Зоҳид Халил (1942)

Зоҳид Халил (Zahid Abdulla oğlu Xəlil) 1942 йилда Евлах шаҳрида туғилган. 1959—1965 йилларда Озарбайжон Давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган. Евлах шаҳар маданият уйида мудир, “Ғалаба” туманлараро газетада адабий ходим, “Ташаббус” туман газетасида масъул котиб, университетнинг “Ёш муаллим” газетаси муҳаррири, 1970 йилда Адабиёт тарихи кафедрасида катта ўқитувчи бўлиб ишлаган. Филология фанлари доктори, профессор.
Адабий фаолияти 1958 йилда “Янги Евлах” газетасида босилган “Менинг ватаним” шеъри билан бошланган. Кейин “Учаётган чироқлар” (1968), “Чумолилар”(1971), “Мен рангларни танийман” (1972), “Кўкдан уч олма тушди” (1974), “Қушлар” (1977), “Тўрғайлар куйлайди” (1979), “Баллижа” (“Бол ташувчи миттича”, (1981), “Чироқ Нананинг нақллари” (1983), “Жиртлон ила Азмоннинг янги можаролари” (1985), “Ўтлар юртининг пойтахти” (1992), “Дунёнинг энг болача нақллари” (2002) сингари китоблари нашр этилган. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
2002 йили “Қизил қалам” мукофоти совриндори деган унвонга сазовар бўлди. Асарлари рус тилига ҳам таржима қилинган ва “Литературная газета”нинг “Золотой телёнок” (“Олтин бузоқ”) мукофотига сазовор бўлган.

ҚОЛАЖАК БУ СЎҚМОҚЛАР

Заррин нурга бурканиб,
Дилни тортар йироқлар.
Тог бағрида кўринар
Қанча-қанча сўқмоқлар.
Қушқўнмас қояларнинг
Йўлда гўё кўзлари:
Ёдгор бўлиб қолади
Бунда оёқ излари…
Туманларни парчалаб,
Тоғ бошида қор кечиб,
Сўқмоқлардан ўтишган
Шўх болалар сув ичиб.
Бу жар узра эчкилар
Гурс-гурс урар бошга бош,
Тегса жайрон оёғи
Тош кетидан тушар тош.
Сув ичган деб ўйламанг
Бунда марол ё жайрон,
Тилга кирар лол булоқ:
— Бундан ўтди қиз, ўғлон..
Чор атрофга сас, садо
Солажак бу сўқмоқлар.
Ўтажак ойлар, йиллар,
Қолажак бу сўқмоқлар.

ТЎЛҚИНЛАРНИНГ НАҒМАСИ

Оқ долғалар ҳужум қилар
Оқ айиқлардай,
Бир юксалар, бирда инар
Мисли чағалай.
Денгиз бу кун ғазаблидир,
Кўпирар, тошар.
Майли, тошсин, денгизларга
Жўшмоқ ярашар.
Ҳужум қилган долғаларнинг
Гапи бормикин?
Соҳиллар-ла гаплашишдан
Умидвормикин?
Қуёш олтин балиқ каби
Кўк сувда сузар.
Денгиз гўзал, осмон гўзал,
Соҳиллар гўзал.
Ўзанига сиғмай сира
Долғалар тошар,
Майли, тошсин.
Денгизларга
Жўшмоқ ярашар.
Ўзинг каби фикринг чуқур,
Қалбинг жавоҳир.
Кўк долғалар, кўк тўлқинлар
Асарларингдир.
Илҳоминг ҳам улкан булоқ,
Кўпирар, тошар,
Жўш, э денгиз, денгизларга
Жўшмоқ ярашар.

ҚЎЗИЛАРНИ ҲУРКИТМАНГ

Янги тушган келинчак — баҳор
Рўмолини ечиб юборди.
Тўлиб кетди рангларга ўтзор,
Қовоғари гулларга борди.
Шудринг ўйнар ўтлар баргида
Қўзи чайнар беда поясин.
Қора-қора тумшуқларида
Ўйнар икки шудринг донаси.
Уйдан чиқинг, югуринг, кўринг:
Қандай гўзал баҳорда тупроқ!
Қовоғари завқини бўлинг,
Қўзиларни ҳуркитманг бироқ.

Миразиз Аъзам таржимаси