Рамиз Аскар (Ramiz Əskər) 1954 йилда Омосия туманининг Кррачанта қишлоғцда туғилган. Қорачанта лицейини тамомлагач, 1972 йилда Боку Давлат университетига кирган, 1975 йилда Москва Давлат университетига утказилиб, уни 1978 йилда тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1978 йилдан Озарбайжон радиосида бошлаган. Сўнгра “Бугунги Озарбайжон” журналида, “Ўтлар юрти”, “Ҳуррият”, “XXI аср” газеталарида, 2000—2006 йилларда Боку Давлат университети туркология кафедрасида ишлаган. Ҳозирги вақтда шу кафедранинг мудиридир.
Рамиз Аскар профессор, филология фанлари доктори, машҳур таржимондир. Бир қанча монографиялар, 1500 га яқин илмий мақолалар муаллифи. Туркия, АҚШ, Россия, Германия, Хитой, Ўрта Осиё, Ўрта Шарқ мамлакатларида ўтказилган халқаро конференцияларда маърузалар қилган.
Қардош туркий адабиётларнинг энг яхши намуналарини, жумладан “XX аср ўзбек шеърияти антологияси”ни Озарбайжончага таржима қилиб, чоп эттирган. Бундан ташқари у замонавий ўзбек шоирларининг асарларини таржима қилиб, Озарбайжон матбуотида давомли суратда чоп этгириб келмокда. 2011 йилда “Бобурнома”ни Озарбайжончага таржима қилиб, нашр қилдирди ва Ўзбекистоннинг халқаро Бобур мукофоти билан такдирланди.
Бундан ташқари Рамиз Аскар Туркиянинг “Янги Ўрхун”, ‘Турк дунёсига хизмат”, Туркманистоннинг “Олтин аср” мукофотларига сазовор бўлган.
ЮБОР
Устозларим — турколог олимлар Билга хоним ва Аҳмад Бежон Эржиласунларга, ўғиллари Сотуқ Буғранинг фожиали вафоти муносабати билан
Йўқ бу дарднинг чораси,
Дунёда у бор — бу бор.
Битмас кўнгил яраси,
Ёқсин, жигарга юбор.
Дуо қилиб Аллоҳга,
Оҳларни улаб оҳга,
Оқшом юбор сабоҳга,
Тунда саҳарга юбор.
Наҳот чўкди саройи,
Ботдими қуёш, ойи?
Сотуқ Буғронинг жойи —
Чинга, сафарга юбор.
Билгам, Аҳмадим бежон,
Қандай чидар бунга жон?
Бўл дардинг, ярмин бу он
Рамиз Аскарга юбор.
ҒАМИ
Дўстларим Фикрат Нағмакор ва Тоҳир Қаҳҳорга
Битди кўклам, битмади лек гул ғами, гулшан ғами,
Кетди дўст-ёр, кетмади лек эл ғами — улкан ғами.
Тинди эпкин ҳам бўрону, тинди денгизда тўфон,
Аммо тинмас руҳда ҳеч ул ел ғами, елкан ғами.
Келди қаҳрим, етмади чун севгилимга хатларим,
Кетди ул ёр, кетмади лек ёр ғами, душман ғами.
Ботди ой, лек ботмади зулматда руҳим юлдузи,
Етди тонгга етмаган ул нур ғами, равшан ғами.
Эй Рамиз Аскар, ўлимга тайёр аскар сенмисан?
Ҳар замон тайёрмену дилда юрт, маскан ғами.
ЁРИНГ СЎЗ БЕРДИМИ?
Ёр сенга сўз бердими?
Сўз берди, сўз олди-да.
Қалбини тез бердими?
Бердию тез олди-да.
Ёр сенга дил бердими?
Берди, қайтиб олди-да.
Яшнаган гул бердими?
Гули сўлиб қолди-да.
Ёр сени йиғлатдими?
Йиғлатди, кулдирди-да.
Ҳеч сени алдатдими?
Алдади, ўлдирди-да.
Дардингни ёр билдими?
Билдию билдирмади.
Сен-ла олға жилдими?
Жилдию жилдирмади.
Қани ишқинг гавҳари?
Сотди билиб-билмасга.
Қани у севган ёринг?
Кетди борса келмасга.
Тоҳир Қаҳҳор таржималари
ИЧИНДА
Ёзда унар қизил гул,
Қизил норлар ичинда.
Алвон рангли атиргул,
Боқдим, қорлар ичинда.
Тупроқ музли, қара шан,
Қандай чиқмиш орадан,
Халқ айламиш Яратган,
Йўқлар, борлар ичинда.
Қаро қишнинг сўнггида,
У бир оташ тўнида,
Оппоқ қорнинг рангинда,
Оппоқ нурлар ичинда.
Ўйнашар юрак билан,
Ё бошқа чечак билан,
Рақс айлар кулак* билан,
Танҳо, сирлар ичинда.
Ёзда қишга қочган гул,
Қачон ундинг, қачон, гул?
Умримда гул очган гул,
Бунча ёрлар ичинда.
Сўлди гуллар ва боғлар,
Ўтди умр, шан чоғлар,
Ман йиғларман, ёр йиғлар
Оҳу зорлар ичинда.
_____________
* шамол
У ҚИЗ
Худо менга ёр бўлди,
Танидим у дибларни.
Икки нарсани севар —
Китобларни, гулларни.
На қадар кўп турбати,
Шу қадар хор қисмати,
Англанмаган қиймати,
Уни тарк этган эри.
Елкасида оғир юк,
Қалби юкидан буюк,
Ёр унга ҳар меҳри йўқ,
Ҳар телба, ҳар сарсари*.
У бир зиё, у бир нур,
Туганмас, битмас эрур,
Уни кўргил, тўхта, тур,
Қиз эмас гўё пари.
Гўзал санам, гўзал ёр,
Қаён боқса гул тўлар,
Фақат битта айби бор:
Севмас Ромиз Асқарни…
_____________
*девона
ДАРВЕШ ЭДИМ
Дарвеш эдим, ринд эдим,
Қисматимдан ранжидим,
Бўлдим йўлларда сафил*.
Панжоб эдим, синд эдим,
Ҳиндистонда ҳинд эдим,
Африкада мовий Нил.
Фикр эдим, фанд* эдим,
Сел олдида банд эдим,
Кўрдию тўхтади сел.
Шаҳар эдим, канд эдим,
Шакар эдим, қанд эдим,
Буни билди бутун эл.
Севги дедим, сен дедим,
Севадирман мен, дедим,
Ўтса ҳамки асру йил…
_______________
*адашган
*ғоя
КЕТМОҚ ШАРТ
Ёз куни қор истади,
Олди мени сўроққа,
Қиш куни нор истади,
Солди мени қийноққа.
Бас, энди не этмоқ шарт,
Қоф тоғига кетмоқ шарт,
Қорни олиб, нор учун
Нор боғига кетмоқ шарт.
Саҳрода муз истади,
Сўнгра деди: ахтарма!
Бир чимдим туз истади,
Сепмоқ учун ярамга.
Бас, энди не этмоқ шарт,
Қоф тоғига кетмоқ шарт,
Музни олиб, туз учун
Туз тоғига кетмоқ шарт.
Иссқида ел истади,
На ел эсди, на кулак.*
Аёзда гул истади,
На гул очди, на чечак.
Бас, энди не этмоқ шарт,
Қоф тоғига кетмоқ шарт,
Елни олиб, гул учун
Гулбоғига кетмоқ шарт.
Мендан юрак истади,
Бош устига, ол, дедим.
Тўйлар қилмоқ истади,
Бахшиларга чал, дедим.
Бас, энди не этмоқ шарт,
Ёр сориға кетмоқ шарт,
Ёрни олиб, тўй учун
Қоф тоғига кетмоқ шарт,
Нор боғига кетмоқ шарт,
Гул боғига кетмоқ шарт.
______________
*шамол
СЎНГГИ СОҲИЛ
Юзларида нури йўқ,
Демак, йиғлар, билмас тин.
Қўлларинг ёмон совуқ,
Йиғлама ғамгин-ғамгин.
Чимирма, бас, қошингни,
Қўй бағримга бошингни,
Шарбат ўрнига ичай
Кўздан оққан ёшингни.
Яшнаб-яшнаб борадир,
Ғам даштидир юрагим.
Сизлаб-сизлаб борадир,
Яраланган курагим.
Бунча дардинг ичинда,
Сен бир нурсан ичимда,
Эй, париваш, малагим,
Гўзалсан ҳар бичимда.
Ёнди бағрингнинг боши,
Бер қўлингни, будрама*.
