Халина Посвятовская (Halina Poświatowska) (9 май 1935, Ченстохова, Польша — 11 ноябрь 1967, Варшава, Польша) — поляк шоираси. Юрак хасталиги туфайли ҳаётининг кўп қисмини шифохона ва санаторияларда ўтказган. Шундай бўлса ҳам, шоира қатъият билан ўқиди, мустақил тайёрланиб, университетга имтиҳон топширди.1958 йилда у ўша пайтлар учун ноёб бўлган юрак операцияси ўтказилишига розилик берди. Бу жарроҳлик унга яна тўққиз йиллик умрни туҳфа этди. 1967 йилдаги иккинчи операцияни эса юраги кўтара олмади.
Шоира 1958–1967 йилларда университетнинг фалсафа факультетида таҳсил олди, илмий иш устида фаолият юритди. Касаллигини енгиш учун болалигидан мутолаани, айниқса, шеър ёдлашни ёқтирар, ўзи ҳам шеър ёзишни машқ қиларди. Польшанинг таниқли шоирлари Адам Мицкевич ва Юлиуш Словацкий шеърларини севиб ўқирди.
Унинг “Қалб мадҳияси” (1958), “Бугунги кун” (1963), “Қўлларга қасида” (1966) ва вафотидан сўнгги “Яна бир хотира” (1968) шеърий китоблари, асосан эркин шеър – верлибр, яъни тиниш белгиларсиз шеърларни ўзи ичига олади. Бироқ уларда ўзига хос вазн ва нафис туйғулар уйғунлигини англаш қийин эмас. Унинг шеърларини польяк шоири Тадеуш Новак таъбири билан “қўшиқлар қўшиғи” дейиш мумкин.
ҲАЁТ
Ҳаётдан кетмоқни истамайман мен
Ҳаётга ботириб тирноқларимни
Шивирлайман сизни севаман
Қонимдай қизарган
Қип-қизил милаш
Оғриғимдан оқарган ёвшан
Ўлимимдек қорайган ўрмон
* * *
соғинишни яхши кўраман
ранг ва оҳанг зиналаридан
югуриб шошилиб чиқаман
очилган лабларим билан
қор ҳидини ютишни
яхши кўраман
ёлғизлигимни яхши кўраман
юксак-юксакларда
осмонни қушдек қучган
энг баланд кўприкдан ҳам баланд
ёлғизлигимни яхши кўраман
Хуршид Даврон таржимаси
* * *
Агар мендан кетмоқчи бўлсанг,
жилмайиб қўйишни унутма.
Майли, бош кийимингни, қўлқопингни,
муҳим манзиллар қайд этилган
ён дафтарингни
ё қайтишга арзигулик нимаки бўлса,
унутиб қолдир.
Сен қайтар экансан,
мени кўз ёшлар ичра топасан
ва ўшанда кетмассан, балки.
Агар қолмоқчи бўлсанг,
менга жилмайиб қўйишни унутма.
Майли, туғилган кунимни унут,
мендан илк бор бўса олган кунни ҳам,
илк марта аразлашганимизни…
Бироқ кетмоқчи бўлсанг,
мажбурликдан қилма буни.
Севинч ила қолгин,
севинтир.
* * *
Мени яшилликка бурканг,
япроқлар.
Мен – совуқда титраган
яланғоч дарахт.
Сув, мени
туб-тубимга қадар қондир.
Мен – қуёш тиғида
қақраган қумман.
Довул мени совурар;
илиқлик бер, қуёш.
Дарахт соясида қолган чашмадай,
сўз асири – ман.
* * *
Сен кета туриб
кўчада қушлар оч қолди,
дединг.
Кўчада қиш ва
совқотган қушлар,
сенсиз улар нобуд бўлар экан –
шундай дединг сен…
Аммо
қушларда қанот бўлишини
наҳот, билмасдинг?
Қанот уларни
емишлари мўл-кўл
иссиқ ерларга элтар –
қаерга бўлса-да,
фарқи йўқ…
Изғирин, қор нима уларга,
қушларга?..
