Оқшин Енисей (1978)

Оқшин Енисей (Agşin Yenisey) 1978 йилда туғилган. Боку Давлат дорилфунунининг геология-минерология факультетини тамомлаган. “Ҳижрон суврати” шеърий тўплами чоп этилган.

ФИЛЬМ ЯКУНИ

Бор-э, деб кетворсанг
сўнгги вагонда
бўш, бўм-бўш бўлсанг вагондек
фақатгина ўрнингдан туриб
жой бериш-чун гўзал аёлга,
фақатгина у ўлтираркан
— раҳмат, беринг, қўлингизни ушлаб кетаман…
дейиши учун…

ТУШКУНЛИК

Тун ҳеч қачон ёпа олмайди
оқсоқолнинг оқ соқолини,
кун оқиш тугайди ковакдаги ўргимчак кўзи каби…
тонг, олдин дераза
кейин эркаклар эснашиб
тонгни қучмоқчи бўлди
ҳаёт диққинафас.
Нега сен ўлмайсан, менинг шоирим?
Ҳар кун қиёфангда қарир маъбудлар,
фақат марҳумгина
йўлбошчи бизга.

* * *

Озодлик — қатъий ҳукм!
Ярмиси бўлса ҳам,
ёртиси бўлса ҳам…
дордаги одам
бизга юксалиб қарайди.

ШАМОЛ

Тун бўйи шамол улиди…
Шаҳарнинг оқбилак ойдарахтлари
тонггача ухламай
ҳавони тирноқлаб чиқди.

Тун бўйи шамол улиди…
Бардош билан, сабр билан
тингладим бу ҳақоратни.
Бу оқимни юқори қаватдан
синиб тушган ойна кесиб юборди.

Юрагим қон бўлди…
Тун бўйи шамол улиди,
тонггача кўз юммадим…
Гунг қотган уйлар
ўзини-ўзи урган эшиклар,
фақат тонготарда мудраган чивин
бедор ўргимчакнинг тўрига тушди,
шамол тинди.

Русчадан Иқбол Мирзо таржимаси.