Тинсин кўзларинг ёши,
Кир қўйнимга, титрама.
Бўсалардан қочма, қўй,
Уят сари шошма, қўй,
Қара тинди титроқлар,
Соувтиб, дил очма, қўй.
Ҳаёт жўшқин бир денгиз,
Юз долғаю юз бўрон.
Бир қайиқда иккимиз,
Қўпсин, майли, минг тўфон.
Дунёни тутсин туман,
Титрасин еру осмон,
Бир сен ҳамда ишқимиз, —
Билганим сўнгги соҳил…
_______________
*фикрдан қайтмоқ
ШАРОБ
Негадир, ҳеч билинмас,
Азоб севар ошиқлар.
Шароб ғамни орттирар,
Шароб севар ошиқлар.
Мен ишқингла сарҳушман,
Шароб менга кор этмас.
Ошиқ ишқни англаса,
Шаробни инкор этмас.
Майга қўл урмасимдан
Сарҳушман, кўпдан буён.
Шароб — ширин, сен — аччиқ,
Шаробдир қалбни очган.
Шароб шиша ичинда,
Сен қалбимда, шу ерда.
Сени кўпдан ичмишам,
Шароб ҳали бир четда.
АШҲОБОДЛИ ҚИЗ
— Узоқ элдан келган бикам,
Сўйла, юртинг қайси диёр?
— Ашҳободдир менинг ўлкам,
Унда асл муҳаббат бор.
— Ашҳободдан келган санам,
Исминг надур, айтгил, қани.
— Нур аталган у қиз менман,
Излаяпман кўнглим ярмин.
— Ашҳободдан келган дилбар,
Менга кўнгил берарсанми?
— Бу не ёнғин, бу не хабар,
Севганимдек севарсанми?
— Қалбим бўшдир, ўзим ёлғиз,
Кўксим узра битмас яра.
— Ўз юртингда йўқми бир қиз,
Малҳам бўлар оғриқларга?
— Бири бордир, ёқтирмади,
Бири бордир, англолмадим.
Мени тўфон чўктирмади,
Бироқ ишқни енголмадим.
— Ҳозир недир, айт, истагинг,
Йўлим узоқ, ҳаво булут.
— Менга керак соф юрагинг,
— Йўқ-йўқ, жоним, уни унут…
— Исминг надур?
— Исмим Чила.
— Дуч келмадим бундай отга,
Битар ҳасрат, битар гина,
Кел ортимдан Ашҳободга.
…Кетди у қиз, яна тоқман,
Темир чориқ, темир асо.
У дилбарим, сўнам, бикам,
Не бўларди ҳеч кетмаса.
Ким айтмишдир, севги битмас,
Севган ўлар, қолар оти?
Умр битди, дарди битмас,
Тополмадим Ашҳободни…
МАРЯМЖОН
— Бу сенмисан? Танимадим,
Эртанг йўқдир, эртанг бордир…
— Эсингдами, айтгил, исмим,
Бунда ишқинг, ёринг бордир…
— Бу кўксимда юрак эмас,
Марям деган гўзал қиз бор.
— Етти йилдир ҳар куним йил,
Дард ичинда бир ёлғиз бор.
— Елканг узра тизим-тизим,
Қора сочинг баёз бўлмиш.
— Соч нимадир, вафосизим,
Баҳор умрим аёз бўлмиш.
— Мен қочмадим ишқ қўлидан,
Ёш умримни елга бердим.
— Сен келмадинг рус элидан,
Отам мени ётга берди.
— Умрим ўтди сарсон, сургун,
Ботдим кадар ботқоғига…
Сен эмас йўқ, кирди ҳар кун,
Бир Мария ётоғимга.
— Айт, севмасми эринг сени,
Нигоҳлари ғамгин, совуқ.
— Бир ойдан сўнг отди мени,
Сендан баттар, шафқати йўқ.
— Сенчи, менга йўқ дегандинг,
Буни қандай англамоқ шарт?
— Ёр нозини билмасмидинг,
Сенга қандай англатмоқ шарт?
— Ёндим, ўлдим… Ким топди, ким,
Биздан йиллар кетар, Марям.
— Қўй, чақирай, келсин ҳаким,
— Қўлимдан тут, етар, Марям…
ЯРА
Қўлларинг совуқ бўлса,
Демак, қонинг ҳам қайноқ.
Бошқа сабаб йўқ бўлса,
Унда сабаб удир, оҳ.
