Воқиф (тахаллуси; асл исми Паноҳ Меҳди ўғли; ملاپناه واقف, Molla Pənah Vaqif) (1717-1797) — озарбайжон шоири, давлат арбоби.
Араб ва форс тилларини яхши билган. Воқиф Қорабоққа келиб (1759), Шуша шаҳрида мактабдорлик, сўнгра Қорабоғ ҳукмдори Иброҳимхон саройида 27 йил вазирлик қилади. Мамадбек Жавоншир ҳокимиятни эгаллагач (1797), Воқиф ва унинг ўғли Алибекни қатл этади.
Воқифнинг илк шеърлар тўплами 1856 йилда нашр этилган. М. Ф. Охундов Воқиф шеърларини тўплаган ва буларни немис олими Адольф Берже Лейпцигда нашр этган (1867). Нисбатан тўлиқ ҳисобланган сайланмаси 1945 йилда тайёрланган.
«Бинафша», «Мен ҳақиқатни қидирдим», «Куйлайдирман икки гўзални» сингари шеърлари халқ ўртасида машҳур бўлган.
Воқиф озарбайжон ёзма адабиётига ошиқ (бахши)ларнинг «қўшма» жанрини олиб кирди, ғазал ва мухаммасларнинг гўзал намуналарини яратди, бадиий ижодни халқ оммасига яқинлаштирди. Унинг ижоди чуқур лириклик, фалсафий мушоҳада, юртпарварлик ғоялари билан йўғрилган.
Воқиф асарлари оқин ва хонандалар репертуаридан кенг ўрин олган. «Танланган шеърлар»и ўзбек тилида нашр этилган (1969). Самад Вурғун Воқиф ҳаётининг сўнгги даврини акс эттирувчи «Воқиф» драмасини ёзди (1937).
* * *
Ҳар етук гўзални гўзал демасман,
Гўзалда бир ғайри аломат бўлар.
Сочлари бир ёнда, бели бир ёнда,
Ўзи билмас, ўзида бир одат бўлар.
Рақсга тушса парвоз этар нимтана,
Сочи қалқиб, учи учар ҳар ёна,
Пешанабоғ манглай қисиб ҳайрона,
Серкиллаган тўши қиёмат бўлар.
Мужгон ўқин отар, лаби дур тўкар,
Юрагим чокини бирма-бир сўкар.
Сўзи тузли бўлар, дудоғи шакар,
Ҳар суҳбати ажиб ҳикоят бўлар.
Бўйни узра садаф маржон тизилар,
Қиё боқса жон танимдан узилар,
Сурма тортган қора кўзлар сузилар,
Ўтириб турмоғи қиёмат бўлар.
Асли гўзал шундай хиромон кезар,
Ниқоб тутиб, зулфи паришон кезар,
Саҳар сайрга чиқса, гулистон кезар,
Севгисида ўтли ҳарорат бўлар.
Воқиф қурбон бўлсин қўша тоғига,
Тақимга чирмашган соч сўроғига,
Қошлари ўхшайди ой ўроғига,
Томоша айлаган бетоқат бўлар.
* * *
У гўзал жононлар ҳайдар кокили
Яна менда дину имон қўймади.
Мастона кўзлари, хумор боқиши
Ақлимни олди-ю, омон қўймади.
Мубтало бўлмасам ёноқда холга,
Албатта етардим ақлу камолга,
Қаддимни букмасди ўхшатиб долга,
Найлайин, бир қоши камон қўймади.
Йўлим тушди, эвоҳ, бир ағёр билан,
Кеча-кундуз ёндим оҳу зор билан,
Кунларим ўтарди севган ёр билан,
Тушди орамизга ёмон, қўймади.
Воқиф унга бошдан ёримсан, деди,
Ёримсан деди-ю, охир панд еди,
Бугун жонон бизга келмоқчи эди,
Уни яна рақиб, гумон қўймади.
* * *
Кўзларинг жаллоддир, боқишинг ханжар,
Қонли ғамзанг каби бўлмас бало, қиз!
Нозли-нозли сўзлар қотиб кулганда,
Ўхшарсан шакарга, қандга, ҳалво қиз!
Лабларинг ғунчадан, гулдан аълодир,
Сайр айла боғчада, гулдан аълодир.
