Бойдулла Сарнўғаев (1932-2004)

Қирғизистон халқ шоири Бойдулла Сарнўғаев (Байдылда Сарногоев) 1932 йили Таласнинг Кара-Ой овулида туғилган. 1956 йили Москвадаги М.Горький номидаги адабиёт институтини битириб келганидан сўнг “Ала-Тоо” журналида ва Қирғизистон ёзувчилар уюшмасида ишлаган.

Илк шеърий китоби 1952 йили “Шумкар” номи билан чоп этилган. “Дўстларимга” (1955), “Мерган бола” (1956), “Баяс” (1956), “Оқ қалпоқ” (1961), “Тоғлар ва тоғликлар” (1966), “Узилмаган умидлар” (1966), “Сўзлашув” (1970), “Менинг туганмас куним” (1972) каби китоблари босилган.

САЛОМ

Салом сенга, қардош, қўшни ўзбегим,
Жиловдирсан, мен улоқда ўзинсам.
Салом сенга, ҳамиша ёш Тошкентим,
Қадим Шарқнинг дарвозаси ўзингсан.

Салом сизга, қиёси йўқ далалар,
Куй таралар қўбизимдан-торимдан.
Қуллуқ сенга, саховатли Сирдарё,
Пахта экиб, сув ичасан Нориндан.

Салом сенга, бобокалон, Самарқанд,
Номинг дилга муҳрланган эс таниб,
Олқиш сенга, Мир Алишер диёри,
Минг йилларга шоҳид бўлган эсдалик.

Салом сизга, Ширинларнинг авлоди,
Ўн тўрт кунлик ойга ўхшар камоли.
Таласликман, қайчи-қуда элатмиз,
Фарғоналик менинг соҳибжамолим.

Салом сенга, қардош, қўшни ўзбегим.
Мирзачўлни қиёс этдим бархитга.
Бу гал энди ўзинг меҳмон бўлиб кел,
Арслонбобга, Ўш шаҳрига, Арцитга.

Турсунбой Адашбоев таржимаси

ҚИММАТСАН МЕНГА

Қирғизим, сен менга,
Қимматсан жонимдан.
Соғиниб қоламан,
Гар кетсам ёнингдан.

Кўзимдан ўтасан,
Рангимда қолмас ранг.
Юрагим эзилиб,
Аҳволим бўлур танг.

Ўғлонинг қучсам гар,
Қувончга тўламан.
Юртнинг бор боласин,
Қучгандай бўламан.

Бир боссак дўст билан,
Маконнинг йўлини.
Қўлтиқлаб юраман,
Гўё юрт элини.

Севаман сен каби
Ўзгалар тоғларин,
Баланд-паст йўлларин,
Даласи, боғларин.

Севаман кўлларин,
Тоғлари тўрини,
Юраман ардоқлаб
Элини, ерини.

Сен менинг ўз элим,
Илдизим, тутаман.
Сен берган куч билан
Мақсадга етаман.

Бошқа элни севганим
Севар хўп ўз эллин.
Бу сўзда бор улуғ
Ҳақиқат дер дилим!

МАРСГА

Кўкимтир само қўйнида.
Бир хабар бериб ўзингдан
Пориллаб ёниб турасан,
Ёлқинлар сочиб кўзингдан.

Оламга толмай боқасан,
Кузатиб баҳор, қишларин…
Мақтайсанми ё сен ҳам
Ерликнинг қилган ишларин?

Қаърида қанча асрлар,
Ўзгартмайсан турингни…
Ёнингга бориб сўрасам
Яширмассан сирингни?

Айтарсан ичда ўйланиб,
Одамзот менга етса деб?
Қалбимда ётган сиримни
Элга олиб кетса деб?

Дардингни уқар одам мен,
Марс, оқин қайтмас сўзидан.
Пўлат қуш миниб бораман
Олатовнинг ўзидан!

БУЛБУЛНИНГ ЖАВОБИ

– Булбул, қайга йўл олдинг?
– Учаман бўзчул томон.
– Унда умринг қийилар?
– Ўлмас жойни топаман.
– Ўша жойинг қайси ер?
– Боғли-роғли яшил тўр.
– Чўлдаям боғ бўлурми?
– Ишонмасанг бориб кўр.
– Унда нима излайсан?
– Ишқинг борми чўлларга?..
– Концерт қўйиб бераман
Ул чўлувар, элларга!

