Салом Сарвон (1966)

Салом Сарвон (Salam Eliağaoğlu Novruzov) 1966 йилда туғилган. “Сенга айтилган сўз – сенга аталмаган” ва “Йўлни кутиб ол” деб номланган иккита шеърий тўплам муаллифи. Замонавий шеъриятнинг ёрқин вакилларидан бири.

БИР ДАҚИҚА СУКУТ: КУНДАЛИК ПАРЧАЛАРИ

* * *

Қўй, куйинма, курраи замин,
Аллақачон сотилган танинг.
Сен ўлик устунлар диёри…
Сен энди деворлар ватани.

* * *

Бу учар кунлардан биттасин танла,
Яшаш ва ўлишга биттаси етар.
Канъюктура Альфонси каби
Ўйнашмагил кунма-кун билан
Бир кунни танла
Ғуссадан фориғ бўлмоқ учун.

* * *

Сен ҳақдаги ўйларимнинг изидан
Тинмай юравериб хонамда тун-кун
Бир йўлак ясабман полнинг устида.
Велосипед ҳайдамоқда бу йўлда ўғлим.

* * *

Ҳамма тирик ва соғлом. Худога шукур.
Аммо тўйиб йиғлагим келар…
Боисин билмайман.

* * *

Бизга инқилоблар керакмас, етар.
Халқни уйғотиш —
Унга уйқу бермаслик дегани эмас…

* * *

Хоним, учаётган гуруҳ ичидан
Фақатгина сизга топилмади жой…
Дунёда ўзимга қарашли бўлган
Бир жойни мен сизга бераман фақат,
Илтимос, ўтиринг.

Русчадан Эшқобил Шукур таржимаси.