Агар сабаб кўп бўлса,
Демак, яранг чуқурроқ.
Минг тасалли сўйласам,
Юрагингга ўт ёқар.
Қанча таскин айласам,
Дардинг битар, тутоқар?
Сенинг учун найласам,
Сенга бироз ҳуш ёқар?
Агар кўзларинг толса,
Демак, соғинч топарсан.
Гулгун ёноғинг сўлса,
Дилни дардла ёпарсан.
Яранг чуқурроқ бўлса,
Ғам экиб, дард экарсан.
Дардли юзи кулмайдир,
Гарчи минг достон ёзгум.
Ҳушингга ҳам келмайдир,
Ўчириб, бошдан ёзгум.
Билгил, табиб билмайдир,
Сенга бир қурбон лозим.
Руҳим, вужудим, борим,
Зарим, ҳарим, ипагим,
Гулим, чечагим, норим,
Ҳавом, сувим, чўрагим,
Буюр, умрлик ёрим,
Хизматингда… юрагим…
ЛАЙЛО
Инсоф, мурувватми бу,
Мени қийнайди бари.
На келар бир мактуби,
Нада ахир саломи.
Кийдим темир чориғни,
Олдим темир асомни.
Кундуз ёқиб чироқни,
Топдим қаро савдомни.
Мен бечора, бир етим,
Йўлимда қирқ ҳароми.
Ишқдир бутун давлатим,
Бўлса, олсин порамни.
Охир етдим қўлингга,
Сўроқладим Лайломни.
Қўл теккизар сочига,
Кўрдим ибн Саломни.
Кўнглим ҳароб, шикаста,
Дунё оқми, қароми?
Табиб ҳаста, мен ҳаста,
Ким даволар ярамни?
ЭНДИ
Юзда юрак ёздадир,
Ҳаётим кузда энди.
Юрагим шу қиздадир,
Не бор бу қизда энди.
Ёшлик ўтар, ёришар,
Билгил, ўттизда энди.
Қариликка эришар,
Эллик тўққизда энди.
Шамолда йўқ саринлик*,
Совуқлик музда энди.
Шакарда йўқ ширинлик,
Шўрлик ҳам тузда энди.
Тепада йўқ, тоғда йўқ,
Изларим изда энди.
Чечакларим боғда йўқ,
Гулим ярпизда* энди.
Яшил боғдан қувилган,
Булбул, товус-да энди.
Кўк денгиздан айрилган,
Балиқ ҳовуздан энди.
Кулар оразим, юзим,
Фақат Наврўзда энди.
Қолмиш бир йил муҳлатим,
Етмиш тўққизда энди.
Тўртидан уч бўлими,
Умрим сўнгсизда энди.
Етди илон ўлими,
Кўзим юлдузда энди.
_____________
*қайноқ
*гул номи
КЕЛМИШ
Бу не малакдир, ё Раб,
Шумер чоғидан келмиш.
Бу не чечакдир, ё Раб,
Эрам боғидан келмиш.
Белларида яроқ бор,
Балки оҳиндан келмиш.
Йўқ, сочида попук бор,
Бироз яқиндан келмиш.
Ишқнинг йўлидан ўтиб,
Ҳув нарёғидан келмиш.
Балки сўлидан ўтиб,
Балки соғидан келмиш.
Ё санам, ё пари у,
Ул Қоф тоғидан келмиш.
Йўқ-йўқ, дунё ҳури у,
Аршнинг боғидан келмиш.
МУҲАББАТ
Оҳ, бу қандай севгидир,
Оҳ, бу қандай муҳаббат?
Бошламоққа он керак,
Битмоғига қиёмат.
Эҳтимол узоқ эдинг,
Йўқ эдинг сен, бор бўлдинг.
Бир кунлик меҳмон эдинг,
Бир умрлик ёр бўлдинг.
Қалбим бир нозик чечак,
Нега уздинг, қўпординг?
Унда сўлиб кетажак,
Ғурбат элга юбординг.
Менинг кўнгил қушимни
Тўрингга солдинг нега?
Нега олдинг ҳушимни,
Кўннлимни олдинг нега?
— Қалбинг қайда, сўйла-чи,
— Ул сандиқнинг ичинда.
— Сандиқнинг калити-чи,
— Азройил чўнтагинда…
Озарбойжон тилидан Раҳмат Бобожон ўгирмаси