БУЛОҚҚА

Шошилиб сувинг чопади,
Ариқлар ичра жилдираб.
Омонман мана дегандай
Оқасан, булоқ, шилдираб.

Биларсан бола кезимда
Кўп марта сени бўйладим.
Овора қилиб оқилинг
Тегирмон қуриб ўйнадим.

Кўлчангда қоғоз қайиғим
Сузибон хурсанд этганда
Кўйлакни ечиб ялпизга
Чўмилдим исиб кетганда.

Ўйнагин дейсан ҳозир ҳам,
Улғайдим, оғир бўйлаш чин.
Соҳилда менга ўхшашиб
Болаларим ўйнашсин!

ДОНҒИНГ ОШСИН, ОЛАТОВ!

Қўй боқиб бери-нари,
Қўшиқ айтса Мурот қари.
Қулоқ солар ихлос қўйиб .
Олатовнинг қоя, жари:
«Эй, Олатов, қулоқ сол,
Сўйлаётур Мурот чол.
Мендан зўр, сарбаландсан,
Тонг отганда кетиб тун
Нурга кўмиб қоя-тошинг
Сенга олдин тегар кун.
Бўй бўйича сен баланд,
Ўй бўйича мен баланд.
Эй, Олатов, қулоқ сол,
Сўйлаётир Мурот чол.
Оз кўрмадинг, кўп кўрдинг
Эсиндами ўтган кун?
Тик чўққингда ўтириб
Мунгли қўмиз чертган кун?
Муз аралаш мўнгига
Мунгли ёшлар тўккан кун?
Эй, Олатов, қулоқ сол,
Сўзлаётир Мурот чол.
Ғинғир-ғинғир куйласам
Сен қўшилиб куйладинг.
Толе топмай йиғласам
Сен қўшилиб йиғладинг.
Бошдан анча иш ўтди.
Кўр замона, тиғладинг…
Эй, Олатов, қулоқ сол,
Сўзлаб ёғган Мурот чол.
Сен ҳам қари, бошинг оқ,
Мен ҳам қари, сочим оқ.
Армон билан, зор билан
Ўтиб кетди ёшлик, оҳ.
Энди қара, яшаш зўр,
Биздан қайғу, ғам йироқ.
Бойликка бой салтанат,
Сўзлаётган Мурот чол.
Сени қўшиб куйлади
Тўрғай унли оқинлар
Не қиламан қайталаб.
Ўзинг кўрдинг ўсяпман,
Тоғ тарафу сой тараф.
Ҳаёт янги, биз янги
Меҳнат қилиш шон-шараф!
Сени кўркка чулғади
Эй, Олатов, қулоқ сол
Ўғил-қизинг, оқиллар
Донғинг ошсин Олатов
Бунга тўла ҳаққинг бор!

БИЗ ҚОЛДИК

Сен ҳам суйдинг Айнашни,
Мен ҳам суйдим Айнашни.
Кам эдикми – бир йигит
Орамизга жойлашди.
Минг ёлвориб, ялиниб
Неча хатни сен ёздинг.
Ўт кўзидан илиниб,
Неча хатни мен ёздим..
Кўча-кўйда, уйида
Нақ қўлига тутқаздик.
Билмадик не ўйида,
Гоҳ семириб, гоҳ оздик.
Бироқ ул сулув бизни
Севаман деб айтмади.
Ё севмайман деб сизни,
Айтиб йўлдан қетмади
Ололмай очиқ жавоб,
Армон қилиб туш кўрдик.
Юраклар бўлди кабоб,
Гоҳо чуқур ушурдик.
Вақт ўхшади қушга,
Ой, қаритди тиракни.
Айнаш чиқди турмушга,
Ачиштириб юракни.
Ичи торлик қилдик биз,
Севгидан сабоқ олдик.
Севганига кетди қиз,
Югуриб қуруқ қолдик

ҚИРҒИЗ ҚАЛПОҒИ

Кўз ташласам олисроқдан,
Қалпоғи ўхшар тоғига.
Қандай чевар тиктийикин
Кўрк бериб сўлу соғига.

Ул чевар агар сен бўлсанг,
Қўзғадинг сулув сир, ҳисни…
Менгаям битта тикиб бер,
Қалпоғинг кияй қирғизнинг!