Оқ танинг кечада гулдан аълодир,
Эй, қомати шамшод каби расо қиз!
Умрингга кўп дуо-сано деганман,
Ғурбату дардимни сана деганман,
Ширин жоним қурбон санга деганман
Бошлаганда эл аро можаро, қиз!
Қоматинг, бўйнингу бўйинг гўзалдир,
Мушкину райҳонинг, бўйинг гўзалдир,
Шайдойинг дейдики, куйинг гўзалдир,
Бу дунёда бўлмас бундай шаҳло қиз!
Воқифман, яқин кел, айилма мендан,
Ақлимни, ҳушимни айирма мендан,
Йиғлаяпман, эмиз мени сийнангдан,
Мени сийнанг бешигига бела, қиз!
Шуҳрат таржимаси
* * *
Ўзганинг жонони ким бир аҳли урфон ўлмағай,
Шоҳи олам бўлса, унда роҳати жон ўлмағай.
Расми улфат билмаган чин ошиғин кофир этар,
Эй, мусулмонлар, хуш улким, ёри нодон ўлмағай.
Бир лаби лаъли латиф андоми гул рухсор учун,
Қатраи ашкида бор лутфи агар, қон ўлмағай.
Офати боди фанодин доғ ила барбод ўлар,
Ул биноки, унда бир зулфи паришон ўлмағай.
Не сафо ул ёноғдинким, биза ҳамдам эмас,
На лаззат ул ғунча лабдинки хандон ўлмағай.
Воқифо, бир маҳлиқойи меҳрибона майл қил,
То камоли ёшда ундан зарра нуқсон ўлмағай.
* * *
Келди зор кутганларим, ул ғамгузорим келмамиш,
Ай, кўзим, қон йиғлаким, чашми хуморим келмамиш.
Кетмиш эрди ихтиёрим ихтиёри ёр ила,
Чунки ёрим келмамиш ҳам ихтиёрим келмамиш.
Мен бу дард бирла агар ўлсам мозора қўймангиз,
Бошима то булбулигўё нигорим келмамиш.
Ҳасратида заъфарона дўнса руҳим не ажаб,
Куйдириб ҳижрон ўтида гулузорим келмамиш.
Демасун, Воқиф, ажал шум, келса мендин жон олар,
Ким анга жонин берар, фармони ёрим келмамиш.
* * *
Эй парисиймо, сенинг дийдоргинанг муштоқиман,
Зулфи анбар бўйли гул рухсоргинанг муштоқиман.
Сийнанг узра сақлаган тумморгинанг муштоқиман,
Шўхи ғамзанг наргиси хумморгинанг муштоқиман,
Шул санобар қадди хуш рафторгинанг муштоқиман.
Қошиёларинг қўйиб ўзга ҳилола боқмарам,
Оразингдан кўз юмиб ул гули ола боқмарам,
Ҳайли ҳайронам сенга, ўзга жамола боқмарам,
Тўтининг тилидаги шаккар мақола боқмарам,
Мен сенинг ширин-шакар гуфторгинанг муштоқиман.
Ёр, мени қон йиғлатиб, ағёрни хуррам айлама,
Учраган ҳар кимсани лутфингга маҳрам айлама,
Ўз сўзида турмаган нофаҳмни маҳрам айлама,
Зулм қил, жонимға, майли, озорингни кам айлама,
Шодумон айлар мени, озоргинанг муштоқиман.
Бўлмаса бир лаҳза гар қаддинг назаргоҳим маним,
Осимонлар гумбазини титратар оҳим маним,
Мен сенинг бир чокаринг, сенсан гўзал шоҳим маним,
Кўнглими зулматга солмиш ҳажринг, эй, моҳим маним,
Келки шамъи рўйи-пур анворгинанг муштоқиман.
Воқифинг ўлдирди ул меҳруларинг парвизаси,
Бағрима мужгонининг санчилди тийра найзаси,
Доғи сийнамдан сочилур устихоним резаси,
Эй, Қаробоғнинг янги очилган гул покизаси,
Хастаман, қўйнингдаги ул норгинанг муштоқиман.
