Бердибек Жамгирчиев (1987)

Бердибек Жамгирчиев (Бердибек Жамгырчиев) – 1987 йилда туғилган. Бишкек ижтимоий фанлар университетининг қирғиз филологияси факультетини тамомлаган. “Юракда қолган бир исм” номли китоби чоп этилган.

* * *

Қайғурмагин, менинг илк севгим,
Сўйла, боқма кўзларимга жим.
Мени ғамга йўлиқтирма, кул,
Яшамоққа илинж – табассум.

Ўтли шеърлар ёзаманми, йўқ,
Турмуш – кўксим яра қилган ўқ.
Дил ёришар сени ўйласам,
Севгинг билан тирикдир борлиқ.

Ахтараман, олов меҳринг чин,
Азоб босиб қолар севинчим.
Ўтди ёшлик, ўтди бариси,
Оқ юзингга армон ўпичим.

Севгим, бағрим тирнама фақат,
Эркам, қайда сенга ёзган хат?
Турна бўйнинг дилга ўт қалаб
Кўринардинг олисдан сарв қад.

Сув ташийсан, чўмиласан гоҳ,
Сувдек зилол экан муҳаббат.
Яноқларинг юрагимдек ол,
Сени раво кўрмади қисмат.

Вужудимда унган гул мисол,
Бахтим бўлиб юрагимда қол.
Унутмайман нигоҳларингни
Гарчи, насиб этмади висол.

Айро кетдик, биз икки довон,
Ушалмаган севги – бебаҳо.
Етолмадик бир-биримизга
Орзуимиз бўлмади бажо.

Этагимдан тутади рўзғор,
Асов бошда метин юган бор.
Армоним бор – ғўр кезларимда
Асролмадим севгимиз, дилдор.

Соғинганда, кўксим ёнар, оҳ,
Муҳаббатдан бахт топдим, бироқ,
Сен яшарсан хотиржам, балки,
Мен яшайман йўлингга муштоқ…

* * *

Ёмғир ёғар, кўзда баҳор, кўнгилда куз,
Билмам, қайси манзил, қайси ҳаётдамиз?
Шивирлайсан, томчилардек ҳазин бир сас,
Ёмғир каби тўкилмагин, тўхта, ҳаргиз.

Тўхтагим йўқ, не учундир, тўхтагим йўқ,
Ўтиб кетган оғриқларга ўхшагим йўқ!
Ўлгим келмас, яна қайта унгим келар,
Ёлғизликнинг овозидан қақшагим йўқ.

Юрак хокдир, қадрдоним, таним тупроқ,
Ҳаёт сира аямайди, дилим ғамнок.
Курашмоққа кучим етмас, бемажолман,
Тақдир мени қай сиёҳда чизган, э воҳ?!

Оёғимда кишан, бошим алангада,
Кутган бахтим қолди олов чангалида.
Юпатманглар, овутманглар, оғритманглар,
Киргим келар шу гулханнинг рангларига.

Кўзда булут, кўнгилда кун, ёшим ёмғир,
Куйиб кулга айлантирди мени тақдир.
Ғўр ёшлигим, гул ёшлигим олиб қўйди
Қобирғамнинг қат-қатида яшринган нур.

Қароғимда гулга кир, умрим баҳори,
Шошма, тўхта, кўзларимни яшна, ёрит.
Ғунча бойла, япроқ ёзгил қайта яна,
Баҳор бўлиб юрагимдан дардни арит.

Ёмғир ёғар, кўзда баҳор, кўнгилда куз…

ОНА ЮРАГИ

О, онажон, бахт боқмади жамолингдан,
Ғамга ботдинг, менинг давру замонимда.
Нега энди кўкка боқиб излай беҳишт,
Ахир, жаннат пойингдадир, товонингда.

Ҳа, жаннатим, меҳрим бор, сен-ла бутун,
Ҳа, жаннатим, бахтим бор, сен бор учун.
Онагинам, нур балқиган ой юзингга
Нодон дарднинг суратини чизган очун.

Ҳар лаҳзада менга ардоқ айлар насиб,
Бунча улуғ оналикнинг мартабаси.
Тақдиримнинг тош зарбидан қулаб ётсам,
Юрагингдан алвон қонлар турар сизиб.

Болаликнинг шуълалари ўчиб борар,
Фасллардан фаслларга кўчиб борар.
Қалбингга қулф осса ҳаёт, зулмат босса,
Сенинг зеҳнинг ҳар эшикни очиб борар.

Бир ҳодиса ёдга тушса, санчир этим,
Жондек дўстим ёш ҳолида қолди етим.
Кема каби чўкди, ботди ғамга, ахир,
Ёш онаси бу оламдан кетди ўтиб.

Ҳамон дўстим ғам-қайғуга ботиб юрар,
Надоматнинг насибасин татиб юрар.
Дард кўрмаган, ғам билмаган ўша одам,
Онажон, деб кўксин тошга отиб урар.

Қароғимда қон қалқиди – жуда ёмон,
Жон дўстимнинг тақдиридан ўртанаман.
Онанг бор-да, дейди, менга маҳзун боқиб,
Кўкрагингни ғажимайди ҳажру армон.

Дўстим сўзи рост экан-ай, ўйлаб кўрсам,
Ғам кўрмаган, дард кўрмаган бола бўлсам.
Бор бисотим тафтиш қилиб, боқсам ногоҳ,
Онам билан ёруғ экан кўнгил гўшам.

Ўйланаман, волидамга ташлаб нигоҳ,
Мен бир новда, онам эса улкан дарахт.
Эшик қоқиб йўқлаб келса бир кун ажал,
Менинг учун жон беради онам ҳар вақт.

Елкасида ҳаёт юки – улкан, оғир,
Меҳри билан кўнгил кўзим очган ахир.
Йўқ бўлса гар уйда онам – дилим хира,
Қаралмаган уйдек тўзир юрак, бағир.

Довонларга кўз етмайди, онам ўтган,
Синовларга сўз етмайди, онам ўтган.
Она ўхшар бир кемага қўнжи тўлиб,
Тўлқинларда қалқиб-қалқиб келаётган.

Ўғилларин орқасидан эргаштириб,
Она борар қўлларида тугун – ҳориб.
Умиди шул, суянади асосига
Нола қилмай яшаверар, она, ғариб…

Гарчи заҳмат кўрса ҳамки, чекмайди оҳ,
Кўксин тутар азобга-да, озорга-да.
Сўз айтишга қалбим ожиз, қўли қадоқ,
Ёнда халта, дўконга-да, бозорга-да.

Қўл етмаган шохда ҳам она юрар,
Шўр кетмаган даштда ҳам она юрар.
Тиним билмай саҳардан то шомга қадар,
Тирикликни тебратади она юрак.

Теграсида нур кезган она юрак,
Қат-қатида гул ўсган она юрак.
Ота юртга меҳрини тўшаб қўйиб,
Тақдирнинг тош кўчасидан она юрар.

Кўланкадай ортингдан эргашган ким,
Ўғилларин ёвга бермай тирашган ким?
Э, воҳ, жаннат эшиклари ёпилади
Оналарнинг ол юраги тўхтаган кун.

Ҳар ким ҳаёт гаштин омон суриб юрсин,
Оналарнинг чўғ юраги уриб турсин!!!

Қирғиз тилидан Фахриддин Ҳайит таржимаси