Бахтиёр Ризо. Ҳам таҳдид, ҳам таҳқир

http://n.ziyouz.com/images/disco.jpg

Ҳеч шубҳа йўқки, бизда хушхулқли, одобли, иффатли, ҳаёли хотин-қизлар миллатимизнинг бебаҳо бойлиги, соғлом келажакнинг асоси ҳисобланади ва эъзозланади.

Дискотекалар эса мана шу бойлигимизга раҳна соладиган, қадриятларимизни эмас, қадримизни ҳам ҳавога совурадиган маскандир.

2008 йилнинг “Ёшлар йили” деб эълон қилиниши барча юртдошларимиздан ўсиб келаётган авлод тарбиясига янада масъулият ҳисси билан ёндашишни, фақат, уларнинг кўнглида бебаҳо бойлигимиз — асрлар давомида шаклланган, миллатимизнинг миллат сифатида яшаб келишига пойдевор бўлган маънавий-ахлоқий қадриятларга ҳурмат ва эҳтиром туйғусини қарор топтиришга алоҳида эътибор беришни талаб қилади.

Зеро, давлатимиз раҳбари Ислом Каримов Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил якунлари ва 2008 йилнинг истиқбол режаларига бағишланган мажлисидаги маърузасида таъкидлаганларидек “Биз фарзандларимизни табиатимизга ёт ва зарарли бўлган таъсирлардан ҳимоя қилишимиз, уларни ҳаётга, ён-атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, мустақил фикрлайдиган, иймон-еътиқодли, баркамол инсонлар этиб тарбиялашимиз лозим.”

Биз Юртбошимизнинг ушбу фикрларидан келиб чиққан ҳолда бугунги айрим йигит-қизларнинг маънавий қиёфасини белгилайдиган, айни пайтда ахлоқий қадриятларимизга таҳдид соладиган хатарлардан бири — дискотекалар ёки “тунги клублар”нинг моҳияти ва жамиятимиз ҳаётига кўрсатиши мумкин бўлган салбий таъсири ҳақидаги мулоҳазаларни газетхонлар билан ўртоқлашишни лозим деб билдик.

* * *

Қалам аҳли ёшларга нисбатан “озод Ватаннинг озод фарзандлари”, деган иборани ишлатишни хуш кўради. Чунки, мустақиллик йилларида чиндан ҳам онги, шуури, тақдири турли хил мафкуравий тазйиқлардан холи, миллий ва умумбашарий қадриятларга таянган ҳолда замон ва маконда ўзлигини топишга, иқтидори, истеъдоди ва салоҳиятини тўла-тўкис намоён қилиб, ўзбек йигит-қизларининг жаҳонда хеч кимдан кам эмас, балки кўпгина фазилатларда устун эканлигини исботлашга қодир авлод дунёга келди.

Чунки мамлакатимизда кейинги йилларда ёшларнинг ҳар томонлама мустақил, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан эркин яшашлари, билим олишлари, касб-ҳунар ва мутахассисликларни эгаллашлари учун кўплаб шарт-шароитлар яратилди ва яратилмоқда. Аммо, ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, инсоний эркинлик ҳали тўлиқ маънодаги бахт эмас балки бахт-саодатга эришишнинг бир воситаси экан, холос.

Буни қалбан ҳис этган минг-минг­лаб ёшлар мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, академик литсейлар, олий таълим муассасаларида билим асосларини, замонавий фан- ютуқларини, ахборот технологияларни қунт билан ўрганиб, тарихи теран, келажаги буюк Ўзбекистонга муносиб фарзанд, келгусида элнинг юкига елкасини тутадиган комил инсон бўлиб етишишга интилаяпти.

Бир қисм ёшлар эса тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўзининг, оиласининг фаровонлигини таъминлаш билан бир қаторда юртнинг равнақига ҳисса қўшаяпти. Спортнинг ҳар хил турлари билан машғул йигит ва қизлар халқ­аро майдонларда Ўзбекистоннинг шон-шарафини ҳимоя қилиб қолмасдан, ўзларининг юксак ғалабалари билан юртимиз, халқимизнинг обрўсига обрў қўшмоқда.