Овулу шаҳар кезганда
Одимим ўхшаб одимга,
Ардоқлаб суйган ватаним –
Олатов тушсин ёдимга!

ОНАМГА

Кўк майса босган қабрингга келиб,
Турибман киприк ёшимдан илиб.
Кўтариб, боққан ардоқли онам,
Қувон ўғлингнинг борлигин билиб.

Кипригинг қоқмай, юмилиб кўзинг,
Қодирдинг етим қарғадай кезим.
Қачон бўлса ҳам ёдимда турар
«Қароғим» деган меҳрли сўзинг.

Сиймоинг сўниб, битган йўқ, она,
Оқ сутинг оғиздан кетган йўқ, она.
«Элингни суй» деб эслатган гапинг
Угутмам, сақлаб юргим шоҳона.

Мени айлаган меҳнатинг пайдо,
Оқлайман бу бош бўлмасин қайда.
Бўлурми қалбинг ризо, онажон,
Онажон элимга келтирсам фойда?

ШОИР ВА КИТОБХОН

Сен ҳаётни ўрганяпсан анча кам,
Бир шеърингдан хато топдим, эй укам.
Ишдан қочган бекорчилар сайр этиб
Кўлда юрса… мақтагайсан шуни ҳам…

Эй, китобхон, айтсам хафа бўлмассан,
Қиз, йигитни ажраб даров гўл, касдан.
Дам олишиб, айланишиб юришса
Иш қилмаган бекорчи деб ўйлабсан.

Кам санама ором тўла бу онни,
Ажратиб ол инсонлардан инсонни.
Кўл бўйида, боғ ичида қиз, йигит
Кўтарсинми курак билан кетмонни?!

ҚАЙСИ СЕНИНГ ДЕРАЗАНГ?

Номин билгум сен яшаган кўчанинг,
Уйинг қайси – сал бехабар эканман…
Бирга бориб кўрай девдим кинони,
Энди сени қандай топар эканман?

Уй рақаминг саккизми ё саксонми?
Кўча кездим, ич-ичимдан оҳ келди.
Ё бўлмаса тўқсон бешми, тўққонми?
Аниқ билмай хорийдиган чоғ келди.

Ўтган куни анови уй олдида,
Турган эдинг қизлар билан ерда сан.
Оҳ, ўшанда қандайин соз бўларди
Гулим, аниқ манзилингни бер десам!..

Бош қотди-ку ойналарга кўз солиб,
Бўлмасмиди кўчага бир қарасанг…
Хафа қилмай, ўзинг келиб айтиб қўй,
Қора кўзим, қайси сенинг деразанг?

Мен шаҳармас қишлоқ жойда ўсганман
Қиз уйини излаб бўлмас, дил хаста
Йўқ бўлса ҳам уйларимиз рақами,
Йигит топар суйган ёрин бирпасда.

Кўз толдириб, топаман деб уйингни,
Кўча бўйлаб кезиб охир толаман.
Иккинчи бор учрашганда албатта,
Манзилингни аниқ ёзиб оламан.

Шундай қилгин, йигит сал ёшлик қилиб,
Қиз уйини билмай излаб чарчадинг.
Шаҳар каби қишлоқларда бир куни
Рақам бўлур уйларида барчанин

ЎШ

Қирғизистон хуш, сўлим,
Анча жойдан Ўш сўлим
Чой ичинг деб туришар
Ола дўппи, дўст элим!
Руслар тили юлдуз-да
Бизнинг ушбу замонда.
Бироқ қирғиз қирғизча
Сўзламаса ёмон-да!..

ОЛАТОВ

Бу замин, дунё юзида
Олатов, сендай ерлар кўп.
Бу замин, дунё юзида,
Иссиқкўл, сендай кўллар кўп.

Чиройи ортиқ сендан ҳам,
Ерларда юрдим неча бор.
Тиниқлиги сендан соз
Кўлларни кўрдим неча бор.

Бироқ сен менга, Олатов,
Қимматсан туққан онамдай.
Бироқ мен сенга, Иссиқкўл
Севаман синглим, санамдай.

Сабаби сенда, Олатов,
Мен ўсган чинор-қирғиз бор.
Севаман сени, Иссиқкўл
Севгани учун қирғизлар!

Усмон Темур таржималари