Озарбайжон шоири Хаёл Ризо (Xəyal Rza) 1980 йил 17 апрелда туғилган. Озарбайжон ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби.
СЕН КЕЛДИНГ ШУНДАЙ ФАСЛДА
Сен келдинг шундай фаслда…
Мен сўнгги кунимни яшар эдим:
Кўзларим – зулмат булоқлари,
Сукунатга кўниккан қулоқларим,
Қалбим ажал билан севишган.
Сен келдинг шундай фаслда…
Мен йиллар бўйи тўпланган
Барча қарзларимни узиб,
Денгизнинг алвидо қўшиғин тинглаб,
Охирзамонни кутардим.
Аэропортда
Охирги рейсга кечиккан
Йўловчи каби
Номимни эълон қилишларини кутардим.
Сен келдинг шундай фаслда…
Мен ҳамма нарсани бой берган,
Бу ўйинда коинот ғолиб бўлган,
Мен эса…
Ўзимга ҳеч қачон асқотмайдиган нимчамни
Тешик кулча учун пул сўраган
Ўткинчига бериб юбордим.
У эса эгнига илар-илмас,
Чўнтакларни титкилай бошлади.
Ўша пайтда шу тиланчи ҳам
Мендан кўра бахтлироқ эди.
Ана шундай эди у пайтлар.
Сен келдинг шундай фаслда…
Ҳеч ким ҳеч нарса бермасдан,
Нимадир олишни қайғурарди.
Сен эса ҳеч нарса кутмасдан,
Қонинг, жонинг, қалбингни
Қурбонликка бердинг.
Менга онам қандай азиз бўлса,
Сенга булар ҳам шундай азиз эди.
“Она” сўзини айтарканман
Туйқус эслаб қолдим:
“Қайта туғилдинг”, дейдилар менга.
Ҳа, худди шундай бўлди,
Мен апрелда қайта туғилдим.
Сен келдинг шундай фурсатда…
Барча сўзларни қолдириб ортда.
МУҲАББАТНИНГ ҚИЗИЛ РАНГИ
Ҳижрон – қора шар,
Қайғу – кулга ўхшар.
Умид – нафис зангор,
Турналар сояси – баҳор.
Сариқ – кулфат маҳзани,
Оқ – қувонч ва бахт чамани.
Елкалари кенг ишонч – яшил,
Азизим, шамни уйғотгил.
Қизил ранг уялмайди муҳаббатдан ва маҳзун
Эшигингизни тақиллатади бир кун.
ЁЛҒИЗЛИК КЎЧАСИДА
Булут бўлиб кўчади тоғлар.
Ёмғир ёғар…
Шивирлар боғлар.
Ҳаловатсиз томчилар излар юпанч,
Хазон – хорликда сузаётган ганж.
Жим бўлинг, илтимос, жим,
Осмон ва Ер – бир жисм.
Қўшилиб бормоқда тим.
Барглар орасидаги қушдек
Дилдирайди ошиқ бекатда тушиб.
Маъшуқ келмади яна.
Ёмғир қилмоқда тантана.
Юрагимни совуқ тешиб ўтмоқда, тешиб,
Жон ва жисм арқоғин эшиб.
Телефонжон, қанисан, Эгам,
Сенга йўллаяпман рақам.
Ёмғир давом этади
Ёлғизлик кўчасида.
Одам инсонликка қайтади
Ва дунёга сано айтади.
Асли севги ёғмоқда кўкдан,
Муҳаббат пайдо бўлмоқда йўқдан.
Ёмғирга қайтаётган одам,
Сени интизор кутмоқда Олам.
ЗАҲРО
Юзингда қон юқи – Заҳро!
Ғамнинг энг оғир юки – Заҳро!
Бола фариштадек, бегуноҳ – Заҳро!
Ҳаётинг риштаси узилди, эвоҳ – Заҳро!
Фариштага қазо нораво – Заҳро!
Бу гуноҳни ювар қай наво – Заҳро!
Чиройли қанотларинг бор – Заҳро!
Сенда улардаги ихтиёр – Заҳро!
Кўкка етди парвозинг – Заҳро!
Ерда қолди фақат овозинг – Заҳро!
Инсон Яратганнинг қули – Заҳро!
Адашиш ҳам Яратган йўли – Заҳро!
Қабрингда кўзёшлар гуллайдилар, бас – Заҳро!
Умр қабртошдан ҳам мўъжаз – Заҳро!
Азиз тупроққа қўйилган жон, таним – Заҳро!
Менинг икки ёшли ВАТАНИМ – Заҳро!
Рус тилидан Салим Ашур таржимаси