Халқ таълими, соғлиқни сақлаш соҳаларида, ҳуқуқ-тартибот идораларида, мудофаа ва ички ишлар, солиқ ва божхона тизимларида ишлаётган ёшлар ҳозирданоқ юртдошларининг ҳаваси ва таҳсинга эришаётгани эътиборга сазовордир.

Фақат яшаш эмас, яратиш, бун­ёдкорлик ҳисси билан яшаётган бу навқирон кучларга келажагига пиллапоя бўладиган бугуннинг ҳар лаҳзаси қадрлидир. Чунки уларга улуғ мақсадлар, тоза ниятлар, покиза туйғулар куч-ғайрат бағишлайди, изланишга, интилишга даъват этади.

* * *

Аммо, ҳамма даврларда бўлгани каби ҳозирги пайтда ҳам фақат кунини бир амаллаб ўтказиш хаёли билан яшаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Бир гуруҳи пулдор ота-оналарнинг арзандаси, бир гуруҳининг эса енгил-елпи ҳаёт истагида ўзини ўтга-чўққа уриб, кўзлаган мақсадига ета олмасдан ҳафсаласи пир бўлган. Бу тои­фадаги йигит-қизларни битта нарса — маънавий қашшоқлик, дангасалик, мақсадсизлик бирлаштириб туради. Шамол табиатли бу тўданинг ўйлари, режалари ҳам феъллари каби енгил, беқарор ва шу даражада маъносизки, хурмача қилиқ ва қилмишларини кўриб, шуларнинг ҳам инсон фарзанди эканига ақлинг бовар қилмай қолади.

Албатта, бу хилдаги ҳаётга, ўзининг тақдирига осмондан туриб қарайдиган, яшашнинг маъносини лаҳзалик ҳузур-ҳаловатда деб биладиган ёшларнинг ҳам бир-бирини излаб топадиган, уюшадиган жойи бор. Дискотека клублари ана шу тоифага мансуб кимсаларнинг доимий макони, десак хато бўлмайди.

Бу масканларнинг шакли-шамойили ва андозаси бизга уммонлар оша Ғарбдан кириб келган. Баъзи ёшларнинг нуқтаи назарига кўра, у даргоҳга ўралашиш, шов­қин-суронли, жазавали хорижий нағмалар оҳангида ҳолдан тойгунча ирғишлаш, эмин-еркин беҳаё қилиқлар билан машғул бўлиш, аллақандай қурама тилда мулоқот қилиш “юксак маданиятлилик” белгиси ҳисобланади.Улар шу аснода ўзларини ғарб­лик тенгдошларини қувиб-етган, жилла қурса уларнинг изидан бораётган “ил­ғор ёшлар” деб билишади, илм билан, меҳнат билан шуғулланаётган тенгдошларига менсимасдан қарайдилар, ҳаётдан орқада қолган маданий қолоқ табақа санайдилар. Бироқ, ўзининг қадр-қимматини биладиган ўша тенг­қурларининг улардан ҳазар қилишини хаёлларига ҳам келтирмайдилар.

Ачинарлиси, бу “еркатойлар” ўзлари сиғинаётган, тақлид қилаётган, “юксак маданият намунаси” деб билган, аммо бошдан-оёқ ахлоқсизликка асосланган ўша ҳаётнинг тарихи, моҳияти билан қизиқмайдилар ва билмайдилар…

* * *

Биз билан “юксак ривожланган” мамлакатлар аҳолиси ўртасидаги тафовутни, содда қилиб, ўзимизнинг оддий ўзбек маҳалласи ва қўп қаватли бино мисолида тушунтириш мумкин.

