсояси бел-кетмон ушлаган болалари билан боғида ивирсиганига кўзи тушгач, қизиқсиниб от жиловини тортди.
– Салом бердик. Салом бердик. Ишлар унсин, ҳамсоя, – дея чўпон беписандлик билан эгарнинг бошига ўмган ташлаб, кўзлари катта-катта очилган кўйи бир чуқурга, бир Тўхташга қаради. – Буниси нимаси энди, туппа-тузук боғни жувонмарг қилиб?
Тўхташбойнинг икки ўғли бир-бир қатор дарахтнинг тагини бош-адоқ ковлаб бораётган эди. Буларнинг иши чўпонга дарахт¬ларни қийратаётгандек кўринди. Тўғри-да, буйтиб томири очилган дарахтнинг белига арқон солиб сал силтаса ёки андак шамол турса йиқилади, кейин бир тўда ўтин бўлади қолади. Мевадор дарахт бошқа нимага ҳам ярарди?
– Астағфурулло денг-а, ҳамсоя, – деди белга ияк суяган Тўхташбой, – дарахтларни йиқитаётганимиз йўқ, қайтага, боғни яшнатиш учун саҳардан типирчилаб ётганимиз.
Чўпон ишонқирамайроқ ўша ҳолатда бўрбойини оҳиста қамчинлаб чуқурларга узоқ тикилиб қолди. Ҳеч нарсага ақли етмади. Ҳайрон бўлиб, мени мазах қиляпсанми дегандек, ўмганини кўтариб, ростлангач иржайган кўйи Тўхташбойга тик қаради. Хиёл жийрилган лаблари четида нафрат ажинлари пайдо бўлди.
– Қандайгасига?
– Гўнг соламиз, бир-икки чангалдан дори ҳам сочамиз; азотми, фосформи, шунга ўхшаш, – деди у чўпоннинг димоқ-фироғини сезмагандек, чуқурларга қўли билан ишора қилиб, – устидан тупроқлаб аввалгидек текислаймиз-да, жўяк олиб сувлаймиз. Қарабсизки, боғ гуркираб турибди-да.
– Мен бўлса, томири билан қўпоряпти деган хаёлга борибман-э.
– Э-э ҳамсоя-ей, ўзингизни билмасликка оласиз-да, – деди Тўхташбой пихиллаб кулиб, кейин белнинг дастасини қўлтиғи остига олиб, чўпонга тик қаради. – Маккайи бўлса экан, устидан сочсак. Томирларнинг битта-яримта юзакиси очилгани чин, асли, куч берадигани ернинг остида, ана ўшалар йил – ўн икки ой гўнгнинг зардобини сўриб ётади.
Чўпон паришон бўлди. Лекин ҳамсоясининг ишига ҳам, тушунтиришига ҳам қойил қолди. Кейин мен ҳам шундай қилсам-чи, деган фикр хаёлида жонланди. Бирдан туси ўзгариб, ювош тортди. Ҳайдарқул онда-сонда элнинг тўй-маъракасида кўриниб қолмаса, ҳа деганда қишлоқ ораламасди. ўайрати ичига сиғмайди, ишини билиб қилади. Меҳнати орқасидан кун кўришига аниқ ишонади. Жуни қуруқ одам. Ақлини танибдики, бировнинг эшигига бош уриб борганини эслолмайди. Болалигидан тоғу тошда кўп юргани боисми, феълида ёввойилик ҳам йўқ эмас. Гап кўтармас, димоғдор бўлади бундай одамлар. Анчайин оғзи полвон, қашшоқ яшайдиган кимсаларнинг ўзини айблайди. Одам қаторига қўшавермайди. Гапнинг лўндасини айтсак, ўзим биламан дейдиган тоифадан, аммо ичида кири йўқ, мардлиги ҳам бор. Ҳар қандай ишни қойиллатган одамни кўрса дарров тан беради, қойил қолади ҳам. Ҳамсоя¬сининг ишига қизиққанининг ҳам сабаби бор. Ўн йиллар бурун икки қўзили қўй бериб томор¬қасига олтмиш туп ёнғоқ эктирганди. Ниҳолларни бир-икки йил парваришлаб беришни ҳам ўша кўчатчининг гарданига юклади. Кўчатлар тутиб кетди. Бу ёғига ўз билганича парваришлаб келаяпти, лекин кўнгилдагидек эмас. Тўхташ бўлса қоп-қоп ёнғоқ қоқиб олади. Гап бу ёқда экан, деган хаёлда чўпоннинг чуқур ботган кўзлари порлаб кетди.
