Ошиқ Аббос Туфарганли (Aşıq Abbas Tufarqanlı) – XVI-XVII асрларда яшаб, ижод қилган озарбайжон шоири. Шеърларида “Қул”, “Шикаста”, “Бекас” тахаллусларидан фойдаланган. Ошиқ Аббос Туфарганли Жанубий Озарбайжонда яшаган. Унинг номи билан боғлиқ “Аббос-Гулгаз” достони ҳам Озарбайжон фольклорининг қийматли асарларидандир.
* * *
Кўнгил, Мажнун каби ёйил тоғларга,
Эгил, бу лоланинг бутоғидан ўп.
Парвонадек айлан ёрнинг бошида,
Сочларини сила, қобоғидан ўп.
Олиб бўлмас не нажибнинг қизини,
Чекиб бўлмас ишвасини, нозини,
У юзини, бу юзини, кўзини,
Тилидан, тишидан, дудоғидан ўп.
Жамолинг кўрмоққа ойна яхшидир,
Бармоғингда ёнган хино яхшидир.
Ман дедим: «Ўпмоққа сийна яхшидир».
Кўнгил ҳам ёлворар: «Бўқоғидан ўп!»
Боғчалар титрашар борга етсин деб,
Олмадан, беҳидан, нордан етсин деб,
Аббос йиғлар эрдинг ёрга етсин деб,
Тур, шоҳимардондан оёғини ўп.
Карим Баҳриев таржимаси