Маълумки, маҳаллада азал-азалдан бир-бирини биладиган, танийдиган кишилар қуда-андачилик ва қариндош-уруғчилик ришталари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда истиқомат қилишгани боис барча оилаларнинг, катта-ю кичикнинг ҳаёти қўни-қўшниларнинг кўз олдида кечади. Натижада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат устувор бўлади, ҳеч ким маҳалласида ножўя иш билан шуғулланишга журъат этмайди. Элнинг синчков назари остида вояга етган йигитлар одоб-андишага қанчалик риоя қилган бўлса, қизлар ўн чандон ўз шаъни ва номини асрашга интилади. Бу анъана ҳозиргача ҳам давом этиб келмоқда.

Албатта, эл орасида билибми-билмай жиноят қилган, ё номуносиб қилиғи билан аҳли маҳаллани ранжитганлар ҳам учраб туради. Бундай кимсалар ё жамоатчиликнинг таъсири орқали тўғри йўлга солинади, ё элдан чиқади. Мана шунинг ўзи ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, миллий қадриятимизнинг, энг гўзал инсоний фазилатларнинг асрлар оша яшаб, халқимизнинг маънавий поклигини асрашга хизмат қилган ва қилмоқда…

Кўп қаватли уйга эса тақдир-тақозосига кўра турли миллатга, элатга мансуб бўлган деярли нотаниш хонадонлар жам бўлади. Қўшнилар бир-бирини танимаганидан сўнг, бир-бирларини тан ҳам олмайди. Шу аснода бировдан уялишга, тортинишга, андиша қилишга асло эҳтиёж қолмайди. Ҳар кимнинг ўз билганича, ўзига маъқул келган тарз­да яшашига имконият туғилади. Албатта, ўзининг инсонийлик қадрини яхши билган, маънавий жиҳатдан халқидан, миллатидан ажралмаган хонадонлар тинч-тотув яшаш билан биргаликда, фарзандларини ҳам одобли, иффатли қилиб тарбиялайди, ота-она ўз ибрати, насиҳати билан ёт таъсирлардан муҳофаза қилади.

Бу — ҳамма кўп қаватли уйлар ҳам шундай масканга айланиб бораяпти, дегани эмас. Юртимизда, аксинча кўп қаватли уйлар, даҳаларга маҳалла руҳи кирганига, уларда яшаётган хонадонлар ўртасида ҳам миллий қадриятлар устувор бўлиб бораётганига анча бўлди.

Юқоридаги мисолни келтиришдан мақсад шуки, бизга шахс эркинлиги ниқоби остида худбинликка, ахлоқсизликка асосланган ўз маданиятини сингдиришга уринаёган айрим давлатлар шакли ва моҳиятига кўра, худди ўша аввалги кўп «қаватли уй»нинг бир нусхасидир, демоқчимиз холос

* * *

Дунёнинг барча ҳудудларидан мўмай даромад, эркин ҳаёт истагида келган турфа халқлар, турли элатларга мансуб кимсалар ўзлари интилган “еркин дунё­га” келгач, табиийки миллий заминидан узилади, энди унинг ота-боболари эътиқод қилган динга, урф-одатларга риоя қилишига эҳтиёж қолмайди. Энг муҳими пул топишнинг уддасидан чиқилса бўлди, қандай яшаш эса ҳар кимнинг ўз ихтиёри. Шу тарзда фақат ўзи учун яшаш ақидаси бутун жамиятнинг ҳаёт тамойилига айланади ва маълум маънавий-ахлоқий муҳитни вужудга келтиради.

“Ўзинг учун ўл етим” қабилида яшаш, кун кечириш учун курашиш заминида индивидуализм руҳи пайдо бўлган. “Мен жамиятга эмас, жамият менга хизмат қилиши лозим”, деган қатий тушунча аҳоли барча табақаларининг қонига синггани сабабли, худбинлик катта-ю кичикнинг онгини ўргимчак тўридек қоплаб олган.

