Анна Свиршинская (1909-1984)

Анна Свиршинская (Anna Świrszczyńska) – шоира, болалар ёзувчиси, таржимон. II Жаҳон урушида ҳамшира сифатида иштирок этган.
Шеърлари ҳаётийлиги, жонли ва таъсирчанлиги билан ажралиб туради. “Унинг “эскича урф”даги жиддийлиги, ҳаётсевар ҳазили, ҳайрат ва ҳаяжонисиз поляк шеърияти ғариб ва нурсиз бўлиб қоларди” – деб ёзганди машҳур адабиётшунослардан бири.
Илк китоби «Назм ва Наср» 1936 йилда чиққан. Муҳаррир бўлиб ишлаган, болалар адабиёти билан шуғулланган. Уруш йиллари Варшавада эди. Унинг «Орфей» номли шеърий драмаси норасмий тарзда ўтказилган адабий фестивалда мукофотланган. Варшава қўзғолонларида қатнашган: санитар бўлиб ишлаган. Қўзғолончилар мағлуб этилганидан сўнг Краковга қочиб ўтади ва умрининг сўнггига қадар ўша ерда яшаб қолади.

“Қора сўз” туркумидан

ЗАНЖИРБАНД КЕТЯПМИЗ

Биз занжирбанд кетаяпмиз катта сув томон.
Ортимиздан келаяпти болаларимиз,
ортимиздан келаяпти хотинларимиз,
улар ҳам занжирбанд.

Болалар ўлишмоқда,
хотинлар ўлишмоқда занжирбанд,
биз ҳамон тўхтамай кетяпмиз катта сув томон.

Барчаси ўлишди ниҳоят,
биз эса тўхтамай кетяпмиз ҳамон.
Биз занжирбанд кетяпмиз энг олис, энг катта уммонга.

Катта уммон, бизни сувга чўктириб юбор.
Ўтинамиз, катта уммон.
О қўрқинчли катта уммон,
О даҳшатли катта уммон,
бизларни чўктир.

ЎН ТЎРТ ЯШАР ҲАМШИРАНИНГ
УЙҚУСИДА АЙТГАН СЎЗИ

Агарда дунёдаги барча ўқ
менга текканида эди,
ўлдира олмас эди улар ҳеч кимни.
Агарда дунёда нечта одам бўлса,
ўрнига шунча марта ўла олганимда эди,
улар — ҳаттоки немислар ҳам –
ҳалок бўлмас эди ҳеч қачон.
Фақатгина одамлар
улар учун ўлганимни билмасин –
ичи ачиб, дили оғримасин.

ҲАРАКАТ

Мен чиқаман, мен кираман
бир макондан бир маконга.
Мен чиқаман, мен кираман
бир замондан бир замонга.
Мен чиқаман, мен кираман
бир сабабдан бир сабабга.
Кириб-чиқиб
сезмай қолдим
аллақачон мен
йўқ – мен
йўқ.

МАКОН

Мен маконман,
кимсасиз макон.
Ўтинаман,
ҳеч кимни кўчирманг менга.
Менга ҳеч нарсани ташиб келтирманг,
ҳеч нимани жойлаштирманг.
На курсини,
на якшанбада дам олиш умидини,
на карра жадвалини,
на нишон-мўлжални,
на йўл ҳаракати қоидасини,
на исмни, ёшни, на жинсни.

На борлиқни титратган даврни,
на инсонга мансубликни, халқни, қавмни.

Мен маконман,
кимсасиз макон.
Менга асло одам кўчирманг,
жиҳозларни жойлаштирманг,
ҳеч нарсани тиқиштирманг,
топганингизни ташиб тўлдирманг.

Мен маконман,
топ-тоза макон.
Ҳар жиҳатдан юксакман,
шодман.
Ҳар нарсадан холи,
озодман.

АСКАР НИДОСИ

Майли, сенинг ўқинг мундиримни тешиб,
юрагимга тегсин,
мени ўлдиролмайсан, душман.

Майли, сенинг снарядинг тилка-пора қилсин
танамни,
мени ўлдиролмайсан, душман.

ЎҚНИ ТЕЖАШ КЕРАК

– Гранаталар тугади, – деди майор.
– Ўқни тежаш керак, – уқтирар майор.