* * *
Олди жоним ноз ила кўзлари шаҳло пари,
Лаблари писта, ёноғи лолайи ҳамро пари,
Жисми гул, бошдин-оёғи қомати раъно пари,
Сарвдан-да сарвроқ, санобардин аъло пари,
Шаҳди лочин кўзли, дуркун сийнали сўно пари.
Кўзлар мастон, қомат расо, соф чекилмиш гардани,
Қаро зулфи мушки анбар оқбадан гул хирмани,
Сочлари райҳон атрли, қўйни жаннат гулшани,
Лаблари кавсар макони, оғзи шаккар маъдани,
Сўзи ширин, ўзи гўё хисрави аъло, пари.
Эгнида алвон лачак, ўртаб гулирахшон чиқар,
Бўйлаким, буржи фалакдин бир моҳи тобон чиқар,
Сайрида олам саросар ҳар тараф, ҳар ён чиқар,
Ақл учар бошдин, юрак ўйнар, жасаддан жон чиқар,
Кўз учида ҳар кима айлаб ниҳон имо нари.
Эй, менинг моҳим, сенга не шаҳар, не эллар фидо,
Босганинг ҳар бир қадамда лолалар гуллар фидо,
Сочининг ҳар толасига юз сочи сунбуллар фидо,
Лаҳжаи гуфторинга гулшанда булбуллар фидо,
Қошининг бир тоқина қурбон икки дунё, пари.
Воқифам, ҳар дам сенга жоним фидолар айларам,
Оҳ чекиб, ҳажрингда булбулдек наволар айларам,
Оғушинг, деб чин юракдан илтижолар айларам,
Кеча-кундуз ҳаққинга хайру дуолар айларам,
Сақласин даҳри балосидан сани Оллоҳ, пари!
* * *
Эй сабо, ёра де ким, оввора кўрдим Воқифинг,
Ғам элиндан бекасу бечора кўрдим Воқифинг,
Бағри ёра сарбасар, садпора кўрдим Воқифинг,
Оқибат солгай ўзин ўтлора, кўрдим Воқифинг,
Кеча-кундуз мунтазир дийдора кўрдим Воқифинг.
Бир ёнар оташ солиб парвонадек аъзосина,
Айланибдир даҳри дун ошиқлари расвосина,
Нола айлар кеча-кундуз, ёлворур мавлосина,
Бош қўшиб холо сенинг зар зулфларинг савдосина,
Бир қадам босмас агар бозора, кўрдим Воқифинг.
Қомати – мавзун ила бир сарви гулшансан, гўзал,
Икки дунёнинг сафову завқина тансан, гўзал,
Йитмае, кўздин, кўнгилдан айри бир жонсан, гўзал!
Фикри, зикри, демиши донишлиғи сенсан, гўзал,
Моил ўлмас на ширин гуфтора, кўрдим Воқифинг.
Қошларингдан айру бир меҳробни кўрмас кўзлари,
Айламас шамсға назар, моҳтобни кўрмас кўзлари,
Оразинг истар, гули сир обни кўрмас кўзлари,
Оҳлар айлаб неча кунки хобни кўрмас кўзлари,
Ёндирибдир жонини ўтлора, кўрдим Воқифинг.
Сен бу ҳол-беҳол учун бир лутф қил, эй, гулузор!
Солланиб сарви-равондек ёниға айла гузар,
Кеча-кундуз дарду ғам этмиш мени жондин безор,
Талпиниб дийдорина, йиғлаюрман зор-интизор,
Кўзларин тикмиш баҳор йўллора, кўрдим Воқифинг.
Озарбойжон тилидан Абдунаби Бойқўзиев таржимаси
КЎРМАДИМ
Ман жаҳон мулкида, мутлоқ, тўғри ҳолат кўрмадим,
Ҳар не кўрдим, эгри кўрдим, ўзга бобат кўрмадим,
Ошинолар ихтилотида садоқат кўрмадим,
Биату иқрору иймону диёнат кўрмадим,
Бевафодан ложажарам таҳсили-ҳожат кўрмадим.
Хоҳ султон, хоҳ дарвешу гадо билиттифоқ,
Ўзларин қилмиш гирифтори-ғами дарду фироқ,
Бул бақо дунёгадур ҳар эҳтиёжу иштиёқ,
Мунча ким, этдим тамошо, сўзларга осдим қулоқ,
Туҳмат-бўҳтондан ҳеч ҳоли бир ҳикоят кўрмадим.
