Оғамали Содиқ (1947-1995)

Оғамали Содиқ (Ağamalı Sadiq) Озарбайжоннинг Қазах тумани Қаймоқли (Ингичка дара) қишлоғида 1947 йилда зиёли оиласида дунёга келган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, меҳнат фаолиятини Сумгаит суперфосфат заводида электр монтёрликдан бошлади.
1972—1977 йилларда Озарбайжон Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олди. Кейин “Ёзувчи” нашриётида мусаҳҳиҳ, сўнг «Маориф» нашриётида муҳаррирлик қилди. «Юлдуз» журналида адабий ходим, Маданият нозирининг муовини вазифаларида ишлаган (1992—1993). 1995 йилда юрак хуружи хасталигидан вафот этган.
Асарлари: «Менга умид беринг» (1982), «Айил сендан кечай дунё» (1996), «Ватан учун яшаган афанди умри» (2005), «Бошсиз» (Қисса), «Қишлоқдан келган одам» (Ҳикоялар, 2007), «Бошсиз» номли қиссаси ўзбек тилига таржима қилиниб, «Ёшлик» журналида 1987 йил октябрь сонида эълон қилинган.

БОКУНИ ТОҒЛАРГА ОБОРГАН КЎНГЛИМ

Кўп бўлди тоғларга йўлим тушмади,
Зумрад сув ўпмадим қачондан бери.
Бошимнинг устидан келиб учмади
Маъюс турналарнинг сийрак қатори.

Кўп бўлди осмоним бургутсиз, ғариб,
Баҳор булутига тўлгандир у ён.
Тоғлар қояларни кифтига олиб,
Шалола созини чаларми ҳамон?

Кўнгли гиналими хоним коризнинг?
Кўп бўлди, ҳеч бориб йўқлай олмадим.
Йўл узра эгилиб келин наргизнинг
Муаттар гажагин қўқлай олмадим.

Эҳ, онатил қушнинг тунги чаҳчаҳи!.. —
Ҳамон йўқотганин сўроқлайдими?
Бир қайин бор эди ишқим гувоҳи —
Хотира ёзгандим япроқларига —
Еллар тебратарми, варақлайдими?

Ай, она, кўнглимда ҳасрат берар ун,
Мен тоғдан бўлинган бир тош бўлакман.
Оқ отли ўғлонга айланиб бир тун
Йўлларда туманга қоришажакман.

Уйқусиз кўзимнинг интизори чўх,
Бу сирни ҳилолга бесас очарман.
Чаман шабнамига оёқ эмас, йўқ,
Тонгда уйғонганда юзим босарман..

Кўкларда қолмаса булут уюми,
Ўзим булут бўлиб тўларман унда.
Ахтариб пажмурда болалигимни
Бир ота алласи чаларман унда.

Яна етиб келиб айрилиқ куни
Куз фасли ортимга елдиражакми?
Бокуни тоғларга юборган кўнглим
Тоғларни Бокуга келтиражакми?

ЙЎЛИН ЧЎҚҚИЛАРГА СОЛГАН ТОПИЛАР

Бу йўллар сенинг-чун ўйин-ўйинчоқ,
Менинг-чун — ўтига ёнишли ўчоқ.
Мен йўл бошладимки тонг сари узоқ
Орқага йўл йўқдир, йўл йўқдир мутлоқ.
Олдинга, олдинга, олдинга фақат,
Бу йўлда кўп бўлар ўлим-ҳалокат.

Четга тур, илашма қўл-оёғимга,
Бу йўлда тиззангни тилади тошлар.
Бу йўлда кўзингни ёндирар ёшлар,
Чақмоқ лозим бўлар Санъон тоғига
Ва бу тоғ кетма-кет тўфонин бошлар.
Тошларга урмоққа тизинг бўлмаса,
Ичингни ёндирган сўзинг бўлмаса,
Четга тур, четга тур, четга тур фақат,
Бу йўлда кўп бўлар ўлим-ҳалокат.

Тупроқ, совуқ мозор, беш қулоч кафан
Учта сўз зиммангда оғир тоғ бўлса,
Юксак улкуларинг, буюк фалсафанг
Ҳаётда бир яхши яшамоқ бўлса,
Уй-жой юки бўлса зиммангнинг юки,
Саботинг ўтмаса темирдан, тошдан,
Бу йўл юксалиши фил тизин букар,
Одам бўл, одам бўл, чекил бу бошдан.

Қўй, мени ёндирсин бу ўт, бу ўчоқ,
Бу санъат йўлида сўнгги кураш бор,
Бу кун бўлмаса у, эрта бўлажак.

Бу йўл сеникимас, чекил бу йўлдан,
Тунларнинг багрини тилгич топилар.
Бу йўлнинг аччиғи шириндир болдан,
Бу йўлни чўққига солгич топилар.
Унутма фақат,

Нимжон қалбингдаги кичкина нафрат
Бу тепаларнинг қирови, қори
Қондирмас ёнишга яралганларни.

Бир ўтман, ловуллар ичда алангам,
Бир нурман, ичимда исинар жаҳон.
Четга тур, четга тур, чуқурдир ярам…
Кўзингга қон сачраб бу бағри қоннинг
Дали «эвоҳ»идан сесканар жаҳон.

Эркаксан, бағрингга бос бу жаҳонни,
Сенинг ҳам дунёда ўғлинг бор ахир.
Кифтида кетяпсан Озарбайжоннинг,
Қайдадир бир ерда ўлим бор ахир.

Сеники бир ёни ярали дунё,
Лозим — кўп тугунлар ечилсин сендан.
Бир-биридан айро… орали дунё…
Кўприк бўл, зид ёққа кечилсин сендан..

Ёки бир дафъага чекил бу йўлдан,
Тунларнинг бағрини тилгич топилар.
Бу йўлнинг аччиғи шириндир болдан,
Бу йўлни чўққига солгич топилар.

АЙИЛ, СЕНДАН КЕЧАЙ, ДУНЁ

Дунё, сенинг онанг ўлсин,
Тулкили дунё экансан.
Ҳайф-ей, менинг кўзёшимга,
Кулгили дунё экансан.

Чирпиндим, уча олмадим,
Девордан кеча олмадим.
Шундай эшикларинг бўлди,
Қиличсиз оча олмадим.

Онанг ўлсин, хасис дунё.
Сени дея келганга боқ,
Келади у йиғлаб-йиғлаб.
Сендан қайтгач ўлганга боқ,

Ўлади у йиғлаб-йиғлаб.
Бу қандай ҳолатдир, дунё?
Бу тупроқни ким яратди,
Ким еди, тугатди, дунё?

Бундан нари учолим йўқ,
Таянмоққа мажолим йўқ,
Юз дафъа ўлдим, тирилдим,
Мен Одамман, ажалим йўқ,
Узил, сендан кечай, дунё.

Миразиз Аъзам таржималари