* * *
Бир мангу ёлғизлик сайёраси бор
ва сенинг лабингдаги қум зарраси.
Сенинг севгинг
ёлғизлик денгизин тўлқинлари узра
йўлини йўқотган бир қуш кабидир.
Осмон жимликка тўла,
унда сенинг сўзларинг каби
қанот қоқиб,
якка бир фаришта учиб юрибди.
* * *
Менинг она тилимда
гулларни “гуллар” деб аташади,
Ҳаво ҳақида эса “ҳаво” дейман.
Кўприклардан ўтар эканман,
пошнам билан сасланаман:
тақ, тақ, тақ…
“Тош” сўзини шундай талаффуз қиламанки,
духоба деб ўйлашар уни.
Мушук мўйнасига босгандай
юзимни босаман елкаларингга…
Севаман
ўзимнинг жайдари тилимни
ва “севаман” дейман бу тилда.
* * *
Мен билан бўлишгин
ёлғизликнинг қотган нонини.
Кўринмас деворлар бўшлиғини
ўзинг билан тўлдир.
Ёруғлик бергин бир оз
асли йўқ ойналарга.
Эшик бўл…
Ҳаммасидан кўра
ташқарига ланг очилган
эшик бўл мен учун.
* * *
Бизнинг севгимиз – маҳкум;
ўлим жазосига ҳукм қилинган.
У қатл этилар
орадан қисқагина икки ой ўтиб.
Дунёда масофа,
вақт деган нарсалар бор
сен эса олислаяпсан.
Имконсизлик, ожизлик бор бу дунёда:
сени тутиб туролмас
менинг бешафқат бўсаларим ҳам.
* * *
Мен ўлсам, бу дунёнинг ҳам
бир озгина чиқарми жони?
Боқаман:
одимлаб борар у
тулки мўйнасига бурканиб.
Мен – ўша мўйнанинг бир толаси…
Аммо…
Ҳеч ўйлаб кўрмабман…
Ҳар доим шу ерда эдим мен,
у эса…
Йўқ, барибир,
бу ҳақда ўй суриш ёқимли:
бир озгина жон берар бу дунё
мен ўлсам,
Мен агар ўлсам.
* * *
Сенсиз
юзида кулгиси сўнган
осмон тумтаяр.
Эринибгина чиқади қуёш
ва увишган кафти билан
ишқалар кўзларини.
Кун – майса қўйнида
уйғонган капалак,
бир зум
қанотларин ёзиб керишар
ва ёришиб кетар.
Ранглар, ранглар, ранглар
гир айланар сирли жилода…
Шивирлаб сўрайман
мудроқ самодан
ишқимизнинг қотган нонини.
* * *
Мен Жульеттаман.
Ёшим йигирма учда.
Мен бир марта севгини татиб кўрганман.
Қора қаҳвадаги каби
аччиқ таъми бор эди унинг.
Юрагим дукурлаб
кетди ўшанда,
сувдай жимирлаб кетди вужудим.
Ҳисларим тошди…
Ўтди ҳаммаси.
Мен Жульеттаман.
Баланд минорадан туриб
йиғлайман, қайтгин деб
чорлайман, қайта қол
лабларимни тишлаб
қонатаман, қайт…
Йўқ қайтмади.
Жульеттаман.
Ёшим мингда,
тирикман ҳамон.
* * *
Олча гулларига кўмилиб,
хушбўй ифоридан мажолсиз,
менинг нафратим
ғарқдир унинг тубларига.
Қалтираб ва бечораҳол
турардим мен унинг устида,
ортимда турардинг сен эса.
Сўнг шаршара қуйилгандай тез
қўлларимдан тутдинг ва
кишан солдинг
бўсалар билан.
Бизга гувоҳ
олча дарахти
жим тикилиб қолди
ўша пайт.
Рус тилидан Рафиқ Сайдулло таржимаси