Зоир Азамат (1975)

Зоир Азамат (Zahir Əzəmət) 1975 йилда туғилган. Ёш шоир модернчи сифатида танилган. 2005 йилда “Девор оқликларига қарши” шеърий тўплами чоп этилган. “Бирдамлик” мукофоти соҳиби.

ЭВРИЛИШЛАР

Баъзида кимнидир
ўлдиришни истар инсон
важ-карсон топилар ҳамиша

ва яна англайсан
бу сенинг ишинг эмас
сўнг бориб кўчат экасан
ё бирон арзон қаҳвахонага кириб
ёқалашасан дўстларинг билан
ёки кўчага чиқиб
эски ўриндиқлардаги
абгор бўлган чолларга
ўйнаётган болаларга
ишқибозлик қилаётган жуфтларга
боқсанг.

Кечқурун уйга қайтганингда эса
сенга гўё ҳаммаси
рисоладагидек туюлар
лекин ким билсин
агар сен қотил бўлсайдинг
не кечарди ўзгалар ҳоли.

ХУДБИНЛИК

Йиқилмаслик учун
ўзингни тутмоқ

таскин учун
ўзингни севмоқ

ўз овозингни эшитмоқ учун
ҳар тонгда ўз-ўзингга
салом бермоқ
яхшики ўзим борман
йўқса зерикиб кетардим.

Русчадан Усмон Қўчқор таржимаси.