– Ай ҳамсоя, сиз тоза билгирсиз-эй, билгирсиз. Шу ёшга кириб дарахтга гўнг солган ё бўлмаса дори берган одамни кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ. Лекин бебаҳо одамсиз.
– А, энди, еган яшашга ярайди дейишади-ку, ҳамсоя, – деди у кулиб, чўпоннинг феълини билганидан дили яйраб кетди. – Ем-емиш, яйлов билан сурув қаторидан камаймаганидек, боққа ҳам вақтида қарашсангиз, қопингиз тўлиши тайин гап.
У иш кўзини билган ҳамсоясига беш кетди. Ҳатто отдан тушадиган даражага борди-ю, энди ноқулай деб ўйлади. Қизиқиши тобора ортиб бораркан, ҳам гапда, ҳам хатти-ҳаракатида қойил қолганлигини билдириб, ич-ичида пайдо бўлган мақсадини тилига чиқарди.
– Ҳамсоя, ишингизга қойилман лекин-э, қани, айтинг-чи, гўнгни қанчадан соляпсиз, дори ҳам сочаман дедингиз.
Ҳамсояси ҳам чўпонни маҳтал қилмай лўнда қилиб тушунтириб қўя қолди:
– Ҳар тупига икки аравадан, чамалаб дорини икки пиёладан сочса бўлди-да. Каттароғига кўпроқ, қолганларига ўзига яраша. Дўхтирларга ўхшаб граммлаб ўлчаб ўтирамизми?
– Шу билан бўлдими?
– Яна нима қилиш керак? Битта-яримта кераксиз шох-шаббасини бутаб ташлайсиз, тамом. Қолгани енгил-елпи ишлар-да.
Чўпон ҳайрат билан жилмайди. Кўзлари қитмирона чақнади.
– Э-ҳа ҳамсоя, буни қаранг-а. Чўпни ерга суқсанг, ўзи дарахт бўлади деб юрганмиз-да. Чорва одами шундай гўл бўлади, билсангиз. Тўғри-да, тоғ-тошга биров боғ қилганми? Худонинг бергани ўз эркича ўсиб, ўрмон бўлиб ётибди. – Ҳайдарқул чўпон нимадандир кўнгли тўлмай олазарак боқди. Шу чоқ қидирган нарсасини топгандек лойга қорилган аравага тикилиб қаради. – Мунов турган арава биланми? Икки тўлдириб-а?
– Ҳа-да, кейин икки-уч йил солмаса ҳам бўлади.
Сувлуғини чайнаб, бошини селкиллаётган отнинг типирчилашидан норози бўлган чўпон дрр-дррр, так-так жонивор дея отнинг ёлини силаб-силаб, қамчини озод кўтариб хўшлаша бошлади:
– Ҳай, майли, ҳамсоя, худойим қувват берсин. Жонивор бетоқат бўляпти, айилини бўшатай.
Йилқининг боши қадрдон макони томон бурилгач, йўрғалаб жўнади.
Чўпон шу куннинг ўзида барча тайёргарлигини кўрди. Эртаси саҳарлаб ўғил-қиз, келин-кепчик — барисини ишга солди. Доимо ота раъйига қараб ўрганган болалари ажабланиб-ажабланиб дарахтнинг тагини ковлаб чиқишди. Гўнг солишга келганда тўнғичи Бердимурод отасига маслаҳат солди:
– Шу дейман, ота, ҳамсояни чақириб, йўл-йўриқ сўрасак, қандай бўларкан? Минг қилса ҳам боғнинг нонини еган одам.
Бердимуроднинг гапи оғзидагиси оғзида, бўғзидагиси бўғзида қолди. Ёввойи феъли қўзиган Ҳайдарқул чўпоннинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
– Ҳой шалпангқулоқ! Эшак мия еганмисан? Ўйлаб гапиряпсанми ўзи?! – ота қўлини дастак қилиб ўдағайлашда давом этди. – Келиб-келиб мен шундан маслаҳат сўрайманма? Умрида от миниб кўрмаган, отнинг нималигини билмаган бир ялангоёқдан-а?!
Бердимурод минг пушаймон еди, ука-сингиллари олдида, энг ёмони, хотини кўз ўнгида ёш боладан баттар дакки эшитгани алам қилди.
– Мен ҳам бир айтдим – қўйдим, ўзингиз биласиз, – деди-да, бошини эгганча индамай аравани судраб жўнади.
Ҳайдарқул чўпон ғазабдан гезариб кетди. Турган жойида депсиниб, тишларини ғижирлатар экан, йиртқичларга хос йилтираётган кўзларида ёввойи нигоҳ ёлқинланарди: зоти пас, барибир, қонингга тортдинг-а, дея сўкинган кўйи қўл силтаб ўз-ўзича минғирлашга тушди. Ҳар доимгидек болаларининг лапашанг¬лигидан куйиниб, ёзғиришни бошлади.
Ўзича куйиниб-куйиниб ҳовуридан тушгандан сўнг қўра олдига бориб, ҳар бирига уч аравадан соласанлар, деб буйруқ берди. Ўзи ишнинг бошида қадалиб туриб айтганидек бўлгачгина, кўнгли таскинлаб уй томон юрди.
Шомга яқин ишни саранжомладилар. Ҳайдарқулбойнинг кўнгил ғашлиги ҳамон тарқагани йўқ, тош чайнагандек тишини ғижирлатади: болаларим ғайратли бўлганда бу ишларни ўзидан билиб қилиши керак эди, дея яна юраги ачишади.
Уч-тўрт кун дам олди. Кўрдики, ҳамсояси боққа сувни кеча-кундуз узмай оқизди. Тоққа ўрлаётган куни Бердимуродни сув очиб келиш учун қулоққа жўнатди:
– Уйқунгни оч, бола! Дарахтнинг остидан кеча-кундуз сувни узмайсан. Майли, қанча захласа ҳам тегинма. Тўртинчи кунга бориб қулоқни ёпасан. Айтганимдек бўлсин, билиб қўй, бола.
Бердимурод қулоқ қоқмай эшитди ва маъқуллади. Бўйин эгиб турган ўғлига нафрат билан тикилган Ҳайдарқул чўпоннинг башараси қаҳрдан буришиб кетди. Жаҳл билан от жиловини тоғ тараф бурганча аччиқ-аччиқ қамчи босди.
Ҳайдарқул чўпон болаларидан нолиса ҳам, чўлиқларидан кўнгли тўқ. Иккиси ҳам бири-биридан эпчил, кўнгилдан чиқади. Чўпон орзу қилганидек, баҳор серёғин келди. Чўпон-чўлиқнинг куни туғди. Кун сайин эмас, соат сайин ўт ўсади. Ёмғирга чўмилган қўй-қўзи етилиб пишган шафтолидек ялтирайди. Ёғингарчиликнинг ташвиши ҳам ўзига яраша, даралардан сел келиши тўхтагани йўқ, тез-тез тош кўчади. Сурувни бир лаҳза ҳам қаровсиз қолдириш мумкин эмас, кечаю кундуз кўз-қулоқ бўлиб турилмаса бўлмайди. Энг ёмони, куппа-кундузи ҳам сурувга бўри оралаши мумкин.
Ёмғир секинлаб, сурувга хавф-хатар пасайгунча орадан етти-саккиз ҳафта ўтиб кетди. Ҳайдарқул чўпон чўлиқларига бош бўлиб оёғи тинмагани ҳисобига талофат кўрмади ҳисоб: бир болали совлиқни тош урди, уни ҳам ҳалоллаб улгурди. Қўтонидан чиқса ҳам, қозонидан чиқмади. Ҳайдарқул чўпонга ўхшаб касби-коридан мағрурланиб юрадиганларнинг баҳор серёғин кезлари ҳиммати жўшади. Кунлар исиб, хатарлар ортда қолгач бир тўқлини бўғизлади-да, бўжалаб хуржунга жойлади. Тоғлар бағрига кун ёйилганда йўлга тушди.