Ёш йигитлар жонини тежаш шарт эмас.
Ахир, гранаталар ва ўқлар тугаганда
уларнинг жасадидан
баррикадалар қуриш мумкин.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси

ТОМИРДАН ОҚҚАН ҚОНДАЙ

Кўчалар, йўлларни
тўлдириб борар.
Ярадорларни элтар,
қариларни элтар,
тугун ва болаларни элтар.

Боришар.
Баъзан ортга аланглаб қўйишар:
тутун буруқсайди ортларида.

Шаҳарнинг
кесик томиридан оққан қон каби
тўхтамас улар.

ҚАРИЯ

Проф. Владислав Татаркевичга

Қария уйини тарк этди,
энди китобларин орқалаб борар.
Немис аскарига йўлиқди,
китобларини юлқиб, лойга ташлади.

Қария китобга эгилди,
аскар унинг юзига урди.
Қулаб тушди қария,
аскар уни тепиб нари кетди.

Лой ва қонга беланиб
ётар қария
ва сезар тагида эзилган
китобларини.

БИТЛАР

Ўликлар кўчасидан чопиб бораман,
мурдаларни ҳатлаб, тентираб;
кўйлак остида, кўкрагимда
битлар
чўғдай ғимирлайди.

Фақат улар тирик ва мен ҳам…
Бирдам қилар энди бу бизни.
Қимир этгувчи жон қолмаган
ўликлар шаҳрида
энди улар биродар менга.
Мен каби мажолсиз,
жилла қурса, тирик мен каби.

Аммо бу кўчадан қутулиб чиқсам,
мен учун
чароғон уй эшигини одам очган пайт,
мен каби яшашни истаган
битлари билан бирга қўшиб,
кўйлагимни ўтга ташлайман.

ДУШМАН ЖАСАДИ

Сен ҳам қаттиқ қўрқиб кетдинг,
гарчи қўлингда қурол бор эди.
Сенинг кўзларингдаги қўрқув
буткул ўлгунингча сўнмади.

Қуролинг кўпларнинг бошига етганди,
кўпларни деворга қапиштиргандинг.
Мана, навбат келиб, ўзинг ҳам
бўйин егдинг тақдир измига.

Ортингдан жужуқларинг йиғлаб қолишар,
сен яхши одам эдинг
жужуқларинг учун, албатта.

Душман, мен сени дафн қиламан
сен қон ила бежаган шу заминга.
Гўё, сен душман бўлмагандай,
ўз бағрига олар эркалаб.

АСКАР ЎЛАЁТГАН ПАЙТ

У ётган замбилнинг қошига
тиз чўкдим,
палтосидан ўпдим ва дедим:
“Сен бирам келишгансанки,
ҳатто, ўзинг ҳам билмайсан,
бировга қанчалар бахт бера олишинг.
Сен яшайсан, йигит!
Менинг довюрагим…”

У жилмайганича тингларди,
кейин кўзларини юмди хотиржам.
У билмасди, бундай сўзларни
айтишарди
фақат аскар ўлаётган пайт.

БИР СОАТ

Станислав Свершинский хотирасига

Бола икки ойлик.
Шифокор айтди:
сутсиз узоқ яшамас экан.

Онаси кун бўйи ертўлалар оралаб
шаҳарнинг у четига етиб борди.
Черняковда
бир новвойнинг сигири бор…

У заҳ тупроққа бағрини бериб,
лой ва мурдалар ора эмаклаб борар.
Уч қошиқ сут топди.

Боласи
бир соат узоқроқ
яшайди энди.

ХУДОНИНГ ИНОЯТИ

Аёл тўшакда жон берар эди,
тўшак остига долларлар беркитилган.
Сўнгги йўлга кузатмоқдайди
уни бошқа бир аёл:
«Тезроқ ўла қолсангчи…»

Кейин қўлида, бир даста доллар,
чопиб бораётган пайт кўчада…
Бомбалар ёғилди.
Аёл чинқирди: «Ё Худо, мени қутқар!»

Ва Худо қутқарди уни.

Русчадан Рафиқ Сайдулло таржимаси