Ҳар садою саски, дунёга бўлмиш ошкор маҳал,
Жумла макру олу фанну фитнадир, жангу жадал,
Дирҳаму динор учундир ҳар нега ёпишса ал,
Муқтодилларга итоат, муқтадоларда амал,
Бандаларда сийму бейларда адолат кўрмадим.
Халқи-олам бир ажаб асбобин тутмиш ҳар замон,
Қайси ғамгин дилни ким, этар бўлсанг шодумон,
У сенга, албаттаки, бадгўйлик айлар, бегумон,
Ҳар кимга ҳар кимки этса яхшилиқ бўлур ёмон,
Топмадим бир дўстки, ундан бир адоват кўрмадим.
Олиму жоҳил, муриду муршиди, шогирди пир,
Нафсил-аммора қўлинда сарбасар бўлмиш асир,
Ҳақни ботил айламишлар, журми-кабир,
Шайҳлар сайёд, обидлар обусан ғамтарир,
Ҳеч кимда ҳаққа лойиқ бир ибодат кўрмадим.
Ҳар киши ҳар неки севди, уни беҳтар истади,
Кимки тахтни, кимки тожни, кимки афсар истади,
Подишоҳлар дамбадам тасхири-кишвар истади,
Ишққа ҳам кўп кимса тушди васли — дилбар истади,
Ҳеч бирида оқибат, бир завқу роҳат кўрмадим.
Мен ўзим кўп кузакорни кимёгар айладим,
Афсунладим ул ғубори-тийрани зар айладим,
Қора тошни бир онда ёқути-аҳмар айладим,
Донайи ҳармўҳрани дурга баробар айладим,
Қадру қиймат истадим, ғайр-аз хасорат кўрмадим.
Айлаган вайрона Жамшиди-Жомин айвонини,
Йўлга солмиш, билки, базми-ишоратин жандонини,
Ким қолибдирки, унинг ғам тўкмагандир қонини,
Қайта-қайта имтиҳон этдим фалак давронини,
Унда ҳам бараксликдан ўзга одат кўрмадим.
Кун каби бир шахсга ҳар кун ҳаяр берсанг сад ҳазор,
Заррача этмас адойи-шукри-неъмат ошикор,
Қолмагандир ғайрати шарму ҳаё, номусу ор,
Дедиларки, эътибору эътиқод оламда бор,
Ундан аввал мен-да кўп кездим, ниҳоят, кўрмадим.
Мухтасар ким, бундай дунёдан керак этмоқ ҳазар,
Ундан аввал ким эмасдир ўз ерида хейру шар,
Олийлар хоки-мазаллатда, донийлар мўтабар,
Соҳиби-зарда карам йўқтур, карам аҳлида зар,
Айланган ишларда эҳкому лаёқат кўрмадим.
Давлати иқболу молин охирин кўрдим тамом,
Ҳашмату жоҳу жалолин охирин кўрдим тамом,
Зулфи рўйи хатту холин охирин кўрдим тамом,
Ҳамдами-соҳибжамолин охирин кўрдим тамом,
Бошадек бир ҳусни-сурат, қадди қомат кўрмадим.
Ё имом-ал-инсу валжинну шаҳаншоҳи-умур,
Кетди дин қўлдан, бугундан шундай сен айла зуҳур,
Қўйма ким, шайтони-маълун айлайиб иймонга зур,
Шуълайи-ҳуснингла баҳш эт тозадан дунёга нур,
Ким, шариат машъалинда истиқомат кўрмадим.
Бош оқарди, рузигорим бўлди кун-кундан сиёҳ,
Этмадим, сад ҳайф ким, бир моҳи рухсорга никоҳ,
Қадрбилмас ҳамдам ила айладим умрим табоҳ,
Воқифга, Ё Раббоно, ўз лутфини айла паноҳ,
Сендан ўзга кимсада лутфу иноят кўрмадим.
ОШИҚМАН
Бир андоми насрин, дудоғи ғунча,
Бир қомати гулгун ёра ошиқман.
Бўлса юз юзи гул, кирмас қалбимга,
Ман фақат бир гулизора ошиқман.