Ҳайдарқул дарадан чиқиб келиб, қирнинг учида бир дам оёқ илди. Пешонасига қўлини қўйиб разм солди. Кўк юзида заррача ғубор йўқ. Чилвирдек йўл қишлоқнинг бўйи баробар чўзилган. Тўба-тўбада қурилган уйлар ангишвонадек билдираб кўзга чалинади. Қуёшнинг ўткир нурида бор нарса ялтираб кўзни толиқтиради. Шундоққина оёғи остида гулли кигиздек ёйилиб ётган Катманнинг ҳоварига қараб-қараб меҳри товланиб кетган чўпон завқ билан воҳ-воҳ, ота маконим дея ҳайқирди. Ҳайқириқдан кишти келган жонивор ҳам жаранглатиб кишнади. Шу чоқ чавандоз жиловни бўшатди, от тикка нишабдан ташлади. Лак-лак қўшинни олға бошлаган қўмондон каби у елдек қуйилиб келаётган тулпор устида энгашиб, қийқириб қамчини силкитиб борарди…
Ҳансираб қишлоққа кириб келган Ҳайдар¬қул чўпон жиловни илкис тортиб отни бир уюриб тўхтатди-да, йўрғалатиб яна йўлга солиб юборди. Оғзидан кўпик сачратиб, сувлуғини шақирлатиб чайнаган жонивор қаттиқ пишқириб, шаштимни қайтардинг дегандек ўйноқлаб-ўйноқлаб, майда-майда қадам ташлаб юриб кетди. Ўт-ўлан мавжи билан, дов-дарахт авжи билан томорқа борми, том-тош борми, барини панаси олган. Зардоли довуччалари данакдек-данакдек шиғиллаган, сир¬ға¬дек тизилган олчалар кумуш тангадек ярқирайди. Тўхташнинг ҳовлисига етганда чўпон ўрнидан бир қўзғолиб қўйди. У ўз боғининг қандай яшнаганини эртароқ кўрмоқчи, бўжа ҳиди таратиб гўшт қозонда қовурилаётганида томорқа оралаб томоша қилмоқчи…
Томорқасига етганда сесканиб тушди, кўзлари олайиб кетди. Беихтиёр отнинг жиловини тортди. Дарахтларга қайта бошдан сингалаб қарадию қишда бехосдан сувга йиқилиб тушгандек қалтираб кетди. Ёнғоқ дарахт¬лари барг чиқариши билан қуриб қолган, қабристон сингари сукут қўйнида қилт этмай турибди. Супанинг олдидаги толлар баҳор елида от ёлидек селкиллаб, кўзни ўйнатар чоғда бу нимаси?! Ачиниш билан бошини озод кўтариб уф тортди. Шу чоқ ҳамсоясининг боғига кўзи тушиб ҳайратдан қотиб қолди: унинг ёнғоқлари гуркираб ўсган, шиғиллаб ҳосилга ўтирган.
Ҳамсоясининг қитмирлиги Ҳайдарқул чўпоннинг миясида яшиндек чақнади.
– Ҳа онағар-а, онағар Тўхташ! Бепичоқ сўйди-я, уккағар тулки! Элга эрмак бўлибмиз, гўл бўлмай ўлайин аввали, ҳамма гапига чиппа-чин ишониб ўтирибман-а, – деди у қамчи дастаси билан бошига нуқиб, – гўшингни қузғунлар егур, қасдинг бўлса, ўзимдан олмайсанма? Бундай иш қилгунча бошингга рўмол ўра-е, сендекларга ҳайф эркаклик.
Қўш қаноти синган қушдек қўллари шалвираб тушди. Жилови бўшашган жонивор ўзининг қадрдон охури сари йўрғалади. От дупурини эшитиб болалари югуриб чиқишди. Гапиришга ҳам ҳоли йўқ, жиловни каттасига узатди. Уйдагилар чурқ этмай ота қўлига сув қуйиб, йўл бўшатиб туришди.
Қанчалик соғинган бўлишмасин, кичкиналар отасининг важоҳатидан қўрқиб олдига йўлашмади. Мисоли кар ва кўр бўлиб олган чўпон ҳамон қаҳрини босолмай титрарди. Чой ичишга ҳам ҳоли келмай болишларни қўшшалаб ёнбошлади-да, қаттиқ “уф” тортди.
Бердимурод бундай ёқимсиз сукунатни бузишга ўзида куч топди:
– Ҳамсоя поданинг гўнгини солган экан, биз бўлса қўйнинг гўнгини солганмиз. Бунинг устига, икки баробар кўпроқ. Ёнғоқлар сўлиб жўнагандан Тўхташбой келиб, гўнгни олдиртириб ташлади-да, тинимсиз сув қуйдирди. Фойдаси бўлмади, захлаб бўлган экан.
Ҳайдарқул чўпон кўзларини катта-катта очиб, ҳайрат билан ўғлига қаради. Болишдан ёнбошини олиб:
– Поданинг гўнги эканми?.. – дея ингранди-ю, манглайига шапатилади.

“ЎзАС”, 2019 йил, 13-сон