Ўша мамлакатлар турмуш тарзининг қоидасига айланган, худбинликнинг ҳам ўзига хос ижобий томонлари бор, албатта. Ҳар бир йигит-қиз ҳеч кимга суянмасдан, таянмасдан, мўъжиза юз беришини кутмасдан, ўз билими, кучига таяниб яшайди, интилиб, захмат чекиб, бой-бадавлат бўлишга, жамиятнинг юқори поғоналаридан ўрин олишга, киборлар гуруҳининг кишиси бўлишга тинмай интилади. Бу йўлда ўзини аямасдан ҳаракат қилади, унинг жонкуярлиги пировардида мамлакатининг тараққиётига хизмат қилади. Зеро, шахсий манфаатдорлик туйғуси бозор иқтисодиётини ҳаракатга келтирадиган куч бўлгани боис, ишлаб чиқаришнинг барча тармоқлари интеллектуал салоҳиятга таянади, бу эса фан-техниканинг ривожига туртки беради.

Бироқ, ота-она билан фарзандлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ҳатто, эр-хотин ўртасидаги муносабатларнинг инсоний туйғуларга эмас, қатъий ҳи­соб-китобга асослангани ўзаро ҳурмат ва меҳр-шафқатни емириб ташлаган. Ҳеч ким ҳеч кимга таҳдид солмаслигига эришиш эҳтиёжи инсон ҳуқуқлари ҳақидаги тайинли-тайинсиз қонунларини туғдирган.

Бу гапларни айтишдан мақсад шуки, жамият ичида ёлғиз ўзининг дарди, қувончи, орзу-армонлари, ғусса-ю андуҳлари билан яшаш, бошқа ҳар қандай кимса тимсолида дўст эмас, балки ўзи танлаган соҳадаги ҳамкори ёки рақибини кўриш ўз-ўзидан юракдаги барча эзгу туйғуларни сўндириб, ўрнини зардобга тўлдиради. Ёлғизлик ҳиссининг қулига айланган кимса ўзгаларни менсимаслик, ўзгалардан тортинмаслик, ҳаё қилмасликка ўрганади ва кўнгил очадиган турли хил эрмакларни излайди.

Ана шу эрмаклардан бири эса дискотекадир. У ердаги мусиқа оҳангларига йўғрилган «жўшқин» муҳит, ҳеч қанақа таъқибни тан олмайдиган эркинлик, сархушлик, бир неча соат учун зарур бўладиган жуфтини топишдаги қулайлик ҳар қандай йигит-қизни ўзига тортиши табиий ҳол.

Аммо, Ғарб мамлакатларида ҳам дискотекага ҳамма боравермайди. Хусусан, ўзини аслзода санаган ва оиласининг, ўзининг шаънини юксак билган, келажакда юксак мартабаларни кўзлаб, таржимаи ҳолини ҳар қандай доғлардан холи сақлашга ҳаракат қилган ёшлар у даргоҳнинг остонасига қадам қўймайди. Асосан иши, даромад манбаи тайин­ли йигит-қизлар ҳамда ҳаётда ўрнини топа олмаган, бир хумордан чиқишга талпинганлар макон тутади. Шунинг учун бундай масканлар ўша жамият учун ғайритабиий, ахлоққа таҳдид соладиган жой саналмайди.

Албатта, ўша элларда ҳам дискотеканинг кунда-шундалари ҳам бор. Улар ўша эрмакталаблар ҳисобидан кун кўради, уларнинг кўнглини овлайди ва шундан лаззат топади. Эртасига кўчада кўрса бир-бирини танимасликка олиб кетаверади, бу табиий ҳол ҳисобланади. Ички моҳияти ҳамда у ердаги қилғиликларнинг шакл-шамойилига кўра, дискотекалар ўша юрт ёшларининг маънавий эҳтиё­жини бир қадар қондирадиган, яъни овутадиган, таскин берадиган маданий маскан ҳисобланади. Ҳатто, бу даргоҳда кимлардир ўзининг бахтини топиши ҳам мумкин.

Чунки, миллий қадриятлар қадрини бутунлай йўқотган жамиятларда оммани овутадиган, турмуш ташвишларидан, айниқса ёлғизлик ғамидан чалғитадиган, кўнглига вақтинча бўлса-да таскин берадиган ҳар бир нарса қадрли, маъқул ва манзур бўлаверади.

Ушбу жиҳатларини дискотекаларнинг ижобий хусусияти, деб ҳисобласа бўлади. Бироқ, салбий томонлари ўн, балки, юз баравар кўпроқдир.

* * *

Юртимизда дискотекалар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Олтмишинчи йиллардаёқ ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларига мўлжаллаб ташкил этилган “рақс майдонча”лари кейинчалик анча мукаммаллашган шаклга кириб, дискотека ёки “тунги клуб” номини олади. Орадан ярим асрдан ортиқ вақт ўтганига қарамасдан бу масканлар ўзбек йигит-қизлари учун бегона даргоҳ бўлиб қолаверди. Тўғриси, турли миллатга мансуб ёш-яланглар тўпланадиган бу маконлардан айрим ўзбек йигитлари бебаҳра қолган эмас, айниқса, енгил кўнгил хуши истагидаги енгилтак маҳаллий миллат вакиллари ҳам бошқаларга тақлидан ўша атрофда ўралашиб “оммавий лаззат”дан бебаҳра қолмаган.

Лекин, ҳеч қачон ва ҳозир ҳам барча ёшлар учун “муқаддас” маскан саналмаган. Чунки, енгил даромад орқасидан қувган тадбиркорларнинг эпчил қўли билан улар учун мўмай даромад манбаи, халқ учун касофат ўчоғи бўлиб кўринадиган бу даргоҳлар бугунги кунда оммалашиб бораётган, шаклан ва мазмунан ғарбдаги масканларга ўхшаш бўлса-да, миллий хусусиятларимиз, ахлоқий қадриятларимиз, инсоннинг қадри тўғрисидаги тушунчаларимиз, ўзаро муносабатларимизга зид бўлгани боис, уни том маънодаги маърифий-маданий даргоҳ сифатида қабул қила олмайди.

Ҳеч шубҳа йўқки, бизда хушхулқли, одобли, иффатли, ҳаёли хотин-қизлар миллатимизнинг бебаҳо бойлиги, соғлом келажакнинг асоси ҳисобланади ва эъзозланади.

Дискотекалар эса мана шу бойлигимизга раҳна соладиган, қадриятларимизни эмас, қадримизни ҳам ҳавога совурадиган маскандир.

Бу гап енгил кайф-сафони яхши кўрадиган, хорижий куй-қўшиқларга муккасидан кетган айрим ёшларга ёқмайди, ғашини келтиради. Шу ҳақда гап очган кишини, албатта “замондан орқада қолган, маданиятсиз кимса”, деб ҳисоблайди.

Аммо, беозор кўнгилочар даргоҳларнинг кимгадир етказган иқтисодий зарари ёки фойдаси ҳақида сўз юритиб ўтирмаймиз, балки маънавий зарари ҳақида тўхтаб қўяқоламиз.

Аввало, дискотекага ёки тунги клубларга асосан айрим бадавлат ота-оналарнинг илм­нинг кўчасини четлаб ўтадиган, меҳнат сўзини эшитса лабига учуқ чиқадиган тантиқ эркатойлари, аллақандай енгил йўллар билан пул топган ва шундай совурадиган йигитлар ҳамда уларнинг чўнтагини кўзлаган қизлар боради. (Масъул иш, ҳақиқий тадбиркорлик, тижорат билан шуғулланадиган, вақтининг ҳам, тийинининг ҳам қадрига етадиган, бирор соҳанинг эгаси бўлишни кўзлаб касби-корнинг ёки билимнинг ортига тушган ёшларнинг сандироқлаб юришга вақти ҳам, тоқати ҳам йўқ, шу боис узоқдан бўлса-да бундай жойларга қараб қўйишни ҳам лозим деб билмайди).

Боиси пешлавҳаси ярқираб, нимқорон­ғу хоналари аллақандай сирли лаззатларни ваъда қилиб турган бу даргоҳларнинг соғлиқнинг ҳам, умрнинг ҳам, келажакнинг ҳам заволи эканини ақли бутун кимса яхши тушунади.

Чунки, дискотека, деганда кўз олдингизга беихтиёр ола-қуроқ ёшларнинг жазавали хорижий нағмалар оҳангида жин чалгандек минг хил муқом қилиб маъносиз-матрасиз рақсга тушаётгани келади.

Одам боласи сархушланган сари ким биландир гаплашгиси, ўзининг марду майдон эканини айтиб мақтангиси ёки ҳаётининг нобопликларидан зорлангиси келади. Бунақа гапларни ўз жинсдошингдан кўра бошқа жинс­нинг вакилига айтиш ҳам мароқли, ҳам завқ­ли. Бу борада эса муаммо йўқ. Улфатидан жонини аямайдиган ҳотамтойларнинг дардини олишга шай қизгиналар бир имо-ишорага маҳтал бўлиб, даврада ирғишлаб юрибди. Уларга мулозамат, хушомад шарт эмас, бир-икки маъноли қараб қўйилса кифоя, ўргатилган қушдек ёнингизга қўнади, хумор кўзларини сузганча, тамшаниб тураверади. Майдек майин, майдек мулойим, ариқдан оққан сувдек текин.

Кайфияти чоғ, руҳи баланд кимсалар учун миллатнинг, ирқнинг, ҳатто жинснинг ҳам аҳамияти йўқ. Ҳозиргина топишган, бир-бирининг исмини ҳам аранг биладиган йигит-қизлар шу тариқа… Кўпинча маънавий бот­қоқ бағрида кечирилган вақтинчалик роҳат-фароҳат ортидан ақли расо киши номини ҳам тилга олишга жирканадиган дардларни орттирадилар. Ҳа, айнан тасодифий танишувлар ва алоқалар замирида умр­га зомин бўладиган ОИТС ва тери-таносил касалликлари ётади…

* * *

Одатда “миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида” деган иборани кўп ишлатамиз. Бунинг теран мазмуни бор. Гап шундаки, биз халқимизнинг тарих синовларидан ўтган неча асрлик урф-одатлари, ахлоқий фазилатларини умумбашарий қадриятларга алмаштирмоқчи эмасмиз, аксинча жаҳон халқларининг, айниқса илм-фанда тараққиётга эришган халқларнинг маънавиятимизни бойитадиган қадриятларини ҳам ўз ҳаётимизга сингдирмоқчимиз. Токи, ­дунёга чиққанда ҳар бир элнинг, элатнинг турмуш тарзи, яшаши, одоби ва маданиятдан яхши хабардор эканлигимизни кўрсатайлик, ҳатто уларни ўзимизнинг билимимиз, ақл-фаросатимиз билан қойил қолдирайлик. Аммо, кўр-кўрона тарзда уларга эргашиб, ўзимизнинг бебаҳо қадриятларимиздан ҳам айрилиб қолмайлик.

Шунинг учун ҳам дискотекалар, тунги клублар, қиморхоналар жамиятимизга, айниқса ёшларимизга нима беради, нимани ўргатади, бизга нима нафи тегади, деган саволни кенг жамоатчилик чуқур ўйлаб кўриши, миллий қадриятларимизга нафақат таҳдид соладиган, балки таҳқирлайдиган шу сингари даргоҳларга нисбатан ўзининг қатъий ва қонуний муносабатини билдириши тайин.

Чунки, миллатимиз маънавиятининг ҳам, обрўсининг ҳам, шон-шарафининг ҳам ҳимоя­чиси ўзимиз.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).