Кечалар тонггача айларам нола,
Ҳаргиз тушмас кўнглим ўзга хаёла,
Бир гардани мино, оғзи пиёла,
Бир лаҳжаси ширинкора ошиқман.
Бир буқоғи турунж, сийнаси майдон,
Бир сўзи жавоҳир, мирвари дандон,
Бир марол боқишли, киприги пайкон,
Бир қошлари зулфиқора ошиқман.
Бир кулганда лабларидан бол оққан,
Бир безаниб тенгсиз товусдек чиққан,
Бир ниқоб остидан пиҳонм боққан,
Бир ажойиб хушгўфторга ошиқман.
Воқифман, бадандан жоним айрилган,
Мажнун каби хонумондан айрилган,
Кўрмаганда дин-иймондан айрилган,
Кеча-кундуз ман дилдора ошиқман.
СУЮКЛИМ, ЛАБЛАРИНГ ЁҚУТГА ЎХШАР
Суюклим, лабларинг ёқутга ўхшар,
Саросар тишларинг дурдонадандир.
Садаф даҳонингдан чиққан сўзларинг,
Ҳар бири бир ғайби-хазонадандир.
Недандир сўзимга жавоб бермаслик,
Ҳам жамолинг гизлаб, юз кўрсатмаслик?
Кечалар кўзларим хобни кўрмаслик,
Ул сиёҳ наргизи-мастонадандир.
Менман сени нури-илоҳингда тонган,
Висолингнинг шуъласинда тўлғонган,
Оташингда марду-майдона ёнган,
Бу хосият менга парвонадандир.
Бир нома ёзмишам жон уза-уза,
Боди-сабо, элтгил сан у гулюза,
Сўрасалар ёрки, бу кимдан биза,
Сўйлагилки: Сизнинг девонадандир.
Хумор-хумор боқмоқ кўз амалидир,
Лоладек қизармоқ юз амалидир,
Паришонлик зулфнинг ўз амалидир,
На боди-сабодан, на шонадандир?
Муштоқдир кўзингга кўзи Воқифнинг,
Йўлингда поёндоз юзи Воқифнинг,
Сансан зикри, фикри, сўзи Воқифнинг,
Ўзга сўз ёнингда афсонадандир.
Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон таржимаси
ЎЙНАСИН
Бошингга қўйганим тўй одамлари,
Сиз ҳам айтинг, тўйга келган ўйнасин.
Отини айтмадим, эл айб қилар,
Фалончининг қизи, фалон ўйнасин.
Қанча вақтлар унга қувонган биздик,
Ҳасратин чекмакдан жонимиз узик,
Ҳар қўлига олиб бир дона узук,
Узукни қўлига олган ўйнасин.
Бир баланд бўйлидир, бўйи новраста,
Ҳасратин чекмакдан бўлдим мен ҳаста,
Ишорат айлайин англаган дўстга,
Дўстини қадрини билган ўйнасин.
Ман Мўлла Вақифман, айлайман афғон,
Кўзларим ҳам ёш ўрнига тўкар қон,
Узун бўйли, яна етмас навжувон,
Мани бу дардларга солган ўйнасин!
* * *
Бир санамнинг сийнасига муштоқман,
Кўп чекаман унинг зорин, шамимга!
Ман ҳам қолдим ҳасрат, қўлларим етмас,
Сан кет, кўр жононнинг барин, шамимга!
Матлабидир бир навраста- кўнглимнинг,
Бўлмади дармони хаста кўнглимнинг,
Унинг учун бу шикаста кўнглимнинг,
На сабри бор, на қарори, шамимга!
Ёқа йиртиб токи, сийна кўрсатдинг,
Саросар бағримни қонга тўлатдинг,
Маним дардимдандир санинг ҳам дардинг,
Ранггингдир на ёвуз сари шамимга!
Манинг ёриб бир ажойиб дилбардир,
Юзи тоза гулдир, зулфи анбардир.
Санасанг ки, икки қанди шакардир,
Қўйнидаги тоза нори, шамимга!
Қурбонман Воқифнинг бу хомасига,
Ки, ёзар дардири дўст номасига.
Ета олмас ёрин ой жамолига,
Бўлса бу дунёнинг бари шамимга!
Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси